islom-instituti@mail.ru         71-227-42-37
Oliy ma'had

Муаллиф:

Қобилиятли бола

Учта аёл қўлларида катта саватлар билан бозордан қайтар эди. Улар йўл четидаги ўриндиққа дам олиш учун ўтириб фарзандлари ҳақида гап бошладилар. Бири ўғли жисмонан жуда бақувват экани ва бир неча дақиқа давомида қўллари орқали юра олиши мумкинлигини айтди. Иккинчиси эса фарзанди хушовоз экани ва ҳамма унинг ажойиб қўшиқларига маҳлиё бўлишини айтиб мақтанди. Учинчиси эса жимгина уларни эшитиб ўтирар эди. Аёллар ундан нега жим ўтирганини сўраганларида: “Менинг фарзандимда айтишга арзирлик бирор қобилият йўқ” – деб жавоб берди. Шу пайт аёлларнинг бу суҳбатига гувоҳ бўлиб қолган нуроний отахон уларнинг изидан юриб кетди. Кўчанинг муюлишига етиб келишганида аёллар ҳаммаси саватларини ерга қўйиб ёрилган қўлларию, толиқиб кетган белларини уқалай бошладилар. Шу тобда уларни кўрган фарзандлари югуриб келдилар. Шунда бир бола онасининг олдида ўмбалоқ ошиб қўлларида юра бошлади. Иккинчиси бир ҳарсанг тошни устига чиқиб олиб онаси ёқтирган қўшиқни айта бошлади. Аёллар уларни маъқуллаб олқишладилар. Учинчи бола эса онасининг олдига келиб: “Онажон, чарчамадингизми, келинг мен сизга ёрдамлашаман,”- деб онасининг саватини қўлига олди. Аёллар ёниларидан ўтиб кетаётган бояги отахондан фарзанларининг қобилияти борасида фикр билдиришини сўрашди. Отахон эса: “Мен бу ерда фақат биттагина қобилиятли болани кўрдим. У онасига ёрдам беришга шошилган боладир. Зеро у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандек иш тутди. Зеро, у зот шундай деган эдилар: أوصي إمرأ بأمه Ҳар бир кишига онасига яхшилик қилишни васият қиламан. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 849

⏺️LIVE. Онлайн хатми Қуръоннинг 1-куни: АБДУЛБОСИТ ҚОРИ ҚОБИЛОВ

Тошкент ислом институти «Таҳфизул Қуръон» кафедраси ўқитувчиси, «Ҳасанбой” жоме масжиди имом ноиби Абдулбосит қори Қобилов 991

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (бешинчи мақола)

3. У зотнинг берган хабарларини тасдиқлаш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган хабарларини тасдиқлаш ва у зотни ёлғон гапиришдан пок деб билиш иймон тақозоси ҳисобланади. 4. У зотнинг кўрсатмаларига эргашиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш у зотнинг феъллари ва сўзларига эргашишни тақозо қилади. Зеро у зотга эргашиш иймоннинг асли экани ва жуда улкан бахту-саодатга сабаб бўлиши Қуръони каримда баён қилиб қўйилган: “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилади!, деб айт” (Оли Имрон сураси, 31-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига эргашиш аслида у зотга бўлган муҳаббатнинг самараси ҳисобланади. Бу ҳақда шоирлардан бири ҳикматли шеър ёзган: تَعْصِي الْإِلَهَ وَأَنْتَ تُظْهِرُ حُبَّهُ هَذَا مُحَالٌ فِي الْفِعَالِ بَدِيعٌ لَوْ كَانَ حُبُّكَ صَادِقًا لَأَطَعْتَهُ إِنَّ الْمُحِبَّ لِمَنْ يُحِبُّ مُطِيعٌ Даъвойинг муҳаббат, қилмишинг исён Кўрдим бу ишингда ёлғону ғалат. Аллоҳга қуллик қил, эй саркаш инсон, Муҳаббат тоатни қилади талаб. Яъни Аллоҳга муҳаббатли бўлиш У зотга итоат этишни вожиб қилганидек, Расулуллоҳни яхши кўриш ҳам у зотнинг кўрсатмаларига эргашишни тақозо қилади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 909

Фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги фитр садақа ва фидя миқдори бўйича қарори қабул қилинди. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Маълумки, фитр садақаси моли закот нисобига етган мусулмон киши томонидан мискинларга берилиши вожиб бўлган садақа бўлиб, уни ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, Рамазон ойи давомида бериш мақсадга мувофиқдир. Фитр садақаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён этилган қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ, арпадан бир соъ, майиздан ярим соъ ва хурмодан бир соъдир. Бир соъ тақрибан (≈) 4 килограммга тенг. Бугунги кунда мазкур маҳсулотларнинг Тошкент шаҳар бозорларидаги нархлари ўрганилганда 1 кг. буғдой ўртача тўрт минг сўм, 1 кг. арпа ўртача уч минг сўм, 1 кг. майиз ўртача ўттиз беш минг сўм ва 1 кг. хурмо ўртача ўттиз минг сўм экани маълум бўлди. Шунга кўра, 2020 йил (1441 ҳ.) учун ФИТР садақасининг миқдори: ≈ 2 килограмм буғдой 8 000 (саккиз минг) сўм; ≈ 4 килограмм арпа 12 000 (ўн икки минг) сўм; ≈ 2 килограмм майиз 70 000 (етмиш минг) сўм; ≈ 4 килограмм хурмо 120 000 (бир юз йигирма минг) сўм деб белгилансин. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя. Бу йилги ФИДЯ миқдори бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 20 000 (йигирма минг) сўм, деб белгилансин! Эслатма: Мазкур фитр садақасининг қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланди. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Манба: muslim.uz 1 177

РАМАЗОН ТАБРИГИ

Хуш келдинг, эй Моҳи РАМАЗОН! Фалак пойгагидаги оёқ товушларингни эшитиб вужудимизни титроқ босмоқда, ақлу шууримизни бемисл ҳаяжон чулғаб олмоқда. Чунки Руҳий Уйғониш палласи эрур сенинг ташрифинг! Хуш келдинг, эй Шифо Ойи! Кел! Йил давомида ҳаётнинг ўнқир-чўнқир сўқмоқларида қоқилиб-сурилиб, лой чапланган, кирланган, яраланган қалбларимизнинг газак олиш арафасида турган маънавий яралари-ю, вужудимизнинг дунё таомларини қабул қилавериб чарчаган, озорланган моддий камчиликларига малҳам қўй! Зеро, сенинг малҳаминг зоҳирий ва ботиний барча иллатларни даф қилгувчи, ўрнига ҳаёт ниҳолларини ўтқазгувчи обиҳаётдир! Хуш келдинг, эй Қуръон Ойи! Кел! Борлиқ Яратувчисидан Борлиқ Низомини бу Низомнинг энг Буюк Ижрочиси, Ўрнак ва Намунаси Хулуқиҳул Қуръон саллоллоҳу алайҳи васаллам орқали келтирган Ой! Ушбу Муборак Каломни Борлиқ Эгасига муштоқ дилларга, Унинг номини эҳтиромла такрорлагувчи тилларга жо қил! Жо қил, токи чанқоқдан қақраган ташна диллар Раҳмати Илоҳий, Фурқони Олийла сероб бўлсин, яйрасин, яшнасин! Хуш келдинг, Рисолат Ойи! Кел! Кел эй Ер ва Само аро қайтадан робита қурилган Ой! Мавжудотнинг Соҳиби шу мавжудотига Элчи йўллаган муборак Ой! Бу шундай бир элчиликки, унинг жараёнида Коинотга қайта жон ато этилади… Шундайин рисолатки, мавжудот, махлуқотни тартибга солувчи, яратилиш ғоясига уйғун яшашга етакловчи, мавжудотни абаслик, мақсадсизлик гирдобидан, илоҳий тажаллиёт чўққиларига юксалтгувчи Илоҳий маросим бу! Хуш келдинг, Ибодат Ойи!  Кел эй бандага бандалигини, Эгасининг олдида қандай туришини ўргатувчи Ой! Бизга кимлигимизни қайта танит, яратилиш ғоямизни пичирла қулоқларимизги! Йўқ, пичирлама, ҳайқир кимлигимизни! Токи ҳар бир аъзоимизга, ҳар бир тукимиз, ҳужайрамизгача етиб борсин, сингиб кетсин! Аъзоларимиз ўз вазифасига қайтсин! Кўзларимиз тажаллийингни кўришга, қулоқларимиз илоҳий чақириқларингни эшитишга, тилларимиз лозим бўлган ҳасанотларни куйлашга ошино бўлсин. Онг ва шууримиз “илла лиябудувний” ҳақиқатига лиммо-лим тўлиб-тошсин! Тошсин, махлуқотлар сартожи бўлмиш биз инсонлар Холиқимиз амрига итоат қилганидагина бу Фонийнинг ҳақиқий халоскори, ҳақиқий балогардони бўлишимизни билайлик, ҳис қилайлик, яшайлик… Хуш келдинг, эй Оқибат Ойи! Кел! Қалбларимизга меҳр-мурувват, вужудимизга севги-муҳаббат, танамизга ҳузур-ҳаловат насимлари мисол эсиб кел! Кел ва бизни худбинлик исканжасидан, нафс боқоқлиги ва манманлик жарлигидан халос эт! Кўзимизга тортилган ғафлат пардаларини саҳоват ҳанжари билан парча-парча қил, руҳимизни задалаган шубҳа-ю гумон зангларини буҳронларинг билан покла ва ақллу заковатимизга соя солиб турган жаҳолат зулматларини Ҳидоят нурлари билан тору мор айла! Кел эй меҳр-оқибат Ойи! Токи, бутун Бани Башарнинг илдизи бирлигини тушуниб етсин! Сенинг бу муборак келишинг жами миллатлар орасида меҳр-мурувват уруғини келтирсин! Хуш келдинг, эй Итоат Ойи! Кел! Абадий исёнларга “Бас, етар!” дейиш фурсатини келтир бизга! Бани башар қалбини тубдан ислоҳ айла! Нажотнинг итоатда, саодатнинг интизомда эканлигини уқтир нафсларимизга. Модомики Лаъин занжирбанд экан, Биз фақат ичимиздаги “Биз” билан танҳо қолдик! Кел эй Рамазон! Иршод зарбаларини чунонам индирки, “Биз”имиз ўзига келсин, кимлигини англасин. Ҳар биримиз ўз “Мен”имизни енгиб, коинотдаги умумий “Биз”га дохил бўлишимизга имкон келтир. Коинот Нозими ўрнатган Низоми Илоҳий олдида мудом бош эгиш, мутлоқ бўйсуниш малакасини ўргат барчамизга! Нафсимизни енгиб, унга итоат қилишдан халос бўлишимизга, Самовот ва Урнинг Роббисига итоат қилишга кўникишимиз учун замин ҳозирла! Хуш келдинг, эй Барака Ойи! Кел! Кел эй ойларнинг энг Мубораги! Бутун борлиқнинг эгаси нақадар бой! Бой сўзи буни ифодалашда нақадар камбағал! Ғоний эгам хазиналаридан барака ёғдир эй Рамазон! Сен боис Халлоқимизнинг меҳри янада мўлроқ ёғилгай. Кел ва Сенинг ҳурматингга Роббимиз наинки ризқимизга, балки тоатимизга, умримзга, онг-шууримизга, ақл-фаросатимизга, имону-эътиқодимизга, касбу-коримизга туганмас баракалар то айласин, ярлақасин…...
1 1 070 1 071 1 072 1 073 1 074 1 555