Кимнинг ҳаёси зиёда бўлса, яхшилиги ҳам зиёдалашади. Ҳаёси камайган банданинг хайрияти ҳам камаяди. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У карамли хулқларнинг боши, иймоннинг зийнати, Исломнинг шиоридир. Албатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, ҳунук ишни қилмасликка ундовчи хулқдир. “Албатта, ҳар бир диннинг хулқи бўлади. Исломнинг хулқи ҳаёдир”,- дейилади бир ҳадиси муборакда. Ҳаё яхшиликка далолат қилувчи хулқдир. Ҳаё кишининг саломат эканидан хабар беради. Ҳаёда кўплаб фазилатлар ва фойдалар бор. Барча шариатлар халқни ҳаё билан хулқланишга буюрган ва унга тарғиб қилган. Шариат ҳаёни иймондан деб эълон қилди. Жорий йилнинг 19 октябр куни Тошкент ислом институтининг талаба қизлари иштирокида “Ҳаё – аёл зийнати” мавзусида тарбиявий соат бўлиб ўтди. Унда талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова маъруза қилди. Суҳбат давомида, талаба қизлар ҳам ҳаё ва ибога оид оят-ҳадислардан ибратли мисоллар келтирдилар. “Ҳаё ва иймон бир-бирига яқин нарсалардир. Агар улардан бири кўтарилса, бошқаси ҳам кўтарилади”,- дейилади ҳадиси шарифда. Агар одамларда журъат, фаҳшни кўрсанг, билгингки, бунинг энг катта сабабларидан бири ҳаёнинг йўқолганлигидир. Ҳаё ва иймон, ҳар иккиси ҳам яхшиликка чорловчи, ёмонликдан узоқлаштирувчи ажралмас омил эканлиги таъкидланди. ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 1 029
У илмни то насибасини олгунигача излади. Шайх унга ва уни дўстларига: “Инсонлардан баландда бўлманглар, албатта олим модомики қўлини дунё матоҳларига чўзар экан, унда яхшилик йўқдир. Ҳаммангиз боринг ва отангизни касби билан шуғулланинг, бунда Аллоҳдан тақво қилинг”, деди. Ўша йигитлардан бири онасини ёнига бориб отаси қайси касб билан шуғуллангани ҳақида сўради. Онаси ажабланди ва: “Отанг Аллоҳнинг ҳузурига кетган бўлса уни касбини сўраб нима қиласан. Бориб бошқа касб топ, отангнинг ишини қўй”, деди. Боласи мажбурлайвергач, отасининг касби ўғрилик бўлганини хоҳламайгина айтди. Ўғли унга: “Шайхимиз бизни отамиз қилган барча ишни қилишга ва бунда Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар”, деди. Онаси оҳ тортиб юборди ва ўғрида қандай қилиб тақво бўлиши мумкинлиги айтиб ўкинди. Бола ғафлатда эди ва: “Шайхим шундай деган”, деди. Сўнг кетди ва ўғрилар ўғрилик қилишда қўллайдиган усуллар ва ўғрилик йўлларини ўрганди. Ва илк ўғрилигига киришди, ҳуфтон намозини ўқиди ва инсонларни уйқуга кетишларини кутди. Ва отасини касбини шайхи айтганидек тақво билан қилиш учун чиқди. Ён қўшнисидан бошлади, бирдан шайхининг тақво билан қилинг, деган гапи ёдига тушди ва қўшнига озор бериш тақводан эмас деб, кейинг уйга ўтди ва ўзига ўзи айтди: “Бу етимларнинг уйи бўлса, Аллоҳ уларни молларидан ейишни ман этган”. Йўлида давом этди, бой тижоратчининг уйига бориб тўхтади. Бойнинг биттагина қизи бўлиб, одамлар уни ҳожатидан ортиқ моллари кўплигини билар эди. Ва шу уйга киришга қарор қилди. Эшикни очди ва ичкарига кириб кенг уйларни, кўп хоналарни кўрди, моллар турадиган жойни топгунча уйда айланди. У ердаги олтинлар ва кумушларга тўла сандиқни очди. Энди олмоқчи бўлиб турганда шайхининг гапи ёдига тушди ва бу тижоратчи ҳали закотини адо қилиб улгурмаган бўлса-чи, деган хаёлга борди. Бойнинг дафтарини олиб ўзи билан олиб кетган кичик фонарни ёқди ва ҳисоблай бошлади. У ҳисобга жуда моҳир эди. Ҳисоблаб бўлгач, закот учун ажратилган пулларни бир четга олиб қўйди, ҳисоблашга шунчалик киришиб кетганидан вақт ўтганини сезмай қолди. Қараса, бомдод вақти бўлибди. Тақво қилиб аввал намоз ўқийман, деб ҳовлига чиқиб таҳорат қилди ва намозга иқома айта бошлади. Уй эгаси уни эшитиб чиқди, ҳайратда лол қолди. Фонар ёқиқлиги учун сандиқ очилганини кўрди ва: “Сен кимсан?”, деди. Ўғри эса: “Аввал намоз кейин калом”, деди. Таҳорат қилиб кел бирга намоз ўқиб олайлик, уй эгаси имомлик қилиши керак”, деди. Уй эгаси унда қурол бўлса-чи деган ҳадикда айтганини қилди. Аллоҳ билади қандай намоз ўқиганини. Намоз тугагандан сўнг ўғридан кимлигини ва нима қилаётганини айтишини сўради. У ўғрилигини айтди. Бой эса дафтарини нима қилганини сўради. Ўғри унга олти йилдан буён чиқармаган закотини ҳисоблаганини ва жойига қўйиш учун ажратиб қўйганини айтди. Тижоратчи эсидан айрилай деб: “Бу нима деганинг, жинни бўлганмисан?”, деди. Ўғри ҳаммасини айтиб берди. Тижоратчи унинг гапларини эшитиб бўлгач унга яхшилаб назар солди ва уни чиройли ва ақлли эканини кўрди. Хотини ёнига бориб бўлган воқеани айтиб, қайтиб ўғрини олдига келди ва: “Сенга қизимни никоҳлаб берсам, ўзингни эса шахсий ҳисобчим қилиб олсам, нима дейсан? Онанг биз билан шу ерда яшайди”, деди. Ўғри рози бўлди, тонг отгач гувоҳлар чақирилди ва никоҳ аҳди боғланди. Али Тантовийнинг «اللص التقي» номли ҳикояси Арабчадан Тошкент Ислом институти талабаси Робия Маннобжонова таржимаси 920
