islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Жасур ўғлон

Қадим замонда йўлларда кўплаб қароқчилар одамларни тунар ва уларни асир қилиб қул бозорида сотар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида қароқчиларнинг қўлига ёши кекса, йўқсил бир отахон тушиб қолди. Қароқчилар бошлиғи унга: “Қул бозорида сотилиб кетишни истамасанг бизга юз танга топиб бер шунда сени озод қиламиз”- деди. Бечора отахон яқинларига мактуб ёзиб ҳолатни баён қилиб шундай деди: “Биламан сизларда мени озод қилиш учун пул йўқ. Мен бу мактубни ҳолимдан хабардор бўлишингиз учунгина ёзаябман”. Бу қариянинг қалби тоза ва жасур ўғли бор эди. Отасининг шундай аҳволга тушиб қолганини билгач, дарҳол йўлга отланди. Қароқчилар қароргоҳига келиб ўзини таништиргач уларга: “Жаноблар, мен сизлардан отамни гаров пулисиз озод қилиб юборинглар деб сўрамайман. Чунки биламан сизлар бундай қилмайсизлар. Отам кекса ёшли ва кучдан қолган. Уларни сотсангиз ҳам кўп фойда олмайсиз. Яхшиси, унинг ўрнига мени сотиб юборинглар. Шунда сизлар кўпроқ даромад қиласиз”- деди. Бундай таклиф қароқчиларга жуда ёқиб тушди. Улар маслаҳатлашиш учун вазиятни қароқчилар бошлиғига тушунтирдилар. Қароқчилар бошлиғи бу жасур ва олийжаноб йигит ҳақидаги ҳикояларни эшитгач ўз қулоқларига ишонмади ва йигитни ва унинг отасини ҳузурига келтиришни буюрди. У қариянинг ўғлига ҳайрат билан қараб: “Ҳа, ҳа, бу дунёда нақадар жасур ва мард фарзандлар бор а! Бизда инсонийлик ўлиб кетибдими арслоним?! Сенга отингни ҳадя қиламан!” – деди. Шундан сўнг кекса отахон ва унинг фидокор ўғли хурсанд ҳолда уйга қайтишди. Бу ҳикоя Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ёдимизга солади: لا يجزي ولد والدا إلا أن يجده مملوكا فيشتريه فيعتقه “Ҳар бир фарзанд отаси олдидаги қарзини ҳеч қачон адо қила олмайди. Илло, уни қул ҳолатида сотиб олиб озод қилиб юборса бундан мустасно”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 892

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (учинчи мақола)

Маълумки, киши “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни “Аллоҳнинг элчиси” деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зот алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади. Шу маънода у зотни яхши кўриб улуғлаш, ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар. “Шарҳу шифо” асарида қуйидаги ривоят келтирилган: “Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандоқ эди, деб сўраганларида у зот: “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар”, дея жавоб берган”. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 1 114

Қани ўша Рамазон?

