islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Тошкент ислом институтида талабалар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

2018-2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, жорий йилнинг 20 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 1-курс талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор У.Ходжаев, “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Ж.Неъматов, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Б.Аъзамов, Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўйича услубчиси Х.Юсупов, куратор ва мураббийлар З.Бегматов, И.Ғофуров, Р.Махсумхонов иштирок этди. Ташкил этилган очиқ мулоқот савол жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 938

Биродарини обрўсини сақлаганнинг мукофоти

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : » مَنْ رَدَّ عَنْ عِرْضِ أَخِيهِ ؛ رَدَّ اللَّهُ عَنْ وَجْهِهِ النَّارَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ « Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Кимки биродарини обрўсини (тўкилишидан, яьни ғийбат қилинишидан) сақласа, Аллоҳ таоло уни юзини (бутун баданини) қиёмат кунининг оловидан сақлайди” дедилар. Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилишган. Ғийбат деганда кўпчилик хар хил нарсани тушунади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Сизлар ғийбат нималигини  биласизларми?” дедилар. Шунда улар: Аллоҳ ва унинг Расули билувчироқ дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларга: “Агар биродарингиз сиз у ҳақида гапирган сўзингизни эшитса, сиздан хафа бўладиган бўлса, батаҳқиқ сиз уни ғийбат қилибсиз” дедилар. Шунда саҳобалар: Ё Расулаллоҳ, агар биз айтаётган сифат унда бор бўлсачи? дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Шунда ғийбат бўлади. Агар сиз айтаётган сифат унда бўлмаса, сиз унга бўхтон қилган бўласиз” дедилар. Имом Муслим, Аҳмад ва Термизийлар ривоят қилиишган. Шунинг учун ҳам бирор киши билан гаплашаётган вақтимизда орамизда бўлмаган яьни суҳбатда иштирок этмаётган инсон ҳақида агар гапиришга зарурат туғилса, у ҳақида яхши сўз айтишимиз лозим экан. Бирор киши у ҳақида ёмон сўз айтса, обрўсини тўкмоқчи бўлса, тезда уни тўхтатиб, биродаримизни ҳимоя қилмоғимиз керак экан. Ана шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек зиммамиздаги бурчимизни адо этган бўламиз. Мана шу қилган ишимиз учун Аллоҳ таолонинг қиёмат кунида юзимизни яьни бутун баданимизни дўзахдан сақлашидек улуғ мукофотга сазовор бўлар эканмиз. Агар уни обрўсини ҳимоя қилишга, ғийбат қилаётганни тўхтатишга кучимиз етмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таьлим берганларидек, у мункар ишни қўлимиз ва тилимиз билан тўхтатишга қодир бўлмадикми, қалбимиз билан инкор этиб, у суҳбатни тарк этмоғимиз лозим бўлади. Ана шунда ўзимизни Аллоҳ таоло қайтарган мункар ишга алоқадор бўлиб қолишдан сақлаган бўламиз. Улар эса У зотга ўзлари жавоб берадилар. Аллоҳ таоло Қурони Каримда марҳамат қилади: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”, деган (Ҳужурот, 12). Ҳужурот сурасидаги бу оятда ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ғийбат қилмасликка амр этмоқда: “Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар”. Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Бу иш нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги ояти кариманинг ўзида ҳам ажойиб услуб ила баён қилинмоқда: “Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими?” Қуръони Карим бировни ғийбат қилишни ўша шахс ўлганидан кейин гўштини ейиш билан баробар қилмоқда. Маълумки, инсоннинг гўштини ейиш нафақат ислом динида балки исломдан бошқа динларда ҳам мумкин эмас, ўлгандан кейин ейишни эса, асло хаёлга ҳам келтириб, тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун юқоридаги «яхши кўрасизми?”деган саволга ҳеч ким, ҳа, деб жавоб бермайди. Шу боисдан оятнинг ўзи, “Ҳа, ёмон кўрасизлар!” деб таъкидламоқда. Аллоҳ таоло ўликнинг гўштини тановул қилишни тасаввур қилолмадингизми? Кўнглингиз кўтаролмадими? Бировни ғийбат қилиш сиз учун ана шундоқ бўлсин, деб айтмоқда. Оятнинг давомида Аллоҳ таоло юқорида зикр қилинган гуноҳни қилганларни Аллохдан қўрқишга даъват қилиб, “Аллоҳдан қўрқинглар”, демоқда. Шу билан бирга, аввал билмасдан кимнидир ғийбат қилиб гуноҳ иш қилган бўлсангиз, тезда тавба қилиб гуноҳингизни ювишингиз мумкин деб, Аллоҳ таоло ўзининг фазли-марҳаматидан ноумид бўлмасликка чақирмоқда. “Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”. Яъни, қилган ишингизга қаттиқ афсус қилиб, чин дилдан надомат чекиб, иккинчи бор бу ишни қилмасликка аҳд қилиб...

Уйқудан олдин ўқиладиган суралар

Уйқудан олдин Оятал Курсий, Ихлос сураси, Муаввизатайн, Бақара сурасининг охирини ўқиш мустаҳабдир. Бу эътибор қаратиш муҳим бўлган ва таъкидланган ишлардандир. Бу борада бир неча саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. Икки саҳиҳ тўпламда Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки кечқурун Бақара сурасининг охирги икки оятини ўқиса, унга кифоя қилади”. Бир жамоа уламолар “кифоя қилади” деган иборани “кечаси қоим бўлишга кифоя қилади” деб изоҳлайдилар. Бошқалар эса “кечаси етадиган ёмонликларга кифоя қилади” дейдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча Ихлос сурасини ва Муаввизатайнни ўқирдилар. Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоят келтирилади: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни оятал курсийни ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”. Али розияллоҳу анҳудан қилинган яна бошқа ривоятда шундай дейдилар: “Исломга кирган ақлли бирор инсонни Бақара сурасининг охирги уч оятини ўқимасдан ухлаганини кўрмаганман”. (Бунинг исноди Бухорий ва Муслимларнинг шартига кўра саҳиҳдир.) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмагин”, дедилар. (Шундан кейин) мен бирор бир кечани Ихлос сураси ва Муаввазатайнни ўқимасдан ўтказмадим”. Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилинади: “Улар (аввалгилар) ҳар кеча ана ўша уч сура (Ихлос сураси ва Муаввазатайн)ни ўқишликни мустаҳаб билардилар”. Яна ушбу кишидан ривоят қилинади: “Улар ётоққа ётган вақт Муаввизатайнни ўқишни таълим берардилар”. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зумар сураси ва Бани Исроил (Исро) сурасини ўқимагунларича ухламасдилар”. (Термизий ривоят қилган ва буни ҳасан ҳадис деган.) Ҳар кеча уйқусидан уйғониб кетса Оли Имрон сурасини охири  إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ оятидан охиригача ўқишлик мустаҳаб. Чунки, икки саҳиҳ тўпламда Оиша онамиздан қуйидаги ривоят мавжуд: Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам агар уйғониб кетсалар, Оли Имрон сурасини охирини ўқир эдилар.(Бухорий ва Муслим ривояти) «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов Манба 1 131

Ислом: моҳият ва талқин. Такфир хатари

Жорий йилнинг 19 февраль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: Моҳият ва Талқин. Такфир хатари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али, Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими услубчиси А.Олимов ва 2-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, талабаларга ақидада адашган тоифаларнинг хатари, уларнинг ёшлар онгига таъсири ҳақида гапириб, баъзи тоифаларнинг ботил қарашлари ва уларга аҳли сунна вал жамоа уламоларининг раддияларини келтирди. Шу ўринда, юртимиздан етишиб чиққан имом Абу Мансур Мотурудий, имом Абу Ҳафс Умар Насафий каби зотларнинг соф эътиқодни сақлаб қолиш йўлида қилган хизматлари эсга олинди. Шунингдек, талабаларга туросий ақида китобларини мукаммал ўрганиш билан бир қаторда бугунги кундаги уламоларнинг ҳам турли тоифаларга раддия сифатида ёзган асарларини ўқиш борасида қимматли тавсиялар берилди. Суҳбатда хаворижларнинг издошлари бўлган ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳларнинг бутун дунёга солган таҳдиди, ислом дини номига келтирган қора доғлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. “Уларнинг мақсади дин эмас балки сиёсий бошқарувдир”, деди устоз. Очиқ ва қизғин тарзда ўтган тадбир сўнгида талабалар ўзларининг кейинги фаолиятида уларга лозим бўладиган воизлик маҳоратини қандай шакллантириш борасида ҳам турли тавсияларни олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 795

