Жорий йилнинг 2 май куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум – 2019” ўтказилади. 3-4 май кунлари эса «Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси» мавзусида катта семинар ҳам ташкил этилади. Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, бизнинг тадбиркорларни улар учун янги бўлган Ислом банкчилиги ва молияси соҳаси билан таништириш, уларни ушбу соҳа имкониятларидан хабардор қилиш, бошқа мамлакатлардан ташриф буюриши кутилаётган мутахассислар, амалиётчи-олимлар ва бошқа меҳмонлар билан ушбу соҳада юз бераётган янгиликлар билан бўлишишдан иборат. Шу ўринда МДҲ давлатлари учун ислом банкчилиги ва молияси анъанавий банк-молия тизимига муқобил барқарор молиявий ечим сифатида эътироф қилинаётганлигини айтиб ўтиш лозим деб ўйлаймиз. Форум ҳақида батафсил маълумот беришдан аввал, келинг ислом банкчилиги ва молияси ўзи нима эканлигини яхшироқ билиб олайлик. Ислом банкчилиги ва молияси ўзи нима? Биз кундалик ҳаётимизда мурожаат қиладиган банклар, одатда биз банкдан оладиган кредитларни амалга оширмоқчи бўлган лойиҳа тақдири унчалик қизиқтирмайди, улар учун энг асосий вазифа – бу сиз олган маблағларни фоизи билан ўз вақтида қайтариб беришингиздир. Ислом банклари/молия муассасалари эса улардан фарқли ўлароқ, сиз маблағ жалб қилган лойиҳани муваффақиятли амалга ошишини сиз билан биргаликда таъминлаш ва шу орқали даромад топишдир. Бу турдаги банк ва молия муассасалари асосан икки турдаги хизмат – сармоя киритиш орқали ёки мижозга маҳсулотни насияга сотиш / ижарага бериш орқали даромад топишади. Хулоса қилиб айтганда, ислом молия муассасалари “қарз берувчи-қарздор” муносабатларига эмас, балки “сотувчи-харидор” ёки “ҳамкор” муносабатлари асосида фаолият юритишади. Мамлакатимизда ислом банк-молия тизимини жорий қилиш масаласи 2018 йил май ойида Ўзбекистонда ислом банк иши ва инфратузилмасини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси очиқ муҳокамага қўйилган эди. Қарор лойиҳасида тадбиркор ва фуқароларда фоиз юкига эга бўлмаган банк-молия ҳизматларига бўлган қизиқиш ва зарурият ортиб бораётгани қайд этилган. Шунингдек, ислом банк иши ва молияси тамойилларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича Комиссия тузилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини татбиқ этиш ва ривожлантириш етарлича имкониятлар мавжуд. Айнан, шу мавзуни кенг муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилаётган Форум, халқаро сармоядорлар, ишбилармонлар, олимлар ва соҳа мутахассисларини жалб қилиш орқали нафақат бизнинг мамлакатимизда, балки бутун минтақада “Ҳалол” бозорининг таркибий қисми бўлган ислом банк-молия тизимини ривожланишига туртки беради деб умид қиламиз. Нима учун ушбу тадбирда иштирок этиш керак? Кўпчиликда тадбирнинг аҳамияти ва кўлами ҳақида савол туғилиши табиий. Мазкур форумда иштирок этиш сизга қуйидаги имкониятларни тақдим этади: Соҳадаги энг илғор халқаро ва маҳаллий амалиёт турлариларини аниқлаш; Ислом банк – молия соҳасидаги илғор ва тажрибали мутахассисларнинг ютуққа эришган стратегияларини ўрганиш; Ислом банкчилигининг янги турлари ва қирраларини ўрганиш; Ислом молияси маҳсулотлари ва хизматлари ва улардан тадбиркорлик фаолиятингизни кенгайтириш учун қандай фойдаланишингиз мумкинлиги ҳақида тушунчаларга эга бўлиш. Бундан ташқари, сиз ислом молия бозоридаги нафақат ютуқ ва янгиликларни ўрганиш, балки унда содир бўлиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликлардан хабардор бўлиш ва уларни қандай қилиб четлаб ўтиш ёки мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш учун ташкилотингизни тайёрлаб бориш кўникмалари билан танишасиз. Бу эса келажакда корхонангизни барқарор ўсишини таъминлашга ёрдам беради. Форум давомида ислом банк – молия соҳасидаги тарихий воқеалар ва глобал ғоя ва йўналишлар, такафул (ислом суғуртаси), Ўзбекистоннинг ислом банк – молия тармоғини ривожлантиришдаги имкониятлари, шу йўналишдаги аниқ вазифалар каби мавзуларда қизиқарли тақдимотлар намойиш этилади....
Жорий йилнинг 1 май куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Бирлашган Араб Амирлигидаги “Зоид бин Султон Ол-Наҳаён” хайрия ва инсонпарварлик жамғармаси бош директори Ҳамад ал-Амирий бошчилигидаги делегация Тошкент ислом институтига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонларни ТИИ раҳбарияти муносиб тарзда кутиб олди. 1 321
Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммалликда тиллар ичида ажралиб туради. Араб тилини ўрганиш учун ҳам, бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак. Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади, ҳамда, Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан иъжози (мўъжизакорлиги) кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган киши юқорида таъкидланганидек, луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Шунингдек, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этади. Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Ушбу фаннинг зарурлигидан келиб чиқиб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Апрель ойи –Балоғат” фани ойи муносабати билан талабалари ўртасида балоғат фани доирасида мақолалар ёзиш танлови эълон қилинган эди. Талабалар тарафидан ёзилган мақолалар ушбу фан ўқитувчилари томонидан текширилиб баҳоланди. Ёзилган мақолалар институт сайтида бериб борилди. Шу муносабат билан 2019 йил 30 апрель куни институт раҳбарлари ва устозлари ҳузурида ушбу танловда ғолиб бўлган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Бунга кўра институтнинг 3-курс талабаси Қурбонов Салоҳиддин ўзининг “Ёруғлик биринчи пайдо бўлганми ёки зулмат” номли мақоласи билан 1-ўрин, 2-курс талабалари Ҳамидхонов Аҳадхон “Энг кичик сурада буюк мўъжизалар” номли мақоласи билан 2-ўрин, Мираббос Ёров ““Ар-Роҳман” сурасида яширинган мўъжизалар” номли мақоласи билан 3-ўринни эгаллашди. “Тиллар” кафедраси кабинет мудири Улуғбек Ҳасанов 915
Тобора ривожланиб, чирой очиб бораётган жонажон Ватанимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида: 1. 2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда: жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга; мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2019 йил 1 май Манба: Uza.uz 774
Араб тили олтита жаҳон тилларидан бири бўлиб, ер юзининг қарийб ярим миллиард аҳолиси шу тилда суҳбатлашади. Дунё илмий меросининг асосий адабиётлари араб тилида ёзилган. Жумладан, буюк бобокалонларимиз Имом Бухорий, имом Термизий, Хоразмий, Марғилоний, ибн Сино, араблар “Агар мовароуннаҳрлик чўлоқ бўлмаганида биз ўз тилимизнинг қонун-қоидаларини тўлиқ билолмаган бўлардик” – дея эътироф этган араб тили грамматикаси ривожига ҳисса қўшган ватандошимиз Маҳмуд аз-Замахшарий ва бошқалар араб тилида ижод қилишган. Дунё халқлари бу тилни “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили, Қуръони карим тили ҳамда жаннат тили” – дея ўзгача ихлос ва иштиёқ билан ўрганишади. “Апрель ойи – Араб тили ва балоғат” муносабати билан 2019 йил 30 апрель куни соат 15:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабалари ўртасида “Араб тили – Қуръони карим тили” мавзуида курслараро мусобақа бўлиб ўтди. Мусобақада Тошкент ислом институти У.Ғафуров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Я.Раззақов, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси Ф.Маманосиров, “Тиллар” кафедраси ўқитувчилари Ф.Абдулҳамидов, Ғ.Баратов, А.Султонхўжаев, К.Боқиев, Ё.Бухарбаев ҳамда институтнинг талабалари иштирок этдилар. Мусобақа 5 шартдан иборат бўлиб, ҳар бир шартда талабаларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб борилди. Мусобақада ҳар бир гуруҳ 5 нафар иштирокчидан ташкил топган “Сибавайҳ”, “Замахшарий”, “Кисоий” ва “Мулла Жомий” гуруҳлари иштирок этишди. 1-шартда иштирокчилар калималарни тартиблаб, маъноли жумла тузиш ва жумлалар кетма-кетлигига риоя қилиш бўйича жавоб беришди. 2-шартда эса белгиланган вақт мобайнида иштирокчи ўзига кўрсатилган расмларни шеригига араб тилида шарҳлаб топишмоқ тарзида баён қилди ва жамоадоши жавоб берди. 3-шартда ўзбек тилидаги матнни араб тилига таржима қилишди. 4-шартда берилган жумлани грамматик таҳлил қилишди. 5-шарт эса, араб тилидаги овозли матнни эшитиб, тушунганини ўз услубида баён қилишди. Иштирокчилар ҳар бир шартда ўзларининг илм ва иқтидорларини намоён қилдилар. Мусобақа умумий натижаларига кўра, 4-курс талабаларидан ташкил топган “Мулла Жомий” гуруҳи 342 балл билан биринчи ўринни, 2-курс талабаларидан ташкил топган “Замаҳшарий” гуруҳи 328 балл билан иккинчи ўринни, 3-курс талабаларидан ташкил топган “Кисоий” гуруҳи 324.5 балл билан учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб гуруҳларга институт раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совға ва китоблар топширилди. Илм олиш, илм улашиш ва айниқса, бу соҳада мусобақалашишдек ҳақиқий байрам, ҳақиқий тантана бўлмаса керак аслида. Зеро, хайрли амалларда мусобақалашиш – Аллоҳ розилиги йўлидаги мусобақа бўлиб, бу мусобақада мағлуб асло бўлмайди, иншааллоҳ. Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу улуғ мақсад эса Яратувчини таниш ва Унинг буйруқларини адо этиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти, У зотни танишнинг асоси ақоид илмида баён қилинади. Шу боис, бу илм билимларнинг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. “Тиллар” кафедраси кабинет мудири Козимхон Асроров 1 069