islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Динимиз аҳкомлари

Бўлимлар

ФАРИШТАЛАРГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ ТУШУНЧАСИ

Фаришталарга борлигига қатъий ишониш иймон рукнларидан бўлиб, уларнинг мавжудлигига ҳамда сифатлари ва бажарадиган ишлари Қуръон ва Суннатда айтилганидек эканига қатъий ишонмагунча, банданинг иймони тўғри бўлмайди. Фаришталарга иймон келтириш ҳақида Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам жуда кўплаб хабарлар келган: “Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) иймон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига (ҳаммасига) иймон келтирди” (Бақара сураси, 285-оят). Ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган: عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بَارِزًا يَوْمًا لِلنَّاسِ فَأَتَاهُ رَجُلٌ فَقَالَ: مَا الْإِيمَانُ ؟ قَالَ: « الْإِيمَانُ أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ، وَكِتَابِهِ وَلِقَائِهِ وَرُسُلِهِ، وَتُؤْمِنَ بِالْبَعْثِ ». أَخْرَجَهُ الْبُخَارِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамларнинг олдиларига чиқиб турган эдилар. Бир киши у зотнинг ёнларига келди ва: “Иймон нима?”, деб сўради. У зот: “Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Китобига, Унга йўлиқишга, Унинг Пайғамбарларига ва қайта тирилишга ишонмоғингдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 258

АЛЛОҲ ТАОЛОГА БЎЛГАН МУҲАББАТНИ “ИШҚ” ДЕЙИШ МУМКИН ЭМАСМИ?

Маълумки, Аллоҳ таолога нисбатан муҳаббатли бўлиш мўмин банданинг муҳим одобларидан ҳисобланади. Баъзи уламолар Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни “ишқ” калимаси билан ифодалашни жоиз эмас деб ҳисоблаганлар ва бу ҳақда қуйидаги маънодаги сўзларни айтганлар: “Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат ишқ билан васф қилинмайди. Чунки ишқ шаҳват аралашган муҳаббатдир. Шунинг учун бу калимани Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатда қўллаш беодоблик саналади. Бу истилоҳ Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам келмаган, энг яхши асрларда яшаган зотлардан ҳам ҳеч ким Аллоҳ таолога ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ишлатишмаган. Фақат кейинроқ жоҳил сўфийлар томонидан истиора (кўчма маъно) шаклида ишлатила бошланган”. Демак, ушбу қарашга кўра Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатда ишқ калимасини ишлатганлар беодоблик қилганлари келиб чиқади. Аммо Сўфи Оллоҳёр бобомиздек соф эътиқод ҳимоячиси бўлган уламоларнинг асарларида эса ишқ калимасининг ишлатилганига гувоҳ бўламиз. Шу ўринда табиий равишда бу калимани ишлатиш мумкин бўлмаса, ишлатганлар беодоблик қилганларми, агар ишлатиш мумкин бўлса, юқоридаги далилларни қандай тушунамиз, деган саволлар юзага келади. Бу саволларга жавоб топиш учун “ишқ” калимасининг маъноларини ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Ишқ” калимаси луғатда “қалбнинг бирор нарсага қаттиқ боғланиши” маъносини англатади. Масалан, “фалончи фалон нарсага ошиқ” дейилса, “фалончининг қалби фалон нарсага қаттиқ боғланган”, деган маъно тушунилади. Қалбнинг боғланиши эса фақат шаҳват билан бўлмайди, балки унинг шаҳватсиз қаттиқ боғланиши мумкинлиги ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳисобланади. Демак, ишқ калимаси икки хил маънода ишлатилади: 1. Ишқ – қалбнинг бирор нарсага фақат яхши кўргани учун бошқа бирор таъмасиз қаттиқ боғланиши; 2. Ишқ – қалбнинг бирор нарсага нафснинг шаҳвоний эҳтиёжини қондириши учун қаттиқ боғланиши. Шунга кўра, мўмин банданинг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини ишқ калимаси билан ифодалаб бўлмайди, дейиш ишқ калимасининг маъноларидан бирини инкор қилиш бўлиб қолади. Баъзи замон ёки баъзи маконларда ишқ калимасининг мазкур икки хил маъносидан бири иккинчисидан устун бўлиб кетган бўлиши мумкин. Масалан, бир юрт аҳолиси ишқ деганда фақат нафснинг шаҳвоний эҳтиёжини қондириши учун қалбнинг қаттиқ боғланишидан бошқа маънони тушунишмаса, ўшалар учун Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни ишқ калимаси билан ифодалаш ҳаром бўлади. Аммо бу ҳукм улардан бошқа мазкур калиманинг икки хил маъносини ҳам ўз ўрнида ишлатадиганларга тааллуқли бўлмайди, чунки булар ушбу калимани ўз ўрнида ишлатган бўладилар. Шунга кўра, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни ишқ сўзи билан ифодалаш истеора ҳам ҳисобланмайди. Чунки истиора бўлиши учун бир сўз ўз ўрни бўлмаган жойда кўчма маънода эканини ифодаловчи далиллар билан ишлатилиши керак бўлади. Масалан, “мажлисда ўтирган денгизни кўрдим” дейиш каби. Ишқ калимаси Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам келмагани учун ишлатиб бўлмайди, деган гап ҳам уни ишлатиш жоиз эмаслигига етарли далил бўла олмайди. Чунки бу сўзни ишлатиш жоизлиги Қуръон ва Суннат билан собит бўлмаган бўлса ҳам, шаръий масдарлардан бири бўлган ижмоъ билан собит бўлган, дейиш ҳам мумкин. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатда ишқ калимаси яхши кўриш маъносида ўз ўрнида ишлатилган бўлади. Фақатгина бу калимани юқоридаги мулоҳазалар эътиборидан маълум бир қавмларнинг ҳузурида ишлатмаслик афзал бўлиши мумкин, холос. Сўфи Оллоҳёр бобомизнинг “Саботул ожизийн” асарида бу калиманинг қандай ишлатилганига эътибор берайлик: Кел, эй содиқ ҳариси ишқи Ҳақ бўл, Кўнгил ёрони бир-ла ҳамсабақ бўл. Яъни, эй ҳақиқий иймон келтирган дўстим, кел, Ҳақ таолога бўлган ишқни ардоқлагувчи бўлгин, кўнгил дўстлари, яъни, ишқни англагувчи ва уни...

