islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Асмаий билан баққол

Асмаий айтади: “Басрада илм талабида юрганимда қўлим юпқа эди. Тор кўчамиз эшиги олдида бир баққол бўларди. Агар эрта саҳарлаб кўчага чиқсам: – Қаерга? – деб сўрарди. Мен: – Фалончи муҳаддиснинг олдига, – дер эдим. Агар кеч қайтсам: – Қаердан келяпсан? – дер эди. Мен: – Фалончи тарихчи ёки тилшуноснинг олдидан, – деб айтар эдим. Баққол менга: – Эй сен, насиҳатимни эшит! Сен ёш йигитсан, бу бекорчи нарсалар билан ўзингни зое қилма. Фойдаси тегадиган иш билан шуғуллан. Ҳамма китобларингни менга бер, уларни ёқиб юборай. Аллоҳ ҳаққи, агар ҳамма китобинг эвазига бир дона сабзи сўрасанг ҳам бермасдим! – деди. Унинг бундай давомли гапларидан юрагим сиқилиб, уйдан тунда чиқиб, тунда кирадиган бўлдим. Бу орада аҳволим тобора қийинлаша бошлади, ҳатто кўйлагимни сотишга мажбур бўлдим. Бир кунлик харажатим учун ҳам пул топа олмай қолдим. Сочим ўсиб кетди, кийимим йиртилди, баданим кир бўлди. Шу ҳолимда нима қилишни билмай турганимда Амир Муҳаммад ибн Сулаймон ал-Хошимийнинг ходими олдимга келди ва деди: – Амир сени йўқлаяпти. Мен унга: – Амиримиз кўриб турганинг аҳволга келиб қолган фақирни нима қилар экан-а? – дедим. Ходим аҳволим ёмонлиги ва кўринишим яхши эмаслигини кўриб қайтиб кетди ҳамда Муҳаммад ибн Сулаймонга хабаримни етказди. У олдимга бир неча қат кийимлар, бир қутида бахур ва бир халтада минг динор билан қайтиб келди. У менга деди: – Амир сени ҳаммом қилдиришга, мана бу кийимлардан кийдириб, қолганини ўзингга қолдиришга, бу таомдан едиришга, ўзингга келиб, хушбўй суртишингга, сўнг ҳузурига олиб боришимга амр этди. Жуда хурсанд бўлиб кетдим, унинг ҳаққига дуо қилдим. Ходимнинг айтганларини қилдим, у билан бориб, Муҳаммад ибн Сулаймоннинг ҳузурига кирдим. Амирга салом берганимдан кейин мени ўзига яқинлаштириб, юқори кўтарди ва деди: – Эй Абдулмалик, сен ҳақингда эшитдим. Бағдодга бориб, амирул мўмининнинг ўғлига таълим беришинг учун сени танладим. Амирга ташаккур айтиб, ҳаққига дуо қилдим ва: – Бош устига! Эртага бир неча китобларимни олиб, Бағдод томон йўл оламан, – дедим. Ҳовлимга қайтдим, керак бўладиган китобларимни олдим, қолганларини ҳужрада қолдириб, эшигини беркитиб қўйдим. Қариндошимиздан бўлган бир кексани қўриқлаш учун қолдирдим. Бағдодга етиб келгач, амирул мўминин Хорун ар-Рашиднинг ҳузурига кирдим. – Сен Абдул Малик ал-Асмаиймисан? – деди. – Ҳа, мен Абдул Малик ал-Асмаийман, – дедим. Хорун: – Инсоннинг фарзанди қалбининг ҳаёти эканини бил! Шундай экан, мен сенга ўғлим Муҳаммадни Аллоҳга омонат қилиб топширяпман. Динини фасод қиладиган нарсани унга ўргатма! Шояд, у мусулмонларнинг имоми бўлар, – деди. Мен: – Бош устига! – дедим. Болани менинг олдимга келтиришди ва таълим учун ажратилган ҳовлига ўтдик. Ҳар ойда ўн минг дирҳам ойлик белгиланди. Қуръонни ўқиб, динда фақиҳ бўлгунича, шеър айтиб, тилни билгунича, одамларнинг ҳолатлари ва хабарларни ўргангунича у билан бирга бўлдим. Хорун ар-Рашид ўғлини олдига чорлаб, билимига қойил қолди ва деди: – Жума куни одамларга намоз ўқиб беришини хоҳлайман, унга хутба тайёрлаб, ёдлатиб қўй! – деди. Ўнта хутба ёдлатиб қўйдим. Одамларга намоз ўқиб берди, мен ҳам у билан бирга эдим. Шунда ҳар тарафдан менга туҳфа ва совғалар кела бошлади. Кўп мол-мулк тўпладим ва кўчмас мулк, ер-сув сотиб олиб, Басрада ўзимга уй қурдим. Уйим битиб, ер-сувим кўпайганда Басрага кўчиб ўтиш учун халифадан рухсат сўрадим. Менга рухсат берилди. Юртимга етиб келганимда Басра аҳли мени қутлаш учун кутиб олишди....

