2020 йил якунига қадар ASIA ALLIANCE BANK Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИХСРК) билан ҳамкорликда «Исломий дарча» фаолиятини йўлга қўяди. Айни пайтда Ўзбекистон барча соҳаларда тарихий ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу жараёнда мижоз талабига мос, жаҳон тажрибасига асосланган талабгир маҳсулотларни таклиф этувчи, шу жумладан Ислом дини молиясига мувофиқ келувчи янги, замонавий банк сектори трансформацияси алоҳида диққатни жалб қилади. Шу боис ASIA ALLIANCE BANK, давлат раҳбари томонидан 2017 йил 20 декабрда белгилаб берилган «Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ва 23 май 2019 йилда қабул қилинган «Ислом Тараққиёт Банки гуруҳи ва Араб Мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириб бормоқда. Жумладан ASIA ALLIANCE BANK делегациясининг Жидда (Саудия Арабистони) шаҳрига 2019 йил ноябрь ойидаги ташрифи доирасида Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси (ИХСРК) билан ҳамкорлик бўйича қатор келишувлар имзоланди. Ўзбекистон Республикасида кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни молиялаштириш учун 10 миллион АҚШ доллари қийматдаги келишув имзоланди. Кўп йиллардирки ИХСРК молиялаштириш йўналишлари иқтисодиётнинг турли соҳаларида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш ортидан ҳаётга татбиқ этиш ҳамда ривожлантиришни жадаллаштириш имконини бермоқда. Бундан ташқари, ўзаро йўлга қўйилган ҳамкорликни ҳисобга олган ҳолда ИХСРК томонидан берилувчи маслаҳатлар ёрдамида ASIA ALLIANCE BANK кенг қамровли банк маҳсулотларини тақдим этувчи «Исломий дарча» фаолиятини йўлга қўяди. Бу келишувни амалга ошириш доирасида 2020 йилнинг 3-4 февраль кунлари ASIA ALLIANCE BANK банкида ИХСРК вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Банк раҳабарияти билан учрашувда Ислом молия институтлари Департаменти директори жаноб Mohamed Maher Mannai, IT-лойиҳаларини бошқариш бўйича эксперт жаноб Abdullah Khamis ва лойиҳа раҳбари Музаффар Низомиддиновлар қатнашдилар. ИХСРК вакиллари билан учрашув давомида банк раҳбариятига исломий молиялаш бўйича тақдимот ўтказилди. ИХСРК ва ASIA ALLIANCE BANK ҳамкорлигида бошланган ишлар доирасида 2020 йил охирига қадар алоҳида тузилма шаклида йўлга қўйиладиган «Исломий дарча» фаолияти шариат аҳкомларига мувофиқ банк хизматларини тақдим этиши алоҳида таъкидланди. Мазкур лойиҳанинг улкан аҳамиятини ҳисобга олган ИХСРК вакиллари ўтган музокаралар самарасини юқори баҳоладилар. ASIA ALLIANCE BANK филиалларида шариат аҳкомларига мувофиқ келувчи маҳсулотлар ва хизматлар йўлга қўйилиши корпоратив мижозлар ҳамда жисмоний шахсларга амалдаги банк хизматларига муқобил хизматлар яратилиши, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон аҳолисининг молиявий талабларига мос тушиши, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилишини англатади. Манба: kun.uz 875
Шу йилнинг 8-13 февраль кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида 27- халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Мазкур мусобақа машҳур Қуръон ҳофизларини Аллоҳ таолонинг каломи шарифига кўрсатган беқиёс хизматлари учун тақдирлашнинг юксак намунаси сифатида таниқли машҳур Қуръон ҳофизи, марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомад номи билан аталиб, унда марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомаднинг оила аъзолари ҳам фахрий меҳмон сифатида қатнашади. Мазкурм қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади: Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан билиши билан бирга Қуръони каримнинг луғавий маъноларини ҳам билиши. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши. Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши (Африка давлатлари қорилари учун). Қуръони каримни тўлиқ тажвид қоидаси билан ёддан билиши, ўсмирлар учун (иштирокчининг ёши 12 ёшдан ошмаслиги керак). Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада таклиф қилинган 65 та давлатдан қорилар иштирок этади. Юртимиздан Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси Валихон қори Азимбоев Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтадиган Шайх Абдулбосит Абдуссомад номли 27-халқаро Қуръони карим мусобақасининг биринчи йўналишида қатнашиши учун кеча Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Биз вакилимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз. ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими Манба: muslim.uz 892
“Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 41 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 3 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади. Афв этилганларнинг 2 нафарини аёллар ташкил этади. Бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг, халқимизга хос бағрикенглик, кечиримли бўлиш, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатлар намоён бўлганлигининг амалий ифодасидир. Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. 778