islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномаси

Ислом ҳуқуқшунослиги ўзида мукаммал ҳукмларни мужассам этган тизим сифатида замонлар оша давлат ва ҳуқуқ, айниқса, инсон ҳуқуқлари муносабатларни таъминлашга чуқур таъсир кўрсатган. Унинг ҳуқуқий омил сифатида амал қилиш соҳаси бизнинг замонда ҳам жуда кенг бўлиб қолмоқда. Хусусан, нафақат аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда, балки бутун дунёда сўнгги асрда одамларнинг иқтисодий муносабатларида юзага келган эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг шаръий меъёр ва талабларини белгилаб беришда, унинг ҳалол ва ҳаром бўлган нуқталарини баён қилиб беришда ислом ҳуқуқшунослигига барча мусулмон ҳалқлар муҳтождир.      Келинг, дастлаб ижаранинг ўзи ҳақида озгина сўз юритайлик.  Ислом фиқҳида ижара-бир шахснинг иккинчи бир шахсга муайян муддатга, келишилган пул эвазига бирон ашёни ёки ўз иш кучини фойдаланиш учун беришидир.  Куръони каримнинг “Қасос” сураси 27-ояти, “Бақара” сурасининг 275-ояти, “Нисо” сурасининг 29-ояти, “Нахл” сурасининг 64- ояти, “Моида” сурасининг 3-оятида келтирилган ижара лафзлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ижарага ёллаган ишчингизнинг тери қотмасдан ҳақини беринг», деган ҳадислари ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги қудсий ҳадис ижаранинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади: “Аллоҳ таоло деди: Уч хил инсон борки, Мен қиёмат кунида улар билан хусуматлашаман; Менинг номимни ўртага қуйиб (қарз ва ҳоказо) олган, сўнгра хиёнат қилган киши, озод кишини қул қилиб, сотиб юбориб, пулини еган киши ва хизматчини ёллаб (ижарага олиб), ундан ишни тўлиқ ундирган, лекин ажрини (ҳақини) бермаган киши[1]”. Ижарага тааллуқли қолган барча қоидалар мужтаҳид уламолар томонидан Китобу Суннатдаги далиллардан ижтиҳод йули билан ишлаб чиқилган. Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара эса сўнгги асрларда пайдо бўлган битим бўлиб, аввалги фиқҳ олимларининг асарларида бу ҳақида хеч нарса ёзиб қолдирилмаган. Аммо кўплаб замондош ислом уламолари бу турдаги битимга аниқ таъриф беришга ҳаракат қилганлар. Жумаладан Холид Ҳофий унга қуйидагича таъриф беради: “У – икки томон ўртасида тузиладиган шундай битим бўлиб, унда томонларнинг бири иккинчисига муайян молни муайян ҳақ эвазига ижарага беради. Ижарачи мазкур тўловни муайян муддат ичида бўлиб-бўлиб тўлайди. Ва ниҳоят, сўнгги улуш тўлангач, молнинг эгалиги унга ўтади[2]”. Ижаранинг бу турига Фаҳд бин Алий ал-Ҳасун бундай таъриф беришни таклиф қилади: “Муайян ашёдан ҳосил бўладиган манфаат эгалигини маълум муддатга бировга бериш. Мазкур муддат тугагач, махсус холатда ва маълум тўлов эвазига мазкур ашёнинг ҳам эгалиги ижарага олувчи томонга ўтади”. Бу таърифнинг биринчи банди ижарани англатса, кейинги банди савдони ифода қилади[3]. Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара шартномасининг тугатилишидаги ҳолатлари. Шартноманин ниҳояси белгиланган муддатнинг тугаши билан бўлади. Яъни, сотувчи ва олувчи чегаралаган муҳлатда ниҳояланади. Келишилган бўлаклар чегараланган вақтда тугайди. Агар келишилган муддат келганда қарздор қарзини тўламаган бўлса, ҳақдор қарзни талаб қилиши мумкин бўлади. Қарздорга эса, қолган бўлакларни тўлашга қўшимча муддат сўрамасдан ўша заҳоти бериши вожиб бўлади. Чунки қарзини бериш ўша муддатга келишилган эди. Шунинг учун ҳам келишилган вақтдаги пулдан бошқасини талаб қилиши мумкин эмас. 4-курс талабаси  Раҳимов Неъматуллоҳ [1] Бухорий Абу Абдуллох Муҳаммад ибн Исмоил. Ал-жомеъ ас-саҳиҳ ал-мухтасар. -Байрут: Дор Ибн Касир. 1407-1987. Т. II. Байълар китоби. Ҳадис рақами -2227 [2]   Хофий Холид иби Абдуллоҳ. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фий завъил фиқҳ, ал-исламий (ислом фиқҳи нигоҳида эгалик билан якунланувчи ижара). – Ливан: муассаса ар-райён. 2-босма. Б.60 [3]   Ал Ҳасун Фаҳд бин Али. Ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик фи-л-фиқҳ ал-исламий (эгалик билан тугалланувчи ижара ислом фиқҳида). -Саудия Арабистони. Дорул-қибла. 1426х. Б.-8. 566

Икки махсига масҳ тортиш ҳақида

Махсига масҳ тортишлик суннат билан жоиздир. عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ :” كُنْت مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فِي سَفَرٍ فَقَضَى حَاجَتَهُ ، ثُمَّ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ ، قُلْت : يَا رَسُولَ اللَّهِ ! أَنَسِيت ؟ قَالَ : “بَلْ أَنْتَ نَسِيت بِهَذَا أَمَرَنِي رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ”. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد . Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдим. Қазои ҳажат қилдилар сўнг таҳорат олиб, икки маҳсиларига масҳ қилдилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг расули! Унутдингизми?” дедим. У зот: “Балки, сен эсдан чиқардинг, Роббим азза ва жалла мени шунга буюрди” дедилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти). “Нажоший Расулуллоҳ (с.а.в.)га бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар”. Ҳазрати Али р.а.дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.): يمسح المقيم يوما و ليلة و المسافر ثلاثة ايّام و ليالها “Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир киши эса уч кеча-кундуз масҳ тортади”деганлар. Ҳасан Басрий (р.а) айтдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан етмиш киши Пайғамбар (с.а.в.)нинг оёқ кийимларига масҳ тортганларини кўришганлигини ривоят қилади”. Махсига масҳ тортишни жоиз эканлигини тасдиқлашлик аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидандир. Шунинг учун Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Собит (р.а) “Кимда-ким Махсига масҳ тортишни инкор қилса, унинг куфрга тушиш хавфи бор, чунки Махсига масҳ тортишлик ҳақидаги ривоятлар маънан мутавотир даражага етган”. Абу Юсуф (р.а) “Махсига масҳ тортишлик ривоятларига ўхшаш ривоятлар ҳатто Қуръон оятини насх қилиши мумкин”, деб айтдилар. Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни махсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. махси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган махсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади. Махсига масҳ тортиш шартлари: 1-Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлмоқлиги. 2-Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги. 3-Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги. 4-Сув ўтмайдиган бўлиши. Бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас. 5-Камида бир фарсах миқдордаги йўлни босиб ўтиши билан йиртилиб кетмаслиги. Бир фарсах тахминан 8 қилометрни ўз ичига олади. 6-Махсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлмоқлиги ҳам шарт. Масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқ учтаси миқдорича икки қадамнинг устига ҳам қўл билан силамоқликдир. Оёқнинг остига ё ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас. Муғира (р.а) ” Расулуллоҳ (с.а.в) икки қўлларини икки махсилари устига қўйиб, оёқларининг бармоқларидан бошлаб, тўпиқнинг тепасигача бир марта чўзиб масҳ тортдилар. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг махсилари устида қолган чизиқларни ҳозир ҳам кўриб тургандекман” дедилар. Бу масҳ тортишнинг суннат кўриниши. Масҳнинг муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади. Муқим учун масҳ ториб юриш муддати юқоридаги пайтдан бошлаб бир кеча-кундуз, яъни йигирма тўрт соат, мусофир учун юқоридаги вақтдан бошлаб уч кеча-кундуз, яъни етмиш икки соат ҳисобланади. Мисол учун бир киши субҳда таҳорат олдида махсини кийди. Ва шу таҳорати пешинда синди. Демак, бунда у янги таҳорат қилади ва оёғига масҳ тортади. Ва кейинги куннинг пешин намозигача оёғига масҳ торта олади, агар мусофир бўлса, учинчи куннинг пешинигача масҳ тортиши мумкин. Агар муқимнинг масҳ муддати тугамай сафарга чиқса, унинг масҳ тортиш муддати мусофирнинг масҳ тортиш муддатига айланади....