Эҳсон қилинг, жаннатга киринг

«Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» (Оли Имрон, 92). Имом Насафий (рaҳимаҳуллоҳ) оятнинг тасфсирида: «Муҳтожларга қилaятган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўриб, уни бошқа нарсалардан афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлсин», деган. Мазкур оятнинг “Яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар» жумласидан яхши бандалардан бўлолмайсиз ёки Аллонинг ажру савобига эришолмайсиз, деган маънолар тушунилади. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): «Банда Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши мазкур оятга амал қилган бўлади», деган. Имом Воситий (рaҳимаҳуллоҳ) эса: «Яхшилик (жаннат)га эришиш”, яхши кўрган нарсаларнинг маълум қисмини инфоқ-эҳсон қилиш билан бўлади», дейди. Муҳаммад ибн Ҳусайн (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: “Имом Суддий (роҳимаҳуллоҳ): “Оятдаги «яхшилик»дан мурод жаннатдир”, деган. Банда ўзи яхши кўрган нарсани муҳтожларга эҳсон қилса, буюк ажрга эга бўлади. Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотга «Нега шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?» дейилди. У зот «Ўзим яхши кўрган нарсани эҳсон қилишни хоҳлайман», деган. Инсон ўзида бўлишини хоҳлаган нарсани, биродарига илиниши кишининг имони комил эканига ишорадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Инсон яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда шу нарса бўлишини яхши кўрмагунча комил мўмин бўлолмайди», дедилар (Имом Бухорий ривояти). Манбаларда айтилишича Ойша (розияллоҳу анҳо) Қуръони карим тиловат қилаётиб «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” оятига етганларида тўхтаб, тилла суви юритилган Мусҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборганлар. Мазкур оятининг “Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир» қисмини Имом Абу Жаъфар (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай тафсир қилган: «Эй мўминлар Аллоҳга итоат этиб, Унгагина ибодат қилинг. Ундан умид қилинаётган яхшилик, Аллоҳ таоло сизларни жаннатга киритиб, дўзах азобидан халос этишидир. Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) Мадина шаҳридаги ансор саҳобаларнинг мол-мулки кўпларидан бири эди. Унинг Масжиди набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам боғга кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу): «Ё Расулуллоҳ, менинг энг яхши кўрган нарсам Байраҳо номли боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни, Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, сўзингни эшитдим, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб ўйлайман», дедилар. Абу Толҳа (розияллоҳу анҳу): «Боғни қариндошлари ва аммакиларининг ўғилларига бўлиб берди (Имом Бухорий ривояти). Ояти каримада ихтиёрий эҳсон-садақа қилишнинг меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги арзимас, яроқсиз нарсани эмас, балки, ўзига маҳбуб-севимли, сифатлисининг маълум қисмини чин кўнгил билан бериши лозим. Фарз эҳсонлар – закот ва ушр каби садақаларни беришда ўртачасини бериш лозим экани манбаларда зикр қилинган. Зеро, оятнинг сўнгида «Нимани инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб, севимли ва сифатли нарсани инфоқ қилишга тарғиб этилмоқда. Аллома Шаъровий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло банда яхши кўрган нарсасини инфоқ қилгани эвазига яхшилик – жаннатни беради. Инсон ҳақиқатда яхши кўрганини инфоқ қилгани ёки яроқсиз нарсани бергани Аллоҳ таолога маълум. Эй мўминлар, бу борада ўзингизни алдашга уринманг!...
1 1 309 1 310 1 311 1 312 1 313 1 548