islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Yanvar 23, 2020

Day

Иддали аёлнинг таъминоти

Исломга қадар, дунёнинг деярли барча юртларида инсон ҳуқуқлари турли йўсинда поймол қилиниши кучайиб кетди. Айниқса, аёлларга муносабат жуда тубан даражада тушиб кетди. Уларга инсон сифатида эмас, балки бир буюм сифатида қаралар, ҳақлари топталар эди. Араб жазирасидаги аксар оилаларда қиз фарзанд дунёга келса, уни тириклай кўмилар эди. Ота вафот этса, ўғилга отасининг аёллари матоҳ ўлароқ мерос бўлиб қолар, агар ўғил хоҳласа уларга уйланиши ҳеч кимни ажаблантирмас эди… Ҳинд диёрларида эри ўлган аёл яшашга ҳаққи йўқлиги туфайли, эри билан бирга ёқиб юборилар эди. Қисқаси, аёл зоти ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқларга эга эмас эди. Бу ҳол ўз-ўзидан мукаммал бир низом, одил ижтимоий тизимга бўлган эҳтиёжни тобора тақозо қилиб бораверди. Ниҳоят, ислом дини келиши билан аёл зотининг жамиятда ўзига хос мавқеъи намоён бўла бошлади. Уларнинг ҳақлари улуғланди. Аёлни она, жуфти ҳалол, опа-сингил, қиз сифатида ҳурмат қилиш, ҳақларига риояда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари намуна бўлдилар. Нафақа, маҳр, талоқ, хулуъ, идда ҳукмлари жорий бўлди. Нафақат ҳур аёлларга, балки одам сифатида кўрилмаган чўриларга ҳам хос ҳукмлар жорий қилинди. Аёлнинг нафақаси кимнинг зиммасида? “Нафақа” – қарамоғидаги кишини етарли таом, кийим, турар жой билан таъминлашдир. Аёл кишини мана шу нарсалар билан таъминлаш никоҳдан сўнг эрининг зиммасига вожиб бўлади. Турли сабаблар билан ўртага талоқ, ажрим тушганда ёки эр вафот этганда-чи? Афсус-ки, аксар ҳолларда эр талоғини бериб ёки бермасдан, аёлини кўч-кўрони билан ота уйига жўнатишига гувоҳ бўламиз. Аслида, талоқдан сўнг ҳам аёлнинг таъминоти бир муддат эрининг зиммасида бўлади. Бунинг учун аввал идда ва унга тегишли масалаларни тушуниб олиш муҳим. Динимизда аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатга “идда” дейилади. Талоқ қилинган аёл иддаси. Аёл ҳайз кўрувчи аёллардан бўлса, унинг иддаси учта ҳайз кўриш билан тугайди. Агар ҳайзли ҳолатида талоқ тушган бўлса, у ҳайз ҳисобга ўтмай, балки, кейинги ҳайзидан бошлаб ҳисобланади. Агар аёл ҳайз кўрмайдиган аёллардан бўлса, унда талоқдан сўнг тўлиқ уч ой идда сақлайди. Эри ўлган аёл иддаси. Бундай аёллар тўрт ой-у, ўн кун идда сақлайдилар. Ҳомиладор аёлнинг иддаси. Агар талоқ қилинган, ёки эри ўлган аёл ҳомиладор бўлса, иддаси ҳомиласини туғиши билан тугайди. Юқорида санаб ўтилган талоқ иддаси давомида, у ҳоҳ ражъий, хоҳ боин талоқ бўлсин, аёлни озиқ-овқат, кийим, маскан билан таъминлаш эрнинг зиммасига вожиб бўлади. Аёл иддани эрининг уйида сақлайди. Идда ўтирган манзилидан ташқарига заруратсиз чиқиши мумкин эмас. Фақат аёлнинг ҳолати борасида фарқ бор. Яъни ражъий талоқ тушган аёл иддаси давомида, эрини олдида ўзига оро берган, ҳушбўйланган, ўзига жалб қилган ҳолатда юриши мустаҳаб бўлса, боин талоқ иддасида ўтирган аёл эри билан ўзи ўртасида парда тутиши, худди номаҳрамдан сақлангани каби авратларини яшириши лозим. Эри вафот этган аёл ҳам идда муддатини эрининг уйида ўтказади. Лекин у кундуз куни чиқиши мумкин, чунки унинг таъминоти ўзининг зиммасида бўлгани учун, тирикчилик қилишга эҳтиёж сезади. Аммо кечаси эрининг уйида тунайди. Нега энди эр аёлини талоқ қилсаям, маълум вақтгача яна таъминлаб туриши керак? Келинг, масалага бошқачарооқ ёндошайлик! Ислом ҳар доим насл поклигини биринчи ўринга қўяди. Шунинг учун ҳам зинонинг ҳар қандай кўринишини мутлақ таъқиқлайди. Битта аёлнинг кўп эркак билан никоҳда бўлишини ҳам рад этади. Чунки, бу иккита ҳолда ҳам насл бузилиши аниқ. Ҳатто бугунги ривожланган тиббиётдаги пробиркада уруғлантириш масалаларида ҳам...

