Жазоир оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Индонезия давлатларидаги масжидлар, мадрасалар ва бошқа диққатга сазовор тарихий обидаларда туркум кўрсатувлар тайёрламоқда. Теледастурлар Рамазон ойи мобайнида Жазоир телеканалларида ва интернетдаги видео порталларда намойиш этилади. Бугун 26 апрель куни мазкур телеканал Рамазон теледастурларининг навбатдаги сонини Ҳазрати Имом мажмуасида суратга олди. Шу аснода Тошкент ислом институтида ҳам кўрсатувнинг бир қисми тайёрланди. Институт Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Жаҳонгир Мелиқўзиев мухбирларга Олий маъҳад тарихи ва бугунги кундаги фаолияти тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018” ғолиби Йўлдош қори Нуриддинов ҳам кўрсатув учун интервью берди. 532
Бугун, 26 апрель куни Уфа шаҳрида “Ёшлар экстремизми: замонавий вазият ва қарши туриш йўллари” номли Умумроссия илмий-амалий анжумани ўтди. Уфа илмий-амалий анжумани Россия Федерацияси Таълим ва фан Вазирлиги, Россия мусулмонлари марказлашган диний идораси, Бошқирдистон Республикаси раҳбарияти қошидаги давлат-конфессионал муносабатлари бўйича Кенгаш раҳнамолигида ташкил этилмоқда. Ушбу нуфузли анжуманда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Диний таълим бўлими бошлиғи Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровлар иштирок этимоқдалар. Анжуман доирасида “МДҲ мамлакатлари мусулмонлари диний идоралари: диний бирдамлик халқаро экстремизмга қарши курашиш йўлидаги омилдир” номли халқаро форум бўлиб ўтади. М.Акмулла номидаги Бошқирдистон давлат педагогик университети, Россия мусулмонлари Марказий диний идораси қошидаги Россия ислом университети мазкур халқаро форумнинг ташкилотчилари саналади. Форумда МДҲ мамлакатлари ҳудудида экстремизмга қарши курашиш йўллари ва шаклларини кўриб чиқиш ҳамда биргаликда қўшма таклифлар ишлаб чиқиш ва ушбу масала бўйича тавсиялар бериш; МДҲ мамлакатлари ҳудудидаги диний таълим муассасалари ва ташкилотлари ҳамкорлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини ривожлантириш бўйича ечимларни шакллантириш каби масалалар муҳокама этилади. Анжуман иши давом этмоқда. 498
Бугун Олмазор туманидаги Ёшлар иттифоқининг маданият саройида 21-24 апрель кунлари бўлиб ўтган эркаклар ўртасида «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018»нинг Республика босқичи ўз ниҳоясига етди. Аввал хабар берганмиздек, институтимиз 3-курс талабаси Нуриддинов Йўлдошбек қори Иброҳим ўғли «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018»нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳиби бўлиб, Президент совғаси – Ласетти автомобили билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими ниҳоясига етгач, Президент совғаси – Ласетти автомобили Йўлдошбек қорининг устозлари ва курсдошлари ҳамроҳлигида Тошкент ислом институтига олиб келинди. Маъҳад ховлисида ғолибни кутиб олиш учун раҳбарият, устозлар ва талабалар ҳозир бўлишди. Йиғилганлар Йўлдошбек қори ва падари бузрукворларини бағирларига босиб муборакбод этдилар ва беихтиёр қўллар дуога кўтарилди. Барчага Қуръони карим нури ва барокати насиб бўлишини ва халқимизни Каламуллоҳ зиёсидан баҳра қилган мусобақа ташаббускорлари, ташкилотчилари ва иштирокчилари ҳақига қалбдан дуолар қилинди ва ғолиб бўлган Йўлдошбек қорининг кейинги ишларига ҳам баракалар тиланди. 478