islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Музораба таърифи ва татбиқ этиш кайфияти

Музораба, сармоя эгаси билан музораба ишини юритувчи (бундан кейин ишчи дейилади) орасидаги тижорат шартномаси бўлиб, ҳар бир келишув ниҳоясида фойда улар ўртасида маълум нисбатга кўра тақсим қилинади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасига юкланади. Музораба амалини юритувчи эса, бу жараёнда иш ёки меҳнатига куяди. Яъни, ушбу шартномада сармоя эгаси бир тараф, ишни идора қилиш ва сармояни тасарруф қилиш иккинчи тарафдан содир бўлади. Музораба шартномаси билан икки тарафнинг, сармоя эгаси ва ишчининг манфаатлари юзага чиқади. Биринчи тарафнинг сармояси бўлса-да, лекин у билан тижорат қилишда вақти ёки тажрибаси бўлмайди. Иккинчи тарафнинг эса тижорий ишларида билими бўлади-ю, лекин ушбу билимни амалда қўллаш учун баъзан маблағи бўлмайди. Музорабанинг шариатда жоизлигига тижоратни мубоҳ қилган Қуръон оятларининг умумий ёки мутлақ маънолари далолат қилади. Аллоҳ таоло “Муззаммил” сурасининг 20-оятида марҳамат қилади: “…ва бошқалари ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини…” Бақара сурасининг 198-оятида шундай дейилади: “Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир”. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик даврларида Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг моллари билан Шом шаҳрига бориб музораба қилганларини рисолат келгандан кейин иқрор қилдилар. Саҳобалар музораба билан шуғулланишар, улардан бирортаси бу ишга қарши чиқмас эди ва музорабанинг жоизлигига уламолар ижмоъ қилишган. Музорабани амалга ошириш ёки татбиқ қилиш осондир. Банк ёки ундан бошқа тараф сармоя эгаси сифатида молни тақдим қилади. Иккинчи тараф эса фойдадан келишилган муайян улуш эвазига ушбу молни кўпайтириш ҳамда моддий самарасини ошириш мақсадида меҳнат қилади. Музораба муддати ниҳоясида, шартнома бандларидан бири бажариб бўлингач ёки келишувдаги бизнес режа охирига етгач ёки даврий босқичлардан бири якунлангач ёки бизнес режа босқичларидан бир нечтаси амалга ошгач, нақд пул қўлга тушса, сарф харажатлар қопланиб, қолган соф фойда келишувга кўра тақсимланади. Қачон зиён бўлса, ушбу зиён сармоя эгаси сифатида банк ёки унинг ўрнидаги бошқа сармоядорнинг зиммасида бўлади. Банк фойдаларни тақсимлашдан олдин сармояни қайтариб олади. Бу, фойда сармоясини сақлаб қўйиш, қоидаси асосида бўлади. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси  ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 273