Одам Атонинг яратилиши ва биринчи пайғамбар тарихи

Ер юзидаги ҳамма нарсанинг бошланиши ва охири бор, шу жумладан инсониятнинг ҳам. Қуръон оятларга кўра инсониятнинг ота-бобоси Одам алайҳиссаломдир. Қуръонда биринчи одамнинг пайдо бўлиши ҳақидаги воқеа, Тангри таолонинг одамзотни яратиш қарори ҳақида фаришталарга хабар берганидан бошланади. «Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», деди» (Бақара, 30). Бундан ташқари, Аллоҳнинг изни билан фаришталар сайёрамизда мавжуд бўлган барча турдаги тупроқларни: қора, қизил ва бошқа рангдагиларни тўплаш учун ерга тушдилар. Шу туфайли Одам Атонинг авлодлари турли ирққа, кўринишга ва одатларга эга одамлардир. Кейин Раббимиз Одамни (алайҳиссалом) бир ҳовуч тупроқдан яратди. «Эсла! Ўшанда Роббинг фаришталарга: «Албатта, мен лойдан башар яратгувчидирман» (Сод, 71). Аллоҳнинг кўрсатмаларига биноан Одам (алайҳиссалом) фаришталарга «Ассалому алайкум» деб салом бериб, мурожаат қилди. Бунга жавобан фаришталар: “Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин!”, деб жавоб берди. Ўшандан бери мусулмонлар ўртасида худди шундай саломлашиш одатга айланган. Кейин Аллоҳ одамларга, уларни фақат ибодат учун яратганлигини айтди. Фаришталар доимо итоат ва ибодатда бўлиб, улардан фарқли ўлароқ, одамлар нафақат Қодир Аллоҳга сажда қилишга, балки фикр юритишга ва атрофида содир бўладиган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш имкониятига эга бўлдилар. Яъни, Аллоҳ таоло одамларга ақл ва нафс бериб, ирода ихтиёрини берди. «У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди… » (Бақара, 31), яъни одамларга зарур нарсаларнинг илмини ўргатиб, бу дунёнинг яатилиш ҳикматини ўзлари тушуниб етишларига имкон берди. Одам Ато (алайҳиссалом) жаннат боғларида ёлғиз эди. У уйғониб, ёнида чиройли бир аёлни кўрди. Аллоҳ таоло кечаси Одам Ато (алайҳиссалом)нинг чап қовурғасидан бир аёлни яратганлиги ва у уйғонишидан олдин қовурға ўсиб чиққанлиги маълум бўлди. Масалага замонавий илмий нуқтаи назардан қарасангиз ҳам ушбу маълумотлар Одам Ато (алайҳиссалом)нинг хотини унинг генетик ҳужайраларидан яратилганлиги маълум бўлади. Одам Ато ажабланиб, Аллоҳдан жуфтини нима учун яратганлигини сўради. Қуръоннинг ўзида Одам Атонинг хотинининг аниқ исми тилга олинмаган, лекин уни “хотин, жуфт” деб айтади. «Эй Одам, сен жуфтинг билан жаннатни маскан тут» (Аъроф, 19). Мазкур жуфт Одам Атонинг аёли Ҳавво (арабчадан “тирик” деб таржима қилинган) эди. Ишончли ҳадисларга кўра, Момо Ҳаввони Одамнинг қовурғасидан яратилишига ишора қилиниб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ғамхўрлик қилишнинг муҳимлигини таъкидлаган: “Аёлларга яхши муомала қилинг, чунки у эгри қовурғадан яратилган. Уни тўғирлашга уринсангиз, у синади, агар сиз уни бўш қўйсангиз, у эгри бўлади. Шунинг учун аёлларга яхши муомалада бўлинглар” (Бухорий ривояти). Жаннат боғларида Одам ато билан Момо Ҳавво фаровон ҳаёт кечиришди. Ва жаннатдаги барча ажойиботлар уларнинг ихтиёрида эди ва бу масала бўйича Қуръон ва Инжилдаги маълумотлар ўртасида бирон бир тафовут йўқ. Аллоҳ Таоло Одам алайҳиссаломга: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар… ”(Бақара, 35). Қудратли Парвардигор, одамзотга жаннатдаги ҳаётнинг барча жозибаларини бериб, фақат битта дарахтнинг мевасини емасликни буюриб уни синади. “… ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар” (Бақара, 35). Аллоҳ таоло фаришталарга Ўзининг қудрати ва ҳикмати билан яратган мумтоз яратиғи Одамга таъзим ўлароқ сажда қилишга буюрди. Сажда қилишдан бош тортган Иблисни даргоҳидан қувди. Иблис бунинг учун одамзотдан ўч олиш мақсадида Одам Ато ва Момо Ҳаввони тақиқланган дарахт мевасидан татиб кўришга ундади. “Бас, шайтон икковларининг беркитилган авратларини очиш учун уларни васваса қилди ва: «Роббингиз сизни ушбу дарахтдан фақат икковингиз фаришта бўлмаслигингиз ёки абадий қолмаслигингиз учунгина ман қилди», деди.”...

