Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлар ҳисобланади. Шу билан бирга олий таълим муассасаларида таълим сифатини оширишга, республикада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги янгиланишларда ушбу муассасаларнинг фаол иштирокини таъминлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, хусусан: биринчидан, олий таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим олаётган талабалар билимини баҳолаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти; иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг фаолиятини, билимини ва педагогик кўникмасини баҳолашнинг замонавий тизими мавжуд эмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда; учинчидан, олий таълим муассасаларига кириш тест саволлари абитуриентнинг мантиқий фикрлаш қобилиятини аниқлаш имконини бермаётганлиги иқтидорли ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилишда муаммолар келтириб чиқармоқда; тўртинчидан, олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг ўрнатилмаганлиги ушбу соҳада кўплаб муаммоларнинг, энг аввало, коррупция ҳолатларининг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда; бешинчидан, олий таълим муассасаларининг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ва тизимли ўзгаришлардаги иштироки ҳамда ташаббускорлиги сезилмаяпти, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳанузгача қониқарсиз бўлиб қолмоқда; олтинчидан, республикамизда олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга, кенг жамоатчиликка тушунтиришда олий таълим муассасаларининг фаол иштироки йўлга қўйилмаган; еттинчидан, олий таълим муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаган, тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларни тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечими бўйича таклиф киритиш борасида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва талабаларнинг ташаббус кўрсатишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган. Олий таълим муассасаларида таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида: 1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб: алоҳида таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати камида уч йил бўлган бакалавриат ҳамда камида бир йил бўлган магистратурани жорий этиш, бунда магистратурада мутахассислар тайёрлашни ишлаб чиқариш (амалий) (камида бир йил) ва илмий-педагогик (камида икки йил) йўналишларга ихтисослашган дастурлар асосида ташкил этиш; олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш квоталаридан ташқари хорижий фуқароларни суҳбат асосида тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин. 2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идораларнинг виза талабномаларига асосан ўқишга кириш истагини билдирган хорижий фуқароларнинг кириш визаларини ўрнатилган тартибда консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштирсин. 3. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб таянч (етакчи) олий таълим муассасалари томонидан тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мустақил равишда ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлаш тартиби жорий этилсин. 4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда: а) икки ой муддатда Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими...
Ҳаж ибодати мўмин-мусулмонлар учун Аллоҳ таоло буюрган улуғ ибодат бўлиб, бу ибодатни қодир бўлган кишига умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Шунингдек, буюк йўлбошчимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ умр давомида энг камида бир марта умра ибодатини адо этиш суннати муаккада ҳисобланади. Умра ибодати учун энг афзал вақт Рамазон ойи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 1 сентябрда “Ҳазрати Имом” мажмуасида давлат, жамоат ва диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биргаликда Республикада оммавий тарзда ва турли босқичларда Қуръон мусобақаларини