Тобора ривожланиб, чирой очиб бораётган жонажон Ватанимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида: 1. 2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда: жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга; мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2019 йил 1 май Манба: Uza.uz 796
Араб тили олтита жаҳон тилларидан бири бўлиб, ер юзининг қарийб ярим миллиард аҳолиси шу тилда суҳбатлашади. Дунё илмий меросининг асосий адабиётлари араб тилида ёзилган. Жумладан, буюк бобокалонларимиз Имом Бухорий, имом Термизий, Хоразмий, Марғилоний, ибн Сино, араблар “Агар мовароуннаҳрлик чўлоқ бўлмаганида биз ўз тилимизнинг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўлардик” – дея эътироф этган араб тили грамматикаси ривожига ҳисса қўшган ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий ва бошқалар араб тилида ижод қилишган. Дунё халқлари бу тилни “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили, Қуръони карим тили ҳамда жаннат тили” – дея ўзгача ихлос ва иштиёқ билан ўрганишади. “Апрель ойи – Араб тили ва балоғат” муносабати билан 2019 йил 30 апрель куни соат 15:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабалари ўртасида “Араб тили – Қуръони карим тили” мавзуида курслараро мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Тошкент ислом институти У.Ғафуров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Я.Раззақов, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Ф.Маманосиров, “Тиллар” кафедраси ўқитувчилари Ф.Абдулҳамидов, Ғ.Баратов, А.Султонхўжаев, К.Боқиев, Ё.Бухарбаев ҳамда институтнинг талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада ҳар бир гуруҳ 5 нафар иштирокчидан ташкил топган “Сибавайҳ”, “Замахшарий”, “Кисоий” ва “Мулла Жомий” гуруҳлари иштирок этишди. 1-шартда иштирокчилар калималарни тартиблаб, маъноли жумла тузиш ва жумлалар кетма-кетлигига риоя қилиш бўйича жавоб беришди. 2-шартда эса белгиланган вақт мобайнида иштирокчи ўзига кўрсатилган расмларни шеригига араб тилида шарҳлаб топишмоқ тарзида баён қилди ва жамоадоши жавоб берди. 3-шартда ўзбек тилидаги матнни араб тилига таржима қилишди. 4-шартда берилган жумлани грамматик таҳлил қилишди. 5-шарт эса, араб тилидаги овозли матнни эшитиб, тушунганини ўз услубида баён қилишди. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа умумий натижаларига кўра, 4-курс талабаларидан ташкил топган “Мулла Жомий” гуруҳи 342 балл билан биринчи ўринни, 2-курс талабаларидан ташкил топган “Замаҳшарий” гуруҳи 328 балл билан иккинчи ўринни, 3-курс талабаларидан ташкил топган “Кисоий” гуруҳи 324.5 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Тиллар” кафедраси кабинет мудири Козимхон Асроров 1 095
Нодир жуда ҳам одобсиз бола эди. Ўзининг қўпол ишлари ҳамда сабабсиз жанжаллари билан укаларини ғашига тегарди. Нодирнинг бу хатти-ҳаракатлари онасини қаттиқ ранжитарди. Онаси унга: «Болажоним, ҳеч кимга озор берма, атрофдагиларга ёмон гапирма, дилларини оғритма», – деб кўп насиҳат қиларди. У доим ўзини ҳақ ва айбсиз деб ҳисоблар ва шундай эканлигига онасини ишонтиришга ҳаракат қиларди. Қолаверса, ўзини мана шундай тутишга бошқалар сабаб бўлаётганини ҳам таъкидлар эди. Бир куни онаси Нодир билан бозор айланиб юрган вақтида унга: «Агар бугун ҳеч ким билан урушмасдан ақлли бола бўлиб юрсанг мана бу камарлардан ўзингга ёққанини олиб бераман», – деди. Уйга қайтганларида бу гапдан Нодирнинг укалари ҳам хабардор бўлишди. Шу сабабдан кун давомида уни жаҳлини чиқаришга ҳаракат қилишарди. Аммо ҳарчанд уринсалар ҳам унинг жаҳлини чиқара олмадилар. Чунки у ўзини қўлга олиб бошқалар билан уришмасликка қатьий қарор қилган эди. Кеч бўлганда онаси: «Ўғлим, мана кун давомида сен биргина камарга эришиш учун ўзингни жуда яхши тутдинг. Лекин аслида буни оддий нарсалар учун эмас, балки Аллоҳ таоло шундай бўлишини хоҳлагани ва У хулқи гўзал бандаларини яхши кўргани учун қилишинг керак » – деди. Қанийди Нодир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини билганида: (من ترك المراء و هو محقّ بُني له في وسط الجنة) «Мен ўзи ҳақ бўлсада тортишишни тарк қилган киши томондаман. Ваъда бераманки, ўзи ҳақ бўла туриб инсонлар билан тортишмаган кишига жаннатда бир қаср бино қилинади». Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 818
