Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммалликда тиллар ичида ажралиб туради. Араб тилини ўрганиш учун ҳам, бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак. Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикликларини теран англаш осон кечади, ҳамда, Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан иъжози (мўъжизакорлиги) кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган киши юқорида таъкидланганидек, луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Шунингдек, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этади. Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Ушбу фаннинг зарурлигидан келиб чиқиб, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Апрель ойи –Балоғат” фани ойи муносабати билан талабалари ўртасида балоғат фани доирасида мақолалар ёзиш танлови эълон қилинган эди. Талабалар тарафидан ёзилган мақолалар ушбу фан ўқитувчилари томонидан текширилиб баҳоланди. Ёзилган мақолалар институт сайтида бериб борилди. Шу муносабат билан 2019 йил 30 апрель куни институт раҳбарлари ва устозлари ҳузурида ушбу танловда ғолиб бўлган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Бунга кўра институтнинг 3-курс талабаси Қурбонов Салоҳиддин ўзининг “Ёруғлик биринчи пайдо бўлганми ёки зулмат” номли мақоласи билан 1-ўрин, 2-курс талабалари Ҳамидхонов Аҳадхон “Энг кичик сурада буюк мўъжизалар” номли мақоласи билан 2-ўрин, Мираббос Ёров ““Ар-Роҳман” сурасида яширинган мўъжизалар” номли мақоласи билан 3-ўринни эгаллашди. “Тиллар” кафедраси кабинет мудири Улуғбек Ҳасанов 391
Тобора ривожланиб, чирой очиб бораётган жонажон Ватанимизда миллий ва диний қадриятларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлаш, эл-юртимиз учун азалдан эзгулик, саховат, меҳр-мурувват рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойини муносиб ўтказиш, ушбу ойда ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғоялари ҳамда инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида: 1. 2019 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 6 май кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширсин. Бунда: жойларда Рамазон ойининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини эъзозлаш, ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилиш, аҳил ва ҳамжихат бўлиб яшашга даъват этадиган ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга; мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг зиёратгоҳларини, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2019 йил 1 май Манба: Uza.uz 275