❗️1 апрель – алдаш куни. Алдаш – ёлғончилик, каззоблик, фирибгарлик деган маъноларни ўз ичига олади. «Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар-гина тўқирлар. Ана ўшалар – ёлғончилардир» (Наҳл сураси, 105-оят). ❗️Биринчи апрель ҳазили деб, бир кишини алдаш оқибатида унинг қони, мол-мулкига тажовуз қилинади, обрўси поймол қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Видолашув ҳажида шундай деганлар: «Сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўингиз бир-бирингизга ҳаромдир»! Имом Бухорий ривоят қилган. «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар» (Нисо сураси, 29-оят). ❗️Мазкур алдов бирор шахснинг бирор иллатини айблаш маъносида бўлса ва ўша иллат унда ҳақиқатдан ҳам бор бўлса, бу иш ғийбат бўлади. Агар ўша иллат унда бўлмаса, туҳмат ёки бўҳтон бўлади. Буларнинг ҳар иккаласи ҳам шариатимизда ҳаромдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. У зот: «Биродарингни унинг ўзига ёқмаган нарса билан зикр қилишинг», дедилар. Шунда: «Мен айтган нарса биродаримда бор бўлса-чи?» дейишди. У зот: «Агар айтган нарсанг унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Айтган нарсанг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», дедилар. Имом Абу Довуд ривоят қилган. ❗️Мазкур алдовга мазах, истеҳзо ҳам аралашади. Буларнинг ҳар иккаласи шариатда ман этилган. Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, Фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар». Умар ибн Абдулазиз: «Мазахдан сақланинглар. У кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир», деган. Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазах аслида сўкиш, аммо эгасини кулдиради, холос». Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, устига асал суртилган заҳарга ўхшаш бу «байрам»да тилга тегишли бўлган барча жиноятлар содир этилади ва бу оддий ҳол деб қабул қилинади. Юқорида уларнинг ҳаммасини бирма-бир келтирмадик, ақл эгаларига эслатма ва огоҳлантириш бўлсин дея бир неча мисоллар келтирдик, холос. Аслида бирор кунни «Умуман ёлғон ишлатилмайдиган кун» деб нишонласа тўғри бўлмасмиди? Ўзи шундоқ ҳам ҳеч бир кунимиз ёлғонсиз ўтмайдиган бўлиб қолди-ку! Яна бир таклиф: 1 апрелни алдов ва ҳазил куни деб нишонлагандан кўра «Гиёҳвандликка қарши кураш куни» ёки «ОИТСга қарши кураш куни» сингари «Ёлғонга қарши кураш куни» деб эълон қилсак бўлмайдими? Исҳоқжон БЕГМАТОВ Манба: @muslimuzportal 778
Салом келажакда шу канални архивларини ўқиётган авлодлар. Балки ҳозир 2100 йилдир, балки ундан ҳам кўп. Мен 2020 йилдан ёзяпман. Ёшим 30 да. Ҳозир шу кунларда Туркиянинг Истанбул шаҳридаман. Мана бир ойдан бери карантин режимидаман, 13 кунки уйдан ҳеч қаерга чиққаним йўқ. Деразадан ташқарига қарар эканман, мушуклар ва қушлардан бошқа жонзотга кўзим тушмайди. Аммо соат кечки 21 бўлиши билан, одамлар уйларининг деразаларидан туриб қарсаклар чалишади. Шунда ҳис қиламан ёлғиз эмаслигимни. Масжидлардан азон овозини эшитганимда эса бу кўнглимга қандайдир умид бахш этади. Ҳозир худди кино қаҳрамонидайман, гўёки бу кунлар туш, уйғониб кетсам ҳаммаси аввалгидай давом этиши керакдай туюлади. Биз инсоният, ўзимизга жуда қаттиқ ишониб юборган эдик. Илм-фан, янги технологиялар, глобализация жараёнида шундай катта ютуқларга эришдикки, дунёда пандемия рўй беришини ҳаёлимизга ҳам келтира олмасдик. Биз инсоният, овқат ва томоша, кўнгилхушликлар учун жуда кўп пул сарфладик, спорт ўйинлари, қиммат машиналар, ҳаддан ташқари керакмас нарсаларга ҳам кўп пул сарфладик, Бошқа бир биродаримиз нонга зор йиғлаган вақтда бошқалар ҳаттоки олтинни ейиш мумкин бўлган ҳолатга келтириб истеъмол қилишди. Бизнинг кунлик мавзуларимиз футбол, ғийбат, бемаза приколлар эди. Турмуш ташвишлари, қандай қилиб уйимизни қўшнимизни уйидан баландроқ қилиб қуриш ҳақида ўйлардик. Врачларга кунда кунора қўл кўтардик, ўқитувчига етарли ҳурмат кўрсатмадик. Ҳеч қачон бу инсонларга қаҳрамонлар сифатида қарамадик, олди қочди фильмлар кўрдик попкорн еб, биз учун суперқаҳрамонлар Темир Одам ва Супермен эди. (ҳозир бу киноларимиз сизларга мультфильм бўлиб туюлса керак) 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланди… Бошида буни бизга алоқаси йўқ деб ўйладик. Хитойликларни устига юборилган бало деб, бундан хурсанд бўлган эшакмиялар ҳам бўлди. Ҳозир эса, қўрқмасдан ёмғир остида сайр қила олмаймиз, ўпкамизни тўлдириб тоза ҳаводан нафас олиб табиатнинг неъматларидан баҳраманд бўла олмаймиз. Биз индустриализация даврида яшадик, ўрмонларни кесиб тугатдик, денгизларни қуритдик, бир замонлар инсон қўли тегмаган жаннатмакон ўлкаларни чўл-у биёбонга айлантирдик… Сизларга, ўзимиздан кейингиларга қандай дунё ташлаб кетишимиз ҳақида ўйламадик, ўйлаганларни устидан кулдик… Сизларда балки ҳозир киберпанк давридир, бизни қандай яшаганимиз жуда примитив ва кулгили туюлар. Балки бизларни қарғарсиз… Биласизми, биз минглаб одамларни чақириб исрофгарчилик билан тўйлар қилардик. Жуда кўп оилалар эса шунга қарамай ажрашиб кетишарди. Биз ўзимиз хоҳлагандай эмас, бошқаларнинг биз ҳақимиздаги фикрларини муҳим деб ҳисоблаб қилардик буни. Дунёнинг энг одам гавжум жойлари бўшаб қолди, бир замонлар болалар кулгиси билан тўлган ўйин майдончалари, бугун кимсасиз етим қолган табиат каби ётибди… Ҳали фарзандларим учун деб бирорта дарахт экишга улгурмаган эдим… Бир замонлар одамларнинг ҳайратли нигоҳлари билан томоша қилинган музейлар бўш, денгизлар, йўллар бўш… Бугун Ватикан ҳам, Қуддус ҳам, ҳатто Каъба ҳам бўш… Биз ўз хатоларимизнинг қурбонларига айландик. Биз хулосалар қилиб, албатта бу балодан қутулишимизга ишонамиз. Сизлар эса биз қилган хатоларни такрорламанглар. Сизларнинг ҳам келажакда дунёга келишингиз, севишингиз, бахтли бўлишингиз, авлодларингиз учун яхши ишлар қилишингизга ҳаққингиз бор. Биз шундай авлод бўлдикки, ўтмиш хатоларидан етарли хулоса қила олмадик, мана энди ўз бошимиздан кечириб хулоса қилмоқдамиз. Сизлар биздай бўлманглар. 27.03.2020 Нурбек Алимов Манба: @nurbekalimov канали 1 067
Азизларим, сизларга хушхабар бераманки, бу вабо тез орада, шубҳасиз тугайди. Чунки, бу Аллоҳнинг суннатларидан бўлиб, бало Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларида узоқ вақт турмайди. У Аллоҳнинг суннатларидан ҳисобланиб, албатта, балонинг вақти оздир. Эй азизларим, «корона» тезда тугайди. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ! Аллоҳга қасам ичиб айтаман ва ушбуларни Аллоҳ номи билан сизлардан сўрайманки, агар «корона» тугаса, ундан кейин рибога қайтманглар, агар корона вабоси тугаса, қизларингиз ва аёлларингиз очиқ-сочиқ ҳаётига қайтмасинлар. Биз бугун «корона»дан қўрқиб инсоннинг инсонга қўл бериб салом беришидан қайтаряпмиз. Инсонлар бугун ўлимдан қўрқмоқдалар. Карантин ва вирусни олдини олиш воситалари билан ҳимояланиб ўлимдан қўрқиб барча чекловларга рози бўлмоқдалар. Аллоҳга қасам ичиб сизлардан сўрайманки, «корона»дан кейин ҳам ҳозир ўзингизни сақлаётгандек ёмон ишлардан четлашинглар. Масжидлар қулфланганидан кейин унга бўлган муштоқликдан кўзлар ёшланди. Шуни ҳам билингки, ўша масжидлар «корона»дан олдин бомдод намозларида бўш эди. «Корона»дан кейин масжидлар яна бўш қолса, мана шу нарсага йиғланглар. Аллоҳга қасам ичиб сизлардан шуни сўрайманки, бу ҳол иймондандир. Бу ҳол тақво ва қўрқишдандир. Бу ҳол даҳшатдандир, Аллоҳга ва ўлимдан қўрқишга яқин бўлишдандир. Аллоҳга қасамки, дунё тезда яна изига тушиб кетади. Бугун инсонларнинг барчаси бир-биридан кечиришларини сўрашмоқда. Барчалари ижтимоий тармоқларда “Аллоҳга қасамки, мени кечир”, “Аллоҳга қасамки, мени авф эт” деб бир-бирларига ёзмоқдалар. «Корона» тезда тугайди, лекин бундан кейин силаи раҳмни узманглар, бундан кейин рибога қайтманглар, бундан кейин оталарингизни ва оналарингизни қариялар уйларига олиб бориб ташламанглар. Буюк давлатлар бугун атом ва бомба сабабидан қуламадилар. Дунёдаги иқтисоди ва ҳарбий кучлари юқори даражада бўлган буюк давлатлар бугун материкларни кесиб ўтадиган ракета зарбалари сабабли қуламадилар. Балки улар шу кўзга кўринмайдиган вирус сабабидан қуладилар. Қани уруш-у тўпалонлар, уларда жон бераётганлар ҳақидаги тезкор хабарлар? Дунёдаги барча зулмлар бирдан тўхтаб жим бўлиб қолди-ку!? Ажобо! Бугун дунёга қаранг! Зулм қилувчилар вирусдан қўрқмоқдалар. Умид қиламанки, Қиёмат кунига қадар шу қўрқув устида қолсинлар. Умид қиламанки, башарият «корона»дан кейин ҳозирги хокисор ва меҳрибонликларида қолсинлар. Азизларим, сўзим сўнгида айтаманки, қани «корона»дан олдин дунёда халоскор бўламан деган «қаҳрамонлар». Улардан умид қиламизки, қани бизга «корона» муаммосини ечиб берсинлар. Биз томошабинларни вақтимизни ўғирлаб ёлғон-яшиқ хабарлари билан енгил-елпи ҳаётга чақирувчилар, умид қиламизки, улар ушбу қийинчиликни ечиб берадилар! Лекин ечолмайдилар! Барчамиз ўзимизни катта олар эдик. Мана, барчамиз уйларимизга бекиниб олдик. Мўтабар дин уламоларидан дуо ва солиҳ инсонлардан Қуръон тиловатлар қилишини сўраб турибмиз. Ҳаммамиз шифокорларнинг йўл-йўриқ насиҳатларини ва муолажасини умид қилиб ўтирибмиз, ваҳоланки шифокорларни менсимасдик. Ва яна, бугун бизга корона касаллигини даволаб хизмат қилаётганлар шифокорлар бўлмоқда. Ана энди бюджет маблағларини кўп қисмини шифокорларга сарфлайлик. Эй Роббимиз, Эй Роббимиз, биз қадримизни билдик. Эй Роббим етти осмон устидан шоҳид бўлгинки, албатта биз қадримизни билдик. Аллоҳдан бошқада куч-қувват йўқдир. Агар одамлар ер юзидаги илм-фан, технологиялар ва ақлли одамларнинг тадбирлари иш бермади, иш осмондаги Зотга топширилди деса, сизлар шундай денг, Аллоҳ осмонларни яратганидан бери иш осмондаги Зотга топширилгандир. Лекин сизлар зулмларингизда, кибрларингизда ухладингиз, унга ғарқ бўлиб кетдингиз. Буни кўрмадингиз. Эй Робб, биз қадримизни билдик, бизга бу балони бизда узоқ вақт қолдирмагин. Эй Робб, биз билдикки, биз жуда заифмиз. Эй Робб, билдикки, биз фақирмиз. Эй Робб билдикки, Сен Жабборсан, Сен Қаҳҳорсан. Лекин биз Сенинг Роҳман ва Роҳим эканлигингни ҳам билдик. Эй Аллоҳ, бизни гуноҳларимиз сабаб жазоламагин, бизни амалларимиз сабаб жазоламагин....
Аллоҳ таоло Каломи шарифида инсонларни нималар билан синаши ва уларни қандай қабул қилиш кераклигини баён этади: “Албатта, биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: “Албатта биз Аллоҳнинг(бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат(мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар” (Бақара сураси, 155-157 оятлар). Ушбу ояти каримани Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ бундай шарҳлайдилар: “Биламизки, аслида кишилар бошига синовларнинг келиши ёмон эмас, балки унинг синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида имтиҳонлар яхшидир”. Бугун дунё аҳолиси бошида коронавирус касаллигининг ваҳимаси айланмоқда. Ушбу касаллик юртимизда ҳам қайд қилинди. Хўш, ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқиш нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ, дейилган? Бундай кишилар қўрқув билан хатарни янада кўпайтиради. Хавотир ва ваҳима эса хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан ортиқча қўрқувдан четланиш лозим! Эй биродар, ваҳима яшашни бас қилинг! Дунё Ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Бундай ҳолатда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чораларини кўради. Вабо каби тез тарқаладиган касалликлар пайдо бўлган жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббиёт вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят). Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши каронавирус бўйича фатвоси эълон қилинди. Унда барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунча жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқиш, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этиш, жаноза намозларини вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқиш, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилишини маълум қилинди. Шунингдек, мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклиги, ҳар бир мусулмон ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлиги, касалликнинг олдини олиш борасида тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш тавсия этилди. Бундан ташқари, бундай вазиятда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситалар нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлигини чуқур англаб, ушбу қоидаларга қатъий амал қилишга чақирилди. Минг афсуски, ҳозирги ҳолатда карантин тартиб-қоидалари ва Диний идора Уламолар кенгашининг фатвоси тўғрисида аҳоли орасида нотўғи, асоссиз, бир ёқлама ахборотларни тарқатишга уринишлар бўлиб турибди. Бундай ишлардан қатъий сақланиш зарур. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиш ҳақидаги “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадисга амал қилишимиз лозим. Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, хулоса қилиш дунё ва охиратда пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган киши ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Ишончли маълумотни олиш ва аниқлашда ҳар бир соҳанинг мутахассисига мурожаат қилиш керак. Муқаддас Қуръони карим инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган: “Албатта, ҳар бир...