Яхши хулқли, одобли инсон эл-юртдан ҳамиша иззат-ҳурмат кўрган, саодат топган. Юсуф Хос Ҳожиб, Хожа Аҳмад Яссавий, Саъдий Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби барча улуғларимизнинг асарларида яхши хулқ, гўзал одоб эгалари мадҳ этилгани бежиз эмас. Ёшларнинг маънавий баркамол, ахлоқан етук кишилар бўлиб улғайишларида одоб муҳим ўрин тутади. Гўзал ахлоқларни тамомига етказиш учун юборилган Пайғамбаримизни Аллоҳ таоло “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз” (Қалам сураси, 4-оят), деб мадҳ этади. Муҳаммад Содиқ Кошғарийнинг “Одоб ас-солиҳин” (Солиҳлар одоби) асари қўлимга тушиб қолди. Мутолаа қилдим, жуда ажойиб китоб экан. Муқаддас динимиз таълимотлари асосида ҳар бир мўмин-мусулмон билиши зарур бўлган энг муҳим одоблар жамланган китобни табдил қилдик. Ўқувчига тушунарли бўлиши учун айрим ўринларда изоҳ ҳам бердик. Ахлоқ ойи Рамазонда бу китобни ўқувчиларга ҳам илиндик. Илми ирфон арбобларига равшан ва очиқ, завқу ихлос соҳибларига маълум ва аёнки, яхшиларнинг суҳбати чинакам саодатга элтувчидир. Ёмонларнинг аралашуви эса бахтсизликка бошловчидир. Бунга ҳеч шак-шубҳа йўқ. Яхшиларнинг суҳбати кўп ва хўб фойда беради. Фақат чиройли одоб шарти ила. Бас, модомики, саодат изловчи кишининг зоҳиру ботини одоб ва яхши хулқлар билан безанмаса, кўнгли тоза бўлмаса, истаган нарсаси унга фойда бермайди. Маснавий: Беадаб танҳо на худро дошт бад, Балки оташ дар ҳама офоқ зад. Яъни: Адабсиз нафақат юзини қорага бўяр, Балки бутун оламга ҳам ўт қўяр. Бас, саодат истовчилар зоҳирий ва ботиний одобларни билиб, уларга амал қилишлари зарур. Токи улар ҳам ушбу йўлда маънавий фойдалар топиб, улуғларнинг мартабаларига эришсалар. БИРИНЧИ БОБ Биринчи боб изн сўраш, саломлашиш ва кўришиш, қўл бериб сўрашиш одобларини қамраб олган. Биринчи фасл Бир кишининг олдига ҳузурига, уйига кириш учун изн сўрашнинг беш одоби бор. Биринчи одоб. Кимки бирор кишининг уйига киришни истаса, аввал у кишига эшик ортида туриб келганини билдиради. Яъни, эшикни оҳиста қоқади ёки томоғини қиради (йўталади). Иккинчи одоб. Агар ичкаридан овоз чиқса, эшикнинг орқасидан салом бериб: “Ичкарига кирсам бўладими?” деб сўрайди. Уч марта шундай изн сўрайди. Ҳар изн сўрагандан сўнг тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича кутиб туради. Учинчи одоб. Агар уй эгаси уч маротабадан сўнг ҳам киришга изн бермаса ва овоз чиқармаса, ортига қайтиб кетади. Тўртинчи одоб. Уй эгаси: “Кимсиз?” деб сўраса, отини, кимлигини айтиш керак. Аммо: “Мен дўстингизман ёки танишингизман” демаслик керак. Акс ҳолда, уй эгасида шубҳа уйғониши мумкин. Бешинчи одоб. Агар уй эгаси унга ҳамроҳ бўлса ва уни уйига бошлаб келса, эшик олдига келганида кириш учун изн талаб қилинмайди. Иккинчи фасл Саломлашишнинг тўққиз одоб бор. Биринчи одоб. Икки мўмин бир-бирига рўбарў келса, хоҳ ошно ва хоҳ ноошно бўлсин, бир-бирига салом беради. Салом бериш суннатдир. Жавоби, агар салом берилган бир киши бўлса, фарзи айндир. Агар кўп киши бўлса, фарзи кифоядир. Иккинчи одоб. “Ассалому алайкум” деб салом бериш керак. “Ассалому алайка” ёки “Салом алайкум” демаслик лозим. Учинчи одоб. Саломга алик олиш фарз. Алик олишда: “Ва алайкум ассалом” дейди. Саломга куттирмасдан алик олиш керак. Агар кечиктириб алик олинса ёки алик олаётганини салом берувчи эшитмаса, фарз соқит бўлмайди. Агар икки киши бир-бирига биринчи бўлиш мақсадида салом берса, агар бири аввал, бири кейин воқе бўлса, алик олинган бўлади. Агар иккала салом ҳам бир пайтда воқе бўлса, алик ўрнига ўтмайди, ҳар қайси алоҳида алик олиши керак. Тўртинчи одоб. Агар киши бир жамоа мўминларнинг олдига кирса, бир кишини хослаб (алоҳида...