Ибодатда ихлос ва ният алоҳида ўрин тутади. Ибодатнинг сиҳҳати, қабулияти ундаги ниятга боғлиқ. Ихлос ва ният шу даражада аҳамиятлики, у билан ибодатлар ухровий ва дунёвийга ажраб кетади. Ташқи кўриниши ибодат бўлиб кўринган амалга риё, ужб каби дунёвий ғаразлар аралашиб қолса охират амалидан дунё амалига айланади. Аммо ташқаридан қаралганда дунё амалидек кўринган амаллар тўғри ният билан охират амалига айланади. Мисол тариқасида, бир вақтда вафот топган икки кишини оламиз: Бири масжидда жон берди; иккинчиси тунги клубда. Масжидда ўлган жаҳаннамга, тунгги клубдагиси эса жаннатга дохил бўлди. Нима учун? Тунгги клубда жон берган одам у ерга яхшилликка даъват учун кирган эди. Қазо етиб ўша ерда вафот этди. Масжидда ўлган эса, намозхонларнинг нарсаларини ўғирлаш учун кирганди. Ажали етиб ўғирлик жараёнида ўлди. Уларнинг ниятидан бехабар одам жон топширган маконларига қараб уларнинг оқибати ҳақида хулоса бериши мумкин. Масжиддаги жаннатга, тунгги клубдаги жаҳаннамга. Аммо уларнинг нияти борар жойларини алмаштириб юборди. Ана ниятнинг аҳамияти! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Амаллар ниятга боғлиқдир”, деб марҳамат қилганлар. Бу мазмундаги ҳадисни уламолар “диннинг ярми” деб баҳолаганлар. Бундан ташқари ибодатдаги ихлос ва ният ҳақида кўплаб ҳадис ва саҳобаларнинг таълимлари ворид бўлган. Қуйида улардан бир қанчасини бирга баҳам кўрамиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлоси Савбон розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ билан бир йиғинда бирга ўтириб қолдим. Ул зот: “Амалларида Аллоҳнинг ризолигини кўзловчи ихлослиларга Тубо бўлсин-ки, улар билан ҳар қандай фитна зулмати ёришиб кетади”—дедилар. Довуд ибн Муҳаммад Абу Абд Наббожийдан эшитиб айтади: «Бешта хислат бор, ўшалар билан кишининг иймони мукаммал бўлади: Аллоҳни танимоқ; ҳақ билан ботилни фарқига бормоқ; амалларни ихлос ила Аллоҳ учун қилмоқ; Амалларни суннатга мосламоқ; ҳалолдан емоқ. Булар билан иймон камол топишлигининг маъноси шуки, банда Аллоҳни танисаю аммо ҳақ билан ботилни фарқига бормаса, унга маърифати фойда бермайди. Шунингдек, ҳақни билсаю, аммо Аллоҳни танимаса бунда ҳам унга ухровий манфаат йўқ. Агар Аллоҳни таниса, ҳақ билан ботилни ҳам ажратса, бироқ амалларида ихлос етишмаса у ҳам бесамардир. Аллоҳни ҳам, ҳақни ҳам таниб, амалини ихлос ила бажариб лекин суннатга хилоф иш қилса унинг ҳам фойдаси йўқ. Мабодо тўрт шартни тўлиқ бажариб лекин ризқини ҳаромдан топса бунда ҳам нафлана олмайди». Рабийъ ибн Анасдан ривоят қилинди: «Диндорликнинг аломати амалдаги ихлос, илмдорликнинг аломати эса Яратгандан қўрқмоқдир!». Абдулазиз ибн Руфай Абу Сумомадан ривоят қилади: «Исо пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаворийлари сўради: Аллоҳ учун ихлос қилиш нима? У киши деди: Амал қилганда унинг ортидан одамларнинг олқишларини кутмаслик ихлосдир! Улар яна сўради: Аллоҳ учун насиҳат қилувчи деб кимга айтилади? У киши жавоб берди: Аллоҳнинг ҳаққини одамларнинг ҳаққидан юқори қўя олган, олдида бири дунёвий иккинчиси ухровий бўлган икки иш кўндаланг бўлганда дунёвийсидан ухровийсини устун қўя олган киши Аллоҳ учун насиҳатгўй кишидир!» Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Солиҳ амал бу шундай амалки, уни амалга оширганда Аллоҳдан бошқасидан мақтов умид қилинмайди!». Аллоҳ таоло барчаларимизни амалларни ихлос билан қиладиган бандалар қаторида қилсин! Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби Авазбек Мўминов 851
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2015 йил 25 январдаги 01А/013-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Диний таълим муассасалари битирувчиларининг иш тақсимотини тартибга солиш тўғрисида”ги Низомга мувофиқ битирувчиларни тўлиқ иш тақсимоти амалга оширилиши йўлга қўйилган. Мазкур Низомга кўра ҳар ўқув йили якунида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Масжидлар билан ишлаш, Таълим, Ходимлар бўлимларининг масъул ходимларидан иборат Тақсимот ҳайъати томонидан, ЎМИнинг ҳудудлардаги вакилликлари билан келишган ҳолда, битирувчи талабалар билим савияси, салоҳияти, қобилияти, малака ва кўникмаларини инобатга олган ҳолда жойлардаги вакант ўринларга камида 2 йил ишлаб бериш шарти билан ишга жўнатилади. Тошкент ислом институтида жорий йилнинг 29 апрелида 2018-2019 ўқув йили битирувчи талабаларини иш билан таъминлаш мақсадидаги иш тақсимоти бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири М.Қаюмов, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири С.Шерхонов, институт ректори У.Ғафуров, проректорлар У.Ходжаев, Ж.Мелиқўзиев ва кафедра мудирлари иштирок этди. Йиғилиш иштирокчилари битирувчиларнинг доимий яшаш жойига яқин масофада бўлган масжидларда имом-хатиб, имом ноиби ҳамда диний билим юртларида ўқитувчи вазифаларига тайинлаш мақсадида ишлаб чиқилган тақсимоти лойиҳаси бўйича талабалар билан юзма-юз суҳбатлашиб, фикрлари ўрганиб чиқилди. Суҳбат охирида битирувчиларнинг олдида турган вазифалари нақадар шарафли, масъулиятли эканини яна бир бор эслатиб ўтилди ҳамда буюк хизмат арафсида турган ёш кадрларга ишонч билдирилди ва уларнинг келгуси фаолиятларига доир қимматли тавсия ва насиҳатлар билдирилди. Ўқув-услубий бўлим 1 076