ўтказиш бўйича топшириқ берган эдилар. Ушбу топшириққа биноан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” таълим йўналиши бўйича Тошкент ислом институти талабалари бир неча босқичда ғолибликни қўлга киритган эди. Жумладан, эркаклар ўртасида Республика босқичида “Олий мукофот” соҳиби 3-курс талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов ва аёллар ўртасида “Олий ўрин” соҳибаси 3-курс талабаси Нажмиддинова Робия ҳамда 1-ўринни қўлга киритган 1-курс талабаси Саидалиева Муфаззалалар улкан мукофот муборак умра сафарини қўлга киритдилар. Жорий йилнинг 6 июн куни Тошкент халқаро аэропортидан “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” ғолиблари ва уларнинг оила аъзолари Тошкент – Жидда авиарейси орқали Умра сафарига жўнаб кетдилар. Қуръон мусобақаси мукофоти асосида 30 киши сафарга отланган бўлиб, улар 16 эркак ва 14 аёлни ташкил этади. Уларни Тошкент ислом институти ТТЖ мудири А.Олимов ва талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова кузатиб қўйишди. Умра сафари 10 кун давом этиб, зиёратчилар 16 июн куни Тошкентга қайтишлари режалаштирилган. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 1 036
Куръони карим ва ҳадиси шарифларда инсон саломатлигига доир кўрсатмалар етарлича топилади. Бу нарсани тўлиқ ўрганган, яна бу соҳага тегишли бошқа нарсаларни ўрганган мутахассислар жуда ҳам кўп. Улар ўша таълимотлар асосида бу соҳада фидокорлик кўрсатиб фаолият олиб бора бошладилар[1]. Буюк ватандошимиз Имом Бухорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир”, дедилар. Имом Муслим ривоят қилган лафзда:“Ҳар бир дарднинг давоси бор. Қачон даво дардни топса Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир» деган. Шу кунларидан бошлаб бу маъно мусулмонларнинг ақидасига айланиб бўлган эди. Ҳар бир мусулмон табиб ҳар қандай дарднинг давосини Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда тинмай излар эди. Ҳар бир мусулмон бемор ҳам ноумид бўлмай дардига даво талабида бўлар эди. Бу руҳият мусулмонларнинг дунё тарихида мисли кўрилмаган равишда тиббий кашфиётлар қилишларига олиб келди. Улар қилган кашфиётлари билан мақтанишни, бир бирларига мукофотлар ва унвонлар таъсис қилишларини ўзларига эп кўрмас эдилар. Бирор катта кашфиёт қилган чоғларида ҳам Аллоҳ таолонинг ёрдами ва инояти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган маъно рўёбга чиқди, деб қўйиб кетаверар эдилар[2]. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Эй одам боласи, сукут сақлаш билан Мендан тан-сиҳатлик, хотиржамлик сўра” деб марҳамат қилган. Яна ояти каримада марҳамат қилади: وَإِن يَمْسَسْكَ اللّهُ بِضُرٍّ فَلاَ كَاشِفَ لَهُ إِلاَّ هُوَ وَإِن يَمْسَسْكَ بِخَيْرٍ فَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدُيرٌ “Агар Аллоҳ сени зарарига оладиган бўлса, Унинг Ўзидан бошқа кушойиш берадиган йўқ…”.(Анъом сураси, 17-оят)[3]. Аллоҳ таоло инсонни ўзи яратди, ўзи унинг яшаш тарзини белгилаб берди ва уни бахти учун нималар қилиши кераклигини ҳам ўзи яхшироқ билади, буйруқ ва кўрсатмаларининг асоси ҳам шундан келиб чиқади. Инсон Аллоҳ таолога бандалик қилсин, гўзал ва чиройли ҳаёт кечирсин. Мана шунинг ўзи унинг азалий орзу қилган бахтга, хотиржамликка кафил бўлади. Динимизнинг ғоялари мана шундай. [1] “Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 20-б. [2]“Ҳадис ва ҳаёт”. (Тиб ва дам). Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 18-жузъ. 2007-й. 270-б. [3]“Тафсир ҳилол”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. – Т.: “Шарқ” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2-жузъ. 2008-й. 165-б. Тошкент ислом институти битирувчиси Намозов Нусратилло 707
