2019 йил 2 октябрь куни Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Аҳмадхон Рашидов ҳамда кафедранинг талабалар турар жойидаги “104”, “204”, “304”, “306”, “404” гуруҳ талабалари иштирокида “Дуо қабул бўлишида ҳалол луқманинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда дуо қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири-ҳалол луқма эканлиги, кўпчилик дуо қилишда айни шу шартга бепарво бўлиши ҳақида айтилди. Дарҳақиқат, ҳалол луқма дуолар қабул бўлишининг энг муҳим шартларидан бири саналади. У билан вужуди озиқланган мўмин кишининг қалби ёруғ, юзи нурли бўлади. Ҳаром луқма қалбни қорайтиради, фикрни чалғитади, Аллоҳдан узоқлаштиради, ҳатто Аллоҳни унуттиради. Ҳалол луқма инсоннинг ичкарисини гўзаллаштиради, поклайди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг дуолари ижобат бўлмаётгани хусусидаги саволига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, ҳаромдан сақлан, чунки қоринга бир луқма ҳаром кирса, банданинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”, дея жавоб берганлар. Абу Исҳоқ ҳазратларидан дуо қилишларини сўрашди. Дуо қилдилар, дуолари қабул бўлганини кўрган бир талаба “Устоз, бу дуони менга ҳам ўргатинг, эҳтиёж туғилганда дуо қилай”, деди. Абу Исҳоқ “Дуойимнинг қабул бўлиш сабаби ўттиз йил ўқиган намозим, қилган дуоларим ва ҳаромлардан сақланганимдир”, деб жавоб берди. Дуоларнинг ижобат бўлиши хусусида Абу Лайс ас-Самарқандийнинг “Танбеҳул-Қофилин” китобида қуйидаги танбеҳлар келади: Бир ҳаким зотдан сўрашди: “Биз дуо қиламиз, лекин дуоларимиз ижобат бўлмайди. Аллоҳ таоло: “Менга илтижо — дуо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман”, деб айтган-ку?!” Ҳаким айтибди: “Сиздаги етти хислат дуоларингизнинг ижобатини ман қилади”. “Қайси хислатлар?” Ҳаким жавоб берибди: “Сизлар Роббингизни ғазаблантирасизлар, аммо Унинг ризосини талаб қилмайсизлар, яъни, Аллоҳнинг ғазаби вожиб бўладиган ишларингиз учун пушаймон қилмайсизлар. Бизлар Аллоҳнинг бандаларимиз, дейсизлар, аммо банданинг ишини қилмайсизлар, яъни, банда хўжаси буюрганини бажаради ва Унинг амридан чиқмайди. Сизлар Қуръонни ўқийсизлар, лекин унга эргашмайсизлар, яъни, тафаккур ва таъзим билан ўқимайсизлар, буйруқларига амал қилмайсизлар. Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз, дейсизлар-у, у зотнинг суннатига амал қилмайсизлар, яъни, сизлар одатларга ва расм-русумларга амал қилиб, суннатга эргашмайсизлар. Сизлар дунёни яланғоч деб айтасизлар, аммо унга ишониб қолгансизлар. Сизлар ҳаром ва шубҳали луқма ейсизлар. У икковидан қайтмайсизлар. Охират дунёдан яхшироқ, дейсизлар, лекин охират талабида ҳаракат қилмайсизлар ва охиратдан кўра дунёни кўпроқ хоҳлайсизлар”. Давра суҳбати очиқ ва самимий руҳда ўтди. Талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси, Ҳалқаро ислом академияси магистранти, “Юнусобод Оқ-тепа” жоме масжиди имом ноиби Аҳмадхон Рашидов 450
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмон рўйхатидан жой олдилар. Бу ҳақда ЎМИ Матбуот хизмати хабар берди. Уммонда жойлашган Султонлик Исломий cтратегик тадқиқотлар маркази томонидан шу йилнинг 30 сентябрь куни “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхати эълон қилинди. Ушбу рўйхат 2009 йилдан бери Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода Ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда мунтазам равишда чоп этиб келинади. Дунёнинг энг қудратли мусулмонлари рўйхатини покистонлик Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний бошлаб беради. Иккинчи ўринда Эрон Oлий диний руҳонийси Оятуллоҳ Саид Али Ҳoмaнаий келади. Абу Даби валиаҳди Зайд Ал-Наҳён учинчи ўринда. Юқори бешликдан Иордания подшоҳи Абдуллоҳ ибн ал-Ҳусайн ва Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул Азиз ол Сауд жой олганлар. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон олтинчи ўринда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бир неча йиллардан буён ушбу рўйхатдан жой олиб келмоқдалар. Марказий Осиё давлатлари орасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам энг нуфузли мусулмонлар қаторидан жой олган. Амалдаги UFC чемпиони Хабиб Нурмагомедов ҳам таниқли мусулмонлар ичида. Рўйхатда мусулмон лидерлари ёки уламоларининг сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан ва тараққиётга қўшган ҳиссалари ҳам инобатга олинган. “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхати муаллифлари билдиришича, бу каби тадқиқотлар Ислом оламининг дунёга ижобий таъсирига хизмат қилади, одамларнинг Ислом динини яқиндан англашларига кўмаклашади ва Исломнинг мақсади тинчлик ва тарaққиёт эканини таъкидлайди. 475
«Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳақ ила тиловат қилиб бер. Икковлари қурбонлик қилганларида, бирларидан қабул қилинди, бошқасидан қабул қилинмади» (Моида, 27). Бу икки ака-ука, Одам алайҳиссаломнинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил бўлиб, яҳудий ва насронийлар уларни Каэн ва Авил деб атайдилар. Икковлари ҳам Аллоҳга қурбонлик қилдилар, лекин улардан биттасидан қабул қилинди ва у биродарини ўлдиришга қарор қилди. «Нафси унга биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди” (Моида, 30). Ҳобил вафот этди, шайтон эса мақсадига эришиб, Қобилни тарк этди ва ғойиб бўлди. Қотил зиёнкорлардан бўлди. У биродарининг жасадини кўтариб юрди ва бу оғир юкдан қандай қутулишни билмай ғамга ботди. Сўнгра, Аллоҳ унга қарғани белги-аломат қилиб юборди. Қарға бир ўлик қушни дафн қилиш учун ерни тумшуғи билан ковлай бошлади. Қобил қушнинг ўзидан кўра раҳмдил эканлигини кўрди, чунки Қобил марҳумни дафн қилишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қарға қушни ерга кўмди ва буни кўрган Қобил: «Шўрим қурсин! Мана шу қарғачалик бўлиб, биродарим ўлигини кўма олмадим-а?!» деди (Моида, 31). Энди, бир ўйлаб кўрсак, йигит ўз туғишганига нисбатан бундай разиллик қилишга уни нима мажбур қилди? Уни қотиллик қилишга ундаган нарсалар кибр, ҳасад ва ғазаб эмасми?! Ҳар биримиз доимо қалбимизга назар ташлаб Қобилнинг руҳини заҳарлаган ёмонликларни ўзимизда ҳам кўриниш беришини вақтида аниқлаб унга қарши курашишимиз лозим. Агар бу ёмонликлар бўлса, кейинги қадам тавба бўлиши керак. Ахир, Қодир Аллоҳ буюради: “Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур, 31). Ҳамма жаннатга киришни хоҳлайди, лекин кўпчилик бунинг учун ҳеч нарса қилмайди, ҳеч қандай ҳаракат қилмайди. Баъзилар, ҳатто намозга ва рўза тутишга аҳамият бермайдилар, садақани-ку тамоман унутадилар. Агар биз ибодат қилсак ва унда собит турсак, бошқаларга ёрдам берсак, ота-онамизга ҳурмат билан муносабатда бўлсак ва Ҳобилнинг мана бу сўзларига мувофиқ биздан ҳам Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул қилади: “Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир” (Моида, 27). Агар биз Аллоҳга яқинлашишни, яхши ишларимиз ва ибодатларимиз Раббимиз томонидан қабул қилинишини истасак, агар Қодир Аллоҳнинг севгисини ва ҳимоясини олишга интилсак, ҳар бир ҳаракатларимизни самимийлик билан тўйинтиришимиз керак. Ҳар куни эрталаб уйғониб, ўзимизга савол бериб тергасак, шунда ҳаётимиз ва туйғуларимизни тартибга солишга эришамиз. Биз ўзимиздан, Аллоҳ менинг ибодатларимни, рўзамни, дуоларимни қабул қиляптими, деб сўрашимиз керак. Қабул қилиши учун бизда қандай хислат бўлиши керак?! Аллоҳ Таолонинг ҳикмати шундаки, биз Унга қилаётган ибодатларимиз қабулми ёки йўқми, билмаймиз. Бу нарса бизни доимо хушёр тортиради, янада ғайрат қилишга ундайди. Шунинг учун Унинг чексиз марҳаматига эришиш учун шукр қилишимиз ва ибодатларимиз қанчалик самимийлиги тўғрисида фикр юритишимиз лозим. Ё Аллоҳ, бизга фойдали илм ва эзгу амаллар ато эт! Омин. Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев Манба: http://yaumma.ru/prophets-histories/2016/03/19/kabil-i-habil.html 1 328