Араб тили сомий тиллар оиласига мансуб бўлиб, унинг адабий тил нормаси жоҳилият даврида шаклланган. Унинг тараққиёти уч босқичга бўлиниб ўрганилади: қадимги, классик ва ҳозирги замонавий араб тили.
Классик араб тили ислом байроғи остида Яқин ва Ўрта Шарққа, Марказий Осиё ва Африканинг кўп қисмига тарқалди. Бунда албатта, саҳобаларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Кейинчалик, у Ўрта Осиёда узоқ вақтларгача халқаро ва билим тили бўлиб келди. Бу тилда давлат дастурлари олиб борилади ва ҳикматларга тўла асарлар ёзилади. Шулардан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Фаробий, Муҳаммад Хоразмий ва Маҳмуд Замахшарий каби ўзларининг чуқур илмий мулоҳазалари билан дунё фанининг равнақига сезиларли таъсир кўрсатган фан даҳолари, буюк ватандошларимиз ҳам шу тилда самарали ижод қилишган…- “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Қодиров Абдулвали