Қуръони каримнинг энг улуғ фазилатиларидан бири Буюк Аллоҳнинг Каломи эканлигидир. Аллоҳ таоло уни кўп оятларда мадҳ қилиб, жумладан, бундай деб марҳамат этади: “Дарҳақиқат, бу Қуръон тўғри йўлга бошлайди” (Исро сураси, 9-оят). “Қуръонда зоҳирий ҳам, ботиний ҳам ботил йўқ” (Фуссилат сураси, 42-оят). … Жаҳолатга ботган араб қабилалари узра нубувват қуёши порлади. Бу қуёш уларнинг тун зулматларини ёритиб, кечаларини кундуз каби нурафшон этди. Ер кенгликлари узра сочилиб, шимолу жануб осмонида балқиб, шарқу ғарб дунёсини ёритди. Саҳобалар юлдузлар каби бу қуёшдан нур олар, унинг атрофида айланиб бу мавжли илм денгиздан ҳўплаб-ҳўплаб ичар эдилар. Улар ваҳий орқали нозил бўлган ҳақиқатларни нафсларида жам этиб, вужудлари ер юзида юрса ҳам, руҳлари самоларда учар эдилар. Қуръон таълимини қалбида топган инсон – Қуръон оятларини ўқийдиган ва у билан ҳидоятланган кишилардан ҳисобланарди. Асрлар давомида уммат учун йўлчи юлдуз бўлиб келган саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонга бўлган чексиз муҳаббатлари сийрат китобларида ўз аксини топган. Ибн Масъуд Исломнинг асоси бўлмиш Қуръони каримга бутун эътиборини қаратиш билан бирга одамларни бу Каломни фахмлашга, амал қилишга ва тиловат қилишга ундадилар. Уларнинг Қуръони карим ва унинг оятларига амал қилиш тўғрисида бир неча фикрларини келтириб ўтамиз: Мурра Абдуллоҳдан шундай ривоят қилади: “Агар илм истасангиз, Қуръон ифорини сочинглар. Дарҳақиқат, аввалгилару охиргиларнинг илми бу Қуръондир”. Абу Ахвасдан ривоят қилинишича, “Ибн Масъуд айтадилар: Дарҳақиқат, Қуръон Аллоҳнинг зиёфати, кимки ундан бирон нарса ўрганмоққа қодир бўлса, бас, ўргансин! Билингки, энг ҳақир уй – ичида Аллоҳнинг Китоби бўлмаган уйдир! …” Ибн Масъуд шундай дедилар: “Қуръонни ёд олувчи киши одамлар уйқуга кетганида, узун туни билан, одамлар еб-ичишга шўнғиганида, ғариб кундузи билан, одамлар шовқин-сурон билан тошганида, жимлиги билан бўлсин! Қуръонни ёд олувчи одам йиғиси кўп маҳзун, илми кўп ҳикматли, сукути кўп босиқ киши бўлиши лозим. Қуръонни ёдолувчи киши қўпол, ғофил, сершовқин бўлмаслиги керак” . Ва яна айтадиларки: “Қуръон унга амал қилиш учун нозил бўлди. Бас, Қуръонни амал қилиш учун ўрганингиз. Ҳали шундай қавм келадики, улар Қуръонни ҳудди асони йўниб силлиқлаган каби зийнатлайдилар. Улар сизнинг яхшиларингиз эмас! Илмига амал қилмайдиган олим шифони беҳуда сифатлаётган беморга, таомнинг лаззатини васф қилиб, ўзи ундан бебаҳра оч кишига ўхшайди”. Аллоҳ таоло барчамизни Қуръонни ўрганиб унга амал қилувчилардан қилсин! Тошкент Ислом институти талабаси Ғофурова Оминахон 931
Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши, дейдилар. Бугун, 19 октябрь куни Тошкент ислом институти 3-курс талабалари Ҳазрати Усмон мусҳафи сақланаётган тарихий-меъморий обида – Мўйи муборак музейига “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси Ислом тарихи фани ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев ташаббуслари билан экскурция уюштирдилар. Экскурция жараёнида, талабалар Усмон Мусҳафининг юртимизга олиб келиниши ва меъморий обида тарихи билан танишдилар. Маълумки, Усмон Мусҳафи 1989 йил 14 мартда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати кутубхонасига олиб келинган эди. Мўйи муборак Музейда 47 тилдаги Қуръони карим таржималари сақланмоқда. Таржима ичида Каломуллоҳнинг қардош қозоқ ва қирғиз тилларига ўгирилган нусхалари ҳам учрайди. Экскурциянинг қизиқ томони шундаки, айни пайтда талабалар дарс жараёнларида Усмон мусҳафининг ёзилиш тарихини ўрганаётган эдилар. Бу нарса, талабаларнинг мазкур қадимий Қуръони карим қўлёзмасини такрор бориб кўришга турки бўлди. «Ислом тарихи» фани ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев ва 3-курс талабалари 782