Рамазон ойи ойларнинг ичидаги энг улуғидир. Биз мўмин-мусулмонлар бу ойни бошқа ойлардан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Хўш, нега шундай? Бунга қуйидаги матнларда жавоб бериб ўтамиз. 913
Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратди ва уни ердаги халифаси бўлишдек олий мақомга муяссар қилиш билан бирга Ўз лутфу карами ила чексиз неъматлари билан неъматлантирди. Дарҳақиқат, инсоният шу вақтгача Аллоҳ таоло яратган неъматларининг ниҳоясига ета олмаган. Ушбу неъматларнинг барчаси инсониятга синов учун ато этилган.Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади 764
Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, у қанча давом этишидан қатъий назар ўша дамларнинг шукуҳи бир умр кишини тарк этмайди, доим мунаввар туйғулар қўзғайди, ёди эзгу амалларга туртки бўлаверади. “Ҳуррият” газетасида ишлаб юрган пайтимда шундай хуш айёмларга юзма-юз бўлдим, ўшандаги каби ҳозир ҳам у тафсилотлар тийнатимда бир ёруғлик мисол жонланади. 2003 йил газетанинг августдаги сонларининг бирида рўза ойини кечирган кишининг таассуротлари ифодаланган “Истиғфор” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда, жумладан, “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Имон” китобини ўқидим” деган, яна кейинги кунлар шарҳида “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларининг бадиа тарзида дунёга келган “Имон” рисоласида баён қилинган фикрларни жами мўминларга етиб боришини таъминлаган жамият ҳам анча олдинга кетган бўларди” деган гаплар бор эди. Тўғриси, ана шу камтарона эътирофлар ҳам кимларгадир ёқмаган ва махсус идорадан вакил келиб, масаланинг моҳияти билан, яъни бунинг тагида нима гап борлиги билан қизиққан. Газета учун масъул бўлган Исмат Худоёровни анча қистовга олиб, “Нега бундай ёзади, шайх билан муаллифнинг танишлиги борми ёки ўзи махсус айтиб ёздиргандир?” сингари иддаолар қилади. (Рости, ўша йиллар тақсирга муносабат шу даражада эди). Мен раҳбарга бор гапни айтдим, домлани сиртдан биламан, ҳеч қандай муносабатим йўқ, китобларини маъқул кўриб ўқиганман, дедим. Ҳар ҳолда, ортиқча изоҳга ҳожат ҳам қолмади, буни биров талаб ҳам қилмади. Кейинчалик гап орасида воқеани ҳамкасблардан бирига сўзлаб берсам, бир оз ҳайрон қолиб, “Яхшиси, ёзганларингизни ҳазратга кўрсатинг, имконини топсангиз, ўқитиб олинг, ул зот яхши-ёмонни жуда фарқлайдилар, ҳатто китоб қилиб чиқаришга ёрдам ҳам беришлари мумкин”, деб қолди ва уй телефонларини топиб берди. Вақтни ўтказмай боғландим, гап нимадалигини тушунтирдим. Хуллас, бир ўқиб кўришга рози бўлдилар. Сентябрнинг ўрталарида хонадонларига етказдим, икки кун ўтиб қўнғироқ қилсам, “Кечикдингиз, сафарга кетиб қолдилар” дейишди. Умид билан бир мужда кута бошладим ва октябрнинг охирларида, ниҳоят, муборак овозларини эшитиш насиб этди. Мамнуният билан “Ўшанда ўқиб қўйган эдим. Маъқул, менга жуда маъқул. Энди бир дўстингизнинг таклифи билан рўза тутибсиз, менинг даъватим билан шу хилда намоз китобини ҳам ёзиб берасиз” дедилар андак мутойиба аралаш. Орадан бир оз ўтиб, чорладилар, хонадонларига қадам қўйдим, миннатдорчилик билдириб, муборак қоғозни олдим. Унда шундай сўзлар дарж этилганди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ишлаб ўтирган эдим. Бир киши сим қоқиб сўраётганини айтишди. Улаб қўйишларини илтимос қилдим. Янги таниш рўза тўғрисида бир нарса ёзганини, у матбуотда қисман нашр қилинганини, ўқувчилар турли фикрлар айтганларини ва менинг ҳам фикримни билмоқчи эканини айтди. Бир неча бор сим орқали мулоқотдан кейин юзма-юз учрашдик. Муҳтарам Ҳаким Сатторий бизда кўпчилик эски мафкурага ўрганиб қолганидан ибодатга бемалол киришиб кета олмаётган шахслар ҳам борлигини, рўза ҳақида ўзи ёзган асар ўша тўсиқни йўқ қилишга хизмат қилармикан, деган умидда эканлигини айтди. Бу гап эътиборимни тортди. Бировнинг ёзганини кўриб беришга рағбатим ва имконим йўқлигига ҳам, чет эл сафарига шайланиб турганимга ҳам қарамасдан қоғозларни олиб қолдим. Дастлабки саҳифани ўқиш билан қизиқиш ортиб, борини ўқиб чиқдим ва сафар давомида ҳам “Истиғфор” ҳақида гапириб юрдим. Бу асардаги гаплар мулланинг одатдаги ваъзи ҳам, илмий битиги ҳам эмас, балки рўза ибодатини ўз бошида яшаган кишининг дил сўзлари эди. Рўза тутган кишининг, бу ажойиб ибодатни яшаб, атрофлича ҳузур қилган шахснинг ўз ўқувчилари билан ибодат ҳузурини баҳам кўриши эди. Имон ҳаловати ва ибодат ҳузурининг ўзига хос, мисли йўқ нашъаси бор. Худди ўша ҳолат муҳтарам...
Рамазон рўзасини тутиш одамнинг иммун тизимига таъсир қилади ва шу сабабдан коронавирус юқтириш эҳтимоллиги ортадими? Кун давомида рўза тутиш оқибатида одамнинг иммунитети заифлашади, бу эса вирус юққанда салбий ҳолатларга олиб келадими?.. Худди шу каби саволларни менга жуда кўп маротаба беришяпти. Мен биолог сифатида рўза тутиш ва иммун тизимининг пасайиши орасидаги муносабатларга оид ўндан ортиқ илмий ишларни кўриб чиқдим. Шулар асосида Сизга қуйидагиларни айтишим мумкин. Хулоса қилиш ўзингиздан. Одамнинг иммун тизими асосан қон плазмасидаги иммуноглобулинлар ва қоннинг шаклли элементларидан бўлган оқ қон таначалари (лейкоцитлар)га боғлиқ. Мана шуларга Рамазон рўзасининг таъсири қандай бўлиши тўғрисида жуда кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилган. Жумладан, ҳайвонларда ўтказилган тадқиқотларда рўза тутиш пайтида иммуноглобулин А (IgА)нинг ичак шиллиқ қаватидаги экспрессияси (фаолияти), моноцитларнинг микробларни ўлдириш хусусияти, табиий қотил-ҳужайра (лимфоцитлар) ва макрофагларнинг фаоллиги ошганлиги аниқланган. Одамларда ўтказилган тажрибаларда 35 нафар соғлом эркакда Рамазон рўзасининг иммун тизимига таъсири кузатилган. Бунда рўзадан аввалги ва рўзадан кейинги иммун тизим кўрсаткичлари солиштириб текширилган. Аниқланишича қон плазмаси таркибидаги IgG миқдори камайган, лекин нормадан тушиб кетмаган. Сўлак таркибидаги IgА нинг ҳам миқдори камайган, плазмадаги IgМнинг миқдори эса умуман ўзгармаган. Лимфоцитлар сони эса аксинча кўпайган. Макрофагларнинг фаоллиги ошган. Нейтрофилларнинг сонида ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган. Умумий ҳолдаги тана бўйлаб айланиб юрувчи иммун тизим комплексида ҳам ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаган. Мутахассислар тажрибалар натижасида рамазон рўзаси одам иммун тизимига ҳеч қандай жиддий салбий таъсир кўрсатмайди деб хулоса қилишган. Иммун тизимидан ташқари организмнинг бошқа хусусиятларига рўзанинг таъсири ҳақида ҳам ўнлаб тадқиқотлар қилинган. Булар ҳақида ҳам батафсил ёзгим келмоқда, лекин сизларнинг вақтингизни олиб постни чўзмайман. Хулоса сифатида тиббиёт йўналишидаги машҳур илмий журналлардан бири бўлган «Frontiers in Neuroscience»да 2019 йилда австриялик олимлар рўза тутишнинг саломатликка таъсири ҳақида ёзган мақолаларидаги ушбу гап билан якунлайман: «Бизнинг натижаларимиз узлуксиз рўза тутиш организмда вирусли касаллик юзага келган вақтда иммун тизими ва касалликка реакция бериш хусусиятини сусайтирмаслигини, аксинча оширишини кўрсатиб берди». Манба: Xabar.uz 783