islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 26, 2019

Day

Ғайб илми Аллоҳга хосдир

Ҳар бир мўмин эътиқод қилиши зарур бўлган масалалардан бири қадарга иймон келтиришдир. Қадарга иймон келтириш деганда ҳаётимизда юз берган ва берадиган барча нарсаларнинг олдиндан белгилаб қўйилганига қатъий ишониш маъноси тушунилади. Чунки Қуръони каримда: “Албатта, биз ҳар бир нарсани қадар (ўлчов) билан яратдик”, дея хабар берилган. Бу ҳақиқат кўплаб ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган бўлиб, жумладан Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар биландир”, дедилар”. Қадарга иймон келтириш иймон рукнларидан бўлгани учун Аҳли сунна вал жамоа уламолари бу масаланинг моҳиятини ақида китобларида батафсил ёритиб берганлар. Уларнинг хулосаси шуки,  қадар бандалардан махфий тутилган сир бўлиб, уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Фақатгина Қуръонда хабар берилганидек Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган пайғамбарларга Ўзи хоҳлаган миқдорини билдириши мумкин ҳисобланади. Демак кимки бандалардан сир тутилган нарсани билишини иддао қилса, ёки иддао қилганнинг даъвосини сўз биланми ё амал биланми тасдиқласа, мазкур оят ва ҳадисларни ёлғонга чиқарган бўлиб қолади. Уларни ёлғонга чиқариш эса диндан чиқишдир. Аммо, минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ушбу нозик масалада айрим мусулмонларнинг хатога йўл қўяётганларига гувоҳ бўлаяпмиз. Иймон асоси бўлган ушбу масалани билмагани ёки унга бепарволиги сабабли ўзини мусулмон санайдиган айрим кимсалар мунажжим башоратига суяниб иш тутишларини оддий ҳол сифатида эътироф этадиган бўлиб қолдилар. Айрим газеталарнинг “мунажжим башорати” саҳифаси борлиги туфайли “бозори чаққон” бўлаётгани ҳам сир эмас. Мазкур газеталарда фалончи бурж остидаги одамлар: “бугун сиз учун омадсиз кун, таваккал қилманг” ёки  “кутилаётгсан ойда сизни омад кутяпти” каби “меҳрибонлик тавсиялари” эълон қилинади. Бундай “меҳрибонлик тавсиялари” аслида динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Мунажжимлик, яъни астрология ҳақида сўз юритилар экан, унинг астрономия илми билан орасидаги фарқни ажратиш лозим бўлади. “Астрономия” осмон жисмлари, унинг жойлашувини ўргатадиган илм бўлса, “Астрология” осмон жисмларини дунёга ва инсонларга таъсири ҳақида баҳс юритувчи асоссиз назария саналади. Мунажжимлик башорати тарихига қарайдиган бўлсак, бу иллатнинг қадимдан борлигига гувоҳ бўламиз. Айрим олимлар бу башоратларнинг воқеликка зидлигини далиллар билан исботлашган. Масалан, француз статистик олими Мишелл Гокеле 41 минг европалик, уларнинг ичида 6 минг таси машхур олимлар, санъаткорлар, ёзувчилар ва спорт усталарининг туғилишлари ва касбларини ўрганиб чиқиб, инсонларга буржларнинг таъсир қилмаслигини исботлаган. Мичиган университети психологи Б. Силверман инсонларнинг турмуш қуриши, бахтли яшашида буржларнинг роли устида изланиш олиб бориб, 2978 та никоҳдан 478 тасида ажралиш содир бўлганини ёзган ва хулоса қилиб, инсонларнинг бахтли ё бахтсиз бўлишларига буржлар ва Қуёшнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “мунажжим башорати”га ишониш, мусулмончиликка зид бўлса, Аллоҳ махфий қилиб қўйган нарсани мунажжим ёрдамида ошкор қилишга чираниш  соғлом ақлга зиддир. Меҳрибон Роббимиз барчамизга тавфиқ берсин, Ўзининг тўғри йўлида собит қадам қилсин! 2-курс талабаси О. Ғофурова 304

Муфтий ҳазрат ўзи таълим олган Тошкент ислом институтига китоблар совға қилди

Президент ташаббуси ўлароқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўзлари таълим олган Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтига китоблар совға қилдилар. Ушбу китоблар институт талабалари янада чуқур билим олиши, дунёқарашини кенгайтириши, маънавиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Инсоннинг маънавий улғайишида китоб муҳим аҳамият касб этади. Фарзандларимиз қалбида китобга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтириш, уларда мутолаага бўлган иштиёқни оширишимиз лозим. Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат раҳбари аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига тўхталар экан, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидладилар. Ҳақиқатдан ҳам, ўсиб-униб келаётган йигит-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга бўлган, маълум бир ютуқларга эришган кишиларга ҳавас қилади, уларга ўхшашга интилади, ортидан эргашади. Улар томонидан совға қилинган китоблар албатта ўқилади, асраб-авайланади, қадрли совға саналади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлайди ва барчани унда иштирок этишга даъват этади. Тошкент ислом институти матбуот хизмати 283

Ёруғлик биринчи пайдо бўлганми ёки зулмат?!