Нақшбандия машойихлари(2). Салмон Ал-Форсий (розияллоҳу анҳу 2-қисм)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақида шундай деди: “Аввал кетиб, пойгада ғолиб келганлар тўртта кишидир. Шу тўрттадан бири – Салмон Форсийдир. Салмон – бизнинг аҳли байтимиздир. Жаннат интизор бўлган кишилардан бири Салмондир. Аллоҳ таоло асҳобимдан тўрт кишини севади, улардан биттаси Салмондир”. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ниҳоятда ғани кўнгилли, зоҳид бир зот эди. Зохидларнинг буюклари орасида эди. *** Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Кинда қабиласидан бир хотинга уйланган эди. Хотинининг хонасига кирганда, хонанинг қимматбаҳо тошлар билан безалганини кўриб, “уйимиз қиздирилган жаҳаннам бўлдими ёки Кинда қиблага айландими?” дея хитоб қилди.  – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дунёдаги нарсанг бир йўлчининг кўтара оладиган нарсаси қадар бўлиши керак, деб тавсия этди,  – деди у. Кейин хонадаги безаклар олиб ташланмагунча хонага кирмади. *** Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақида сўраганларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу шундай жавоб берди:  – У шундай бир денгиздирки, илмнинг аввалини-охирини олди, аммо тошмади. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Ҳузайфа бин Яман розияллоҳу анҳу билан Набтияга кетди. У ерда намоз ўқиш учун бир жой ахтарди. Ўша ердаги бир кофир хотин унга:  – Қалбингни тозала ва истаган жойингда намоз қил!  – деди. Бу гапдан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу йиғлади ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга шундай деди:  – Бу сўзни ҳикмат ўлароқ кофирнинг қалбидан ол! *** Салмон Форсий розияллоҳу анҳу кеча қоронғилик тушганда намоз ўқий бошларди. Намоздан чарчаса, тили билан Аллоҳни зикр эта бошларди. Тили зикрдан чарчаса, Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига далолат этган оятларни мушоҳада этар, унинг буюклиги ҳақида ўйлай бошларди. Кейин ўз нафсига шундай дерди: – Дам олдинг, энди намозга қалқ! Бир муддат намоз ўқиганидан сўнг, ўз тилига шундай дерди: – Дам олдинг, энди Аллоҳни зикр эт! Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг кеча бўйича ҳоли шу эди. *** Салмон Форсий розияллоҳу анҳу хутба ўқирди. Эгнида битта абоси бор эди. Бир қисмига ўраниб, бир қисмини ерга тўшаб, ўтирарди. Унинг бориб ичида ўтириш учун, дам олиш учун бир уйи йўқ эди. Шу боис, доим соя ахтарарди. Топса, бориб ўтирарди. Маошининг ҳаммасини тарқатарди, ундан нон емас эди. Фақат ўз қўли билан меҳнат қилиб топган нонни ерди. У хурмо япроғидан сават тўқиб сотарди. Бундан бириктирилган маблағга гўшт ёки балиқ оларди. Уларни пишириб, жуззом (мохов) касалига мубтало бўлган одамларга едирар эди. Ўзи ҳам улар билан бирга ерди. *** Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бир нарсани ташимоқчи бўлса, ўзи елкасига олиб таширди. Унинг фақирларга хос кийими бор эди. Уни танимаган йўлда учратганлар уни масхара қилишарди. Улар бу зотнинг ўз шаҳрининг хокими, волийси эканини билмас эдилар. Баъзан унинг волий эканини билиб, у елкасида ташиган юкни олмоқчи бўлишарди, аммо у шундай дерди:  – Йўқ, кўтариб борадиган жойимгача ўзим олиб боришим керак. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўз турмушини шундай изоҳларди:  – Сават тўқиш учун хурмо япроғини бир дирҳамдан оламан. Ундан тўқиганим саватни уч дирҳамдан сотаман. Бу уч дирҳамдан бирини япроқ учун тўлайман. Бир дирҳамини садақа сифатида тарқатаман. Бир дирҳами билан оиламни боқаман. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳеч кимдан садақа, закот олмас эди. Қуллардан бири Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга:  – Мени пул эвазига озод қил, – деди.  – Бу пулни қаердан топмоқчисан?  – деб сўради Форсий розияллоҳу анҳу.  – Пулим йўқ, – деди қул....

Пайғамбарлардан мерос

Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлар орасида аввалги Пайғамбарлардан сақланиб қолган бир гап шуки: агар уялмасанг, хоҳлаган ишингни қил!” (Бухорий ривоятлари). Улуғ олимларимиз мазкур ҳадисни уч хил шарҳлаганлар. Қуйида биз ҳадисга берилган учала маънони келтириб ўтамиз. Биринчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ феъли таҳдид-ваъидни ифодалайди. Унда ҳадис маъноси қуйидагича шарҳланади: Агар сенда ҳаё бўлмаса, хоҳлаган ишингни қилавер. Албатта Аллоҳ таоло сени қаттиқ жазолайди! Амр-буйруқ феълининг таҳдид маъносида келиши қуйидаги ояти каримада ҳам кузатилади: “(Эй кофирлар), хоҳлаган ишингизни қилаверинглар. Албатта У қилаётган ишларингизни кўриб турувчидир”. (Фуссилат сураси, 40-оят). Иккинчи маъноси: Ҳадисдаги буйруқ хабар маъносини ифодалайди. Яъни беҳаё кимсалар хаёлларига нима келса қилаверадилар. Чунки ҳаё инсонни қабиҳ-разил одатлардан тўсиб туради. Ҳаёсиз махлуқлар эса бузуқлик ва тубанлик балчиғига ботадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам буйруқ феъли хабар маъносини ифодалаб келган: “Кимда-ким менинг ишимда мен айтмаган гапни гапирса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”. Яъни, у жойини жаҳаннамдан тайёрлабди. Учинчи маъноси: Буйруқ мубоҳликни билдиради. Яъни, агар сен бир ишни қилишдан Аллоҳдан ҳам, одамлардан ҳам ҳаё этмасанг, модомики у шариатда қайтарилмаган бўлса, уни қилавер, рухсат. Зеро шариатда қайтарилмаган ҳар қандай амал мубоҳдир. Юқоридаги шарҳлар орасида албатта биринчи келтирилгани кучлироқдир. Бироқ имом Нававий (Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин) учинчи маънони рожиҳ-кучли санаганлар. Абу Убайд Қосим ибн Салом, Ибн Қутайба ва Муҳаммад ибн Наср Марвазийлар иккинчи маънони ихтиёр этишган. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов 149

