islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Сунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби (4-қисм)

الحمد لله و الصلاة و السلام على رسول الله و على آله و صحبه و من والاه. أما بعد:

Ҳадис ҳақида гаплашарканмиз, айни шунга алоқадор бўлган муҳим бир одобга аҳамият қаратиб ўтишни зарур деб ўйлайман. Бу – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикри келганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишдир. Саҳобаларнинг исмларига дуч келганимизда эса уларга «ترضي» яъни эркак кишиларига «розияллоҳу анҳу» ва саҳобийя аёлнинг номи кетидан «розияллоҳу анҳо» дейиш, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос каби отаси ва ўзи ҳам саҳобий бўлган зотлар ҳақида «розияллоҳу анҳумо» иборасини қўллаш  ҳам шу жумладандир. Агар кўп сонли саҳобалар зикр қилинса, айни шу иборанинг кўплик шакли истеъмоли маълум ва машҳур: «розияллоҳу анҳум» ва «розияллоҳу анҳунна». Саловат йўллаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан одоб эканини эслаб ўтдик. Шу ўринда ўқувчида ўринли бир савол туғилиши мумкин:

«Агар бу муборак номдан кейин ёзувда саловат бўлмаса, у ҳолда қандай йўл тутамиз?».

Жавоб ўлароқ хатда бўлмаса ҳам саловат айтиш зарурлигини таъкидлаб ўтишимиз ўринли бўлади. Сабаби хат битиш, ёзув масаласи муҳаддисларнинг харажатига боғлиқ иш. Ўзингиз ўйланг, ҳар бир ўринда саловат ёзилса, билинмагани билан қоғоздан жой банд қиладими, натижада қоғоз ҳам кўпаяверади, бу эса режадагидан кўпроқ қоғоз сотиб олиш эҳтиёжини юзага чиқаради. Бу масаланинг бир тарафи бўлса, иккинчидан муҳаддислар бу муборак исмни қоғозга туширишда саловатни хатда ифода этмаган бўлсаларда, тиллари билан зикр қилганлари сўзсиз аниқ. Зеро, иш шу билан камол топади!

Мазкур муноқашалардан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини учратганда саловат айтишни унутмаслигингиз керак бўлади.

Бу борада бир нозик жиҳат ҳам бор, келинг айни ўрнида шу маслага ҳам ойдинлик киритиб кетайлик: «Алайҳиссалом ёки саловат билан кифояланиш нечоғлик тўғри ва ўринли?». Саловатни мана шу қисқартма йўсинда ифодалаш ҳам кўпчилик орасида учраб туради. Кўп сонли уламоларнинг айни масаладаги баҳсларини ўрганиб чиққач, Қуръонга мувофиқ шаклда энг камида «алайҳиссолату вассалам» дея саловат ва саломнинг орасини жамлаш энг тўғри йўл эканини хулоса қилишимиз мумкин. Саловат йўллаш кўп вақт сарф этиладиган зикр эмас. Саловат айтиш инсонга чарчоқ ҳам келтирмайди, балки саловат айтган кишининг Аллоҳ ҳузурида даражаси кўтарилишига сабаб бўлади. Демак бу ишингиз орқали сиз маҳбуб бўлиб бораверасиз, манфаат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эмас, аксинча сиз ва бизгадир. Чунки у зот маъсумдир:

لِّيَغۡفِرَ لَكَ ٱللَّهُ مَا تَقَدَّمَ مِن ذَنۢبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ

«Токи Аллоҳ сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун…» (Фатҳ сураси 2-оят).

Мана оятдан ҳам бу зоти муборакнинг барча гуноҳлари мағфур экани кўриниб турибди. Тамом, саловатни биз айтайлик ва Аллоҳ бизга 10 та саловат айтсин. Во ажаб! Бунинг гўзаллигини кўринг! Аллоҳнинг саловати нима экани сизга маълум! Саловат айтиш шу қадар муҳимлигидан бу бобда қанчалар китоблар ёзилган. Саловатнинг фазли ҳақидаги бизгача етиб келган энг гўзал китоб Ҳофиз Шамсиддин ибн Муҳаммад ибн Абдурроҳман Саховийнинг «القول البديع في الصلاة على الحبيب الشفيع»  асаридир. Ҳофиз Саховий мазкур китобида саловатни шу қадар зарур эканлигини таъкидлаб, ҳатто киши ҳар нафасида: тушганда, чиққанда, ичганда, еганда, еб бўлганида, шукр пайти саловат айтиши керак деган даражага олиб чиққан.  Бу китоб муаллифи Саховий ҳадис синоатининг энг моҳир, пухта кишиларидан ва охирги хотималаридан ҳисобланади. Шундай қилиб саловат ҳамда саломнинг ҳар иккисини жамлаш энг тўғри ва манфаатли йўл эканини хулоса қилдик.

Саловат айтиш борасидаги илмий асосларни эътиборингизга ҳавола этдик. Бу маънолар қалбимизга яхшироқ ўрнашиб олиши учун бадиий қисмига ҳам тўхталиб ўтсак. Бу бобдаги энг таъсирли тарихий воқеликлардан бири муҳаддислардан бўлган Ҳофиз ибн Манда роҳимаҳуллоҳ шайхлари Ҳамза ал-Киноний роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган ҳодисадир:

«Шайх Ҳамза ҳадис ёзар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зикри келган ўринда фақат саловатга чекланарди. “Соллаллоҳу алайҳи” деб ёзарди. “Васаллам”ни ёзмасди. Бир куни шайх тушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни  кўрибди. У Зот муҳаддисга қарата:

– «эй Ҳамза, нима учун сен менга саловат айтганингда охирига етказмайсан?», деб марҳамат қилибдилар.

Ҳамза Киноний ўшандан буён саловатни тўлиқ айтишини таъкидлаб:

«Мен фақат “алайҳиссолату васаллам” дея тўлиқ ёзадиган бўлдим», деган.

Хулоса ўрнида айтишим керакки, бу соҳага алоқадор бўлмаган оддий мусулмон одам саловатни қисқартириши мумкиндир, лекин илм талабидаги киши айниқса, ҳадис илмларини ўрганиш пайида бўлган талабага бу йўлни тутиш ярамайди ҳам ярашмайди ҳам.

 

ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси

 Ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсуф

419230cookie-checkСунани Термизий: Таҳоратсиз намоз қабул бўлмаслиги боби (4-қисм)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: