Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўринни эгаллайди. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари юксалиб боради. Китоб мутолаа қилмаган инсоннинг онги ривожланмай маънавий қашшоқликка олиб боради. Шундай экан инсон ҳаётида маънавиятини юксалтириб бориши лозим. Бунинг учун эса илм ўрганиб, китоб ўқиб, билмли бўлиши даркор. Юқоридаги фикрларга мувофиқ, талабаларнинг диний-маърифий ва маънавий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2019 йил 4 ноябр куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Бизнинг янги китоблар” номли китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазмада араб ўзбек турк ингилиз тилларидаги 100 номдаги жами 320 дона бадиий адабиёт ва турли диний-маърифий мавзуларга оид китоблар институт жамоасига ҳавола этилди. Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир. Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси Ҳ.ИЛЁСОВ 721
“Агарда Аллоҳ одамларнинг қилган зулмларига биноан тутганида, ер юзида битта ҳам жонзотни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган ажалига қўйиб қўюр. Қачонки, ажаллари келса, уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар”. (Наҳл 61) Агарда Аллоҳ одамларнинг қилган зулмларига биноан тутганида, оятнинг бу қисмида зикр қилинган, жонзотларнинг ҳалокати сабаб бўлиши мумкин бўлган «зулм» ҳақида «Тафсири жалолайн»да инсондан содир бўладиган маъсиятлари деб тафсир қилинади. Тафсири Насафий соҳиби эса куфрни ҳам бунга қўшимча қиладилар. (Ал-иклийл ала мадорику ут-танзийл ва ҳақоиқ ут-таъвийл). Тафсийр ул-важийз ала ҳамиш ал-Қуръан ал-азийм муаллифи «зулм» сўзидан ширк ҳам назарда тутилганини ёзадилар. … ер юзида битта ҳам жонзотни қўймас эди. Ояти кариманинг бу қисмидаги «дабб» калимасини ҳам муфассирлар кенг маъноларда тафсир қиладилар. Ал-иклийл ала мадорику ут-танзийл ва ҳақоиқ ут-таъвийлда «ҳар бир жонзот» деб келтирилади, лекин шу билан бирга Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ҳар «бир нафас олиб турган мушрик» назарда тутилган деган қавл ҳам ривоят қилинганини қўшиб келтирадилар. Аммо тафсир китобларининг аксариятида «нафас олиб турган жонзот борки барчаси» ҳалок бўлади деб айтилади. Бу гапни мулла Алий қорининг бу оятга қилган тафсирлари ҳам қўллайди. “бу калимадан мурод шундайки, ҳар бир нафас олиб турган руҳ эгаси борки, шу деб назарда тутилган ва бу «дабба» сўзининг луғавий маъноси” дедилар. Лекин уларни белгиланган ажалига қўйиб қўюр. Ибн Касийр роҳматуллоҳу алайҳ шу оятнинг Фотир сурасидаги муташобиҳига қилган тафсирида шундай дейди: «Қиёмат кунигача муҳлат берилди. Ўша кунда ҳисоб қилинади, ҳар амал қилувчи борки, унга амали учун ваъда қилинган нарсани берилади, Аллоҳ учун тоқат қилганлар савоб билан мукофатланса, шайтон йўлида юриб, маъсият қилганлар иқоб билан жазоланади» дедилар. Мулла Али қори бу борада шундай ёзадилар: одамлар умрларинининг интиҳоси ва шаҳарлари вайрон бўлиши бошланмай туришлиги бану Одамнинг кўпайиши ва улар билан олам низомининг тугал бўлиши учундир, уларнинг офият билан ризқлантирилиб турилганлари эса тоат аҳлининг сабабидандир. Қачонки, ажаллари келса, уни бир соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар. «Тафсийри мунийр» шундай келтирилади: «Агарда азоб вақти келса, ҳеч ким уни бир дақиқага ҳам олдинга ёки орқага сура олмайди», дейдилар. Бу борада юқоридаги мўътабар тафсир соҳиби қуйдаги ҳадисни келтириб ўтадилар: Абу Хотим Абу Дардо розиаллоҳу анҳудан ривоят қилади: у киши дедилар: Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида зикр қилдик, шунда у киши дедилар: «Албатта, Аллоҳ таоло бирор нарсанинг ажали етиб келса, уни орқага сурмайди. Албатта, умрнинг зиёдалиги солиҳ фарзанд биландир. Аллоҳ бандани у билан ризқлантиради, у ўтгандан сўнг, унинг ҳаққига дуода бўлади, фарзандининг дуоси қабрида унга юзлаштирилади. Мана шу умрнинг зиёдалагидир дедилар». «Тафсири ҳилол» соҳиби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу оятни шундай тафсир қиладилар: “Аллоҳ таолонинг ўзи тақдири азалда ҳар бир банданинг ажалини белгилаб қўйган. Ўш ажал муддати келгунича бандалар бу дунёда яшаб турадилар. Одамлар буни тушунмай, шунча гуноҳлар қилсак ҳам, ҳеч нарса бўлмаяптику, деб ўзларидан кетадилар. Мутакаббирлик ила кўпроқ гуноҳга – зулмга қўл урадилар. Шундай қилиб белгиланган ажалга етиб келганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Ваҳба Зуҳайл роҳимаҳуллоҳ бу оят ҳақида: «Бу Аллоҳ таолонинг халойиққа бўлган ҳилмидан бир нишонадир, чунки агарда гуноҳлари ва маъсиятлари сабабидан инсон боласи ушлаганда ва жиноятлар боисидан ўша захоти иқоб қилинганда эди, бани Одамга қўшилиб, ер юзидаги жамики жонзотлар ҳалок бўлиб кетарди. Лекин буюк жалол соҳиби...
Она тилим – олтин сандиғим Ҳазрат Алишер Навоий шоҳбайтларига яна ва яна қайтиш эҳтиёжи кўнглимизда ҳар лаҳза пайдо бўлади. Қарокўзим келу мардумлиғ эмди фан қилғил, Кўзим қаросида мардум киби ватан қилғил. Аввалги суҳбатларда байтни шарҳ қилиб, унда жам бўлган теран мазмун, гўзаллик, санъатларга биргаликда ҳайрат қилганмиз. Ҳозир энди гапимиз фақат биргина мардум сўзи тўғрисида, бу форсча атаманинг инсон ва кўз қорачиғи деган маънолари тўғрисида бўлади. Бир-биридан жуда узоқ бўлган бу икки тушунча нега шу бир сўзда ифода этилган? Бу саволга жавоб излаб бошқа тилларга мурожаат қиламиз. Араблар кўз қорачиғини инсонул айн дер эканлар. Яъни кўзнинг инсони. Араб тилида ҳам қорачиқ ва инсон бир сўз экан. “Маҳбуб ул-қулуб”да шундай сатрлар бор: Келиб айни инсону инсони айн, Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн. Ҳазрат назарида одил шоҳ инсонларнинг кўзи ва кўзларнинг қорачиғи. Мардум сўзида инсон маъноси ҳам, халқ маъноси ҳам бор. Инглизлар халқни people (пипл) дейдилар. Кўзнинг қорачиғи эса pupil (пюпл) бўлади. Ажабо! Инсонлар ва кўз гавҳари деярли бир хил айтилади. Рус тилида қорачиқ қандай ифода қилинади? Владимир Даль луғатини очиб қараймиз. Зрачок, зеница қаторида человечек, мальчик атамалари ҳам бор экан. Араб, форс, инглиз, рус тилларидаги бундай ўхшашлик кишини ҳайратга солади, бу ҳолнинг сабабини излашга мажбур қилади, албатта. Ўйласам, одамзоднинг кўзига яқиндан тикилиб қараса, инсон акси кўринар экан. Бу, аёнки, тикилиб қараган инсоннинг ўз акси. Лекин тасвир жуда кичик ва таниб бўлмас даражада бошқача намоён бўладики, биз қорачиқда ўзимизни эмас, нотаниш бир одамни, яъни умумият-ла инсонни кўрамиз. Кўз қорачиғи шу боисдан инсон, мардум, pupil, человечек аталган, десак хато бўлмас. Pupil сўзининг яна бир маъноси талаба, ўқувчи бола. Русча қорачиқ маъосидаги мальчик сўзини эслатади. Биз ўзимиз ҳам фарзандимизни қароғим деймиз. Болани кўз қорачиғига тенглаш