Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан каронавирус юқумли хасталигини тез орада инсоният бошидан аритиш мақсадида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Бугунги фазилатли жума айёмида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилликлари жами 21 бош қора мол, туман-шаҳарлар марказий масжид имом-хатиблари ташаббуси билан ҳомийлар жалб қилинган ҳолда, 386 бош қўй сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилинди. Диний соҳа ходимлари 6 543 та нажот сўраш намозини адо этдилар. 1 466 301 та “Солатун ножия”, 1 277 537 та “Солатун нория”, 234 055 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуо, 207 390 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” суралари ўқилди. Ушбу хатми Қуръонлар, салавотлар ва хайрия ишларининг якуний дуолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент шаҳридаги «Сузук ота» мажмуасида юртимиздаги энг табаррук уламолар томонидан амалга оширилди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида халқимиз томонидан катта ташаббус кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали хабар топган юртдошларимиз ўз уйларида, оила аъзолари билан хатми Қуръон ва “Солатун ножия”, “Солатун нория” каби улуғ дуоларни ўқишга киришдилар. Қийинчилик, мусибат даврида жипслашолишимиз, бир тану бир жонга айлана олишимизни кўрсатди. Бугун эрта тонгдан бошлаб Диний идорага аҳолимиздан қўнғироқлар тинмади. Уларда ихлоси баланд азизларимиз: “Биз шунча хатмона қилдик, бунча саловоти шарифлар ўқидик, бизни ҳам ёзиб қўйинг”, дея хабар бердилар. Бугун соат 12-00 гадар Диний идорага келиб тушган маълумотларга кўра, юртдошларимиз томонидан 17 та қўй сўйилиб, ҳақдорларга эҳсон қилишган. 213 маротаба хатми Қуръон қилишган, 271 690 киши нажот сўраш намозини адо этишган. 656 864 та “Солатун ножия”, 612 053 та “Солатун нория”, 199 343 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуоларни, 350 466 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқишган. Бундан ташқари, қанчадан-қанча юртдошларимиз айтишга ботинмаган ёки хуфёна тарзда ибодат ва тасбеҳу дуоларда бўлишган. Халқимиз орасида Аллоҳ таолонинг валий бандалари, дуолари мустажоб чин дўстлари бор. Уларнинг биргина дуолари балоларни аритиши, енгиллик ва кушойишлар келтириши мумкин. Ана шундай азизларимиз ҳам дуоларда бўлдилар, иншоаллоҳ. Синовли дамларда бутун халқимиз чин ният ва ихлос билан қилган хайрия, эҳсон ва қурбонликлар, кўплаб хатми Қуръон, дуои саловотлар шарофатидан юртимиз, қолаверса, бутун дунёда каронавирус юқумли касаллиги тез орада чекинсин, берморларга комил шифо берсин, масжидларимиз ҳам яқин вақтлар ичида очилиб, мўмин-мусулмон халқимиз билан обод бўлсин! Манба:Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 961
Коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида «Ўзбектелеком» АК ўзининг симли интернети ва мобил алоқаси («ЎзМобайл» филиали) абонентлари учун карантин даврида қатор оммавий ахборот воситалари сайтлари ҳамда таълим манбаларидан бепул фойдаланишни йўлга қўйди. Шунингдек, мобил алоқа абонентлари учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ягона «1003» қисқа рақамли ишонч телефонига бепул қўнғироқларни амалга ошириш ҳамда «ZiyoNET» тармоғидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этади*. Тўлиқ ва ишончли маълумот ҳамда масофавий таълим олиш учун 2020 йил 20 мартдан 1 майгача UZTELECOM абонентлари чекловсиз ва интернет трафик сарф этмаган ҳолда қуйидаги манбалардан фойдаланишлари мумкин: Онлайн ОАВ: http://daryo.uz http://gazeta.uz http://kun.uz http://podrobno.uz http://repost.uz http://spot.uz http://uzreport.news http://uznews.uz http://xabar.uz Таълим бўйича веб-манбалар: http://edumarket.uz http://eduportal.uz http://emis.uzedu.uz http://itschool.uz http://itsm.uz http://kitob.uz http://kundalik.com http://online-maktab.uz http://stat.uzedu.uz http://talim.uzedu.uz http://uzedu.uz http://utube.uz Коронавирус тарқалишининг интерактив харитаси: http://coronovirus.uz «1003» қисқа рақами орқали кечаю кундуз фаолият юритадиган ишонч телефонига қўнғироқлар ҳам мобил алоқа абонентлари учун доимий тарзда бепул бўлади. Ахборот марказига коронавирус инфекцияси билан боғлиқ саволлар, кишининг ва унинг яқинлари саломатлиги ҳолати бўйича мурожаат қилиш мумкин. Бундан ташқари, «1003» рақами орқали мутахассислардан «тиббиёт нуқтаи назаридан асосли жавоблар ва тавсиялар» олиш мумкин. «ZiyoNET» тармоғи —ўсиб