islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мурожаати

Ҳурматли юртдошлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгаши карантин даврида осойишталикни сақлаш ва инсон соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадидаги ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақиради. Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус хасталигига чалинган беморлар ёки касалликка шубҳа қилинган кишиларни ўз вақтида аниқлаш ва инфекция тарқалишининг олдини олиш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан бир қатор чекловлар ва  муайян чоралар кўрилмоқда. Жумладан: Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилади. 25 март кунидан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади. Тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган «тадбиркор»ларга қатъий чоралар кўрилади. 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан қатъи назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади. Барча савдо ва дехқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилиши кабилар қарорда маълум қилинди. Тартиб-интизом ва ишбошиларга итоат – вожиб (шарт)! Азизлар, бундай ҳолатларда тартиб-қоидаларга беписанд бўлиш, нафақат қонунни бузиш, балки шаръий томондан ҳам тўғри бўлмайди. Чунки ишларда кўпчилик томонидан сайланган раҳбарларга, ҳукуматга бўйсунишнинг лозимлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Қуръони каримда бундай баён қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) ишбошиларга итоат этингиз!» (“Нисо” сураси, 59-оят). Имом Табарий “ишбошилар” сўзининг тафсирида машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг “Улар сизлардан бўлган амирлар”, деб изоҳ берганини ривоят қилганлар. Маълум бўладики, мусулмон киши, аввало, Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, дин ва дунё ишларидаги ишбошиларга, агар улар гуноҳга буюрмасалар, итоат этиши вожиб бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди. Ким менга осий бўлса, Аллоҳга осий бўлибди. Ким амирга итоат этса, менга итоат этибди. Ким амирга осий бўлса, менга осий бўлибди”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти). Ислом уламолари “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарз айн даражасигача кўтарилади”, дейдилар. Демак, Ислом динида итоат қилиш ибодат даражасига кўтарилган ва мўмин-мусулмонлар айни ҳозирги ҳолатда табиблар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари жуда ҳам зарур. Карантинни бузиш жоиз эмас! Ҳозирги мураккаб шароитда амалга оширилаётган тушунтириш ишлари ва кўрилаётган чораларга қарамасдан, карантин тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар ҳам учрамоқда. Инсон карантин ва чекловни бузиши ёки касаллик ўчоғига борганлик, беморлар билан мулоқотда бўлганликни яшириши нафақат ўзи, балки жамият учун ҳам катта хавфдир. Масалан, жорий йилнинг 15 мартидан 23 март кунига қадар юртимизда ушбу касаллик 46 нафар шахсларда аниқланган бўлса, касалларнинг 16 нафари 1 бемор билан мулоқотда бўлганлар. Демак, бундай вазиятда энг асосийси, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишдир. Таҳлилчилар таъкидлашича, Италия давлатида коронавирус кенг тарқалишининг асосий сабаблари – карантин чораларини татбиқ этмаслик, жамоат транспортлари ва жойлардаги ҳаракатларни чекламаслик ҳамда соҳа мутахассислари фикрларига қулоқ солмасликдир. Демак, карантин даврида шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидалари, айниқса, вирусдан сақланиш учун ниқоб тақиб, қўлларни яхшилаб совунлаб ювишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, пандемия даврида фуқароларнинг турли жойларда тўпланиши, ҳар хил йиғинлар қилишлари, шу жумладан, масжидлар олдида жамоат ҳосил қилишлари ҳам карантин талабларига хилофдир. Бундай ҳаракатларни содир...

Пандемия вақтида жаноза намозлари ихчам тарзда ўтказилади

Мамлакатимиз ҳудудида коронавирус касаллиги кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида, республика махсус комиссияси йиғилишининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, 23 мартдан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши бекор қилинади. Ушбу маросимларни зарур бўлган тақдирдагина ихчам ҳолда, яқинлар билан бирга 10-15 киши иштирокида ўтказиш тавсия этилади. Комиссиянинг бундай қарорга келишидан кўзлаган бирдан-бир мақсади шуки, халқимизнинг саломатлигини сақлаш, улар орасида янги турдаги вируснинг тарқалишининг олдини олишдир. Агарда, шундай синовли кунларда янада ҳамжиҳат бўлсак, барча қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтамиз, инша Аллоҳ. Шундай пайтларда ўзимизни ва яқинларимизнинг соғлигига бефарқ бўлмай, бир-биримизни қўллаб-қувватлашни, карантин ва гигиена талабларига қатъий риоя қилишни яна бир бор илтимос қиламиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвосида ҳам “Жаноза намозлари вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқилсин”, дея алоҳида таъкидланган эди. Дарҳақиқат, маййитга жаноза намозини ўқиш фарзи кифоя бўлиб, вафот этганнинг яқинлари иштирокида адо этилса ҳам бўлади. Мўътабар манбаларда ҳадиси шарифларга таянган ҳолда улуғларимиз қазо қилган одамнинг жаноза намозини тезлик билан адо этиб, дафн этишга шошилганлари баён этилган. Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидалари – қўлларни ювиш, тиббий ниқобларни тақиш ва бошқаларга жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарорида қайд этилганидек, худойилар ҳам 10-15 киши атрофида ўтказилади. Мазкур маърака-маросимлар хонадонларда ўтказилишини яна бир бор эслатиб ўтамиз. Аввало бундай дамларда Аллоҳ таолодан барчага сиҳат-саломатлик сўраймиз. Яратганнинг тақдири ила бу фоний дунёдан боқий охиратга риҳлат қилган инсоннинг жаноза намози ва маъракасини айни кунлардаги оғир касалликнинг пандемияси даврида ихчам шаклда ўтказиш шариатимизнинг талаби ҳисобланади. Ҳаёт бор экан, синов бор, қийинчилик бор. Бу ҳақиқатни шу кунларда янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Бугун коронавирус инфекцияси деган жиддий бир хавфга дуч келдик. Барча юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, уламоларимиз, имом-домлаларимиз, мўйсафидларимизнинг дуои фотиҳалари ила бу синовдан эсон-омон ўтамиз, деб ишонамиз. Фурсатдан фойдаланиб, вазиятни тўғри тушуниб, кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганлари учун мўмин-мусулмонларимизга яна бир бор ташаккур айтамиз. Яратганнинг изни ила тез орада бу ташвишли кунлар ортда қолсин. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 798

Имом-хатиблар ва халқимиз томонидан 400 га яқин жонлиқ сўйилди, юзлаб хатми Қуръон қилинди, миллионлаб саловоти шариф айтилди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан каронавирус юқумли хасталигини тез орада инсоният бошидан аритиш мақсадида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Бугунги фазилатли жума айёмида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилликлари жами 21 бош қора мол, туман-шаҳарлар марказий масжид имом-хатиблари ташаббуси билан ҳомийлар жалб қилинган ҳолда, 386 бош қўй сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилинди. Диний соҳа ходимлари 6 543 та нажот сўраш намозини адо этдилар. 1 466 301 та “Солатун ножия”, 1 277 537 та “Солатун нория”, 234 055 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуо, 207 390 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” суралари ўқилди. Ушбу хатми Қуръонлар, салавотлар ва хайрия ишларининг якуний дуолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент шаҳридаги «Сузук ота» мажмуасида юртимиздаги энг табаррук уламолар томонидан амалга оширилди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида халқимиз томонидан катта ташаббус кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали хабар топган юртдошларимиз ўз уйларида, оила аъзолари билан хатми Қуръон ва “Солатун ножия”, “Солатун нория” каби улуғ дуоларни ўқишга киришдилар. Қийинчилик, мусибат даврида жипслашолишимиз, бир тану бир жонга айлана олишимизни кўрсатди. Бугун эрта тонгдан бошлаб Диний идорага аҳолимиздан қўнғироқлар тинмади. Уларда ихлоси баланд азизларимиз: “Биз шунча хатмона қилдик, бунча саловоти шарифлар ўқидик, бизни ҳам ёзиб қўйинг”, дея хабар бердилар. Бугун соат 12-00 гадар Диний идорага келиб тушган маълумотларга кўра, юртдошларимиз томонидан 17 та қўй сўйилиб, ҳақдорларга эҳсон қилишган. 213 маротаба хатми Қуръон қилишган, 271 690 киши нажот сўраш намозини адо этишган. 656 864 та “Солатун ножия”, 612 053 та “Солатун нория”, 199 343 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуоларни, 350 466 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқишган. Бундан ташқари, қанчадан-қанча юртдошларимиз айтишга ботинмаган ёки хуфёна тарзда ибодат ва тасбеҳу дуоларда бўлишган. Халқимиз орасида Аллоҳ таолонинг валий бандалари, дуолари мустажоб чин дўстлари бор. Уларнинг биргина дуолари балоларни аритиши, енгиллик ва кушойишлар келтириши мумкин. Ана шундай азизларимиз ҳам дуоларда бўлдилар, иншоаллоҳ. Синовли дамларда бутун халқимиз чин ният ва ихлос билан қилган хайрия, эҳсон ва қурбонликлар, кўплаб хатми Қуръон, дуои саловотлар шарофатидан юртимиз, қолаверса, бутун дунёда каронавирус юқумли касаллиги тез орада чекинсин, берморларга комил шифо берсин, масжидларимиз ҳам яқин вақтлар ичида очилиб, мўмин-мусулмон халқимиз билан обод бўлсин! Манба:Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 806

