Аллома Абу Умар Термизийнинг “Таълимул мутаъаллим” асари тасаввуф қарашлари билан аҳамиятли саналади. Тасаввуфнинг асосларидан бири бу одоб-ахлоқ масалаларидир. Зеро, одоб ахлоқ комил инсон тарбияси негизидир. Одоб бу – гўзал хулқ, нафси зоҳир ва нафси ботинни тарбия қилишдир. Сўфийларнинг англашларига биноан одоб тўртга бўлинади: Шариат одоби. Бу – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариати ва суннатига амал қилиш. Тариқат одоби. Бу – бир тариқатга боғланиб, одоб ва арконини ўрганиб, шу бўйича ҳаракат қилиш. Маърифат одоби. Бу – нафси амморани мағлуб қилиб, илми илоҳийни ўзлаштириш. Ҳақиқат одоби. Бу – Аллоҳдан бошқасидан юз буриб, фақат Унинг важҳи учун ҳаракат қилиш. Шу билан бирга илм маърифатнинг асли эканлигини унутмаслик керак. Шунинг учун илм талаб қилувчига ҳам одоб нормалари мавжуд ва улар талабада илм ҳосил бўлишига замин яратади Илм талаб қилувчининг одобларини қуйидагича санаш мумкин: Илм талаб қилувчи нафс поклигини ахлоқий разолат ва ёмон сифатлардан юқори қўймоғи лозим. Зотан, илм қалбнинг ибодатидир. Илм талаб қилувчи ўзини чалғитувчи нарсалардан алоқани кесмоғи лозим. Чунки фикр бўлинса, ҳақиқатларни идрок қилишдан ожиз бўлиб қолади. Салафи солиҳлар илмни бошқа барча нарсадан юқори қўйишар эди. Баъзилари илмда кўзлаган мақсадга эришмай туриб, бошқа нарсаларга қўл урмас эди. Илм талаб қилувчи худди бемор ўзини табибга топширгани каби тамомила устози ихтиёрига топширмоғи, унга тавозуъ кўрсатмоғи ва хизматида қоим бўлмоғи керак. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Зайд ибн Собит хонадан чиқиб, отларига минмоқчи бўлганида, Ибн Аббос отнинг жиловидан ушлаб турарди. Зайд бундан қайтарди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламоларимизни шундай ҳурмат қилишга буюрилганмиз[1]», деди. Илм талаб қилувчи такаббур бўлса, жоҳиллик қилган бўлади. Чунки ҳикмат мўминнинг излаб юрган нарсасидир. Уни қаердан топса, олади. У муаллимининг фикрига эргашсин. Чунки устозининг хатоси унинг тўғри топганидан кўра фойдалидир. Бундан ташқари Али розияллоҳу анҳу толиби илмларга шогирд устозига нисбатан қўйидаги одоб нормаларини сақлашни тавсия қилганлар: Унга кўп савол бермаслик. Жавобни қаттиқ талаб қилиб уни чарчатмаслик. У хоҳламаса, маҳкам ёпишиб олмаслигинг. Агар танбаллик қилса, кийимидан тутмаслигинг. Устозга қўл билан ишора қилмаслик. Унга кўз қисиб ҳам ишора қилмаслик. Одамлар билан мажлис қуриб ўтиргандан сўрамаслигинг. Унинг адашишининг пайидан бўлмаслик. Агар адашса, қайтишини кутишинг ва тавбасини қабул этишинг. Фалончи сиз айтганнинг хилофини айтди, демаслик. 11. Унинг сирини фош қилмаслик. Унинг ҳузурида ҳеч кимни ғийбат қилмаслик. Унинг ҳозирлигида ҳам, ғойиблигида ҳам муҳофаза қилиш. Одамларга умумий салом бериб, унга алоҳида табрик айтмоқ. Унинг рўбарўсида ўтирмоқ. Унинг ҳожати бўлса, бошқалардан кўра олдин хизматини қилмоқ. Олим суҳбатининг узунлигини малол олмаслик. У бир хурмога ўхшайди. Сен ундан ўзингга қачон манфаат тушишига интизор бўлиб турмоғинг керак. Албатта, олим Аллоҳнинг йўлида рўза тутган мужоҳид кабидир. Қачон бир олим вафот этса, Исломда бир тешик пайдо бўлур ва у қиёматгача тўсилмас. Толиби илмни осмоннинг муқарраб фаришталаридан етмиштаси кузатиб юрур. Хулоса шуки, илм талаб қилувчи ҳар бир нарсадан энг яхшисини олмоғи лозим. Чунки ҳамма илмларни олишга умр етмайди. У энг шарафли илмга асосий қувватини сарф қилиши керак. Ўша илм охиратга боғлиқ илмдир. 4-курс талабаси Нуриддинов Аълохон [1] Муҳаммад ибн Умар Термизий. Китаб ал-илми вал-мутаъаллими. Абдулмутталиб ва Али Абдулбасит таҳқиқи. – Қоҳира: Мактабатул Хонажий, 2001. – С. 31. 622