деярли барча туркий тилларга хос. Дарҳақиқат, инсон кўздек азиз, азиз инсонлар яшайдиган юрт кўздек ардоқли. Дўланадеккина ер курраси ҳам кўз шаклида. Ватанимиз унда бамисоли гавҳар. Шу боис юртни қўз қорачиғидек асраймиз, деган сўз бизга юртнинг ўзидек қадрлидир. Қарокўзим, келу мардумлиғ эмди фан қилғил. Ҳайрон бўлманг, байт сўзларини бузиб ёзмадим. Биз қаро кўзим деб икки сўз тарзида ёзишга ўрганиб қолганмиз. Ваҳоланки, қарокўз ягона тушунчани англатувчи яхлит сўздир. Ажабо, сарвиноз, дилрабо, гулчеҳра, гулбадан сўзларини қўшиб ёзамиз, хатто, исм бўлгани учун Гулбаданбегим, дея уч сўзни яхлит битамиз-у, қоракўзга келганда иккига бўлиб қўямиз. Атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг дастлабки романларидан бири “Қора кўзлар” деб аталарди. Эсимда бор, ёзувчи, бу ном қўшиб ёзилиши керак, мен кўзлар ҳақида эмас, инсонлар ҳақида ёзганман, дея ноширлар билан кўп талашган, лекин сўзини ўтказа олмаган эди. Имло қоидаси шундай, деб туриб олишган. Балки, гап имло қоидасида ҳам эмас, муҳаррир қоракўз атамасининг таг маъносини тушуниб қолгандир. Гап миллат ҳақида кетаётганини англаб ўзини эҳтиёт қилгандир. Дарҳақиқат, қоракўзлар, дея муаллиф ўзбекларни кўзда тутган эди. Лекин китоб “Қора кўзлар” номи билан чиқди ва чин маъно пинҳон қолди. Навоийнинг шуҳрат топган шундай байти бор: Менга шоҳлар хилъатиким, эл тамошо қилғали, Ўзбаким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас. Қарокўзим, дея Ҳазрат ўзбекни атамаган, албатта. У замонда миллатни кўккўз, малласочлардан айириб номлашга эҳтиёж йўқ эди. Овруполиклар ҳали Хуросонга келмаган эдилар. Лекин мен, барибир, қарокўзим деганда ўзбегимни ўйлайман. Бу ғазал ўзининг теранлиги билан, унга боғланган куйнинг гўзаллиги ва нафислиги билан...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Аҳли сунна вал жамоанинг кўзга кўринган етук уламолари томонидан мавлиди шариф қилиш жоиз эканлиги борасида айтган сўзлари. 1. Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ Робиул аввал ойида мавлидин-набий қилиш ҳақида, унинг шаръий ҳукми, бу иш яхшими, ёмонми, қилган одамга савоб бериладими, йўқми шу ҳақида сўралганида, у киши қуйидагича жавоб берди: “Менинг жавобим шуки, аслида одамларнинг жамланишиб муяссар бўлганича Қуръон тиловати, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларини аввалида бўлган хабарларни, у зотнинг туғилганларида содир бўлган мўжизаларни ривоят қилишлари ва охирида уларга егулик нарса улашилиб, бунга бошқа нарсалар зиёда қилинмай тарқалиб кетадиган бўлсалар, бидъати ҳасанадир. Уни қилган одамга Набий соллаллоҳи алайҳи васалламни улуғлагани, у зотнинг мавлидлари муносабати ила хурсандчилик изҳор қилгани учун савоб берилади”. 2. Ибн Ҳажар Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ Хуллас калом: “Бидаъти ҳасанани мандуб эканлигига иттифоқ қилинган. Мавлид қилиш ва инсонларнинг унга жамланиш (ҳукми) шунингдекдир. Яъни: бидъати ҳасанадир.” 3. Имом ибн Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ “Мавлиднинг ўзига хос хусусиятларидан бири ўша йили омонлик, орзу ва мақсадларнинг ушалиши ила нақд ҳурсандчиликга етишишдир”. 4. Имом ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ Асрнинг Ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажардан мавлид ҳақида сўралди. У киши қуйидаги жавобни берди: “Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида биринчи уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким бундай қилмаса, бўлмайди”. 