islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аббосийлар давридаги таниқли ҳанафий уламолар – Қози Бишр ибн Валид Киндий | 3-қисм

Бишр Киндий  (150/767) Молик ибн Анас, Ҳаммод ибн Зайд, Ҳашраж ибн Наботалардан ҳадис эшитган. У Имом Абу Юсуфнинг хос шогирдларидан бўлиб, фиқҳ илмини ҳам ундан таълим олган ва ундан “Ал-амолий” ҳамда бошқа китобларини ривоят қилган.

Бишр Киндий қуйидагиларни айтади: Биз ибн Уяйна ҳузурида ўтирганимизда бизга мушкул масала берилди. Шунда ибн Уяйна: “Бу ерда Абу Ҳанифа асҳобларидан бирор киши йўқми?” деди. “Бишр бор” дейилганда: “Эй Бишр унга жавоб бер” деди. Бас, Бишр унга жавоб берганда ибн Уяйна: “Фуқаҳоларга топшириш диндаги саломатликдир” деб жавоб берди.

Алломадан Ҳомид ибн Шуайб Балхий, Мусо ибн Ҳорун, Абулқосим Бағавий, Ҳофиз Абу Яъло ва бошқалар ҳадис ривоят қилган.

Аҳмад ибн Атийя: “Бишр Киндий ҳар куни икки юз ракат намоз ўқир эди. У фалаж ва бетоб бўлиб қолганда ҳам ўшанча намоз ўқир эди” деган. Халифа Маъмун Ироқдаги уламоларни имтиҳон қилш учун у ердаги ноибига хат ёзади. Уламолардан бир жамоаси ҳозир қилинади. Улар ичида Аҳмад ибн Ҳанбал, Бишр ибн Валид Киндий, Али ибн Жъад, Али ибн Абу Муқотиллар бор эди. Уларга халифа Маъмуннинг мактуби кўрсатилади. Бишр: “Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, бошқа нарса зиёда қилмайман” дейди. Ундан сўнг Али ибн Абу Муқотилдан сўралади. Абу Муқотил: “Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, агар мўминлар амири бирор нарса буюрса қулоқ соламиз ва итоат қиламиз”, дейди. Ундан сўнг қолганларини ҳам имтиҳон қилиб жавобларини  ёзиб олади.

Бишр Киндий Бағдодга қози этиб тайинланганда бир киши халифага келиб: “Бишр Киндий  “Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон махлуқ эмас деди”, деган. Шунда халифа Мўтасим Бишр Киндийни ўз уйига қамаб қўйишни буюради. Халифа Бишр Киндий ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан Қуръоннинг махлуқлиги ёки махлуқ эмаслиги борасида сўроқ қилади. У иккисининг жавоби халифанинг ғазабини зиёда қилади. Икккисини ҳам уйидан чиқармасдан қамаб қўйиб, дарвозасига соқчилар қўяди ва уларни фатво беришдан маън қилиб қўяди. Жаъфар ибн Абу Исҳоқ Мутаваккил халифа бўлганда уни ўз ҳолига қўйилиши ва инсонларга ҳадис айтиб фатво беришига амр қилади.

Абу Абдурраҳмон Сулламий қуйидагиларни айтади: “Дориқутнийдан Бишр Киндий ҳақида сўрадим”, У: “Бишр Киндий ишончлидир”, деди.

Аллома ҳақида Заҳабий шундай деган: “Бишр Киндий чиройли йўлни тутган, лекин унинг бир хатоси бор бўлиб, сидқи ва яхшиликларига зарар қилмайди, иншаллоҳ”. (Унинг хатоси  “Қуръон махлуқми ёки махлуқ эмасми? деб сўралганда, “Қуръон Аллоҳ таолонинг каломидир, уни махлуқ ёки махлуқ эмас демайман. балки шу жойда сукут қиламан” деган). Шу сабабли уни ҳадис уламоларининг баъзилари тарк қилган. Аллома 238 йил Зул қаъда (853йил май) ойида оламдан ўтади[1].

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

[1] Ибн ал-Ҳанаий Алауддин Али ибн Амруллоҳ ал-Ҳумайдий.Тобақотул- ҳанафия. Доктор Муҳйи Ҳилол ас-Сарҳон таҳқиқ қилган.Боғдод 1426/2005.Б.234.243.

359230cookie-checkАббосийлар давридаги таниқли ҳанафий уламолар – Қози Бишр ибн Валид Киндий | 3-қисм

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: