islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Dekabr 14, 2019

Day

Тошкент ислом институтида сайлов шукуҳи

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1-босқич талабалари учун Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман/шаҳар кенгашларига сайловлар 22 декабр санасида бўлиб ўтиши ҳамда сайлов кампанияси ҳақида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бошқармаси юристконсульти Низамов Жавохир Зиявутдинович, шунингдек институтнинг “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи А.Олимов, “Ижтимоий фанлар” кафедраси мудири О.Тангировлар иштирок этдилар. Суҳбатда бу йилги сайловда қандай ўзгаришлар бўлади? деган саволларга жавоб берилди. Жумладан бутун республика бўйича сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилгани, сайлов участкалари ҳақида маълумотлар бир базада жамланиши, имконияти чекланган фуқаролар учун шароитлар яратилгани, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам тенг ҳуқуқлилик асосида сайловларда қатнашиши, халқаро матбуот маркази ишга туширилгани, ҳатто жазони ўташ муассасаларидаги шахслар ҳам сайловда иштирок этиши ҳақида айтиб ўтилди. Тадбир сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассиси томонидан керакли жавоблар олдилар. “Ижтимоий фанлар” кафедраси кабинет мудири Ҳ.Нажмиддинов 125

Хайрли мақсад, эзгу ният, порлоқ орзу-умидлар рўёби

Давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси том маънода барча соҳадаги ислоҳотлар жараёнларини чуқурлаштиришнинг ўзига хос “Йўл харитаси” бўлди. Шавкат Мирзиёев асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини, Асосий Қонун деб аталадиган бундай ҳужжат башарият ҳаётида озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ва эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарганини таъкидлар экан, Амир Темур “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деганини қайд этди. Яъни лўнда қилиб айтганда, ҳар қандай Конституция ва унинг асосида таъминланадиган қонун устуворлиги демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади. Мана шу тамойил маросим иштирокчилари ва бутун халқимизга қарата сўзланган маърузанинг ўзаги бўлди. Масаланинг амалий жиҳатига тўхталган Президентимиз Ўзбекистонда қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш, айниқса, долзарб эканини таъкидлаб, жорий йилнинг ўзида етмишдан ортиқ қонунлар, 350 дан зиёд Фармон ҳамда қарорлар қабул қилингани ва улардан кўзланган мақсадлар ҳақида сўз юритди. Айтиб ўтилганидек, вазир ёки ҳоким қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунмаса, ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмаса, ислоҳотларнинг илдамлаши, одамларда ташаббус уйғотиш қийин бўлади. Шу боис кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, қонунларни билиш ва қўллаш бўйича мутасадди раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишга биринчи даражали эътибор қаратиш лозим. Мамлакатимизда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори билан иш тутиш борасидаги янгиланишлар ҳам муқаррарлик тусини олганини, ­давлатимиз раҳбарининг ички ва ­ташқи сиёсатдаги долзарб масалалар қатори айни шу йўналишдаги ­муҳим ташаббуслари халқаро ­майдонда очиқ эътирофга сазовор бўлаётганини қайд этиш лозим бўлади. Хусусан, мамлакатимизда ислом дини, мовароуннаҳрлик улуғ аллома ва мутафаккирларнинг бой меросини ўрганиш, тарихий обидаларни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон — кўп миллатли, кўп конфессияли мамлакат. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий, ­Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси Ўзбекистон тараққиётининг янги ­босқичида амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг бунёдкор моҳиятини очиб берди. Янги очилган масканлар беихтиёр Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ­Ассамблеяси минбаридан янграган ушбу сўзларини ёдга солади: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони Каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”. Ундан олдинроқ рўй берган воқеа­ларни хотиримизга келтирайлик. ­Юртбошимиз 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-­тадқиқот марказини ташкил этиш таклифини илгари сурди ва барча қатнашчилар буни бир овоздан қўллаб-қувватлади. Хайрли ишнинг барори ҳам ўзини узоқ куттирмас экан — 2017 йилда марказ очилиши тўғрисида Президент қарори чиқди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-­тадқиқот маркази ўз фаолиятини бошлади. Унинг лойиҳаси, қурилиши, жиҳозланиши билан муҳтарам ­Президентимиз шахсан бир неча бор бевосита танишганини айтиб ўтиш жоиз. Марказ ўз фаолиятини бошлаганидан кейин Имом Бухорий ва бош­қа буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима...

