islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Noyabr 2019

Month

“ОЛИЙ МАЪҲАД ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ТАҲСИНГА ЛОЙИҚ”

2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муносабати билан кенг нишонланаётган тадбирлар халқларимиз ўртасидаги ҳамкорлик тарихида ноёб воқеа сифатида қардошлик муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида икки мамлакат диний-маърифий соҳа ходимларининг ўзаро мулоқот ва учрашувлари, турли даражадаги ташрифлари ташкил этилмоқда. Мамлакатимизда ўтказилаётган кенг миқёсли ушбу маданий тадбирлар доирасида Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий раҳбарлигидаги делегация жорий йил 26-30 ноябрь кунлари юртимизга ташриф буюрди. Ташрифнинг иккинчи куни – 27 ноябрда делегация аъзолари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида бўлдилар. ТИИ ректори У.Ғафуров мартабали меҳмонларни Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчилари М.Жангиров, ва Ҳ.Нурбоев иштирокларида қабул қилди. Дастлаб ташриф буюрган меҳмонларга институтнинг узоқ йиллик тарихи, мустақилликдан олдинги ва кейинги фаолияти, бу даргоҳда таҳсил олган уламолар, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар,  ТИИ жамоаси, хусусан, талабалар учун яратиб берилган юксак шарт-шароитлар, таълим муассасасида ҳам диний, ҳам дунёвий билимларни мукаммал эгаллаган кадрлар тайёрлаш устувор вазифа қилиб белгилангани ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Учрашувда Тошкент ислом институти ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борилди. Ўз навбатида, “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий самимий қабул учун ТИИ раҳбариятига миннатдорлик билдириб, ўзи бошчилик қилаётган таълим муассасаси фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Ташриф давомида делегация раҳбари профессор Муҳаммад аш-Шаҳҳат ал-Жиндий Тошкент ислом институти талабаларига муқаддас ислом динининг тинчлик дини эканига урғу бериб, унинг илм-фан тараққиётидаги ўрни ва бугунги глобал жамиятдаги аҳамиятига доир долзарб мавзуда маъруза қилди. Маъруза сўнггида “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ректори Муҳаммад ал-Жиндий шундай деди: “Ўзбекистонга ташрифим давомида юртингизда диний таълим ва аҳли илмга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборимни тортди ва қувонтирди. Тошкент ислом институтида фиқҳ, ақоид, ҳадис, улумул-Қуръон каби исломий илмлар билан бир қаторда социология, динлар тарихи, сиёсатшунослик, иқтисодиёт назарияси асослари каби ижтимоий фанлар ҳамда ўзбек, араб, инглиз, форс, рус тили каби дунё тиллари билан бирга хаттотлик санъатининг ўқитилиши ҳайратимни оширди”. Нотиқ ўз чиқишида ушбу диний ва дунёвий таълим услубини Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университетида ҳам қўллаш кераклигини таъкидлаб ўтди. Самимий ва ўзаро ишонч руҳида ўтган ташриф  меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Учрашув якунида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди. Юртимизда Қозоғистон йили доирасидаги тадбирлар нафақат санъат, фан, тадбиркорлик соҳалари, балки, диний-маърифий соҳа вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очади. Маданиятларимиз бир-бирини бойитишига, халқларимиз янада яқин бўлишига хизмат қилади. Ж.Мелиқўзиев, ТИИ проректори 192

Педагогик амалиёт қандай ўтмоқда: ТИИ ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов мадрасаларга ташриф буюрди

2019 йил 25-29 кунлари Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов юртимизнинг турли ҳудудларида педагогик амалиёт ўтаётган талабалар билан учрашиш мақсадида мадрасаларга ташриф буюрди. Дастлаб, 25 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Ҳадис илми мактабида педагогик амалиёт ўтаётган Толиб Хурсанмуродов ва Акром Қосимовнинг дарсларига кириб, уларнинг дарс ўтиш борасидаги дастлабки кўникмаларига баҳо берилди. Мактаб талабаларига “Илм олиш фазилати” мавзусида маъруза қилди. З.Маҳмудов 26 ноябрь сешанба куни Бухоронинг Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, маъҳаднинг битирувчи курс талабалари Ойбек Саттаров, Назаржон Шарипов ва Шарофиддин Ғавсиддиновнинг дарсларига кириб, педагогик амалиёт бўйича тавсиялар берди. Сўнг, мадрасанинг барча талабалари учун Қуръони каримни ёдлаш усуллари тўғрисида давра суҳбати уюштирди. Чоршанба 27 ноябрь куни Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган Мир Араб олий мадрасасига ташриф буюриб, Муҳаммаджон Ибрагимовнинг дарсида иштирок этиб амалиётчига зарур услубий кўрсатмалар берилди. 2-курс талабалари иштирокида “Никоҳнинг аҳамияти” тўғрисида суҳбат ўтказди. 28 ноябрда З.Маҳмудов Бухоронинг Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида амалиёт ўтаётган Асила Жамилованинг дарс ўтиши билан танишди. Шу куни талаба қизларга “Ихлос ва самимият” мавзусида маъруза ташкил этди. Жума 29 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Китоб туманида жойлашган Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб, маъҳад талабаларининг педагогик амалиёти билан танишди. Дарслардан сўнг мадрасанинг барча курс талабалари учун “Илм олиш сирлари” тўғрисида давра суҳбати ташкил этди. 738

“Умматим дейсизму, ё Расулуллоҳ?!” деб номланган сийрат тадбири

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Рабиъул аввал ойи муносабати билан “Умматим дейсизму, ё Расулуллоҳ?!” деб номланган сийрат тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда билим юртининг устозу ходималари, талаба қизлар, шунингдек,  институтнинг фахрий устозлари ва  меҳмонлар иштирок этди. Тадбир Қуръони Карим тиловати билан очилди. Сўнгра талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова ташриф буюрган меҳмонларни қутлаб, байрам дастури билан таништирди. Тадбир мусобақа тарзида ташкил қилинди.  Биринчи босқич таништирув шарти, иккинчи босқич Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган монологлар ижроси,  тезкор савол-жавоблар билан мусобақа жуда қизғин давом этди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам савол жавобларда иштирок этиб, муносиб ҳадяларни қўлга киритишди. Айниқса, бешинчи шартдаги саҳна кўринишлари барча томошабинларда катта таассурот қолдирди. Сийрат ойи муносабати билан Ислом Институтининг “Oliymahad.uz” сайтида “Расулулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам – гўзал хулқ соҳиби” номли танлов ғолиблари ҳамда “Ноябрь ойи – Сийрат ва Ислом тарихи” фан ойлиги муносабати билан амалиётчилар томонидан ташкил қилинган  талаба қизлар ўртасидаги уч босқичли  сийрат мусобақаси ғолибалари  раҳбарият томонидан тақдирландилар. Тадбир давомида талаба қизлар томонидан ижро этилган салавотлар барчанинг қалбига сурур бағишлади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З. Суярова   219

Аёл ким билан сафар қилади?

Маълумки, Исломда аёллар ҳамиша ҳурматланиб, эъзозланиб, уларнинг фитратлари ҳар бир ишда назарда тутилган. Жумладан, аёлларнинг уч кунлик йўлдан узоқ масофага турли мақсадда сафар қилиши масаласида ислом ҳуқуқшунослигида айрим чекловлар қўйилган. Чунки сафарнинг ўзига яраша машаққатлари, қийинчиликлари бор. Шу боис, уларга ҳамроҳ сифатида маҳрам бўлиши шарт қилинган. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: “Сафар яхши, ёмон ва мубоҳга тақсимланади”,  деган. Сафарнинг яхшиси ҳажга ва илм талабига ўхшаш амаллар, мандуби уламоларнинг зиёратига ўхшаш ишлар, ёмони эса ота-она розилигини олмай қилингани сабабли ҳаром ҳисобланганидир. Киши тиланчиликдан сақланиш, аҳли-аёлига мурувватли бўлиш, ҳожатидан ортиғини садақа қилиш ниятида сафар қилса, бу мубоҳ бўлади. Хайрли мақсад сабаб охират ишига айланади. Агар одам риёкорлик билан ва хўжакўрсинга ҳаж қилса, ундан охиратга насиба йўқ. Шу билан бирга динимиз талабига кўра, борилаётган юртда инсонга зарур бўлган қуйидаги беш нарса: ҳаётига таҳдид бўлса; дини ва эътиқоди бузилишига ҳаракат қилинса; молига тажовуз қилинса; обрўсини туширадиган иш бўлса; саломатлигига путур етса, сафар қилмаслик лозим. Кўзланган мақсад ҳосил бўлгач, тезда уйга қайтиш лозим. Зеро ҳадиси шарифда: “Сафар азоб-уқубатнинг бир кўринишидир. Сизлардан бирингиз сафарга чиқса, таоми, ичимлиги ва уйқусидан тўла баҳра ололмайди, (сафарда) истаги ҳосил бўлса, аҳлига шошилсин”, дейилади (Имом Бухорий ривояти). Таъкидлаш лозимки, сафар одобларининг аёлларга тааллуқли алоҳида жиҳатлари бор. Эркаклар юқоридаги шартларни бажо келтирса, ўз хоҳишларига кўра сафар қила оладилар. Аёллар эса доимо маҳрамлари билангина йўлга чиқишлари мумкин.Турмуш қурган аёл эса албатта турмуш ўртоғининг розилигини олиши шарт қилиб қўйилган. Абу Саид Ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган аёлга уч кун ва ундан кўп бўлган сафарга отаси ёки акаси ёки эри ёки фарзанди ёки бирор маҳрамисиз чиқиши ҳалол бўлмайди”, дедилар”. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расул алайҳиссаломн муслима аёлнинг ҳатто ҳаж қилиш учун ҳам ёлғиз сафарга чиқиши мумкин эмаслигини айтганлар. Эркак киши Аллоҳнинг, дину диёнат йўлида қилинадиган жиҳодни қўйиб бўлса ҳам, маҳрам сифатида аёли билан ҳажга бориши лозим. Зеро, сафар машаққат ва хавфдан иборат. Мўминаларни машаққат ва хавфда ёлғиз қолдиришга маҳрамларининг эркаклик ғурурлари ҳам йўл бермаслиги керак. Йўлда аёлнинг хизматини қилиб, қийинчиликлардан, хавф-хатар ва турли кўнгилсизликлардан ҳимоя этиши керак. Ислом умматининг бахт-саодатга эришиши учун барча нарсани батафсил баён этиб берган Қуръони карим аёлларнинг маҳрамларини бирма-бир баён этган. Шариатимизга кўра, аёл кишига отаси ва ака-укаси, турмушга чиққач эса завжи жавобгар саналади. Бугун динимизнинг аксар ҳукмларидек биз эслатиб ўтган аҳкомларга амал қилинмаётгани сабабли кўплаб муаммолар, аянчли аҳволлар учраб турибди. Жуда кўплаб аёллар, маҳрамсиз сафарга отланганлари учунгина машаққат, тажовуз, жиноят домида қолмоқдалар. Қанчадан-қанча ўзбек аёллари меҳнат муҳожирлари сифатида турли юртларга бориб, номусидан, соғлиғидан ҳаттоки ҳаётидан айрилаётгани доимо қалбимизга оғриқ солади. Юртимиз неча йиллардан буён ўз ватандошларини қул қилиб сотаётган кимсаларга қарши курашмоқда. Уларнинг аксарияти айнан аёлларни алдов йўли билан хорижга олиб бориб, уларни динимизга ҳам, инсонийликка ҳам ёт бўлган фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур этмоқда. Ундан ҳам ачинарлиси эса хорижда аёллар нафақат номусини, соғлиғини, обрўсини, қадр-қимматини, балки мўмин учун энг қадрли бўлган имонини, динини ҳам бой бериб қўймоқдалар. Ёдингизда бўлса, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилганди. Алдов оқибатида ўзга...

“Ҳидоя” китоби – Ҳанафий мазҳабида мўътабар манба (учинчи мақола)

Фиқҳ илми ривожланиб, мазҳаблар ёзма тарзда ёзилиб бўлгач, ҳар бир имом ортидан шогирдлар, илмларини ўзларидан кейингиларга етказадиган ровийлар етиштиришди. Шогирдлар имомлар айтган сўзларни ривоят қилиб, матн тарзида ёзиб қолдиришди. Сўнг ушбу матнлар кенг ёйилиб, уламолар ўша матнларни маҳкам тута бошладилар ва уларни ўз истинботлари учун асос қилиб олдилар ва бошқаларни ҳам шунга чорладилар. Шу тарзда имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ҳам йўл тутдилар. Бу борада имом икки буюк асл матнни – Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ҳисобланмиш имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус сағир” ҳамда Абул Ҳасан Қудурий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мухтасарул Қудурий” матнларини асос қилиб олдилар. Иккила асарни “Жомеус сағир” китоби тартибида жамладилар ва у китобга “Бидоятул мубтадий” деб ном қўйдилар. Имом Марғиноний бошқа матнлар орасида айни шу икки матнни танлаганлари сабабига келадиган бўлсак, бу матнлар манфаати кўп, фойдаси мўл бўлгани, қолаверса, мазҳаб уламолари наздида мақбул матнлар эканлигидадир. Зеро, бу даврда уламолар каттаю кичикка “Жомеус сағир” матнини ёдлашга тарғиб қилишарди. Имом Марғиноний авваламбор, ушбу “Бидоятул мубтадий” китобига “Кифоятул мунтаҳий” деб номланган катта шарҳ ёзганлар. Китобни ёзишдан фориғ бўлгач, китоб ниҳоятда катта бўлиб кетганини инобатга олиб, уни мухтасар ҳолга келтириб, “Ҳидоя” деб номлаганлар. Натижада бу китоб ўхшаш йўқ муҳим китобга айланган. Ахир, қанақасига ундай бўлмасин?! Бу китобни ёзишга 13 йил умрларини рўзадор ҳолда бахшида қилганлар-ку! Бу китобда муаллиф ривоят ва дироятни жамлаганлар, ҳар бир бобда масалаларнинг аслларини зикр қилиб, қолганларини тарк қилганлар. Ким қисқа китобни ўқишни маъқул кўрса, “Ҳидоя” билан чекланади. Ким катта-катта китобларни ўқишга рағбат қилса, “Кифоя” китобига мурожаат қилади. Ким мазҳаб масалаларини ёдда сақлашни, тутиб туришни истаса “Бидоя” китобига мурожаат қилади. Уламолар фиқҳда китоб тасниф қилиш борасида турфа услубни танлаганлар. Баъзилар мазҳабдаги фақиҳлар сўзларини келтириш билан бир қаторда ўзга мазҳаб соҳибларининг ҳам сўзларини келтирадилар. Баъзилар эса, фақатгина мазҳаб уламоларининг сўзларини келтириш билан кифояланадилар. Иккала услубда ёзганлар ҳам икки хил йўлни тутганлар. Баъзилар турфа ривоятларни келтирган бўлсалар, бошқалари рожиҳ ва машҳур ривоятларнигина келтирганлар. Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ эса, ҳар иккала йўлни тутган ҳолда китобларини ёзганлар. Бу китобларида кўпгина масалаларни баён қилишда бошқа мазҳабларнинг ҳам сўзларини келтирганлар. Бу эса китобни ўзга мазҳабдагилар ҳам мурожаат қилишларига сабаб бўлади. Шунингдек, имом бу китобда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан икки шогирдлари – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар ўртасидаги ихтилофларни ҳам, улардан қилинган турфа ривоятларни ҳам келтирганлар. Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “Ҳидоя – шарҳу бидоятил мубтадий” китобини ёзиб бўлганларида нафақат мазҳаб ичида, балки бошқа мазҳаб вакиллари томонидан ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинган. Интернетдаги маълумотлар асосида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Абдуллоҳ Қосим тайёрлади. 195
1 2 3 15