келаётган авлодга таълимга оид манбаалардан фойдаланишни ташкиллаштириш имкони беради. «ZiyoNET» ахборот ресурслари ягона реестри билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин. * Эслатма! Бепул фойдаланиш қуйидаги шартларда тақдим этилади: абонент ҳолати фаол бўлиши керак; бепул кириш таъминланган манбаларнинг IP-манзиллари ўзгартирилганда, шунингдек кўрсатилган сайтлар ва иловаларга кирмайдиган трафик учун (учинчи томон хизматлари ва иловаларни ишлатишда пайдо бўладиган смартфон операцион тизимидаги трафик) ўзгартирилганда, абонент тариф режасига биноан ёки асосий балансдан ушбу манбаларга кириш учун тўлов олинади. Прокси-сервер (шу жумладан VPN) орқали ишлайдиган сайтлар ва дастурларга киришда бепул кириш таъминланмайди. «ZiyoNET» хизматдан бепул фоийдаланиш фақатгина GSM стандартидаги мобил алоқа абонентларига тақдим этилади. Манба: xabar.uz 1 214
Бугун, 19 март куни фазода «сайёралар паради» кузатилади. Астрономларнинг маълум қилишича, бу сафар Сатурн, Юпитер ва Марс Ойга яқин келади. «Сайёралар паради» – фазовий ҳодиса ҳисобланади. Бу вақтда бир нечта сайёра қуёшнинг бир томонида ўзаро рўбарў келади ва унча катта бўлмаган сектор томон яқинлашади. “Тўғрисини айтганда, биз сайёраларнинг «миниатюра парадини» кутяпмиз. Чунки навбатдаги ҳодисада атиги учта сайёра иштирок этади, тўртинчи иштирокчи – Ой”, дейилади Москва планетарияси матбуот хизмати тақдим этган маълумотда. Таъкидланишича, ушбу ҳодисани кузатишлари мумкин. Бунинг учун ҳаво булутсиз, очиқ бўлса бас. Шунингдек, жанубий кенгликларда яшовчилар «сайёралар паради»ни томоша қилиш учун кўпроқ имкониятга эга. Албатта, бунда ҳам осмон булутсиз бўлса. Ушбу ҳодисани эрта тонгда, қуёш чиқишидан бир соат олдин, 60 дақиқа давомида кузатиш мумкин. Манба: qalampir.uz 829
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди. Бугунги кунга келиб ушбу хавфли инфекция 160 дан ортиқ мамлакатда тарқалди. Дунё миқёсида касалланганлар сони 190 минг нафарга етди, 7,5 минг ўлим ҳолати қайд этилди, 81 мингдан зиёд бемор тузалди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди. Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда юртмизда унга чалинган беморлар сони 15 нафарга етди. Бу вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилган эди. Шу боис Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишининг олди олинди. Ҳозирда 6 мингга яқин киши карантинга олинган. Одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган. 16 мартдан бошлаб барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 80 минг талаба марказлашган ҳолда уйларига жўнатилди. Ҳар бир ҳудудда ҳокимлар раҳбарлигида махсус штаблар ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда. Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди. Бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратилди. Хориждаги юртдошларимиз чартер авиарейслари орқали Ватанимизга қайтарилмоқда. Чегараларда ҳаракат чекланди, аммо транспортда юк ташиш тўхтатилгани йўқ. Мамлакатимизга кўплаб хорижий ва маҳаллий юк ташувчилар кирмоқда ҳамда чиқиб кетмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халқимизга мурожаат қилди. – Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади. Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир. Иккинчидан, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бу борадаги ишларни кучайтириши керак. Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим. Барча давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлар, муҳтарам нуронийларимиз, маҳалла ва хотин-қизлар, ёшлар бирлашмалари фаоллари оммавий ахборот воситалари орқали холис ва ҳаққоний, кенг тушунтириш ишларини кучайтиришига ишонаман. Учинчидан, мажбурий таътил пайтида фарзандларимиз ўқув машғулотларини давом эттиришлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видеодарслар туркуми йўлга қўйилди. Телерадиоканалларимиз ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тарихимиз, бой маданиятимизга оид кўрсатув ва эшиттиришлар, ёшларимиз учун фойдали ва қизиқарли бадиий дастурлар, кинофильмларни кўпайтириши лозим. Ҳурматли ота-оналаримиз ўз фарзандларини жаҳон ва миллий адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари билан таништиришга ҳаракат қилсалар айни муддао бўларди. Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини “пиар қилиш”ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади. Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни...