islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Ақида

Бўлимлар

АЛЛОҲНИНГ ИРОДАСИ

Аллоҳнинг иродаси. Бу гапнинг маъносига эътиқод қилиш ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечириш мусулмончиликнинг заруриятларидан ҳисобланади. Шунга кўра, дунё ва охиратдаги биз учун фойдали ёки зарарли барча-барча нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган деб эътиқод қиламиз. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода уламоларнинг ушбу эътиқодимизга тааллуқли саволларга берган жавобларининг хулосалари билан танишиб чиқамиз: Савол: Банданинг гуноҳ содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни ўша гуноҳни қилгани учун жазолаши зулм эмасми? Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини ирода қилиб, сўнг уни ўша қилган гуноҳи учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб, кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади. Шунга кўра, бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади. Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг гуноҳ содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш, аслида, итоат қилиш бўлиб қолади-ку”. Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни ман қилмаганида банданинг гуноҳ ишни содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани гуноҳ ишлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг гуноҳ ишни қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади. Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади?. Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли Сунна вал-Жамоа имомларидан бири бўлган Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан. У Исфароинийни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди. Исфароиний буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди. Мўътазилий етакчиси: “Нима Аллоҳ таоло Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Бўлмаса Аллоҳ таолога мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди. Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Аллоҳ таоло мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, деди. Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди. Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”. Жавоб: “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан...

СОҒЛОМ АҚИДАНИНГ МЎМИН ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ

Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек, Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади. Бунга Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида бундай деганлар: إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ فَلْيَكُنْ أَوَّل مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَة اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ فَإِذَا عَرَفُوا اللَّهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِى يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ “Сиз аҳли китоб бўлган қавмга боряпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон киши энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар. Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга, асосан, ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган. Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар. Мазкур нарсаларга қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади. Баён қилинган ушбу ақида турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган,  юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир. Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади. Шунга кўра, соғлом ақида мўминнинг ҳаётида мислсиз аҳамиятга эгадир: соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг унга берган омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас, балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади; соғлом ақида қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом ақидасиз қилинган амаллар қабул бўлмайди; дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом ақидага боғлиқ; соғлом ақида кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради; соғлом ақида кишини доимо Аллоҳ таолога ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди. охиратда нажот топиш соғлом ақидага боғлиқ. Демак, дунёда бахтли ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон, албатта, соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир. Имом Бухорий номидаги...

Муҳкам ва муташобиҳ оятлар

عن عائشة رضي الله عنها قالت: تلا رسول الله صلي الله عليه و سلم هذه الاية {هو الذي انزل عليك الكتب منه ءايت محكمت هن ام الكتاب و اخر متشبهت} الي قوله {و ما يذكر الا اولوا الالبب} قالت: قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: فاذا رايت الين يتبعون ما تشابه منه فاولئك الذين سمي الله “فاحذروهم. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни тиловат қилдилар: “У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …” то мана бу сўзигача “Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар”. Яна Оиша онамиз гапларини давом эттириб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар муташобиҳ оятларни ковлаб юрадиган (унга эргашадиган) одамларни кўрсанг, бас улар – Аллоҳ: “Улардан сақланинглар” , деб номлаган кишилардир”. Фатҳул Борийда бу ҳадис 4547-рақам остида келган. Ҳадиснинг нави марфуъдир. “Муҳкам” сўзи “маҳкам”, “очиқ-ойдин”, “бошқа ёққа буриб бўлмайдиган” деган маънони англатади. “Муташобиҳ” сўзи эса, “ўхшаш”, “бирини-биридан ажратиш қийин”, “бир неча маъноларни англатадиган” деган маъноларни билдиради. Қуръони карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади. Бу ояти кариманинг аввалида юқорида зикр қилинган сифатларга эга бўлган Аллоҳ: “У сенга китобни нозил қилган зотдир”, деб Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилмоқда. Китобдан мурод – Қуръони карим. “Унда муҳкам (ойдин) оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир. Ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор …”. Қуръони каримда келган муҳкам (ойдин) оятларнинг маънолари равшан, тушунилиши ҳам осон. “Улар китобнинг аслидир”, яъни ўша муҳкам оятлар Қуръоннинг аслини ташкил қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ирода қилган ҳикмат учун Қуръонда муташобиҳ (бир-бирига ўхшаш) маъноларни билдирадиган, турлича маънога бориш мумкин бўлган оятлар ҳам бор. Лекин булар жуда ҳам оз бўлиб, кишиларнинг иймонини синашга хизмат қиладилар. “Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашадир”. Бу оятнинг давоми. Демак, аслида бузуқ ниятли кишиларни фош қилишда муташобиҳ оятлар иш берар экан. Қалбида касали бор, ҳидоятдан оғган бундай кишилар ақида ва шариатнинг нозик усулларини очиқ-ойдин баён қилиб берган муҳкам оятларни қўйиб, ғойибдан эшитиш орқали собит бўладиган хабарларга, турли маъноларга далолат қиладиган муташобиҳ оятларга фитна қўзғаш, уни таъвил қилиш мақсадида эргашар эканлар. Хулоса: Ҳадиснинг охирида бундай кимсалардан сақланиш айтилмоқда. 3-курс талабаси Ривожиддин Жўраев 386

