Инсон камолотида илм ва маърифатнинг ўрни беқиёс. Шу билан бирга, дину диёнат, чин эътиқод соҳиби бўлиш ҳам кишини саодатга етаклайди. Истиқлол йилларида эришган энг катта бойлигимиз халқимизнинг тинч ҳамда осуда ҳаётидир. Жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларга уйғун яшаш тамойили тобора мустаҳкамланиб бораётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатимизда муқаддас ислом динини, улуғ аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани замирида эзгу мақсадлар мужассам. Юртимизнинг турли ҳудудларидаги зиёратгоҳлар, қадамжолар обод қилиниб, бу масканларда қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Бугунги кунда аҳоли турмуш тарзида диннинг ўрни қандай? Одамлар давлат томонидан бу йўналишда яратиб берилаётган шарт-шароитларни тўлиқ ҳис қилаяптими? Шу мазмундаги саволлар билан “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази юртдошларимиз муносабатини ўрганди. Социологик сўров, асосан, ислом динига эътиқод қилувчи респондентлар ўртасида ўтказилиб, республикамизнинг барча ҳудудида яшаётганлар фикри чуқур таҳлил қилинди. Сўралган фуқароларнинг 42,4 фоизи эркаклар ва 57,6 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлди. Давлат томонидан дин соҳасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ижобий баҳоланмоқда. Умуман, мамлакат бўйича ушбу кўрсаткич 2017 йилда 90,1 фоизни ташкил қилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида чиқиш қилган эди. Ўша нутқ нафақат юртдошларимиз, балки бутун мусулмон олами, жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Унга доир муносабатлар, эътирофлар ҳали-ҳануз давом этмоқда. “Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, деган сўзлари бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг айни дилидаги гап бўлди. Чунки бугунги кунда дунё миқёсида ислом динининг моҳиятини тушунмасдан, билмасдан унга нисбатан турли муносабатлар илгари сурилаётгани ҳам айни ҳақиқат. Сўров шуни кўрсатдики, респондентларнинг қарийб 60 фоизи Президентимизнинг ушбу юксак минбардан туриб “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифи билан чиққанлигидан яхши хабардор. Барча миллат вакиллари, қайси динга мансуб бўлишидан қатъи назар, мулоқот давомида кўпинча “Яратганга шукр” ёки “Худо хоҳласа” каби сўзларни тилдан қўймайдилар. Бу, албатта, яхши фазилат. Шу маънода, сўровга қамраб олинганларнинг мутлақ кўпчилиги (97,4 фоизи) ўзини “Аллоҳга ишонувчилар” деб ҳисоблайди. Шуни унутмаслик керакки, респондентларнинг ўз эътиқодларига оид берган баҳоси кўпинча мамлакат аҳолисининг дунёқараши, нуқтаи назарини аниқлаш учун холис асос бўла олмайди. Таҳлиллар, ҳатто ўзини “энг аввало, мусулмонман” деб ҳисобловчи (41 фоиз) респондентлар кўпчилиги ҳам турмуш тарзини “Аллоҳга ишонса-да, аммо ўзини дунёвий кишилар” (40,5 фоиз) сифатида баҳолашини кўрсатади. Қатнашчиларнинг 32,2 фоизи “Яратганни ўз қалбида” деб билади. Бундай нуқтаи назар юртдошларимизга хос бўлган жиҳат билан, яъни ижтимоий ҳаётда диннинг ролини рационал идрок қилаётганлигидан, ўзаро муносабатларда маънавий-ахлоқий меъёрлар қўллаб-қувватланаётганлигидан далолатдир. Билим — бамисоли нурдир. Инсон йўлини у билан ёритади. Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир. Илм туфайли инсон қадри юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади. Тадқиқотда шу жиҳатлар инобатга олиниб, аҳолининг ислом дини бўйича билимлари ҳам ўрганилди. Масалан, сўралганларнинг 78,5 фоизи (2016 йилда 77,8 фоиз) фақат “исломнинг айрим талаблари”ни билади холос. Ва бу борада 8,6 фоиз респондент билимларини “етарли эмас”, деб ҳисоблайди. “Сиз диний мазмундаги китобларни ўқийсизми?” деган саволга респондентларнинг 82,6 фоизи “йўқ, диний мазмундаги ҳеч қандай китоб ўқимайман”, деб жавоб берган. Фақатгина 17,4 фоиз юртдошларимиз диний мазмунда китоб ўқишларини билдиришган. Респондентларнинг 62 фоизи ўзи яшаётган ҳудуддаги китоб дўконларида диний мазмундаги адабиётлар сотилмаслигини қайд этишгани ҳам бунинг асосий...
Ўзбекистон бутун ислом олами учун муҳаддислар, олиму уламолар етиштириб берган муқаддас юрт сифатида дунёда шуҳрат қозонган. Ислом дини гарчи Арабистонда қарор топган бўлса-да, у ўзбек заминидан қувват олганини дунё мусулмонлари якдил эътироф этишади. Қадимдан Самарқанду Бухоро шаҳарларидаги мадрасаларда диний ҳамда дунёвий фанлардан бирдек сабоқ берилгани боис бу ерга келиб ўқишни ислом олами ёшлари орзу қилишган. Тошкент, Термиз, Насаф каби шаҳарларда ҳам илм-фан, маънавият ва маърифат, адабиёт, санъат илоҳиётшуносликка йўғрилган ҳолда гуркураб ривожлангани ҳақида тарихий маълумотлар гувоҳлик беради. Маълум бир вақтлар оралиғида эътиқоду имон синовдан ўтиб туриши рад этиб бўлмас ҳақиқат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ислом дини собиқ шўро расмийларининг тазйиқларига учраб, айрим дин пешволарининг атеизм деган фан билан шуғуллана бошлаганлари ҳам бор гап. Ўшандай мураккаб пайтларда ҳам Ўзбекистонда, хусусан, Бухоро, Тошкент шаҳарларида ўзбек уламолари бир қатор диний мактабларни сақлаб қолишга эриша олган эдилар. Сўзимнинг исботи сифатида истибдод айни куч олган даврларда Бухородаги Мир Араб, Тошкентдаги Бароқхон мадрасалари ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти фаолият олиб борганини айтишим мумкин. Мавжуд ҳокимиятнинг қаршилиги, турли тазйиқу назоратлар остида бу даргоҳларда ўша даврларда ҳам толибу илмларга ислом динининг асосий ақоиду арконлари ҳақида чуқур билимлар беришга эришилар эди. Жумладан, Имом Термизий ва Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламлари, Абу Муъин Насафийнинг ақида илмига оид “Ақоид ан-Насафий”, Абу Барокот Насафийнинг Қуръон тафсири илмига оид “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (“Тафсир ан-Насафий”), Низомиддин Шошийнинг фиқҳ илмига оид “Усул аш-Шоший” каби нодир манбаларининг асл матнлари мазмун-моҳияти ҳақидаги сабоқларни мен ҳам Тошкентда, 1971 йилда муҳаддислар султони Имом Бухорий ҳазратларининг 1225 йиллик таваллуди муносабати билан ташкил этилиб, 1974 йилдан буён Имом Бухорий номи берилган Тошкент ислом олий ўқув юртида олганман. Собиқ иттифоқдаги ягона бу олий даргоҳда Кавказорти, Шимолий Кавказ, Озарбайжон, Сибирь ҳамда бошқа жойлардан ҳам талабалар келиб ўқишарди. Чуқур илоҳий билимларга эга ўзбек уламолари бу ерда бизга Қуръони карим қироати ва тафсири, фиқҳ, ҳадис илми, балоғат илми, араб тили ҳамда шу каби мутахассислик фанларини зўр иштиёқ билан ўргатишарди. Менинг шайхулислом бўлиб етишишимда ўзбек халқининг, атеизм ҳукм сурган ўша мураккаб даврда ҳам менда юксак маънавият, бағрикенглик, босиқлик, аҳиллик каби фазилатларни тарбиялаган ўзбек заминининг катта ҳиссаси бор. Айнан шу ерда биз, шўро даври мусулмонлари инсониятга тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик келтирувчи чинакам ислом руҳи билан камол топдик. Ўзбекистоннинг ислом тамаддунига қўшган ҳиссаси хусусида сўз кетар экан, биз муҳтарам ўзбек устозларига ҳурмат кўрсатишни муқаддас бурчимиз, деб ҳисоблаймиз. Мен ўзимни муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон, Юсуфхон Шокиров, Абдулғани Абдуллаев, Махтум Саттиевнинг шогирди, деб билишдан фахрланаман. Уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Шу сабабли бўлса керак, бу муқаддас даргоҳда сабоқ олган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Усмонхон Алимов (Ўзбекистон), Аҳмад Қодиров (Россия Федерациясининг Чеченистон Республикаси), Талъат Сўфи Тожиддин, Равиль Гайнутдин (Россия), Исмоил Бердиев (Россия Федерациясининг Қорачой-Черкес Республикаси) сингари уламолар, сиёсатчилар дину диёнат масалаларига эътибор берила бошланган пайтларда турли республикаларда ислом динининг қаддини яна тиклаш йўлида жонбозлик кўрсатдилар. Халқларни имон-эътиқод, маънавият-маърифат, одоб-ахлоққа даъват этувчи китоблар ёзиб, Қуръони карим, ҳадиси шарифни таржима қилиш ҳамда тафсирлаш билан машғул бўлдилар. Шу боис уларнинг айримлари ҳозир ҳаёт бўлмасалар ҳам, амалга оширган эзгу ва савобли ишлари билан замондошлари хотирасида мангу қолдилар. Туркий халқларнинг фахри бўлган қирғиз адиби Чингиз Айтматов бир пайтлар ўзбек халқининг Марказий...
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 19 февраль куни “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Қ.Сидиқметовнинг 2-в гуруҳга ақоид фанидан “Касб талаб қилишнинг ҳукми” мавзуида очиқ дарси бўлиб ўтди. 976
Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб:»Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга энг севимли киши ким?, Аллоҳ азза ва жаллага энг севимли амал қайси(амал)?», деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):«Аллоҳга энг севимли киши – одамларга кўпроқ манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритмоғинг. Ёки унинг ташвишини аритмоғинг. Ёки ундан очликни кетказишинг. Ёки унинг қарзини ўтаб қўймоғинг. Қасамки, мен учун бир биродаримнинг эҳтиёжини қондириш учун юришим, ушбу масжид – Мадина масжиди – да бир ой эътикоф ўтиришимдан севимлироқдир…», дедилар. (Табароний ва Ибн Абуд Дунё ривояти). Пайғамбарлар ҳаётидан мисоллар: Иброҳим алайҳиссалом одамларга яхшилик ва манфаат етказишни яхши кўргани учун улуғ мартабага эришиб, «Халилуллоҳ» яъни «Аллоҳнинг дўсти» деган буюк ном ва унвон олганлар. Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Жаброил, нега Аллоҳ Ўзига Иброҳимни дўст тутган?», деб сўрадилар. У зот: «Очларни таомлантиргани учун эй Муҳаммад!», деб жавоб берди. (Имом Байҳақий «Шуабул иймон»да, Қуртубий ҳам ўз тафсирида ривоят қилган. Буни заиф деган гаплар ҳам бору, лекин бу ривоятнинг маъноси бир неча ҳадисларда ва қолаверса, биз ўрганатган ҳадисимизда ҳам айнан шу итъомут таом маъноси бор). Мусо алайҳиссалом ҳам заифҳол-муҳтож кишиларга доимо кўмакчи бўлганлар. Бунга Қуръони каримнинг ўзи шоҳид ўлароқ, Мусо алайҳиссалом ўзлари умуман танимаган юртдаги, нотаниш икки заифа қизлар – Шуайб алайҳиссаломнинг икки қизлари – нинг қийналиб турганини кўриб, уларнинг қўйларини беминнат суғориб берганларини бизга намуна қилиб баён қилган: «Қачонки, (Мусо) Мадяннинг суви (қудуғи)га етиб келгач, у жойда бир тўп одамлар (чорваларини) суғораётганларини кўрди ва улардан берироқда икки аёл (ўз қўйларини) қўриқлаб турганларини кўриб: «Сизларга не бўлди?» – деди. Улар: «Биз, то подачилар (молларини) қайтармагунча, суғора олмаймиз*. Отамиз эса қари чол», – дедилар«. («Қосос» сураси, 23-оят). Бу икки қиз кўзлари ожиз бўлиб қолган пайғамбар Шуайб (алайҳиссалом)нинг қизлари эди. Иккиси қўйларини қудуққа суғоргани олиб келиб, эркаклар кўп бўлгани учун улардан ҳаё қилиб, яқинлаша олмай турганларида, Мусо (алайҳиссалом) уларга ёрдам бергач, улар бориб оталарига бу ҳақда хабар берадилар. (Шайх Абдулазиз Мансур). Исо алайҳиссалом касалмандларнинг эҳтиёжини қондириш-даволаш, камбағал, бева-бечораларга ёрдам бериш учун саъй-ҳаракат қилар, қаерда бўлсалар ҳам одамларга манфаат етказиш пайида бўлар эдилар. Буни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг тилидан қуйидагича баён қилган: «Яна мени қаерда бўлсам (ҳам одамларга таълим-тарбия бериш ва бошқа кўп манфаат етказувчи) баракотли қилди ва модомики, ҳаёт эканман, менга намозни ва закотни (адо этишни) буюрди«. («Марям» сураси, 31-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом одамларнинг эҳтиёжларини қондириш борасида бизга буюк амалий намуна бўлганлар: бева-бечоралар билан бирга юришдан ҳеч ҳам ор қилмас, уларнинг ишларини бажаришга маҳкам бел боғлар эдилар: Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба-маърузаларини якунлаб, минбар тушар эдилар ва (энди меҳроб сари юрмоқчи бўлиб турганларида) У зотга бир киши кўндаланг чиқиб, эҳтиёжини айтар эди. Шунда У зот ҳалиги одам билан то уни ишини бажариб бергунларича малолланмай бирга тураверар эдилар. Ишини битириб берганларидан сўнгина намозгоҳ(меҳроб)ларига ўтиб, намоз ўқир эдилар», деганлар. (Имом Насаий ривояти). …Ёки унинг қарзини ўтаб қўймоғинг… Бу борада Аллоҳ таоло бундай кўрсатма берур: «Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир«....