5. Имом Саховий раҳматуллоҳи алайҳ “Дастлабки уч асрдаги салаф солиҳлардан бирортаси мавлид қилмаган. Кейин пайдо бўлган. Ер юзини турли бурчак ва шаҳарларида ислом аҳли мавлид қилиш, ўша кеча турли садақотлар ҳамда мавлид ўқишга рағбат қилишда бардавом бўлдилар. Мавлид барокатидан уларга мўл-кўл, файзу-футуҳлар зоҳир бўлди.” 6.Имом ибн ал-Ҳааж ал-Моликий раҳматуллоҳи алайҳ “Мадхал” китоби соҳиби: “Бу муборак ойда аввалги ва охиргиларнинг саййидини бизларга неъмат қилиб берган Зот Мавломиз субҳанаҳу ва таалога бу улуғ неъматларга эга қилгани учун шукр қилиб, гарчи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда ибодатларни зиёда қилмаган бўлсаларда, ибодат ва яхшиликларни зиёда қилишимиз керак. Зиёда қилмаслиги эса умматига раҳмли ва меҳрибон бўлганлигидандир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (кўп) амалларни умматига фарз бўлиб қолиши (натижада машаққатга дучор бўлишлари)дан хавфсираб, уларга меҳри-шафқати ўлароқ тарк қилганлар. Лекин душанба куни рўза тутишлари ҳақида сўралганларида, мен туғилган кун дея бу улуғ ойнинг фазилатига ишора қилганлар. Демак, бу куннинг улуғлиги, туғилган ойининг ҳам шарофатли эканлигини ўз ичига олади. Бу ойни Аллоҳ фазилатли қилган нарсалар билан эҳтиром қилишимиз лозим бўлади. Замон ва маконнинг фазилати Аллоҳ таоло хослаган ибодатларни қилиниши билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фазилатли вақтларни эзгу, яхши ишларни кўп қилиш ила хослаганлар”. 7. Ҳофиз Абдурроҳим ал-Ироқий раҳматуллоҳи алайҳ “Валима-тўйлар, мискинларни таомлантириш ҳар доим мустаҳаб саналиб келган. Унга шодлик, робиъул аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нури зоҳир бўлгани учун хурсандчилик қўшилса, қандай қилиб мустаҳаб бўлмайди?! Уни бидъат эканлигидан макруҳ ишлиги келиб чиқмайди. Бир қанча бидъатлар гоҳида вожибга айланади”. 8. Ҳофиз Шамсиддин ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳ Имоми Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Сўнгра, қорилар имоми Ҳофиз Шамсиддин ибн Жазарийнинг “Урфут таъриф бил мавлидиш шариф...
Кейинги пайтларда диний соҳа ҳамда диндорларнинг ижтимоий фаолияти оммавий ахборот воситалари, хусусан, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Аммо дунёда дин билан боғлиқ таҳдид ва хавотирлар кучайиб бораётган бугунги шароитда мазкур соҳа ОАВ да қай даражада холис ва профессионал ёритиляпти? Журналистлар ушбу соҳадан қанчалик хабардорлар? Қандай қилиб ОАВ орқали экстремистик гуруҳларнинг бузғунчи ғоялари тарқалишини олдини олиш мумкин? Ахборот-технологиялари шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда чиндан ҳам аксарият фуқаролар, айниқса, ёшлар учун турли веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, веб-каналлар диний маълумотлар олишда асосий манбага айланди. Бу эса ўз навбатида бузғунчи ғоялар таъсирининг оммавий ахборот воситалари орқали кириб келиши хавфини кучайтиряпти. Бу ҳолат ҳар биримиздан турли экстремистик гуруҳларнинг ОАВ имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг онгини заҳарлашларига йўл қўймаслигимиз, уларга қарши ахборот курашининг янги инновацион усулларидан самарали фойдаланишимиз зарурлигини кўрсатмоқда. Таъкидлаш