Оёқ кийимига масҳ тортиш ҳақида

“Барча мужтаҳид имомларнинг фикрига кўра, бугунги кунимизда кийилаётган оддий ип-газламали, жун ва нейлон пайпоқларга масх тортишга рухсат берилмайди. Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ «Бадоеъус саноеъ» китобида шундай ёзадилар: «Уламоларнинг ягона фикрига кўра, агар пайпоқларнинг матоси сув сизиб ўтадиган даражада юпқа бўлса, уларга масх тортиш мумкин эмас». Аллома ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай дейдилар: «Ип ёки жундан қилинган пайпоқларга масҳ тортиш мумкин эмас». Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Кийилган пайпоқ бир фарсахдан (уч милдан) ортиқ йўл юрса бўладиган даражада қалин бўлсагина, уламоларнинг фикрида бир оз фарқ учраши мумкин («Ал-Баҳрур-Роиқ»). Юқорида айтилганлардан маълум бўлишича, мазҳаб имомларидан ҳеч қайсиси қуйидаги юпқа пайпоқларга масҳ тортишни жоиз деб билмайди: (a) Сув сизиб ўтадиган даражада юпқа пайпоқлар, (б) Боғич билан боғлаб қўймаса оёқда ўзи турмайдиган пайпоқлар, (в) Ўзини кийиб юрилса, етарли даражада узоқ масофага етмай йиртилиб кетадиган пайпоқлар. Агар пайпоқлар бу уч тоифанинг бирортасига ҳам кирмаса, фақат шундагина уламолар уларга масх тортиш хусусида турли фикр билдирганлар. Дарҳақиқат, Қуръони карим бизга таҳоратни маълум бир тартибда адо этишни фарз қилган. Моида сурасининг 6-оятида оёқларга масх тортиш эмас, балки ювиш очиқ-ойдин равишда буюрилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ فَاغْسِلُوا وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُوا بِرُءُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَيْنِ «Эй, иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар». Ушбу оятда Аллоҳ таоло таҳоратда оёқларни ювишга буюрмоқда. Демак, уларга масх тортиш мутлақо мумкин эмас, агар ҳатто пойафзал теридан қилинган махси бўлса ҳам. Шунга қарамай, махсиларга масх тортиш жоизлигига бутун уммат иттифоқ қилган. Бу ҳақдаги ривоятлар тавотур (Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб саҳиҳ ҳадислари) ила собит бўлган. Агар Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда атиги икки-учтагина ҳадис ривоят қилинган бўлса, бу оҳод хабар бўлгани учун Қуръони карим оятидан умумий фойдаланишни чеклаш учун етарли бўлмас эди. (яъни Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган бир неча ривоятлар оятнинг таъсирини чеклаш учун асосли далил бўла олмайди). Аксинча, «масҳ ъалал хуффайн» (махсига масх тортиш) ҳақидаги ҳадислар тавотур (жуда кўп ровийлардан собит бўлган) хабар бўлиб, бу эса Моида сурасининг 6-оятидан келиб чиқадиган ҳукмни аниқлаштириш учун етарли далил бўла олади. Яъни, агар киши махси киймаган бўлсагина оёқлар албатта ювилиши шарт бўлади. Бу борада имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Бу масала менга кундай равшан бўлмагунча махсига масҳ тортишга рухсат бермаганман» («Баҳр-ур Роиқ»). Бунинг устига, масх ъалал хуффайн – махсига масх тортиш масаласи Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саксондан ортиқ саҳобалари томонидан тасдиқланиб, собит бўлган. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий»да шундай дейдилар: «Ҳуффазларнинг (сон-саноқсиз ҳадисларни ёддан билувчилар) аксарияти «масх ъалал хуффайн» (махсига масх тортиш) масаласининг тавотур билан собит бўлганлигини эълон қилганлар. Уларнинг баъзиларининг хабар беришича, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан қилинган шу ҳақдаги ривоятлар тўплаб, санаб чиқилганда саксондан ортиқ чиққан. Бу ривоятларнинг ўнтаси ашараи мубашшарадан (ҳаётликларидаёқ жаннатий эканликлари Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан башорат қилинган зотлар) ривоят қилинган («Найлул Автор»). Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ҳам шундай деганлар: «Мен Бадр жангида қатнашган етмишта саҳобани учратганман. Уларнинг барчаси «масх ъалал хуффайн» –махсига масҳ тортишнинг саҳиҳлигига ишонар эдилар» («Талхисул-Хабир» ва «Бадоеъус Саноеъ»). Агар махсига масҳ тортиш тавотур ёки истифода йўли (саҳиҳ ҳадисларнинг аксарияти)...

Ҳайит байрамлари одоблари

Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни орзиқиб, алоҳида аҳамият билан кутиб оладилар. Бизларни доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳамда унинг ниҳоясидаги ҳайит байрами шодликларига муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Ҳайит байрамларида  ёшу-қари, бойу-камбағал жамият вакилларининг барчалари шоду-хуррам бўлишиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қиладилар. Бу улуғ байрамларидан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси эса ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб уларга амал қилиш бу байрамлардаги хурсандчиликлар тўлиқ бўлишига ва энг муҳими кўплаб ажру савобларга ҳам эга бўлишга сабаб бўлади. Ҳайит байрамларининг одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади:   Биринчи одоб: яхши ният қилиш Мусулмон киши барча ишларида бўлгани сингари ҳайит байрамларида бажарадиган барча ишларини ҳам яхши ниятлар билан адо этиши лозим. Масалан ҳайит намозига отланар экан зиммасидаги вожиб амални адо этишни ният қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини бажариш нияти билан яхши кийимларини кийиб чиқади, силаи раҳм нияти билан қавму-қариндошларини зиёрат қилишга ҳаракат қилади ва ҳакозо барча амалларида эзгу ният қилинадиган бўлса, хурсандчиликлардан ташқари кўплаб ажру мукофотларга ҳам эга бўлади.   Иккинчи одоб:  Ғусл қилиш Ҳайит байрамига тайёргарликлардан бири намозгоҳга ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқиш ҳисобланади. Ушбу одобга риоя қилиш туфайли бошқаларнинг ундан азият чекишларининг олди олинган бўлади. Учинчи одоб: Хушбўйланиш Ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқиш ҳам бу куннинг одобларидан саналади. Тўртинчи одоб: Яхши кийимлар кийиш Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб бўлади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш  бўлади. Улуғ зотларнинг ҳайит байрамларида энг яхши кийимларини кийганлари маълум ва машҳурдир. Бешинчи одоб: Рамазон ҳайитида намоздан олдин “садақаи фитр”ни адо этиш “Садақаи фитр” рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа ҳисобланади. Бу молиявий ибодат шариатимизда рўзадорнинг рўзаси комил бўлишига халал берадиган турли беҳуда гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан поклаш ва мискинларга таом бўлиш маъносида жорий қилинган. Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонгги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади.   عَنِ ابْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ.  رَوَاهُ مُسْلِمُ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар”. Муслим ривоят қилган. Олтинчи одоб: Рамазон ҳайитида намозга чиқишдан олдин бир нечта хурмо еб олиш Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида шундай хабар берилган: عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلاَ يَطْعَمُ يَوْمَ الأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّىَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. Термизий ривоят қилган. Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиб чиқишлари қандай бўлгани баён қилинган: عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى...