Ислом динида ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабирадир

Маълумки, Ислом дини тинчлик, инсонлар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ҳурмат ва инсоний фазилатларни тарғиб қилувчи диндир. Унинг таълимотида ер юзини обод қилиш, эзгу амаллар билан машғул бўлиш, ато этилган неъматлардан фойдаланиб шукрона келтириш улкан савобларга сабаб бўлувчи солиҳ амаллар ҳисобланади. Аксинча, ер юзида фисқу фасод қилиш, ноҳақ қон тўкиш, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш кабилар қораланиб, улар оғир гуноҳлар эканлиги таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсоннинг шаънини баён қилиб: “Биз одамзотни азизу мукаррам қилиб яратдик ҳамда уларни сувда ҳам, қуруқликда ҳам юрадиган қилиб қўйдик. Уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқ ато этиб, уларни бошқа ҳамма махлуқотдан афзал этдик[1]”– деб марҳамат қилган. Мазкур оят инсоннинг қадру қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ-ойдин кўрсатади. Парвардигор одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса, ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоғи лозим бўлади. Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Шунингдек, у Аллоҳ таоло томонидан инсонга топширилган имконият ва масъулиятдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳ орттирган бўлади. Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишидан ман этилиб: “Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар[2]”– дейилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда: Жундуб ибн Абдуллoҳ рoзияллoҳу анҳу ривoят қиладилар: «Пайғамбар сoллаллoҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жарoҳатланди. Бeсабрлик қилиб пичoқ oлди-да, қўл(тoмири)ни кeсиб ташлади ва кўп ўтмай, қoн йўқoтиб, вафoт этди. Аллoҳ: «Бандам жoнига қасд этди, унга жаннатни ҳарoм қилдим», дeди[3]». Ўз-ўзини ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканини шундан ҳам билиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўқимаганлар. Шунга кўра, исломий манбаларда ўз-ўзини ўлдирган кишига масжид имоми жаноза намози ўқиши дуруст эмас, дейилган. Бугунги кунда ўзларини гўёки мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни динга “даъват” қилиб юрган, асл мақсадлари эса, жангарилик ва ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса бўлмаган кимсаларни бутун жаҳон кўрмоқда. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эълон қилиб, ўлсак шаҳид бўламиз, деб айюҳаннос соладилар. Аслида эса бу Ислом динига мутлақо зиддир.   3-курс талабаси Ажинияз Жиемуратов  [1] Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Шарқ, 2004. Исро сураси, 70-оят. [2]  Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Шарқ, 2004. Бақара сураси, 195-оят. [3] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. – Байрут: Дару ибн Касир. 1987. 165

Қазо ва қадар масаласи

Мўмин инсон динида билиши  зарур ҳисобланган эътиқодий билимлар бор бўлиб, даставвал ана шуларни пухта ўрганиб, комил ақидага эга бўлиши лозимдир. Қазо ва қадар – яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолоданлигига иймон келтириш ҳам шулар жумласидандир. Баъзи инсонлар яхшилигу ёмонлик Аллоҳдан деганида Аллоҳ азалда фалон-фалон иш бўлади, деб ёзгану, банда эса уларни амалга оширишга мажбур, деган тушунчага боради. Бу аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зиддир. Уламоларимиз қазо ва қадарни таърифида шундай дейишган:   Аллоҳ таолонинг келажакда махлуқотларида содир бўладиган нарсани билиши қадар дейилади. Яъни Аллоҳ таоло махлуқотларнинг хаётию мамоти, соғлиғию касаллиги, кенгчилигию фаровонлиги, барча ҳолатларини олдиндан билиши  қадар ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг илмида вужудга келиши олдиндан аниқ бўлган нарсани вужудга келтириши қазо дейилади.[1] Яъни Аллоҳ таоло махлуқотлари борасида  олдиндан билган нарсасини Ўзи белгилаб қўйган вақтида Ўз илмига мувофик юзага чиқариши қазо ҳисобланади. Уламоларимиздан Хаттобий рахматуллоҳи алайх  қуйидагиларни айтадилар: «Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир». Демак, бандаларнинг амалларига казо ва кадарнинг ҳеч таъсири йўқ экан. Қазо ва қадар фақатгина Аллох таолонинг азалда келажакда нималар содир бўлищини билиши ҳам уларни билганидек яратишидир. Бу ерда яна бир нарсага эътибор бериш керакки, Аллох таоло бандага ихтиёр қилиш неъматини берган бўлиб, банда ҳар доим ўз ишларида қилиш ва қилмаслик танловида бўлади. Мисол тариқасида, фараз қилинг, устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳонга киришдан аввал фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи «яхши» баҳо олади, деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими? Албатта, Аллоҳ таолога ҳеч қандай ўхшаш йўқ. Лекин тушуниш учун келтирилган шу мисолдан ҳам қазои қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ – чексиз илм соҳиби бўлган зот, азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак? Аллоҳдан фойдали илм ҳамда унга амал қилиш бахтини сўраб қоламиз. 4- курс талабаси Муҳаммадали Хайитбоев 260
1 15 16 17 18 19 25