Рамазон нур ва гўзаллик ойи. Рамазон яхшилик ва поклик ойи. Рамазон гўзал хотиралар ойи. Рамазон Қуръон нозил бўлган ой. Унда минг ойданда яхши Қадр кечаси бор. Бадр жангининг ғалабаси ҳам Рамазон ойида бўлган. Унинг охирида чексиз шодлик улашувчи кун – Ийдул фитр бор. Рамазон қалбларни нурга тўлдирар. У овқатдан тийилиш ва ҳаромдан сақланиш ойидир. Агар ҳаёт яшаш учун курашдан иборат бўлса, бу ой тирикликнинг сирини англаш ойидир. Агар бутун умр жисм учун бўлса, бу ой руҳ учундир. Бутун дунё бир-бирини қириш ва адоватдан иборат бўлса, бу ой дўстлик ва муҳаббат ойидир. *** Мен уни болалик чоғим бир кўришда севиб қолганман. Дамашқнинг ҳамма жойида унинг ўта баракали изи ва таассуротларини кўриб, унинг буюклигига қойил қолгандим. Шундан кейин уни ҳеч кўрмай қўйдим. Билсам, йўқотиб қўйган эканман. Ўша Рамазон Дамашққа қайтиб келмай қўйди. Янги Рамазон эса, мен биринчи бор бундан қирқ йил илгари кўрган Рамазоннинг номини кўтариб юрибди холос, лекин у мен билган Рамазон эмас. *** Ўша Рамазон Дамашқнинг ҳамма томонини қамраб олар эди. Қаерга борманг, уни кўрар эдингиз: намозхон ва Қуръон ўқувчилар билан тўлиб тошган масжидларда, мударрисларнинг столлари атрофида ҳалқа бўлиб ўтирган одамлар орасида ва бозорларда… Бирорта очиқ авратни, бирор номаъқул ишни ва бирорта очиқ ошхонани тополмайсиз. Бирорта сигарет чеккан ёки ароқ ичган одамга кўзингиз тушмас эди. Хоҳлаган буюмингизни қўрқмасдан, текшириб ўтирмай, бемалол сотиб олаверар эдингиз. Чунки энг ноинсоф савдогар ҳам Рамазонда алдамас эди. Аёл киши қанча хато иш қилиб қўйса ҳам эридан ёмон сўз эшитмаслигига ишонганидан уйида хотиржам ишлар, чунки рўзадор мусулмон эркакнинг оғзидан Рамазонда бир оғиз ҳам ёмон сўз чиқмас ва ҳеч кимни сўкмас эди. Мусулмон эркак киши ҳам хотинидан бирор ёқимсиз ҳолатни кўрмаслигига ишонганидан қалби уйига ошиқарди. Чунки рўзадор муслима аёл Рамазонда эрига ҳаргиз озор бермас эди. Дарвозангизни ланг очиқ қолдирсангиз ҳам, ўғри кирмас эди. Чунки ўғрилар ҳам Рамазонда иш ташлаш қилиб, ўғирликдан тавба қилар эдилар… *** Аммо мана бу янги Рамазонни эса, на ана у янги кўчалар ва на мана бу янги маҳаллалар танийди. Таниш у ёқда турсин, ҳалигача қандай қилиб таниш йўлини ҳам билмайди. Эски Дамашқ ҳозирда буларга бир оғиз сўзини ҳам ўтказа олмайди: масжидлар уйқучи-ю отамлашувчилар ва илмсиз мударрислар билан тўла. Бозор ошхоналари очиқ ва кўза хўрандалар билан лиммо-лим. Рамазон ойида – яна билмадим – очликданми, сигарет хумориданми рўзадорларнинг хулқлари ҳам бузилиб кетмоқда. Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилиняпти-ку, лекин фосиқлар Рамазондан олдин қилиб юрган ишларини уялмай, юзсизларча қилишяпти… *** Авваллари диндан энг узоқ одамлар ҳам Рамазон дарагини эшитишлари билан Аллоҳга тақво қилишга ўтар, эски кийимини ечиб ташлаб, янгисини кийиб олгандек, тубан ва разил қалбини суғуриб чиқариб ташлар ва олийҳиммат, покдил, ибодатли одамга айланарди. Доим уруш-жанжал ва тўполон ҳукмрон бўлган уйлар Рамазон келди дегунча, тинчлик ва хотиржамлик уйига айланарди. Бутун шаҳар гўё бир оила ёки ҳамма бир вақтда овқатланадиган ва бир вақтда ётиб, бир вақтда турадиган мактаб-интернатга айланиб қоларди. Шом вақти яқинлашган сари одамларнинг бирови бир товоқ мудаммас (қайнатилган ловия, биздаги қайнатилган нўхот каби), яна бири нон кўтарганича уйи томон шошилаётганига кўзинг тушади. Дастурхонлар тузалган. Ҳатто энг камбағал одамнинг уйида ҳам Рамазонда гўзал бир иштаҳатортар ифторлик дастурхони ёзилади. Чунки, Рамазонда ҳар бир рўзадор қўни-қўшниси ва атрофидагиларнинг ҳолидан хабар...

Гилос дарахти

Кунларнинг бирида Али ва Оиша гилос мевасидан тўйиб ейиш учун дарахт устига чиқиб олишди. Али шохларнинг учида турган меваларга қараб интилар, юқоридаги гилослар унга гўёки яхшироқ пишгандек туюлар эди. Оиша бир неча бора уни огоҳлантириб шохлар борган сари ингичкалашиб кетаётганини, яқин атрофидаги гилослар ҳам яхши пишганини айтиб огоҳлантирди. Алининг кўзлари эса фақат юқоридаги меваларни кўраётгандек Оишанинг бирорта гапига парво қилмасдан кўтарилиб борар эди. У тўсатдан гилослари кўп бўлган шох билан бирга ерга қулади. Али дарахтнинг катта шохини шунингдек оёғини ҳам синдириб олди. Энди у бир неча ҳафта гипсланган оёқлари билан узоқдан гилос мевасини томоша қилиб ётишга мажбур эди. Алининг бу қилмишини очкўзлик деб аташ мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари инсонни ўйлашга чорлайди: لو كان لإبن آدم واديان من ذهب لأحب أن يكون له ثالث و لا يملأ فاه إلا التراب Одам боласида икки водий тўла олтин бўлса ҳам учинчисини хоҳлади. Унинг оғзини тупроқдан бошқа нарса тўлдира олмайди. (Термизий, Зуҳд 28) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 1 193