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (учинчи мақола)

Демак, ушбу қарашларни айтган уламоларнинг наздларида барча нарсалар ўзларининг тилларида сўз билан тасбеҳ айтиб турадилар. 2. Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалардан чиқадиган овозлар уларни биладиганлар учун ҳақиқатан тасбеҳдир. Уларнинг бу тасбеҳларини фақат пайғамбарларгина биладилар. Ақлсиз мавжудотларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади, деган уламолар ўзларининг қарашларини қуйидагича тушунтирганлар: “Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Яъни, мўмин инсонлар “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” дейдилар. Аммо ақлсиз ҳайвонлар ва жонсиз нарсалар сўз билан тасбеҳ айтмайдилар. Балки уларнинг борликлари ва ақллар ҳайратда қоладиган даражадаги хусусиятлари Буюк Яратувчининг ягоналигига ва мислсиз улуғлигига гувоҳлик беради. Ана шу далолат уларнинг тасбеҳлари ҳисобланди. Зеро ҳикматли сўзда: لِسَانُ الْحَال أَفْسَحُ مِنْ لِسَانِ الْقَال “Ҳол тили (ҳолат далолати) қол тилидан (тил билан айтишдан) кўпроқ маъно англатади”, дейилган. Мазкур мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари икки хил тафсир қилингани сабабли оят давомида келган “Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” деган сўзнинг маъноси ҳам табиий равишда икки хил тафсир қилинган: 1. Уларнинг тилларини тушунмаганларингиз сабабли айтаётган тасбеҳларини англамайсизлар, ёки уларнинг айтаётган тасбеҳларини идрок қилиш сизларга оғир бўлгани сабабли англамайсизлар; 2. “Яхшиликка далолат қилувчи уни адо этувчи каби бўлади”, дейилгани сингари уларга ақл юритиб назар солувчиларнинг ҳайратдан тасбеҳ айтиб юборишларига сабаб бўлганларининг ўзи уларнинг тасбеҳларидир. Шунинг учун сизлар уларнинг тасбеҳларини эмас, уларни кўриб тасбеҳ айтаётганларнинг сўзларини англайсизлар. Барча махлуқотларни Ўзига тасбеҳ айттириб қўйган Зотга ҳамду санолар, тасбеҳ айтувчиларнинг улуғи бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 177

