Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва у зотни улуғлашнинг асосларини умумий саккиз қисмга ажратганлар: 1. Набий алайҳиссаломни барча инсонлардан афзал билиш. Яъни ҳар бир мусулмон киши Муҳаммад алайҳиссаломни инсониятнинг энг афзали, деб эътиқод қилиши лозим. 2. Набий алайҳиссалом ҳақларида доимо одобга риоя қилиш. Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қилиш деганда асосан қуйидаги кўрсатмаларни яхши кўриб бажариш тушунилади: А) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, Қуръонда буюрилганидек у зотга доимо салавот ва салом айтиб юриши керак. Қуръонда у зотга салавот ва салом айтишга буйруқ келган: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг” (Аҳзоб сураси, 56-оят). Уламолар умр давомида бир марта салавот ва салом айтиш фарзлиги ушбу оят билан собит бўлганини, аммо у зотнинг номлари зикр қилинган пайтда, ё ҳар бир мажлисда, ё ададга чекламасдан доимий равишда салавот ва салом айтиб юриш вожиблиги ҳадислар билан собит бўлганини айтганлар. Салавот айтишнинг аҳамияти ҳақида у зотнинг ўзлари бундай деганлар: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ: « رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَىَّ ». رَواه الترمذي. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг олдида мен ёдга олинганимда менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Эътибор берадиган бўлсак, ташаҳҳудда, хутбада, жаноза намозида, азондан кейин, дуо қилаётган пайтда ва ҳоказо кўплаб ибодатларда у зотни улуғлаб салавот айтиш жорий қилинган. Б) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотни кўпроқ ёдга олишга ҳаракат қилиши керак. Муҳаммад алайҳиссаломни кўпроқ ёдга олиш, инсонларга у зотнинг суннатларини таълим бериш, мартабалари ва ҳақларини билдириш каби ишлар билан амалга оширилади. В) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг номларини ҳамиша ҳурмат билан тилга олиши керак. Яъни у зотнинг исмларини айтишда, пайғамбарликларини ифодаловчи “набий” ё “расул” сифатлари билан бирга айтиш керак. Г) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг масжидларига алоҳида ҳурмат кўрсатиши керак. Яъни у зотнинг масжидларида, қабрларининг ёнида шовқин-сурон қилмаслик ва баланд овозда гапирмаслик лозим бўлади. Д) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг шаҳарлари Мадинаи Мунавварага алоҳида ҳурмат кўрсатиши керак. Яъни Мадинаи мунавварада яшовчиларга ва унга кирган барча мусофирларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаҳарлари ҳурматини сақлаш вожиб бўлади. Е) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг ҳадисларини улуғлаши керак. Ҳадиси шарифларни айтаётган вақтда ёки эшитиш пайтида Расулуллоҳнинг сўзларига ҳурмат кўрсатиш керак. Ҳурмат кўрсатиш деганда асосан қуйидаги ишларга риоя этиш тушунилади: – ҳадисларни ўрганишда холис Аллоҳ розилигини кўзлаш; – ҳадисларни ёйиб, савоб олишни умид қилиш; – эшитган ҳадисларига амал қилиш; – ҳадисларни ривоят қилишда виқор билан ўтириш; – ҳадис дарслари учун алоҳида хушбўйланиш. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 941
Коронавирус сабабидан ўлган киши шаҳидми? Ал-азҳар халқаро электрон фатво марказининг таъкидлашича, коронавирус сабабидан вафот этган киши шаҳид мақомида бўлади ва унга шаҳидлар ажри берилади. Дунё ҳукмлари борасида унга барча мусулмон маййитларга татбиқ қилинадиган ғусл, кафанлаш, жаноза намози каби ҳукмлар жорий қилинади. Бунинг далили Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари: “Шаҳидлар бешта: тоъун (ўлат)дан ўлган, қорин оғриғи (ички касаллик) билан ўлган, чўкиб ўлган, том босиб ўлган, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар”. Бир ривоятда, тоъун (вабо)да ўлган шаҳиддир, деганлар. Ана шулардан келиб чиқиб коронавирусдан ўлганлар ҳам тоъун (ўлат) дан ўлганлар қаторида ҳисобланади. Коронавирусдан сақланиш учун тақилган ниқоб билан намоз ўқишнинг ҳукми. Ислом тадқиқотлари маркази ҳузуридаги фатво ҳайъати мусулмонларга коронавирус тарқалиши ёки юқишидан эҳтиёт бўлиш сабабли тақиб оладиган ниқобларда намоз ўқишни зарари йўқлигини қайд этган. Масжидларда намоз ўқишни тўхтатишнинг ҳукми. Миср фатво уйи (Дорул ифто) Азҳар шайхи ва Миср вақф вазирининг янги турдаги коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида, икки ҳафта мобайнида, Республиканинг барча ҳудудларида жамоат ва жума намозларини адо этишни тўхтатиб, азон айтиш билан кифояланиш қарорларини маъқуллашини эълон қилди. Спирт билан дезинфекция қилинган масжидда намоз ўқишнинг ҳукми. Азҳар фатво маркази: спирт – гидрооксид бирикмаси бўлган углерод ва водород зарраларидан иборат химиявий мураккаб элемент. Химикларга кўра ҳар қандай спирт деб аталувчи моддалар ҳам маст қилувчи бўлавермайди. Маст қилмайдиган спиртнинг сифатлари маст қиладигани каби бўлмагани ва ўзгариш содир бўлгани учун у пок ҳисобланади. Шунинг учун у билан баданни ва турли юзаларни дезинфекциялаш мумкин бўлаверади. Шу сабабли баданга ёки намоз жойига бундай спирт теккандан сўнг намоз ўқиш жоиз. Аммо, таркиби ва маст қилиши жиҳатидан аввалги ҳолида бўлган спиртнинг ҳукми эса уламолар ўртасида ихтилофли масала бўлиб, унинг ҳукми ихтиёр қилинган қавлга кўра покдир. Марказга кўра спиртни тиббий томондан тозалашда ишлатиш мумкин ва у билан турли юзаларни, жамоат жойларини ва масжидларни тозалашнинг зарари йўқ. Кийими, бадани ёки жойнамозига спирт теккан одамнинг намози дуруст бўлади. Коронавирус сабабли жума намозини уйда ўқишлик ҳукми. Азҳарнинг халқаро электрон фатволар марказига кўра уйда жамоат бўлиб, хутбалари билан икки ракъат ўқилган жума намози адо топмайди. Ҳаттоки намозхонлар сони кўп бўлса ҳам тўғри бўлмайди. Уйда хутбасиз тўрт ракъатдан иборат жамоат бўлиб ёки якка-якка ҳолда пешин ўқилади. Киши эркак ва аёллардан иборат ўз аҳлига имом бўлиб, жамоат ҳолда адо этиши мустаҳабдир. Коронавирус сабабидан жума намозини ўқимасликнинг ҳукми. “Фатво уйи” қуйидагича жавоб берди: жамоат ва ҳаттоки жума намозларини тарк қилишга сабаб бўладиган қатор омиллар мавжуд бўлиб, кучли жала, инсонга заҳмат етказадиган лойгарчилик, масжид йўлини кўриб бўлмас даражадаги қоронғулик каби умумий ҳамда касаллик, жонига, молига, аҳлига хатар бўлиши каби хусусий омиллар шулар жумласидандир. Шунингдек, бадбўй нарса истеъмол қилиш, кучли мудроқ босиши ва шуларга ўхшаш ҳолатлар ҳам жумъа намозига ҳозир бўлишдан тўсади. Коронавирус сабаб рўза тутмасликнинг ҳукми. Азҳарнинг халқаро электрон фатволар маркази шифокорлар янги турдаги коронавирусни олдини олишга қаратилган чоралар сифатида инсоннинг оғзи кун бўйи нам ҳолда туришлиги зарур деган тавсия берганда Рамазон рўзасини тутиш ҳукми бўйича саволга фейсбук ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали жавоб берди. Унда келтирилишича, агар касалликка чалинмаган бўлса, мусулмонга Рамазон ойида оғиз очиш мумкин эмас. Лекин шунга қарамай шифокорлар рўза коронавирусга чалиниш ва у орқали ҳалок бўлиш хавфини кучайтиради деган тақдирда ва бу нарса илмий...