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, мустақилликка эришганимиздан кейин, халқимиз миллий ва диний қадриятларини тиклаш йўлида кўплаб ижобий ютуқларга эришди. Хусусан, диний соҳада амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқ. Жумладан, республикамизда бир қанча диний уқув юртлари ўз фаолиятини бошлади. Натижада, диний илмларни чуқур эгаллаган имом хатиблар, мударрис устозлар каби соҳа ходимлари шаклланди. Бу эса, ўз навбатида халқимизнинг муқаддас динимиз доирасидаги кўникмаларга эга бўлишларига замин яратди. Шунга қарамай бугунги кеча-кундузимизда омма халқ орасида кузатилаётган баъзи шариатимизга тўғри келмайдиган ҳолатлар мавжуд. Шу маънода, биз бутун башарият ҳаётида кун келиб йўлиқиши муқаррар бўлган мавзу, яъни азадорлик ва унинг одоблари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Шариатимизда барча масалаларнинг тартиби ва ўзига хос одоблари бўлгани каби, азадорликнинг ҳам ўзига яраша ҳукмлари ва одоблари бор. Биринчи навбатда мусибат етган хонадонга таъзия учун борадиган кишиларнинг риоя қилиши керак бўлган одоблари ҳақида сўз юритсак. Биринчидан, аза бўлаётган ерда овозни баланд қилиб гаплашиш, ҳазиллашиш ва кулиш яхши иш саналмайди. Зеро, таъзия жойида бундай ишларни қилиш динимизга ҳам, инсонийлик нормаларига ҳам тўғри келмайди. Иккинчидан, таъзияга борган киши ўзини меҳмонман деб ҳисоблаб, мезбон томонидан шунга яраша муомала кутиши тўғри эмас. Баъзи таъзияларда, афсуски, худди шундай меҳмондорчиликка ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Бу эса ҳам шаръан, ҳам одоб жиҳатидан ҳам номаъқул ишдир. Учинчидан, мусибат эгаларидан ҳол аҳвол сўраганда кулиш, эътиборсиз муносабат кўрсатиш жоиз эмас, балки мусибат Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида насиҳат қилган ҳолатда кўнгил сўралади. Бунинг энг яхши кўринишларидан бири “Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олсин ва сизга сабру жамил берсин”, дейишликдир. Таъзия айтишдан асосий мақсад ҳам айнан мусибат етганларнинг қайғуларини озгина бўлса ҳам енгиллатиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлишга чақириб панд насиҳат қилишдир. Юқорида таъкидлаганимиз “меҳмондорчилик” кўринишидаги таъзиялар ҳақида узоқ гаплашиш мумкин. Бундай бидъат ва хурофотлардан бирлари пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш, йигирмалик, қирқлик дея катта қозонларда ош дамлаб, кўплаб меҳмонлар чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам савобини ўтганларга бағишлаб эҳсон ва садақалар қилишга тарғиб қилган. Лекин, бу шаръан мажбурий иш эмас. Шу билан бирга ҳаддан ошиб, исроф қилиш натижасида савоб эмас, балки бу ишимиз уқубатга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Бундай ишлар шариатимиз буюрмаган амаллардан экани фиқҳий китоблардан маълумдир. Бу ҳақда уламолар: “Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, унда на маййитга ва на хонадон соҳибига савоби бор”, деб огоҳлантирадилар. Ҳаттоки, баъзи бир мусулмонлар ислом таълимотлари ва шариат аҳкомларини тўғри тушунмаганлари туфайли бу маросимларни фарз ҳукми ўрнида кўриб, унга шундай катта эътибор билан қарайдиларки, гўё бутун мусулмончилик шундан иборатдек. Мусулмонлар бундай бидъатларга берилмаслиги керак. Ҳолбуки хайр эҳсонлар қилиш мустаҳаб амаллардандир. Аксинча, уларни шариатга мувофиқ тарзда амалга ошириш шартдир. Маҳалла куйда хижолат қиламан деб, қарз олиб ёки борини ишлатиб худойи қилишлик, бу айни шариат номақбул санаган гуноҳнинг ўзидир. Шундай экан, биз мана шу ҳолатларни тўғри амалга оширишимиз, ўтганларимизни йўқлашда фақат таом пишириб улашиш билан чегараланиб қолмасдан кам таъминланган оилалар, бева-бечоралар, муҳтож кишиларни турар жойини яхшилаш, фарзандларига кийим-кечак олиб бериш ёки кўпчилик манфаат оладиган баъзи-бир ишларни қилишга, доимий равишда уни савоби ўтганларимизга бориб туришини таъминлайдиган ҳолатларга ҳам ўтишимиз керак. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Мамаюсупов Маъмуржон 1 301