Рамазон ойи

Юртимизда ҳар йили Рамазон ойини мусулмонлар ўзгача бир шоду-ҳуррамликда кутиб оладилар. Мусулмончиликнинг беш асосларидан бири бўлган Рамазон ойида рўза тутишлик бизларга буюк Мавло томонидан буюрилгандир. Қуръони каримнинг Бақара сураси 183-184 оятларида Аллоҳ таоло айтади: «Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилинган каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шоядки (у сабабли) тақволи бўлсангиз. Саноқли кунларда. Бас, сизлардан кимки бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир». Демак, бизлардан аввалги умматларга ҳам рўза тутиш фарз қилинганлиги, рўза тутган одам тақвода бўлиши кўзда тутилганлиги ҳамда кимки сафарда, машаққатда бўлса, рўзани тутмай қачон уйда муқим бўлиб, қийинчиликлар бўлмаганида тутиб беришликка Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан рухсат бериляпти. Зеро, Аллоҳ ўз бандаларига қийинчилик ва ёмонликни хоҳламайди. Оятдан яна шуларни билишимиз мумкинки, касаллик сабабидан рўза тутишликка қодир бўлмаса у ҳолда, бошқа кунлари кунига кун тутиб бериши мумкинлиги айтиляпти. Аллоҳ Ўзи яратган инсонни нималарга қодирлигини, тоқати ва сабрини ҳам билади. Касалликларни ҳам умуман ер юзидаги барча мавжудотларни, катта-кичик заррасини ҳам нималарга қодирлигини, хусусиятини Ўзи билади. Бу Аллоҳ таолонинг қодир сифатидир. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодирдир, У билувчидир, ғолиб Зотдир. Ҳозирги карантин кунларимизда ҳам Аллоҳнинг бу сифатларига гувоҳ бўляпмиз. Ўқиган, билганларимизни ҳаётда кўриб имонимиз мустаҳкам, эътиқодимиз, тақволаримиз янада зиёда бўлади, деган умиддамиз. Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўрта кунлари мағфират ва охирги кунлари эса жаҳаннам оташидан озод бўлинадиган кунлардир. Шу кунларни ғанимат билиб рўзаларимизни чиройли тарзда тутиб, вужудимиз ҳам қалбимиз ҳам, руҳимиз ҳам баробар покланиб, ёмон сўз ва ишлардан четланган ҳолда тутишлигимиз кераклиги ҳадиси шарифларда ҳам ворид бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом биз умматларига ўзлари яшаб, бевосита кўрсатиб кетганларки, ҳеч бир қийинчиликсиз китоблардан ўқиб, амалларимизни бемалол, гўзал тарзда бажаришимиз мумкин. Бу синовли кунларда ҳаётимиз давомида биринчи маротаба бўлса керак, Рамазон ойида биз мусулмонлар ёру-дўстларни, қариндош уруғларимизни, қўни-қўшниларимизни ифторга меҳмонга чақира олмасдан, уйда оила аъзоларимиз билангина саҳарлик, ифторликларни қиламиз. Айниқса, таровеҳ намозларини масжидларда ўқий олмаганимиз юракларни ларзага солади. Масжидда ўқилган таровеҳ тасбеҳлари, қориларимизнинг гўзал қироатларини, жамоатда биргалашиб дуолар қилишимизни соғиниб, кутиб қоламиз. Энди оталаримизни, ака-укаларимизни таровеҳ намозларидан гўзал бир ҳолатда, имон ихлосга тўлиб қайтишларини соғинамиз. Эй, Аллоҳим, барчаларимизни Рамазон ойига етказгин, аввалги пайтларидек, офиятда, ҳотиржамликда рўзаларни тутиб қалбларимизни поклаб, Сенинг ризолигингга етишликни насиб қилгин. Билиб-билмай қилган гуноҳларимизни кечиргин. Юртларимизни ҳар хил бало-офатлардан Ўзинг асрагин. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Махамедова Гулрух 1 030
1 1 072 1 073 1 074 1 075 1 076 1 555