“Туҳфатул атфол” хатмонаси

“Албатта, Аллоҳнинг китоби (Қуръон)ни тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотди (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Аллоҳдан ажр мукофот бўлиши)дан умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва ўз фазлу карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта, У мағфиратли ва шукр қилувчи (озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилувчи)дир” (Фотир, 29-30). Оиша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: “Қуръонни муҳаббат билан тиловат қилувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчига эса икки баровар кўп ажр бўлади”. Агар Қуръон ўқувчи тиловатни мукаммал адо этса ва бу ишда бардавом бўлса, юксак даражаларга эришади, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ бандалар билан жамлайди. Қуръони каримни ўрганиш учун кўплаб китоблар таъсис этилган, назмий ва насрий баёнлар битилган. Мана шундай манзумалардан: “Туҳфатул-Атфол”, “Матнул Жазарий” ҳамда “Матнуш Шотибий” кабилар шулар жумласидандир.Тошкент ислом институтининг 403-гуруҳ талабаси Робия Нажмиддинова Бухоро шаҳар, “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртида педогогик амалиётини ўташ даврида, талаба қизлар ноябрь ойининг аввалида Шайх Сулаймон Жамзурийнинг “Туҳфатул-Атфол фий илмит тажвийдил Қуръан” номли манзумаларини ёдлашни бошлашган эди. Мазкур манзумани қисқа муддат ичида ёдлаб, ҳукмларини ўрганишга муваффақ бўлган қизлар орасида 12-декабрь куни мусобақа уюштирилди. Иштирокчиларнинг ҳифзи, тажвиди ва тараннумини “Мир Араб” ЎМИБЙ қироат устози А.Абдуссомадов баҳолади. Мусобақа 3 йўналишда 100 баллик системада баҳоланди. 1-ҳифз йўналиши (50), 2-тажвид йўналиши (30), 3-тараннум бўлиб, (20) баллик системада баҳолаб борилди. Беллашув ғолибалари ва фаол иштирок этган талабаларга ҳам фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди. Совринларни билим юрти мудири А.Иноятов ҳамда мударрис Ж.Мавлоновлар топширдилар. Тадбир сўнгида гўзал дуолар қилинди. Аллоҳ таолодан амалиётчи Р.Нажмиддинова ҳамда толиба қизларимизнинг олган илмларини барокотли қилишини, уларни Қуръон ҳофизаларидан, жамият ва диннинг ходималаридан қилишини сўраймиз. Маънавият, маърифат иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими, талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 200

Тошкент ислом институтида “Қуръони карим ва тажвид” ўргатиш ўқув курси иккинчи давраси ўз ниҳоясига етди

Юртимизда турли соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар бўлмоқда. Юртимиз мусулмонларининг Қуръони каримни ва уни ўрганиш тили бўлган араб тилидан таҳсил олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида Қуръони карим ва тажвид ҳамда Араб тили пуллик ўқув курслар ташкил этилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига мувофиқ, Тошкент ислом институтида ташкил этилган Қуръони карим ва тажвид ўқув курсининг иккинчи давра тингловчилари ўқув машғулотларини тўлиқ тамомлади. Бугун, 13 декбрь куни Тошкент ислом институтида мазкур ўқув курсларининг иккинчи давра тингловчиларига билим юрти томонидан “Қуръони Карим ва тажвид курси”ни якунлаганини тасдиқловчи маълумотномалар топширилди. Тадбирда, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров, Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ёқубжон Бухарбаев ва мазкур курсда ўқув машғулотини олиб борган ўқитувчилар иштирок этди. Институт ректори битирувчи тингловчиларни табриклаб маълумотномаларни ўз эгаларига топширди. Эслатиб ўтамиз, ЎМИнинг 2018 йил 30 августдаги 01А/088-сонли буйруғи асосида институтда ташкил этилган ўқув курсларида ўқиш истагида бўлган 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Араб тили” ва “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсларига  ҳафтанинг ҳар шанба куни соат 09:00 дан 14:00 гача Тошкент ислом институти белгиланган тартибда жорий қилинган рўйхат асосида ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ўқув-услубий бўлими услубчиси Усмонхон Баҳодирхонов 366
1 522 523 524 525 526 656