islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Avgust 13, 2019

Day

Ташриқ такбири ва ташриқ кунлари

Арафа куни бомдод намози ўқилгандан бошлаб, то ташриқ кунларининг охирги куни қуёш ботгунга қадар ҳар фарз намоз кетидан такбири ташриқ айтилади. Бу суннат. Унинг кўриниши мана бундай: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ва лиллааҳил-ҳамд”. Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари ҳайит кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Демак, такбири ташриқ арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг айтиш бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади. Шу билан тугайди. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади. Бу Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг қавллари бўлиб, мазҳабимизда шу ихтиёр қилинган. Аммо, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра такбири ташриқ Арафа куни бомдод намозининг кетидан бошланиб, ҳайитнинг биринчи куни аср намози ўқиб бўлингач охиргиси айтилади. Бу қавлга кўра саккизта намоздан сўнг ташриқ такбирлари айтилади. Аммо, амалда бўлган қавл аввал келтирганимиз имомайннинг сўзларидир. Бу кунларнинг ташриқ кунлари дейилишига сабаб шуки, «ташриқ» сўзи араб тилида бирон нарсани офтобга ёйиб, қоқлаш деган маънони англатади. Одамлар бу кунларда келгусига ғамлаб қўйишга мўлжалланган қурбонлик гўштларини бузилиб қолишидан сақлаш учун офтоб нурига ёйиб, қуритар эдилар. Шунинг учун, бу кунлар ташриқ кунлари деб аталди. Шу боис, бу кунларда айтиладиган такбир ҳам «ташриқ такбири» деб юритилди. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!” (Бақара сураси, 203-оят). Муфассирлар бу «саноқли кунларни» ташриқ кунлари дейдилар. Ийд куни намозга чиқиб кетилаётганда ҳам ушбу такбирларни айтиш мустаҳаб ҳисобланади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига кўра, бу такбирларни товушни ортиқча баланд кўтармасдан ҳар ким ўзича айтиб юриши лозим. Негаки, такбир дуо ва зикр ҳисобидадир. Дуо ва зикр эса мулойимлик билан айтилади. Аммо “Бу такбирлар ҳайит ва ташриқ кунлари кўча-кўйларда, бозорларда ва таниш-билишлар билан учрашганда товушни кўтариб айтилади”, деган қавллар ҳам бор. Ийдул-Азҳонинг биринчи куни дохил ташриқ кунларида рўза тутиш ман этилади. Чунки бу кунлар еб-ичиб, чинакам байрам қилинадиган кунлардир. Нубайша ал-Ҳузалий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Ташриқ кунлари ейиш-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир!” (“Саҳиҳи Муслим”). Рўза тутиш ман қилинган бу кунларнинг неча кунлиги борасида ҳам ташриқ кунларининг қайси кундан эътиборан бошланиши ҳақида пайдо бўлган ихтилоф туфайли уламолар томонидан икки хил фикр билдирилди. Аксар уламолар ташриқ кунлари ҳайитдан кейинги уч кун дейдилар. Шунга биноан, рўза тутиш ножоиз бўлган кунлар умумий тўрт кунни ташкил этади. Алишер Султонхўжаев 173

“Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофаг ускуналари алмаштирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 июндаги 115-сонли “Усмон Мусҳафини талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида”ги Қарорига ва 2019 йил 25 июндаги 01-07/44-7-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлиси”нинг Баённомасида кўрсатилган 1-2-бандларининг ижроси юзасидан “Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагнинг ҳавони тозалаб, намликни бир меъёрда таъминлаб турувчи ускунасининг хизмат қилиш муддати тугагани туфайли 2019 йилнинг 5-6 август кунлари ушбу ускуна янгисига алмаштирилди. Алмаштириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Толибов Маъмур, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти биология фанлари номзоди Махсумхонов Аҳмаджон, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Масаитов Саиджамол, Германия Федератив Республикасидан келган мутахассис Маер Себастиан (Maier Sebastian), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири Маҳкамов Камолиддин ва етакчи мутахассиси Икрамов Саидраҳматлар иштирок этдилар. Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари “Мўйи Муборак” музейида сақланаётган “Усмон Мусҳафи” ва унинг ватанимиз тарихи ва келажагида тутган муҳим аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар. “Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагга ўрнатиш учун олинган RK-2/5 русумли ускунани Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Германиянинг GLASBAU HAHN фирмаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, германиялик мутахассис Майер Себастиан ўзи билан олиб келиб, жорий йилнинг 5 август куни юқорида номлари зикр қилинганлар иштирокида ўрнатди. Мутахассис Майер Себастиан 6 август куни янги ўрнатилган RK-2/5 русумли ускунани ишлаш жараёнини назорат қилди. Ускуна талаб даражасида ишлаётганига амин бўлганидан сўнг, Мусҳафнинг сақланишида масъул бўлган кишиларга ускуна ишлаш жараёнидаги талабларни тушунтириб, уларга ускунани ишлатиш йўриқномасини топширди. Германиялик мутахассис GLASBAU HAHN фирмаси талабига мувофиқ саркофагнинг хизмат қилиш муддати тугаган эски RK-2 русумли ускунасини ўзи билан олиб кетди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 242