Раббоний қудрат

Ҳазрат Жалолиддин Румий бир ҳикоят келтириб айтади: “Бир куни куз фаслида офтобнинг тафтида исиниб ўтирган эдим. Ёнимга қарасам, чумолилар уйи бор экан. Бир чумолига кўзим тушди. Чумоли, бир бошоқ буғдойни олдига келиб, дам уни тортади, дам тепасига чиқади. Бир амаллаб, ғайрат билан шижоат кўрсатиб, ўшани ўзининг уйига олиб келмоқчи эди. Бир бармоғимнинг учини чумолининг устига қўйдим, босмоқчи бўлдим. Агар бармоғимнинг учини босганимда, чумолининг ҳаётига ҳам, меҳнатига ҳам нуқта қўйган бўлардим. Лекин, шу онда Раббоний азаматни эсладим, Аллоҳнинг қудратини эсладим. Аллоҳнинг азийм қудратини олдида чумоличалик ҳам эмасман деб, тафаккур қилдим. Ҳаттоки, бизларнинг барчамиз Аллоҳнинг лутфу инояти ва марҳаматига муҳтож эканимизни англадим”. Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси 4-курс талабаси Холиқов Мансур таржимаси 427

Ибн Умар ва чўпон воқеаси

Биз фарзандларимизга Аллоҳ таоло ҳаммани кўриб ва кузатиб турувчи Зот эканлиги ҳақида қандай тарбия бераяпмиз? Аллоҳ биз билан биргадир ва бизларни ҳамиша кузатиб туради. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Бу ҳақида Ибн Жавзий роҳимаҳуллоҳ “Сифатус-софваҳ” асарларида Ибн Умар ва чўпон қиссасини зикр қилади. Нофеъ розияллоҳу анҳу айтдилар: «Мен Мадинанинг чекка бир ноҳиясига Ибн Умар ва у зотнинг дўстлари билан бирга сафарга чиқдим. Шунда бир чўпон олдидан ўта туриб, Абдуллоҳ ибн Умар у(чўпонга)га: «Эй чўпон, кел мана бу сафардан насийба ол” дедилар. Шунда, у: «Мен рўзадорман» деди. Шунда, Абдуллоҳ унга: «Сен бу иссиқ кунда, бу қўйларнинг таъсиридаги қийинчиликларга қарамасдан ва тоғлар орасида бу қўйларга чўпонлик қилиб, рўза ҳам тутяпсанми?» дедилар. Шунда чўпон: «Орада бўш қолдирган кунларимга шошиляпман (ғанимат биляпман)», деди. Ибн Умар ажабланди ва: «Бизларга қўйлардан бир қўчқорни сотиш сени ихтиёрингдами? Биз уни сўямиз ва унинг гўштидан сенга ҳам берамиз. Сен хавотирланма мен сенга унинг пулини бераман» дедилар. У: «Улар меники эмас, улар хожамники» деди. У зот: «Агар хожанг сенга уни нима қилдинг деб айтса, уни бўри ебкетди десанг нима бўлади!?» дедилар. Шу пайт чўпон кўрсаткич бармоғини осмонга ишора қилиб, кўтарган ҳолида: «Аллоҳ қаерда (кўриб туришини билмайсизми)?», деб ўтиб кетди. Ибн Умар айтганларини яна айтаверди. Чўпон: «Бас, Аллоҳ қаерда(билмайсизми)?» деди. Ибн Умар унинг гапларидан ҳайратланиб, йиғлаб юбордилар. Шундан кейин у зот ортларига қайтиб, Мадинага келдалар-да, унинг хожасига одам юборди. Чўпонни ва қўйларни ундан сотиб олди. чўпонни озод қилиб, қўйларни чўпонга ҳадия қилиб юбордилар. Аллоҳ у зотни раҳматига олган бўлсин! Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси 4-курс талабаси Холиқов Манусур таржимаси 579

Саҳобаи киромлардан бирини сўкиш ҳақоратлаш ҳукми (2-қисм)

(розияллоҳу анҳум ажмаъин) Жаноб Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳа Аллоҳа” деб такрор айтишларида жиддий огоҳлантириш ва таъкидлаш бордир. “Аллоҳдан сақланинглар! Аллоҳдан сақланинглар!”- деганларида “Аллоҳдан қўрқинглар! Аллоҳдан қўрқинглар!” маъносини ҳам ифодалаганлар. Умматларини Аллоҳ таолонинг ғазаби ёғиладиган, раҳматидан маҳрум қиладиган ва азобига гирифтор қиладиган, аламли уқубатларига соладиган амалларни қилишдан огоҳлантиряптилар. Бошқа ўринларда жаноб соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ан-нора ан-нора” деб абадий азобдан огоҳлантирадилар. “Мендан кейин саҳобаларимга ғараз қилманглар!” яъни, мени вафотимдан кейин саҳобаларимни сўкиш ва ҳақоратлаш учун нишонга олманглар. Бу ишда араблар бир-бирларини обрў-ҳурматлари ер билан битта қилиб, пой-мол қилар эдилар. Бу сўзларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилишдан қайтаряптилар. “Бас, ким уларни севса, ўзига дўст тутса, менинг дўстлигим, муҳаббатим билан уларни дўст тутаман, мен ҳам севаман. Ким уларни ёмон кўрса, уларга ғазабнок бўлса, мен ҳам ўз ғазабим билан уларга ғазаб қиламан.” Ушбу сўзларда менинг муҳаббатим билан дейишлари билан саҳобаларни севиш, ҳурмат қилиш ва уларни ҳимоя қилиш улуғ инсоний фазилатлардан бўлишини билдиряптилар. Жаноб Расул акрам билан бирга бўлганлари, суҳбатларидан баҳраманд бўлганлари, қолаверса, шундай буюк булоқ олдида бўлиб, Аллоҳ таолонинг мўъжизаларига гувоҳ бўлиш, уларнинг қанчалик бахт соҳиби эканлардан далолат беради. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам беришга ошиққан, имон келтирган, уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга ҳаркат қилган, кўнгилларини кўтариш, тасаллий беришган, моддий-маънавий томондан қувватлашган, қурол билан, гоҳида эса ўз жасадлари билан ҳимоя ва қалқон бўлганлар, иккиланмасдан жонларини фидо қилишга тайёр бўлганлар. Бу фазилатларни кўзда ёшимиз билан санаб тугата олмаймиз. Ҳазрат пайғамбаримиз алайҳиссалом уларни яхши кўрганларни севишларини, дўст тутишлари хабар беряптилар. Зеро, уларни севиш Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳақиқий муҳаббатнинг белгисидир. Уларни ёмон кўриш эса, Аллоҳ расулининг ғазабининг белгиси ҳисобланади. Саҳиҳ ҳадисда келтирилган: حب الأنصار من الإيمان و بغضهم من النفاق Ансорлар – мадиналик саҳобаларни яхши кўриш имондан ва уларни ёмон кўриш, уларга ғазабланиш мунофиқликдандир. Уларга бундай юксак баҳо берилишининг сабаби нимада бўлиши мумкин. Албатта, бунинг сабаби: улар ҳамма хайрли ва савобли ишларда пешқадам эдилар. Аллоҳ ва Расулининг душманлари билан шер каби олишар эдилар. Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жидди-жаҳд билан ҳаракат қилар эдилар, улар учун жон топширишга ҳам рози эдилар. Ҳудди шунингдек, ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу яхши кўриш ҳам имондандир. Уни ёмон кўриш эса, мунофиқликдир. Шубҳасиз, саҳобаларни фазли ва мақомларини баландлигини уларнинг Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтказган умрлари, ўзларининг ҳаётлари ва ҳолатларини фикр-мулоҳаза қилиш орқали билиш мумкин бўлади. Уларнинг ҳаётлари, амаллари ва муомалалари бутун ислом умматига улкан ибрат мактаби бўлди. Жаноб пайғамбаримизнинг ҳаётлик вақтларида қандай даража ва қадрлари баланд бўлган бўлса, вафотларидан кейин саҳобалар кўпгина эътиқодий, амалий ва бошқа жабҳаларда барча ўрнак бўлдилар. Исломни камоли билан инсонлар қалбига ўрнашишида уларнинг ўрин ва аҳамиятлари беқиёсдир. Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби З.Шарифов 457
1 140 141 142 143 144 233