“Хорошо”дан “Окей”га ўтяпмизми?

Хизмат юзасидан кўпгина ишчи телеграм гуруҳларидаги ёзишмаларни кузатишга тўғри келади. Уларга асосан ушбу алоқа воситаларига мутасадди бўлган идораларнинг топшириқлари, хабарномалари қўйилади. Ва бир вақтларда бўлганидек, қўнғироқбозликка ҳожат қолмайди ва қоғоз кўтариб ташкилотма ташкилот юрадиган хабарчи(куреьер)нинг иши саноқли дақиқаларда бажарилади. Яъни гуруҳ аъзолари (деярли барчаси зиёлилар) бирин-кетин узатилган хабарни олганликларини тасдиқловчи сўзларни битишади. Бу яхши, албатта. Аммо ўша битикларнинг аксарияти “ОК”дан иборат эканлиги кишини аввал ҳайрон қолдирса, сўнгра кўнгилда “Ҳозирча ёзмадаги бу сўз вақт ўтиб оғзакига ҳам кўчмасмикан?” деган савол туғилади. Ҳолбуки, ўзбек тилида “ОК” маъносини ифода этувчи кўплаб синонимлар бор. Дейлик, “тушунарли”, “яхши”, “хўп”, агар эътироф маъносида бўлса “Офарин”, “Балли”, “Баракалла” “Қоил”… Қаранг қандай чиройли, бу сўзларимиз! Энг муҳими, уларнинг ҳар бирида ўзбекона одоб бор. Авваллари бирон гапга қўшилиш ёки уни тасдиқлашда “хорошо” дейиш урф бўлган эди. Яна айрим ҳолатларда рус тилида гаплашолмаса-да, яхши тушунмасада, гўёки бошқаларда уни мукаммал билувчи сифатида таассурот уйғотиш учун гапи орасига ана шу сўзни қўшиб қўядиганлар ҳам бўлар эди… Энди эса “Окей”. Яна акаларга “Брат”, укаларга “Братишка” дейиларди. “Бобой” каломи ҳам шу тарзда пайдо бўлган. Ҳадик шуки, набираларимиз ҳам ҳадемай, “Хўп бўлади, бобожон!” дейиш ўрнига “Окей, грандфатхер!” ёки “Окей, грандфазр!” демасинда, ишқилиб… Тилимизнинг софлигини асрайлик, азизлар! Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи” 136

Ошиқ қалб…

Бу кун йиғи маъюс кўзларникимас, Уятдан тош қотган юзларникимас, Ҳазондек тўкилган кузларникимас, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!   У зот буюклигин белгисидир, бу!       Бу маъюс қалбимга қарайман, аммо, Сизни тимсолингиз тополмам асло, Бугун бу кўзларим йиғлайди, аммо, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!    У зот буюклигин белгисидир, бу!       Мен ҳам йиғлагайман ошиқ мисоли, Қалбимни ўнглашга имкон бор ҳали, Барча кўз ёш тўксин, йиғласин майли, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!  У зот буюклигин белгисидир, бу!      Сиздан олисдамиз, олисда йироқ, Бизни эзиб қўйди соғинч-у фироқ, Юракда изтироб, қалбларда титроқ, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!   У зот буюклигин белгисидир, бу!      Расулнинг зикридан тинмайди тиллар, У зот учун доим йиғлайди диллар, Қилур чаманзорда нола булбуллар, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!   У зот буюклигин белгисидир, бу!      Ўзимча умматман, ўзимча диндор, Қалбим йиғладими у зот-чун бир бор? Йиғлайин, юракда қолмасин ғубор, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!    У зот буюклигин белгисидир, бу!        Ларзага келади йиғидан фалак, Ҳатто йиғлагайдир осмонда малак, Нега йиғламайсан, эй хаста юрак, Чин ошиқ қалбларнинг йиғисидир, бу!  У зот буюклигин белгисидир, бу! Имом Бухорий номидаги Тошкeнт ислом институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Ҳамидий 191