Аввало, Аллоҳ таолони мавжудлиги ақл инкор этмас ҳақиқатдир. Оламларни йўқдан бор қилган Зот бандаларига Ўзининг мавжудлиги ва барҳақ эканини билдириш учун инсониятнинг ўзлари ва уларни ўраб турган уфқда чексиз оят далилларни битиб қўйгандир. Шулар жумласидан бўлмиш “Кун ва Тун”нинг пайдо бўлиши ҳақида гаплашсак. Табиийки, “зулмат аслми ёруғлик аслми?” деган савол туғилади. Яъни борлиқнинг асли зулматдан иборату, ёруғлик уни қувадими ёки зотан борлиқ нурафшону зулмат уни қоплайдими? Қуйида шу саволга жавоб топамиз. Аллоҳ таоло Фурқон сурасининг 62-оятида шундай марҳамат қилади: وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُورًا “У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир”, эътибор қилинг оятда кундуз ҳам кун ҳам бир-биридан ““хилфа”- яъни бири иккинчисининг кетидан келувчи” экани айтилмоқда. Оятни қуйидагича тасаввур қилиш мумкин, Биринчи кўринишда: Тун келади, кетидан кун. Тун            Кун ———>   ———> (Биринчи) (“хилфа” – кетидан келувчи) Бу дегани кундузги кун тун учун “хилфа” – ортидан келувчи ҳисобланади. Бироқ, тун кун учун “хилфа” – кетидан келувчи бўлмай қолади. Чунки, бу тафсилотга кўра тун биринчи келиб бўлган, биринчи келган нарса “хилфа” –кетидан келувчи бўла олмайди. Иккинчи кўринишда: Кун биринчи келади туннинг кетидан келади. Кун            Тун ———>   ———> (Биринчи) (“хилфа” – кетидан келувчи) Бу суратда, кун биринчи келиб тун кун учун “хилфа” – ортидан келувчи бўлади, бироқ кун тун учун “хилфа” – ортидан келувчи бўлмай қолади. Чунки бу кўринишда кун биринчи келиб бўлган биринчи келган иккинчи яъни “хилфа” бўла олмайди. Хўш, оятни қандай тушунсак тўғри бўлади? Юқорида кўриб чиққанимиздек, кун ва туннинг ҳар иккисини бир бирига “хилфа” – ортидан келувчи қилиб бўлмайди, бироқ оятда Аллоҳ таоло: “(Аллоҳ)…кеча ва кундузни бирин-кетин қилган зотдир” деб хабар қилиб турибди. Демак, кун ҳам тун ҳам ер юзида тенг яратилганки иккиси бир биридан ўз йўналишларида бошқасидан “хилфа” – ортидан келувчи бўла олади. Чунки, тун биринчи пайдо бўлган десак, кун тунга “хилфа” бўладию, лекин тун кунга “хилфа” бўлмай қолади. Ёки кунни биринчи пайдо бўлди десак, тун кунга “хилфа” бўладию, кун унга “хилфа” бўлмай қолади, сабаби кун биринчи пайдо бўлди, биринчи нарса иккинчи яъни “хилфа” ортидан келувчи бўла олмайди. Шундоқ, экан кунни ҳам тунни ҳам бир вақтда пайдо бўлган десак иккисини бир биридан “хилфа” қилиш имкони туғилар экан. Биламизки, ернинг турли бурчакларида бизни кун ва тун таъқиб этиб келади. Бирор ер йўқки, у доим зулмат ичра бўлса, бирор юза йўқки у доим ёруғ бўлса, алсо ундай эмас, бир жой маълум муддат қоронғу бўлса бир муддат ёруғдир. Бу ҳодиса бизни ер ҳаракатидаги дақиқликни эътибордан қочирмасликка чақиради, яъни ер агар ўз ўқи атрофида айланиб турмаса, кун билан тун яралиши ҳамоноқ ўзаро “…бирин-кетин…” “хилфа” – ортидан келишликда бўлмас эди. Балки, кун ва тун ярилганидан бошлаб қиёматгача ер айланиши ҳисобига бир биридан “хилфа” бўлиб қолажакдир. Юқоридаги гаплардан англашилганидек, бу кун ва тун ўртасидаги “хилфа” бўлиш ҳодисаси қачон ер ўз ўқи атрофида айлансагина юзага келади. Хулоса қилсак, ояти каримада бизга икки маънонинг хабари берилмоқда: وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً “…кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир”, Биринчи маъно: тун ва кун тенг яратилгани бўлса, Иккинчи маъно: ер ўз ўқи атрофида айланиб туришидир. Аллоҳ барчаларимизни ҳидоят ва тавфиқда қилсин! Амин! Мутаваллий Шаъровийнинг “Аллоҳнинг мажудлигига моддий далиллар” китобидан эркин таржима Таржимон: 3-курс талабаси Салоҳиддин Қурбонов 457