ОЛИМЛАРНИНГ ТАСАВВУФ ВА СЎФИЙЛАР БОРАСИДАГИ МУЛОҲАЗАЛАРИ

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 450-505 йилларда яшаб ўтганлар. Бу зотнинг илмдаги нуфузини бутун ислом олами уламолари эътироф этадилар. У зот ҳадис, фиқҳ, ақида, мантиқ, фалсафа, тафсир соҳасининг етук олими ҳисобланадилар. У барча илмларда имом ва 200 дан ортиқ исломий китобларга муаллифлик қилган таниқли олимдир. У зот шариат, тасаввуф ва ҳақиқат илмларида уммон эдилар. Имом Ғаззолий умрларининг сўнгида сўфийлик ҳаётинин ихтиёр қилганлар ва “Сўфийлик – нубувват дарчасидан тушаётган нур”, деганлар. Шунингдек, яна “Агар барча олимларнинг илми, доноларнинг донолиги, ақллиларнинг ақллари жамланадиган бўлса ҳам, улар тасаввуф илмига қилчалик зиёдалик кирита олмайдилар”, деб айтганлар. Одамлар имом Ғаззолий эгаллаган шариат илмларининг поёнини илғашга ожиз бўла туриб, қандай қилиб сўфийликни қоралашларига тушунмайсан киши. Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу[1], 470-561 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Бу зот ҳанбалий мазҳаби имоми бўлиб, уларнинг баракотидан 5000 киши Исломни қабул қилишган ва 100 минг мусулмон тавба қилиб, гуноҳларини ташлашган. Бағдоднинг майдонида у зотнинг ваъзларини эшитиш учун келган одамларга жой етмай, шаҳар ташқарисигача чиқиб кетар эдилар. У зот ваъз қилган пайтларида 400 нафар олимлар уни ёзиб турар эдилар. Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу Қодирия тариқати имоми ҳамда энг буюк сўфийлардан бир бўлганлар. Иззуддин ибн Абуссалом раҳимаҳуллоҳ, 577-660 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Бу зотни “ўз замонаси олимларининг султони” ва “олимлар учун шамчироқ”, деб атаганлар. Аллоҳ таоло у зотга жуда кўп илм ато қилган эди. Иззуддин ибн Абуссалом ўзларини назарда тутиб: “Қизиқ, биз олмаган яна қандай илм бор экан?”, деганлар. У зот тариқатни Нақшбандия тариқатининг машҳур имоми Шиҳобиддин ас-Суҳравардий ва Шозилия тариқати имоми Абулҳасан аш-Шозилийлардан қабул қилиб олганлар. Имом Шозилийнинг ажойиб ваъзларини эшитганларида: “Сўфий шариатнинг мустаҳкам асосида, қолганлар эса одат ва номларнинг устида ўтиради”, деганлар. Имом Фахриддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳ, 544-606 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Бу зот улуғ имом, таниқли олим, энг забардаст тафсир билимдонларидан бўлганлар. Уларнинг Қуръони каримга ёзган 30 жузли тафсирлари бўлиб, унда кўплаб яширин ҳикматлар мавжуд. Шунингдек, у зот усул илмида ҳам етук илмга эга эдилар. Имом Фахриддин ар-Розий билан 500 га яқин китоб ёзган машҳур олим Муҳйиддин ибн Арабий ўрталарида илиқ муносабат бўлган. Бу икки улуғ олим бир-бирларига мактублар ёзишган. Имом ар-Розий сўфийлар ҳақида: “Сўфийлар доимий тафаккур юритадиган кишилардир. Улар ўз қалбларини нафс истакларидан тозалаб, Аллоҳнинг зикрини қилишга ва доимо Аллоҳга нисбатан одоб сақлашга боғлаганлар”, деб ёзадилар. Ибн Қудома ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 540-620 йилларда яшаб отганлар. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асарида қуйидагиларни ёзадилар: “У – ўзининг замонасида унга тенг келадигани топилмайдиган улуғ олим, имом ва шайхул Ислом. У зот Бағдодда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларини ўрганиб, у бўйича фатволар берган. У ҳар хил илмларни чуқур ўрганган, дунёдан юз ўгирган, кўп ибодат қилувчи ва гўзал хулқ соҳиби эди. У кибрдан холи, сахий, гўзал, ҳаёли, Қуръонни кўп тиловат қилувчи, тунлари қоим, кундузлари соим ва салафи солиҳларнинг йўлларини тутган зот эди. У кўплаб мақомотлар ва кашф соҳибидир”. Ибн Қудома Қодирия тариқати имоми Абдулқодир Жийлоний қаддаса сирруҳунинг муридлари бўлганлар. У зот дунё матосидан юз ўгиришнинг зарурлиги ҳақида васиятнома ёзганлар. Васиятнома тасаввуф аҳлининг мадҳи, тарихи ва уларнинг йўлларига эргашишга бўлган чақириқ билан тўладир. У зот солиҳ кишилар ва уларнинг китоблари орқали таббурук қилиш мумкинлиги ҳақида гапирганлар. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий...
1 149 150 151 152 153 233