жоизки, ОАВ орқали бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олишда журналистлар, айниқса, блогерлар яъни фуқаролик журналистикаси вакилларининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда соҳани тартибга солувчи бошқа ҳужжатлардан хабардор бўлишлари жуда муҳимдир. Чунки, ушбу ҳужжатлар давлатимизнинг дунёвий асосларини мустаҳкамлаш ва муқаддас динимиздан ғайрли мақсадларда фойдаланишларига йўл қўймасликлари учун умуминсоний қарашлар тизимини белгилаб беради. Тан олишимиз керакки, айрим журналистларнинг диний тушунчалари етарли даражада эмаслиги, улар томонидан диний таълимотни тўғри тарғиб қилиш, анъанавий динни турли оқимлардан фарқини кўрсатиб бериш, фуқароларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда тўлақонли фаолият юритишларига тўсқинлик қиляпти. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим гуруҳларнинг сиёсат билан дин ажралмасдир, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ислом дини қоидалари асосида бошқарилиши керак, деган демократия тамойилларига зид даъволари ҳам жамиятда бирёқлама кайфиятни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, Конституциямизнинг 61-моддасида “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”, – деган норма қатъий белгилаб қўйилган. Аммо диннинг давлатдан ажратилгани унинг жамиятдан ажратилганини билдирмайди. Мазкур демократик назария, бир томондан, динни ундан сиёсий мақсадларда фойдаланишга уринишлардан ҳимоя қилса, бошқа томондан, уни мутаассиблик ва жаҳолатда айблашларидан асрайди. Маълумки, давлатни идора қилиш, жамиятни бошқариш диннинг эмас, балки сиёсий раҳбарларнинг вазифасидир. Диний раҳбарлар эса кишиларни ислом қадриятлари асосида тарбиялаб, жамият олдида турган долзарб вазифаларни амалга ошириш, ҳаётий масалаларни ҳал этишда давлатга ёрдам беришлари лозим. Бир сўз билан айтганда, давлат фуқароларнинг диний эътиқод ва ҳақ-ҳуқуқларини қанчалик ҳурмат қилса, диндорлар ҳам давлат қонунлари ва сиёсатига шу даражада эҳтиром кўрсатишлари талаб этилади. Оммавий ахборот воситалари вакиллари эса мана шундай тартиб-қоидалар асосида ўз фаолиятларини йўлга қўйишлари, жамиятнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаёти мутаносиб ривожланиши сабабларини аҳолига холис тушунтиришлари керак. Шуни ёдда тутиш керакки, биринчидан, биз дунёвий давлатда яшаяпмиз, унинг эса ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Иккинчидан, ҳар қандай жамиятда келиб чиқаётган диний низолар аксарият ҳолларда экстремистик гуруҳлар томонидан уюштириляпти. Шунинг учун ҳам журналистлар, айниқса, блогерларимиз бирон-бир маълумот ёки ахборот тарқатишдан олдин уни чуқур танқидий-таҳлил қилиб, лозим бўлса дин соҳаси вакиллари билан маслаҳатлашган ҳолда чоп этсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки кейинги пайтларда дин мавзусида ҳақиқатдан йироқ бўлган кўплаб маълумотлар чоп этилаётгани кузатилмоқда. Ана шундай бир пайтда баъзи журналистларнинг тажовузкор ва тасдиқланмаган маълумотларни эълон қилаётганларидан кўз юмиб бўлмайди. Гарчи улар қасддан тарқатилмаётган бўлса-да, кўп ҳолларда аҳоли томонидан ҳақиқат сифатида қабул қилинмоқда ва бу айрим ОАВда, айниқса, блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилмоқда. Энг ачинарлиси, мазкур материалларнинг айрим шахслар томонидан қасддан, ўз...