islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 2019

Month

Жума намозида кар-соқовлар учун хона ажратилиб, маъруза сурдо-таржима орқали етказилди

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан келажагимиз ворисларини ҳар тарафлама етук қилиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, имконияти чекланган (кар-соқовлар) шахсларга зарур шарт-шароитлар яратиб бериляпти. «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Олмазор тумани кенгаши, 24-Сағбон сайлов округи депутати Луиза Ҳикматова ҳамда хусусий тадбиркор Муҳаммадбобур Ходжаев билан ҳамкорликда Ўзбекистон «VETERAN» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси қошидаги «IT-ASIA» МЧЖ «Surdo online Uzbekistan» дастури орқали пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги «Ат-Термизий» жомъе масжидида имконияти чекланган (кар-соқовлар) инсонларга намоз ўқишлари учун шароит яратиб берилди. Улар учун алоҳида хона ажратилиб, мониторга «Surdo online Uzbekistan» дастури ўрнатилди. Сурдо-таржимон масжид имом хатибининг маърузасини сурдо онлайн тарзда имконияти чекланган инсонларга етказиб берди. Ўз ўрнида 12 июль кунги жума номозида «Ат-Термизий» имом хатиби Роббимқул Муҳаммадиев ва жума намозига йиғилган юртдошларимиз мазкур лойиҳани жорий этган саҳоватпеша инсонлар ҳақига дуо қилишди.  Манбаа: Хabar.uz 157

“Ҳаж – 2019”

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг ишчи гуруҳ ходимлари бу йилги ҳаж мавсумига қизғин тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган. Зиёратчилар ибодатларини чиройли ва мукаммал адо этишлари учун меҳмонхона тоза ва озода ҳолга келтирилиб, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Зиёратчилар Макка шаҳрининг “Азизия” даҳасидаги кўркам, 23 қаватли, ҳашаматли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади. Ушбу меҳмонхона жуда ҳашаматли бўлиб, Макка шаҳрининг узоқ-узоқ чеккаларидан ҳам кўриниб туради. Ўзбекистонлик зиёратчилар учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мазкур меҳмонхонадан барча ҳожиларимизга яхлит жой ҳозирланган. Меҳмонхонанинг пештоқига илинган давлатимизнинг 16 метрлик байроғи бу бинога ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашишидан далолат бериб турибди Эслатиб ўтамиз, янги қуриб битказилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси 2016 йилги Ҳаж мавсумида, биринчи бўлиб, юртимиз ҳожиларига хизмат кўрсатган эди. “Ҳаж – 2016” мавсумида Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси томонидан тақдим этилган хизматлардан юртимиз ҳожилари жуда ҳам мамнун бўлишган. Ушбу меҳмонхона қулайликлари ҳақида гапирганда, аввало, барча хоналар тўрт кишилик қилиб тайёрлангани, ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак. Яна шуни айтиш керакки, меҳмонхона ошхонасида бир пайтда 2200 киши таомланиши учун мўлжалланган ўринлар ҳозирланган. Шунингдек, тиббиёт маркази, ишчи гуруҳи штаби, мажлислар зали ҳамда 2000 киши сиғадиган эркак ва аёллар намозхонасига алоҳида жойлар ажратилган. Қолаверса, меҳмонхонада ҳар бири 20 кишилик бўлган 21 та лифт мунтазам ишлайди. Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги шуки, битта асосий йўл бўйлаб “Ҳарами шариф” масжидига бориш мумкин. Шунингдек, меҳмонхона Мино водийси ҳудудига яқин жойлашгани сабабли зиёратчиларни у ерга олиб чиқиш ва қайтариб олиб келишда кўп енгилликлар бўлади. Хавфсизлик нуқтаи назардан ҳам меҳмонхона яхши қурилган. Меҳмонхона атрофидан серқатнов, катта йўл трассаси бўлмагани сабабли ҳожилар эркин ҳаракат қилиши мумкин. Меҳмонхона раҳбарлари ва ишчи-хизматчилари ҳожиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатганларини алоҳида қайд этиш керак. Ҳаж сафарига отланаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!   Манбалар: www.voiz.uz. www.muslim.uz, www.muxlis.uz, www.nasihat.uz. Маънавият-маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.СОБИРОВ   219