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (иккинчи мақола)

Мазкур нарсалар ичидан наботот ва ҳайвонот каби ақлсиз мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари қандай бўлишини уламолар икки хил тафсир қилганлар: 1. Сўз билан тасбеҳ айтадилар. Яъни барча махлуқотлар ўзларининг тилларида Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб турадилар. Уларнинг тасбеҳларидан хос бандалар хабардор бўлишлари мумкин. Бу қараш аксар уламоларнинг қавли ҳисобланади; 2. Уларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади. Яъни, ақлсиз мавжудотларнинг ақллар ҳайратда қоладиган таркибий тузилишлари-ю ташқи кўринишлари уларни шундай яратган Зотнинг барча нуқсонлардан холи эканига далолат қилиб туради. Уларнинг ана шу далолатлари тасбеҳ ҳисобланади. Ақлсиз мавжудотлар ҳам сўз билан тасбеҳ айтадилар, деган уламолар уларнинг тасбеҳ айтишларини икки хил маънода тушунтирганлар: 1. Аллоҳ таоло осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсаларда тасбеҳ бўлиб зикр қилинадиган нарсани яратган. Аммо биз ҳам, уларнинг ўзлари ҳам тасбеҳ айтаётганларини англамайдилар. Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтми ёки ундан бошқасими барча руҳи бор нарсалар тасбеҳ айтиб туради”, деган. Калбий раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтлар ва униб чиққан барча нарсалар тасбеҳ айтадилар. Улардан кесиб ташлангани эса тасбеҳ айтмайдиган ўликка айланади”, деган. Имом Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан: “Мана бу хонтахта ҳам тасбеҳ айтадими?” – деб сўрашганида: “Дарахтида турган пайтида тасбеҳ айтган, ҳозир эса айтмайди”, деб жавоб берган. Баъзи уламолар: “Ҳар бир нарса асл ҳолида турганда тасбеҳ айтади, асл ҳолатидан ўзгартирилса тасбеҳ айтишдан тўхтайди. Масалан, дарахт шохлари дарахтда ўсиб турганда тасбеҳ айтади, кесиб олиниб бирор буюм ясалгач, тасбеҳ айтишдан тўхтайди”, дейишган. Баъзи уламолар: “Дарахт новдаси синдириб олинганда ҳам то қуриб қолгунича тасбеҳ айтиб туради”, дейишган. Бу сўзларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарахт новдасини бўлиб икки қабрга қадаб қўйганларини далил қилишган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 335

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (биринчи мақола)

“Тасбеҳ” луғатда “улуғлаш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан холи деб эътироф этиш” маъносига тўғри келади. Тасбеҳ айтиш фақатгина инсонларга хос эмаслиги, балки инсонлар яратилмаган вақтда ҳам атроф-оламдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтиб турганлари Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди” (Ҳадид сураси, 1-оят). Уламолар: “Ушбу оятда “Аллоҳга тасбеҳ айтди”, дея ўтган замон шаклида хабар берилиши инсонлардан олдин яратилган осмонлар, Ер ва улардаги барча нарсалар тасбеҳ айтиб туришганига далолат қилади”, – деганлар. Бошқа бир оятда эса осмонлардаги ва Ердаги нарсаларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишлари ўтган замонга хос эмаслиги, балки доимо тўхтовсиз бардавом бўлиб туриши бундай баён қилинган: “Унга етти осмону ер ва ундаги кимсалар тасбеҳ айтадилар. Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” (Исро сураси, 44-оят). Ушбу оятда “тасбеҳ айтадилар”, дея ҳозирги ва келаси замон шаклида хабар берилиши осмонлару ердаги фаришталар, инсонлар, ҳайвонлар, набототлар барча-барчаси Аллоҳ таолога доимо тўхтовсиз тасбеҳ айтиб туришларига далолат қилади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 187
1 38 39 40 41 42