ҚОРИЛАР УСТОЗИ ШАЙХ ҲАЙСАМ МАНИНИЙ РОҲИМАҲУЛЛОҲ

Тўлиқ исми Ҳайсам ибн Муҳаммад Маниний Дамашқий (هيثم بن محمد سعيد المِنيني الدمشقي)дир. Ушбу машҳур қори ва олим қироат ва тажвид, қироатлар илмида машҳур бўлиб, Суриянинг Дамашқ вилоятида жойлашган Манин шаҳарчасида ҳиж. 1385 / мил. 1965 йил таваллуд топган. Ёшлигидан ўта зийрак, ўзига хос истеъдод соҳиби бўлган ёш Ҳайсам 12 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. Шундан сўнг 1981 йил, 15 ёшида қироат илмида забардаст уламолардан бўлган Шайх Муҳиддин Абул Ҳасан Курдий (ҳиж. 1331, мил. 1912 / ҳиж. 1430, мил. 2009) роҳимаҳуллоҳдан барча қироатларни ўрганиш ва ижоза олишга муваффақ бўлади. У устози Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳда барча ўн қироатларни “жамъ” ва “ифрод” услуби, “Шотибийя” ва “Тоййиба” йўналишида Қуръонни 16 марта хатм қилиб топширган эди. Бундан ташқари, Қуръон ва қироатларни Дамашқнинг “Фурқон” номидаги ислом институти, Байрутдаги “Дор ал-Қуръон лил-ҳифзи ват-тилава” таълим даргоҳларида таҳсил олади. Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ Дамашқнинг “Қабр Отика” маҳалласидаги “Фахуро” жоме масжидида қироат ва тажвиддан дарс берган. Ўн минглаб кишини сиғдира оладиган ушбу масжидни ўша даврда “Қуръон таълими академияси”, деб аташар эди. Бу масжидга тўлиб-тошган талабалар Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳдан Қуръон қироати ва қироатлар илмини таълим олардилар. Шайх фаолияти давомида кўплаб талабаларга қироат ва тажвид, ўн қироатни таълим беради. Умрини Қуръони карим хизматига бағишлайди. Ихлос, тақво, ўз ишининг мутахассиси сифатида танилади. Ўз даврида қироат мутахассисларининг эътирофига сазовор бўлади. Доктор Аҳмад Шумайс айтади: “Шайх Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Ким саййидимиз Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қироатини эшитишни хоҳласа, Шайх Ҳайсамни эшитсин…”. Ўз замонида дунё эътироф этган Шайх Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳ қариган чоғида Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳни таровиҳ намозидаги хатм имомлигига ўтказар ва унга иқтидо қилиб турар эди. Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ умрининг охирги беш йилини Байрутда, Шайх Валид Аббос билан биргаликда Қуръондан таълим берди. Шайх Валид Аббос айтади: “Гувоҳлик бераманки, Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ Қуръон билан ётиб, у билан турар эди. Сафари, емоғи ва ичмоғи, нафас олиши фақат Қуръон билан эди. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин”. “Хулоса мо фий сориҳ ан-насс мин ториқ ат-тоййиба биривая Ҳафс (خلاصة ما في صريح النص من طريق الطيبة برواية حفص)” номли китоб ёзиб қолдирган. Қуръон каримни тажвидга мувофиқ тўғри тиловат қилишни ўрганаётган талабаларга устозлари кўп ҳолларда Шайх Ҳайсамни тинглашни маслаҳат беришади. Шайх Ҳайсам ҳиж. 1420 / мил. 1999 йил, 34 ёшида вафот этган. Қуйидаги иловадан Шайх Ҳайсам роҳимаҳуллоҳ қироатини тинглашингиз мумкин: “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Убайдуллоҳ 571

Расулуллоҳ келадур!

Қани эй аҳли иймон, Барчангиз келинг шодон, Бизга бўлгани меҳмон Бир улуғ зот келадур! Ҳилол балқир юзида, Қуёш порлар кўзида, Минг маъно бор сўзида, Бир улуғ зот келадур! Икки олам сарвари, Пайғамбарлар гавҳари, Сўзлари ҳақдур бари, Расулуллоҳ келадур! Доим ҳаққа буюриб, Тандан нафис бўй уриб, Мушк-у анбар уфуриб, Расулуллоҳ келадур! Оламлар нурга тўлиб, Қувонч-у бахтга йўниб, Умматга малҳам бўлиб, Расулуллоҳ келадур! Қалбни завққа тўлдириб, Маҳзунликни ўлдириб, Бад ишқларни сўндириб, Расулуллоҳ келадур! Бу дилдаги муҳаббат, У зот учундир фақат, Шундай бўлсин тоабад, Расулуллоҳ келадур! Дилда қолмасин гардлар, Тандан арисин дардлар, Тезроқ ошиқсин мардлар, Расулуллоҳ келадур! Юракларда халоват, Ўзгача бир тароват, Қани айтинг саловат, Расулуллоҳ келадур! Келгин энди биродар, Дунё ишлари ўтар, Сен эса қаддинг кўтар, Расулуллоҳ келадур! Ўзлигингга кел энди, Ибодат-ла ел энди, Кўзёшларинг сел энди, Расулуллоҳ келадур! Келгин энди ёроним, Эгаллагин бу ёним, Менинг азиз инсоним Расулуллоҳ келадур! Қўлларидан бир тутмоқ, Орзу эрур кўришмоқ, Йўлларига кўз муштоқ, Расулуллоҳ келадур! Қиёмат кун келганда, Оҳлар чекур ҳар банда, Раббим ҳисоб қилганда Расулуллоҳ келадур! У зот боқур ҳар ёнга: Ким алданган шайтонга, Ўзи суйган инсонга Шафоатчи бўладур! Ердаги тирик жонзот, Махлуқот-у наботот, Барча айтсин саловат, Расулуллоҳ келадур! “Марҳабо!”, дермиз бу он, Хуш келибсиз биз томон, Юрак-бағри бўлиб қон Умматингиз кутадур! Келсангиз бизни дебон, Бошлар кўкка етадур! Сизни ҳар соат замон Умматингиз кутадур! Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Ҳамидий 506