islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Тиловат саждаси

Қуръони карим тиловати ҳақларидан бири сажда оятларини ўқиганда сажда қилишлик. Бу алоҳида ибодат ҳисобланади. عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم:إذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ وَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي ، فَيَقُولُ : يَا وَيْلَهُ أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ ، وَأُمِرْت بِالسُّجُودِ فَأَبَيْت فَلِيَ النَّارُ. رواه مسلم Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Одам фарзанди сажда оятини ўқиб сажда қилса, Шайтон йиғлаб шундай дейди: “Азоб бўлсин! Одам фарзанди саждага буюрилганди, сажда қилди, унга жаннат бўлади. Мен саждага буюрилгандим, бош торттим, менга дўзах бўлади”. (Имом Муслим ривояти.) Уламолар тиловат саждасига амр қилинганлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ушбу амр вужуб учундир. Яъни тиловат саждасини қилиш вожибдир. Бунга ҳанафий уламолар ўз китобларида етарлича далиллар келтирганлар. Лекин Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъий роҳимаҳуллоҳлар уни мустаҳаб деб айтадилар. Улар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилиб, сажда оятига келганларида минбардан тушиб инсонлар билан сажда қилганликларини, келаси жума эса ўша сурани қироат қилиб, сажда оятига келганларида: “Эй инсонлар! Саждалардан ўтамиз. Ким сажда қилса тўғри топибди. Ким сажда қилмаса унга гуноҳ йўқдир”, деб, сажда қилмаганликларини далил қиладилар. (Бухорий ривояти.) Умар розияллоҳу анҳунинг “Ким сажда қилса” деган сўзларининг маъноси “тиловатни эшитгандан кейиноқ тезда сажда қилса” деган маънода. Чунки бир ривоятда: “Аллоҳ таоло бизга сажда қилишни фақатгина ўзимиз хоҳлаган вақтда қилишимизни фарз қилди” деб келган. Демак ушбу ҳадис ҳанафийларнинг фойдасига далил бўлади. Тиловат саждаларининг адади ва уларнинг ўринлари Унинг адади жумҳур ихтиёр этган сўзга кўра ўн тўртадир. Улар қуйидагилар: 1. Аъроф сурасининг охирги ояти 2. Раъд сурасининг 15-ояти 3. Наҳл сурасининг 50-ояти 4. Исро сурасининг 109-ояти 5. Марям сурасининг 58-ояти 6. Ҳаж сурасининг 18-ояти 7. Фурқон сурасининг 60-ояти 8. Намл сурасининг 26-ояти 9. Сажда сурасининг 15-ояти 10. Сод сурасининг 24-ояти 11. Фуссилат сурасининг 38-ояти 12. Нажм сурасининг охирги ояти 13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти 14. Алақ сурасининг охирги ояти Шофеъий мазҳабида эса Сод сурасининг саждаси мустаҳаб, таъкидланган саждалардан ҳисобланмайди. Ҳаж сурасининг 77-оятида эса сажда ояти дейдилар. ثبت في صحيح البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما قال صلَيست مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ ، وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ سَجَدَ فِيهَا Саҳиҳул Бухорийда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қиладилар. У киши шундай дедилар: “Сод (нинг саждаси) таъкидланган саждалардан эмас. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим”. Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан икки ривоят бор: биринчиси, Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, иккинчиси эса уларни ўн бешта дейдилар ва Сод сурасини саждасини унга қўшадилар. Бу шофеъийлардан Абул Аббос ибн Сурайж[1] ва Абу Исҳоқ Марвазийларнинг[2] сўзидир. Имом Моликдан ҳам икки ривоят мавжуд: биринчиси, Имом Шофеъий айтганларидек. Икки ривоятнинг машҳурроғи ўн биттадир. Нажм, Иншиқоқ ва Алақ суралари саждаларини чиқариб юборадилар. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Сод сурасининг 24-ояти таъкидланган сажда ояти ҳисобланади. Ҳаж сурасининг 77-ояти эса сажда ояти ҳисобланмайди, балки ундан намоздаги сажда ирода қилинган. Буюк аллома бобокалонимиз Абул Баракот Насафий ушбу оят тафсирида бу сажда оятини намоздаги сажда деб айтганлар. Ушбу оятлар саждаларининг ўрни борасида Фуссилат сурасидаги сажда оятининг ўрнидан бошқа айтарли ихтилоф мавжуд эмас. Чунки уламолар ушбу сажда борасида ихтилоф қилганлар. Бир қанча уламолар саждани وَهُمْ...