Мазҳаблар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган, деган эътироз ҳам шунга ўхшайди. Бу гапни ақида, ибодат бобида айтса бўлади. Аммо услуб, тушуниш, баён қилиш бобида тўғри келмайди[1]. У вақтда Қуръони карим китоб шаклида бўлмаган, барча Куръонларни куйдирайлик, дейилмайди-ку. Шунингдек, тафсир, ҳадис каби илмлар, уларга тегишли китоблар ва яна кўп нарсалар илгари бўлмаган. Мазҳабдаги ихтилофларга келсак, буниси алоҳида масала. Аввал қайд қилинганидек, ақида бобида ихтилоф дуруст эмас, шунинг учун бу нарса Қуръони карим ва суннати набавийяда тўлиқ баён қилинган. Шунингдек, динимизнинг асл рукнларида ҳам ихтилоф дуруст эмас. Қуръон ва суннатда бунинг ҳам баёни келган. Бу масалаларда ҳеч ким ижтиҳод қила олмайди, ихтилоф ҳам. Ҳеч ким беш вақт намозни уч ёки етти вақт бўлсин, деб айтмаган, айтмайди ҳам. Ёки ҳажни зулҳижжадан бошқа ойга кўчириш, Арафотдан бошқа жойда вуқуф қилиш фикри жиддий бирор-бир инсоннинг хаёлига келмайди. Биз фиқҳий ихтилофлар деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган баъзи шаклиёт нарсаларда, холос. Ва бу нарсаларда турли-туманлик бўлишининг ўзи табиийдир[2]. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради. Уламоларимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир”, – деган ҳадисларини худди шу фиқҳий ихтилофларга тегишли, дейишади. Демак, диндаги асосий нарсаларда, яъни, ақида масалалари ва диннинг рукнларида уламолар орасида ихтилоф бўлиши мумкин эмас. Бундай масалаларни Аллоҳ таоло ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган. Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса, бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган. Фиқҳ уламолари, асосан, худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар[3]. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражаларига, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади. Биз эса буни ихтилоф демоқдамиз. Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони карим ва суннати набавийя асосида шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳиятли Ислом динининг ғояларини, мақсадларини, инсонларнинг имкон ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб иш юритганлар. Шунингдек, уламоларимиз фатво чиқаришда ўзлари яшаб турган юрт ва жамиятнинг шарт-шароитларини ҳам эътиборга олишган[4]. Мисол учун Имом Шофеъий Ҳижозда яшаб турган пайтларида маълум фатволар, чиқарган масалалар бўйича Мисрда яшаб турганларида мутлақо ўзгача фатволар чиқарганлар. Буни ҳам ихтилоф деб бўлмайди[5]. Барча мазҳаб бошлиқлари – имомлар шариатнинг биринчи асоси, бош мезони ва асосий манбаи Аллоҳнинг китоби Қуръони карим эканига сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига иттифоқ қилганлар.[6] 4-курс талабаси Авазбек Жумабоев [1] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 81. [2] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 58. [3] Абдулқодир ибн Абилвафо ал-Қураший “Ал-Жавоҳир ал-музиъа фий табақот ал-ҳанафиййа”. Таҳқиқ Муҳаммад Абдуллоҳ аш-Шариф. Байрут, “Дор ал-кутуб ал-илмиййа” нашриёти. 2005. Б. 77. [4] Ибн Ханаий. “Тобақот ал-ҳанафия”. – Б. 11. [5] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. – Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. – Б. 78. [6] Ҳусниддинов З. “Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар”. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти. 2000. Б. 109. 467