Тошкент ислом институтида 2019-2020 ўқув йили учун тест синовлари бўлиб ўтмоқда

Бугун 20 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Ақоид ва фиқҳ ҳамда Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бошланди. Тест синовлари Ўзкўргазмасавдо марказида ўтказилмоқда. Дастлаб, ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов абитуриентларга тест синови жараёнлари ва тартибини тушунтириб ўтди. Сўнгра, тест саволлар китоби солинган махсус қоп ва конвертлар Дин ишлари бўйича қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Рустамов Бобомурод, ТИИ ректори У.Ғафуров, қабул ҳайъати аъзолари ва абитуриентлар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кеча 19 июль куни Тошкент ислом институти биносида абитуриентлар Араб тили фанидан ижодий имтиҳонда иштирок этишган эди. Эслатиб ўтамиз, 2019-2020 ўқув йили учун жами 226 абитуриентлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 60 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 10 нафари аёл-қизлардан иборат. Имтиҳон жараёнлари ижтимоий тармоқларорқали онлайн узатилмоқда. 194

Абитуриент “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳонда қатнашмаса тест синовларида иштирок эта оладими?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий таълим муассасаларига абитуриентларни ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги Низомнинг 18-бандига кўра, “Араб тили” фани бўйича ижодий имтиҳонга келмаган абитуриентлар учун қайта имтиҳон ўтказилмайди ва навбатдаги имтиҳон тест синовларига қўйилмайди ҳамда ўқишга қабул қилинмайди. 267

Тошкент ислом институтида Араб тили фанидан кириш имтиҳони бошланди

Бугун 19 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Араб тили фанидан ижодий имтиҳон бошланди. Дастлаб институт ректори Уйғун Ғафуров абитуриентларга имтиҳон жараёни ва тартибини тушунтириб ўтди. Сўнгра Дин ишлари бўйича қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Рустамов Бобомурод сўз олиб абитуриентларга имтиҳонлардан муваффақият билан ўтишларини тилади. Ижодий имтиҳон материаллари солинган конверт имтиҳон бошланиши олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кузатувчиси, Тошкент Ислом институти қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ҳамда ота-оналар иштирокида очилиб, бу ҳақда далолатнома тузилди. Кузатувчилар, ота-оналар имтиҳон учун ажратилган хоналар ва имтиҳон топширувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Сўнгра, саволлар солинган конвертлар абитуриентлар томонидан очилиб, навбати билан вариантлар олинди ва улар жавоб беришга тайёрланиш учун ажратилган ўринларга жойлашдилар. Имтиҳонга Тошкент ислом институти, Халқаро ислом академияси ва Тошкент Давлат Шарқшунослик институтининг Араб тили фани бўйича мутахассис ўқитучилари жалб этилган. Ижодий имтиҳон жараёнларида саволларга тайёрланиб бўлган абитуриентлар бирин-кетин имтиҳон олувчи ўқитувчилар томонидан савол-жавоб қилиниб, уларнинг билимлари синовдан ўтказилади. Фарзандларига руҳий далда бўлиб, улар билан ҳамроҳ бўлиб келган ота-оналар ва меҳмонлар учун институт ҳудудида салқин ичимликлар ва шинам кутиш жойлари ташкил қилинди. Имтиҳонларни талаб даражасида ўтказиш мақсадида ички ишлар ва тиббиёт ходимлари ҳам жалб қилинди. Абитуриентлар ижодий имтиҳонда Араб тили фанидан синовдан ўтишмоқда. Тошкент Ислом институтига абитуриентларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ақоид, Фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари эртага 20 июль куни Ўзкўргазмасавдо марказида бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, 2019-2020 ўқув йили учун жами 226 абитуриентлардан аризалар қабул қилинган бўлиб, бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 60 та ўрин ажратилган бўлиб, шундан 10 нафари аёл-қизлардан иборат. Имтиҳон жараёнлари ижтимоий тармоқлар орқали онлайн узатилмоқда. 485
1 2 3 4 8