Малайзия Ислом университети Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади

Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан Ўзбекистон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Ушбу таълим муассасасига 1998 йилда асос солинган бўлиб, Малайзия Ислом илмий университетида 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда бу даргоҳда 15 минг талаба таҳсил олади. Учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабаларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Шунингдек, Малайзия университети Ўзбекистон миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Натижада жорий йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг Ислом ҳуқуқи ва банкинг, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва “visiting professors” шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди. 972

Тошкент ислом институтида талабалар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

2018-2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, жорий йилнинг 5 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 4-курс талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.Унда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов, куратор А.Олимов ва мураббийлар Я.Раззоқов, М.Ходжаев иштирок этди. Ташкил этилган очиқ мулоқот савол жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 962

Ислом: Моҳият ва талқин. Барлавийлик-сиёсий оқим

Жорий йилнинг 5 куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: Моҳият ва Талқин. Барлавийлик-сиёсий оқим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али ва Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, қадимдан то ҳозирги кунга қадар давом этиб келаётган турли оқимлар, уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шулардан бири барлавийлик оқими бўлиб, уларнинг бугунги кундаги хатарлари, ўзларини дин ҳимоячиси қилиб кўрсатиб, аслида ўз манфаатлари учун динни ниқоб қилаётганини далиллар асосида талабаларга тушунтириб берди. “Биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам бериб, бидъатларга қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада китоблар таълиф қилиб, халқимизга тақдим қилишимиз зарур”, деди устоз. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат сўнгида имом домлалар ўзларини қизиқтирган саволларга устоз томонидан жавоб олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 969

Араб ва ажамларнинг буюк мутафаккир устози шайҳ Маҳмуд ибн Умар Аз-Замаҳшарий

Алломанинг тўлиқ исми Абул қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий бўлиб, у ҳижрий 467 йил ражаб ойининг 27 куни (1075 йил 19 март) Хоразмнинг катта қасабаларидан бири — Замахшар қишлоғида таваллуд топди. Аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида келтирилади. Отаси унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва аксар вактини Қуръон тиловати-ю намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. Аз-Замахшарийнинг онаси ҳам тақводор, диндор аёллардан ҳисобланган. Аз-Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошлайди. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади, ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бирқадар тузатади. Сўнг, араб тарихчиси ва биографи ибн Халликоннинг ёзишича, талабалик ёшига етгач, билимини янада ошириш, ҳар томонлама камол топтириш мақсадида Бухорога йўл олади. Бухоро, машҳур олим Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961-1138) ибораси билан айтганда: “Сомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган: ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган (жой) эди”. Аз-Замахшарий Бухорода ўқишни тугатгач, бир неча йил Хоразмшоҳлар хизматида бўлиб, котиблик билан шуғулланади, ҳукмдорлар билан яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша бирор мансаб ва муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади, матлабу-мақсадларининг ушалишига умид боғлайди. 1118 йили аз-Замахшарий оғир дардга чалинади, бу касалликдан тузалгач эса ҳукмдорлар хизматию мансаб ва мол-дунё таъмасидан мутлақо воз кечади, қолган умрини фақат илм-фанга бағишлашга, асарлар таълиф этишга астойдил қарор қилади. Аз-Замахшарий Бағдодда шайх ул-ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан таҳсил олди. Маккада бўлганида эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ябирий ал-Андалусий, аш-шайх ас-Садийд ал-Хайятий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди. Аз-Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Шижозда, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, бу минтақа жуғрофиясига оид хилма-хил маълумотларни тўплади. Адиб кўп асарларини Маккалигида ёзди. Ўз ҳаётида чуқур из қолдирган Маккада аз-Замахшарий беш йилча яшайди. Шу боисдан у Жоруллоҳ (“Оллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли лақабга муяссар бўлади. Аз-Замахшарий охирги марта Маккадан қайтиб, Хоразмда бир неча йил яшайди ва ҳижрий 538 йилда, арафа кечаси (1144 йил 14 апрел) вафот этади. 1333 йили Хоразмда саёҳатда бўлган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута (1304-1377) “Ар-Риҳла” (“Саёҳатнома”) асарида аз-Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганини ёзади. Буюк мутафаккир аз-Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асарлар яратган, уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли томонларига оид асарлар аз-Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид “Ал-Муфассал” (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. “Ал-Муфассал” араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади. Кўпчилик олимлар ўз илмий қиммати жиҳатидан аз-Замахшарийнинг бу асари таниқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг (796 йили вафот этган) араб грамматикасига оид китобидан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида ҳам бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ҳатто Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимда-ким Аз-Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга пул ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Аз-Замахшарий адабиёт, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари бўйича ҳам мукаммал асарлар яратган. Олимнинг “Асос ал-балоға” (“Нотиқлик асослари”) асари асосан луғатшуносликка бағишланган. Унда араб тилининг фасоҳати, мукаммаллиги ҳақида сўз боради. Фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши...
1 567 568 569 570 571 736