UZTELECOM ҳам бир қатор таълим ва ОАВ сайтларидан бепул фойдаланишни йўлга қўйди

Коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида «Ўзбектелеком» АК ўзининг симли интернети ва мобил алоқаси («ЎзМобайл» филиали) абонентлари учун карантин даврида қатор оммавий ахборот воситалари сайтлари ҳамда таълим манбаларидан бепул фойдаланишни йўлга қўйди. Шунингдек, мобил алоқа абонентлари учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ягона «1003» қисқа рақамли ишонч телефонига бепул қўнғироқларни амалга ошириш ҳамда «ZiyoNET» тармоғидан бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этади*. Тўлиқ ва ишончли маълумот ҳамда масофавий таълим олиш учун 2020 йил 20 мартдан 1 майгача UZTELECOM абонентлари чекловсиз ва интернет трафик сарф этмаган ҳолда қуйидаги манбалардан фойдаланишлари мумкин: Онлайн ОАВ: http://daryo.uz http://gazeta.uz http://kun.uz http://podrobno.uz http://repost.uz http://spot.uz http://uzreport.news http://uznews.uz http://xabar.uz Таълим бўйича веб-манбалар: http://edumarket.uz http://eduportal.uz http://emis.uzedu.uz http://itschool.uz http://itsm.uz http://kitob.uz http://kundalik.com http://online-maktab.uz http://stat.uzedu.uz http://talim.uzedu.uz http://uzedu.uz http://utube.uz Коронавирус тарқалишининг интерактив харитаси: http://coronovirus.uz «1003» қисқа рақами орқали кечаю кундуз фаолият юритадиган ишонч телефонига қўнғироқлар ҳам мобил алоқа абонентлари учун доимий тарзда бепул бўлади. Ахборот марказига коронавирус инфекцияси билан боғлиқ саволлар, кишининг ва унинг яқинлари саломатлиги ҳолати бўйича мурожаат қилиш мумкин. Бундан ташқари, «1003» рақами орқали мутахассислардан «тиббиёт нуқтаи назаридан асосли жавоблар ва тавсиялар» олиш мумкин. «ZiyoNET» тармоғи —ўсиб келаётган авлодга таълимга оид манбаалардан фойдаланишни ташкиллаштириш имкони беради. «ZiyoNET» ахборот ресурслари ягона реестри билан мазкур ҳавола орқали танишиш мумкин. * Эслатма! Бепул фойдаланиш қуйидаги шартларда тақдим этилади: абонент ҳолати фаол бўлиши керак; бепул кириш таъминланган манбаларнинг IP-манзиллари ўзгартирилганда, шунингдек кўрсатилган сайтлар ва иловаларга кирмайдиган трафик учун (учинчи томон хизматлари ва иловаларни ишлатишда пайдо бўладиган смартфон операцион тизимидаги трафик) ўзгартирилганда, абонент тариф режасига биноан ёки асосий балансдан ушбу манбаларга кириш учун тўлов олинади. Прокси-сервер (шу жумладан VPN) орқали ишлайдиган сайтлар ва дастурларга киришда бепул кириш таъминланмайди. «ZiyoNET» хизматдан бепул фоийдаланиш фақатгина GSM стандартидаги мобил алоқа абонентларига тақдим этилади. Манба: xabar.uz 1 055
1 424 425 426 427 428 732