Президент Шавкат Мирзиёев “Ваҳат ал-Карама” ёдгорлигида бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифининг асосий тадбирлари бошланди. Давлатимиз раҳбари, таомилга кўра, дастлаб Абу-Даби шаҳридаги Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён мақбараси ҳамда масжидини зиёрат қилди. Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён Бирлашган Араб Амирликларининг биринчи Президенти бўлган. У 2004 йили ўзи қурдирган мазкур масжид ёнида дафн этилган. Бугунги кунда ушбу масжид ва мақбара мамлакат аҳолиси учун табаррук масканга, хорижий делегациялар раҳбарлари ташриф буюрадиган мажмуага айланган.Бу масжид дунёдаги энг катта масжидлардан бири бўлиб, қурилиш ишлари 1996 йилдан 2007 йилгача давом этган. Унда бир вақтнинг ўзида 40 минг киши намоз ўқиши мумкин.Мажмуага ташриф асносида Шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён руҳига Қуръон тиловат қилинди. Президентимизга масжиднинг қурилиш тарихи,  ўзига хос хусусиятлари, сайёҳлар ва зиёратчилар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берилди. Шавкат Мирзиёев мақбаранинг Зиёратчилар китобида дастхат қолдирди. Давлатимиз раҳбари “Ваҳат ал-Карама” ёдгорлигига гулчамбар қўйди. “Қадр-қиммат воҳаси” маъносини англатувчи ушбу мемориал Бирлашган Араб Амирликлари озодлиги ва бирдамлиги учун қурбон бўлганлар шарафига бунёд этилган. Ёдгорлик бир-бирига таяниб турган 31 блокдан иборат бўлиб, раҳбарлар, ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлаш рамзи ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ёдгорликнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қолдирди. 282

Дуо ижобат бўладиган жойлар

Дуо ислом суннатларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръонда “Ғофир” сурасининг 60-оятида дуо қилишга амр қилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Дуо ибодатдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса “Дуо ибодатнинг илигидир!”, дейилган. Дарҳақиқат, дуо ибодатни ибодат қиладиган асосий воситадир. Банда чин қалбдан дуо қилар экан, Аллоҳга маънавий яқинлик ҳосил қилади. Чунки дуо вақтида Аллоҳдан бошқа ҳамма нарсадан узилади. Шунинг учун ҳам дуо ибодатнинг илиги дейилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: У зот айтдилар: “Сизларни душманларингиздан ҳимоя этувчи ва ризқларингизни мўл-кўл қилувчи бир нарсага йўллаб қўяйми?! Кечаю кундуз Аллоҳга дуо қилинг, чунки дуо мўминнинг қуролидир!”. Дуогўйнинг дуоси қабул бўлиб, ҳожати раво бўлиши учун бир қанча шартлар, дуонинг одоблари бор. Қачонки шу шартларга амал қилинганда дуо самарали бўлади. Шунингдек, ер юзида шундай табаррук жойлар борки, у ерда қилинган дуо ҳам ижобат бўлиши ҳақида ишончли маълумотлар мавжуд. Тобеинларнинг улуғларидан Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ Макка аҳлига ёзган мактубида Макка ва унинг атрофида 15 табаррук макон бўлиб, у ерда дуо ижобат бўлади деган. Ва қуйидагиларини номма-ном қатор келтириб ўтган: Каъбанинг атрофи. Яъни, тавоф қилинадиган жойлар; Мултазам. Рукни яманий билан Каъба эшиги оралиғи; Ҳажар ал-асвад яқинидаги жой; Каъбанинг ичи; Зам-зам булоғининг олди; Сафо ва Марва; Сафо ва Марва оралиғидаги ҳудуд; Мақоми Иброҳимнинг орқа тарафи; Шайтонга тош отиладиган 3 та жой; Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифлари. Мулла Али қори раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги жойларни ҳам шу рўйхатга қўшган: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган хонадон; Дор ал-арқам. Исломнинг дастлабки даврида саҳобалар мушриклардан яшириниб, шариат аҳкомларини ўрганган ҳовли. Хадижа розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳовлиси; Ҳиро ва Савр ғорлари. Каъбани биринчи бор қаердан туриб кўрсангиз ўша ер; Аллома Сафориний ҳам қуйидаги жойларни санаб ўтган; Масжид ал-Ҳаром; Масжид ан-Набий; Масжид ал-Ақсо; Масжид ал-Аҳзоб; Арафот тоғи; Муздалифа; Мино; Аллоҳ таоло барчамизни шу табаррук жойларни зиёрат этиб, унда чин ихлос билан дуо қилиш бахтига мушарраф қилсин! Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби Нодирбек Кенжаев 513