Троллар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Россиянинг собака.ру сайтининг маълумотига кўра, давлатларни интернетда калака қилиш билан машғул «троллар фабрикаси» аниқланган. АҚШнинг Freеdom House тадқиқот ташкилотининг ҳисоботига кўра, 30та давлатда ҳукумат тузилмаларининг топшириғига кўра ижтимоий тармоқларда шарҳ ва изоҳлар қолдирувчи «троллар фабрикаси» фаолият кўрсатмоқда, деб ёзади Медуза. «Троллар фабрикаси» Россия, Мексика, Филиппин, Украина, Беларусия, Малайзия, Марокаш, Мянма, Қозоғистон, Озарбайжон, Хитой, Баҳрайн, Эрон ва бир қатор бошқа давлатларда борлиги аниқланган. Ҳисоботда қайд этилишича, Россия каби давлатлар пул тўланувчи шарҳловчилардан хорижий давлатлардаги сайлов жараёнига аралашиш мақсадида фойдаланади, лекин «троллар фабрикаси» аксарият ҳолларда ички вазифалар учун қўлланилади. 2018 йил Freеdom House «троллар фабрикаси»ни ишлатувчи 26та давлатни аниқлаган эди. Хусусан, ўтган бир йил ичида бу рўйхатга Украина қўшилган. «Троллар фабрикаси» ‒ кўпинча ҳукуматлар сиёсий мақсадда фойдаланадиган гуруҳларнинг шартли номланиши ҳисобланиб, бу гуруҳлар мамлакати ёки ташкилотига қараб турли номларга эга. Ушбу гуруҳ «троллари» ва «ботлари» вазифасига интернет-форумлар учун мавзу ва хабарлар тайёрлаш, блог ва ижтимоий тармоқларга пост ва изоҳлар қўйиш, интернет ахборот воситаларида кўпинча мухолифларнинг иззат-нафсига тегувчи изоҳлар қолдириш киради. Одатда бу гуруҳ аъзолар олий ўқув юртлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчиларини жалб қилиб, уларни тролл қилиб етиштиришади. Шунга кўра, тролл қилиш учун, асосан, ОТМ ўқитувчилари қизиқтирилади. Ҳукумат томонидан гуруҳлар олдига қайси мавзуда мақола ёзиш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги қайси муҳокамаларда қатнашиш бўйича вазифалар қўйилади. Таҳлилий ахборот гуруҳлари раҳбарлари олдига яна «бажарилган ишлар бўйича ҳисобот тайёрлаш» вазифаси ҳам юклатилган. «Троллар фабрикаси» таркибидаги таҳлил гуруҳи 10 кишидан таркиб топади. Ушбу гуруҳларга яна ижтимоий тармоқларда сохта исмлар билан саҳифалар очган 10 кишидан қўшилади. Шу тариқа «Таҳлилчилар»нинг жами миқдори – тахминан 100 кишига етади. Агар улардан ҳар бирининг 10 та сохта исми борлиги ҳисобга олинса, интернет-форумларда мавзу ва хабарлар тайёрлаш, блоглар ва ижтимоий тармоқларга пост ва изоҳлар ёзиш, интернет ахборот воситаларидаги саҳифаларда изоҳлар қолдириш ишида тахминан 1000 киши иштирок этаётгандек кўринади. Аслида уларнинг сони 10 дона таҳлилчи, холос. Ҳозирги глобаллашув замонида троллар фабрикаси амалга оширган провакациялар тез-тез қулоғимизга чалиниб турибди. Ушбу провакацион ҳаракатлар доимо салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам биз бундай ҳаракатлардан эҳтиёт бўлишимиз зарур. 4-курс талабаси Муҳаммад Ҳакимжонов 454
Шу пайтгача орамизда «тролл» сўзи камдан-кам ишлатилар эди. Лекин эндиликда «тролл» сўзи кўплаб ижтимоий тармоқ ва мессенжерларда кўп кўзга ташланадиган бўлиб қолган. Бизни ҳис-туйғуларимиз билан ўйнашадиган ва айрим воқеаларни бошқаришга ҳаракат қиладиган бу троллар аслида ким, мақсадлари қандай экани ҳозирги кунда бизларга сир эмас. Биринчи бўлиб «тролл» сўзининг қаердан пайдо бўлганини ўрганамиз. Бу сўз қадимдан Скандинавия мифларига бориб тақалади. Улар биз кино ва мултфилмларда кўрадиган бадбашара кўринишда бўлиб, у билан инсонларни асосан ёш болаларни қўрқитиладиган эртаклардаги махлуқлар ҳисобланади. Лекин ҳозирги кунимизда бир инсонни «тролл» қилиш дегани бир инсонни қандайдир бир умумий чатда, комментария, ибора ёки мақола шунга ўхшаш ёзма манбаларда инсонларни ёмонликка ундовчи ёки инсонлар орасида зиддият келтириб чиқаришга урунувчи шахс тушунилади. Бир сўз билан айтганда ҳозирги кундаги тролл жамоалари инсонларни орасини бузиш учун бор имкониятидан фойдаланадиган кучлар ҳисобланади. «Тролл» сўзи барча инсонлар томонидан эшитилган бўлса-да, ҳамма ҳам тролларни ижтимоий провокацияда намоён бўлишига дуч келавермайди. Бу нимани англатади, замонавий одамлар ва улар ўртасидаги мулоқотга қандай таъсир қилади? Шу каби саволларга қуйида жавоб оламиз. Улар одатда инсонларни ижтимоий тармоқларда қўйган постлари, ёзган материаллари ва янгиликларидан жуда усталик билан фойдаланадилар. Қўйилган пост ва материаллар орқали баъзи инсонларни баъзиларига қарши қилиб, натижада ўрталарига зиддият соладилар. Барча қабул этиладиган ахлоқий меъёрларни бузган ҳолда бошқасини алдашга интиладиган иштирокчи ҳам – бу тролл ҳисобланади. Тахминан мулоқот қиладиган ва шунингдек турли хил ижтимоий тармоқлардаги провокацион хабарлар ва хабарларни юборадиган фойдаланувчи ҳам троллдир. Кўпинча бундай одамлар аҳмоқона шарҳлар билан танилган бўлади. Барча тролларнинг хабарлари ҳақорат ёки провокацияга қаратилади. Улар бошқалардаги ҳис-туйғуларни, шунингдек, салбий фикрларни уйғотиш учун мунтазам равишда уларнинг «касал мавзуларига» таъсир ўтказадилар. Троллар facebook ижтимоий тармоғида ҳам жуда кўп бўлиб, улар одатда бир зиддият келтириб чиқармоқчи бўлсалар, барчалари бирлашиб бир фойдаланувчига ҳар тарафдан ҳамла қиладилар. Натижада бошқа фойдаланувчилар тролл ҳамласига учраган фойдаланувчидан нафратлана бошлайдилар. Охир-оқибатда эса бу ҳаракатлар салбий ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда троллар ва уларнинг кирдикорларидан хабардор бўлиш давр талаби бўлиб қолди. 4-курс талабаси Муҳаммад Ҳакимжонов 518
Хабарингиз бор, сайтимиз орқали 30 май куни чоп этилган “Автомототранспорт воситалари учун кундузи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш мажбурийлиги қайта кўриб чиқилмоқда” номли мақолада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Акрамхон Бобохонов “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 138-банди (кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги) қайта кўриб чиқилаётгани ҳақида айтиб ўтган эди. Маълумки, Ҳукуматнинг 9 апрелдаги қарори билан барча транспорт воситаларига чироқларни кундузи ёқиб юриш бўйича талаб қўйилган. Тартиб жорий этилгандан сўнг ўтган давр давомида Ички ишлар вазирлиги томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу тартиб таҳлил қилинди ҳамда тегишли лойиҳа май ойининг бошида Ҳукуматга киритилган. Қабул қилинган Ҳукумат қарорига мувофиқ “фаралар” бўйича қатъий талаб ҳайдовчиларга эмас, ишлаб чиқарувчиларга қўйилади. Яъни қарорга кўра, 2021 йил 1 январга қадар кундузи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги тўғрисидаги талаб фақатгина автоматик ёниб турувчи кундузги чироқлари бор машиналарга нисбатан татбиқ этилади. Шунингдек, автомобиллар қуйидаги ҳолатларда ҳам чироғини ёқиб юришга мажбур: • транспорт воситалари ташкилий жамланма (колонна) сафида ҳаракатланаётганда; • йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида; • болалар гуруҳини ташкилий ташишда; • хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда; • механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида); • мотоцикл ва мопедларда. 2020 йил 1 январдан бошлаб ички бозор учун ишлаб чиқарилаётган автомобилларга сутканинг ёруғ вақтида автоматик ёнадиган чироқлар ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Импорт автомобилларнинг ҳам шундай автоматик ёнадиган чироқлари бўлмаса, мамлакат ичкарисига олиб кирилишига рухсат берилмайди. Ҳукумат топшириғига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини камайтиришга оид тегишли Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Таъкидлаш ўринлики, www.uza.uz сайтида аввалроқ автомобил чироқларини кундузи ёқиб юришга оид “Автомобилдан сақланинг: Кундузги чироқ “неча пул”га тушяпти?”, “Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари автомобилларнинг кундузи чироқ ёқиб юришларига қарши чиқмоқда”, “Автомобиль чироқларини кундузи ёқиб юриш иқлимимизга тўғри келмайдими?”, “Яна автомобиль чироқлари ҳақида – норозиликлар авжида, қарорга ўзгартириш киритиладими? (видео)”, “Автомобиль чироқлари савдоси авжида: Кимлар фойда кўзлаган?.. (видео)”, “Адлия вазирлиги: Депутатлар нега машина чироқлари билан боғлиқ баҳсда ўзларини ўзлари инкор қилмоқда?” каби материаллар эълон қилинган эди, деб ҳабар беради ЎзА сайти. 473