Аллоҳ таолага беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аҳлларига ҳамда саҳобаи икромларига солавоту саноларимиз бўлсин. Муқаддас динимиз мўмин кишини доимо пок бўлиб юришига катта эътибор беради. Зеро поклик динимиз арконларидан бири намознинг калитидир. Шунингдек, Аллоҳ таола покликни ҳуш кўради. Бу ҳақида шундай марҳамат қилади: إن الله يحب التوبين و يحب المتطهرين (Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни севади ва покланувчиларни севади) “Поклик” тушунчаси кенг қамровли тушунча бўлсада, халқимиз “поклик” деганда “таҳорат”ни тушунади. Ҳар бир мўмин намоз ўқишдан олдин таҳорат қилишни ва унга тегишли ҳукмларни тўла-тўкис ўрганиб олмоғи лозим бўлади. Таҳоратга тегишли ҳукмлар фиқҳий китобларда тўла-тўкис баён қилинган. Аммо биз бу мақоламизни фуқоҳолар ўртасида ихтилофли бўлган ва ҳозирги замонимизда бу борада мазҳаббошиларимизга ва улар келтирган далилларга таъна етказилаётган масалага бағишладик. Зероки, биз бу орқали аслида ҳақиқат қандай эканлигини, яъни мазҳаббошиларимизнинг бу борада айтган гаплари ва улар келтирган далиллар кучли эканлигини қўлимиздан келганича ёритиб беришга ҳаракат қиламиз. Бу “бадандан чиққан қоннинг таҳоратдаги ҳукми” масаласидир. Яъни бадандан қон чиққан пайтда таҳорат синадими ёки йўқми? Бу борада мазҳаб уламолари турлича фикр билдиришган. Қуйида уларни қисқача баён қилиб ўтамиз: Моликий ва шофеъий мазҳабида бадандан қон ёки шунга ўхшаш нарсаларнинг чиқиши таҳоратни бузмайди. Улар бунга далил қилиб қуйидагиларни келтиришади: عن أنسرضي الله عنهقال: “أن النبي صلى الله عليه وسلم احتجم فصلى و لم يتوضأ” 1. Анас розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижома қилдирдилар, сўнг таҳорат қилмай намоз ўқидилар”. عن عباد بن بشر أنه رضي الله عنه “أصيب بسهام و هو يصلى فاستمر في صلاته” أخرجه أبو داود و بن خزيمة و رواه البخاري تعليقا 2. Убод ибн Бишрдан: “У киши разияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида камон ўқидан яраландилар. Намозида бардавом бўлдилар”. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда икки йўлдан бошқа жойдан нопок нарса чиқса ва баданнинг пок жойига оқса таҳорат кетади. Бунга қон ва йиринг мисол бўлади. Лекин жароҳат катта бўлиб, қон ёки йиринг ундан ташқарига чиқмаса таҳорат бузилмайди. عن تميم الداري رضي الله عنه قال “قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: ”الوضوء من كل دم سائل Тамим Дорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. “Ҳар бир оқувчи қондан таҳорат (қилинади)”. Бадандан қон чиқиб атрофига тарқалса таҳорат кетади. Оқувчи қоннинг кайфиятини қуйидаги ҳадис баён қилиб беради: عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلمقال: “ليس في القطرة و لا القطرين من الدم وضوء إلا أن يكون دما سائلا Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бир ёки икки томчи қондан таҳорат (қилиш) йўқ. Магарам оқадиган (кўринган) қон бўлса, (таҳорат қилинади)”. Ва яна бадандан чиққан қоннинг таҳоратни бузишига қуйидаги ҳадис ҳам далил бўлади: عن عائشة رضي الله عنه قالت قال النبي صلى الله عليه وسلم: “من أصابه قيء أو رعاف أو قلس أو مذي فلينصرف فليتوضأ ثم ليبن على صلاته و هو في ذلك ما لم يتكلم Оқувчи қоннинг таҳоратни синдирувчи эканлигига яна бир далил: عَنْ عَائِشَةَ قَالَتِ : اسْتُحِيضَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ أَبِي حُبَيْشٍ، فَسَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَتْ : يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنِّي أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ ؟ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : “ إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ، وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ، وَتَوَضَّئِي وَصَلِّي، إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ، وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Фотима бинт Абу ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деб сўради: “Ё Расулуллоҳ! Мен истиҳоза қони кўраману пок бўлмайман. Намозни тарк қиламанми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У фақат томирдир (ёрилган томирдан чиқаётган қондир). Ҳайз эмас. Агар ҳайз қони кўрсанг намозни тарк қил. Тўхтаган вақтда...