Қадим замонда йўлларда кўплаб қароқчилар одамларни тунар ва уларни асир қилиб қул бозорида сотар эдилар. Ана шундай кунларнинг бирида қароқчиларнинг қўлига ёши кекса, йўқсил бир отахон тушиб қолди. Қароқчилар бошлиғи унга: “Қул бозорида сотилиб кетишни истамасанг бизга юз танга топиб бер шунда сени озод қиламиз”- деди. Бечора отахон яқинларига мактуб ёзиб ҳолатни баён қилиб шундай деди: “Биламан сизларда мени озод қилиш учун пул йўқ. Мен бу мактубни ҳолимдан хабардор бўлишингиз учунгина ёзаябман”. Бу қариянинг қалби тоза ва жасур ўғли бор эди. Отасининг шундай аҳволга тушиб қолганини билгач, дарҳол йўлга отланди. Қароқчилар қароргоҳига келиб ўзини таништиргач уларга: “Жаноблар, мен сизлардан отамни гаров пулисиз озод қилиб юборинглар деб сўрамайман. Чунки биламан сизлар бундай қилмайсизлар. Отам кекса ёшли ва кучдан қолган. Уларни сотсангиз ҳам кўп фойда олмайсиз. Яхшиси, унинг ўрнига мени сотиб юборинглар. Шунда сизлар кўпроқ даромад қиласиз”- деди. Бундай таклиф қароқчиларга жуда ёқиб тушди. Улар маслаҳатлашиш учун вазиятни қароқчилар бошлиғига тушунтирдилар. Қароқчилар бошлиғи бу жасур ва олийжаноб йигит ҳақидаги ҳикояларни эшитгач ўз қулоқларига ишонмади ва йигитни ва унинг отасини ҳузурига келтиришни буюрди. У қариянинг ўғлига ҳайрат билан қараб: “Ҳа, ҳа, бу дунёда нақадар жасур ва мард фарзандлар бор а! Бизда инсонийлик ўлиб кетибдими арслоним?! Сенга отингни ҳадя қиламан!” – деди. Шундан сўнг кекса отахон ва унинг фидокор ўғли хурсанд ҳолда уйга қайтишди. Бу ҳикоя Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини ёдимизга солади: لا يجزي ولد والدا إلا أن يجده مملوكا فيشتريه فيعتقه “Ҳар бир фарзанд отаси олдидаги қарзини ҳеч қачон адо қила олмайди. Илло, уни қул ҳолатида сотиб олиб озод қилиб юборса бундан мустасно”. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 907
Маълумки, киши “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни “Аллоҳнинг элчиси” деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зот алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади. Шу маънода у зотни яхши кўриб улуғлаш, ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар. “Шарҳу шифо” асарида қуйидаги ривоят келтирилган: “Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандоқ эди, деб сўраганларида у зот: “Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар”, дея жавоб берган”. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 1 129
Рамазон нур ва гўзаллик ойи. Рамазон яхшилик ва поклик ойи. Рамазон гўзал хотиралар ойи. Рамазон Қуръон нозил бўлган ой. Унда минг ойданда яхши Қадр кечаси бор. Бадр жангининг ғалабаси ҳам Рамазон ойида бўлган. Унинг охирида чексиз шодлик улашувчи кун – Ийдул фитр бор. Рамазон қалбларни нурга тўлдирар. У овқатдан тийилиш ва ҳаромдан сақланиш ойидир. Агар ҳаёт яшаш учун курашдан иборат бўлса, бу ой тирикликнинг сирини англаш ойидир. Агар бутун умр жисм учун бўлса, бу ой руҳ учундир. Бутун дунё бир-бирини қириш ва адоватдан иборат бўлса, бу ой дўстлик ва муҳаббат ойидир. *** Мен уни болалик чоғим бир кўришда севиб қолганман. Дамашқнинг ҳамма жойида унинг ўта баракали изи ва таассуротларини кўриб, унинг буюклигига қойил қолгандим. Шундан кейин уни ҳеч кўрмай қўйдим. Билсам, йўқотиб қўйган эканман. Ўша Рамазон Дамашққа қайтиб келмай қўйди. Янги Рамазон эса, мен биринчи бор бундан қирқ йил илгари кўрган Рамазоннинг номини кўтариб юрибди холос, лекин у мен билган Рамазон эмас. *** Ўша Рамазон Дамашқнинг ҳамма томонини қамраб олар эди. Қаерга борманг, уни кўрар эдингиз: намозхон ва Қуръон ўқувчилар билан тўлиб тошган масжидларда, мударрисларнинг столлари атрофида ҳалқа бўлиб ўтирган одамлар орасида ва бозорларда… Бирорта очиқ авратни, бирор номаъқул ишни ва бирорта очиқ ошхонани тополмайсиз. Бирорта сигарет чеккан ёки ароқ ичган одамга кўзингиз тушмас эди. Хоҳлаган буюмингизни қўрқмасдан, текшириб ўтирмай, бемалол сотиб олаверар эдингиз. Чунки энг ноинсоф савдогар ҳам Рамазонда алдамас эди. Аёл киши қанча хато иш қилиб қўйса ҳам эридан ёмон сўз эшитмаслигига ишонганидан уйида хотиржам ишлар, чунки рўзадор мусулмон эркакнинг оғзидан Рамазонда бир оғиз ҳам ёмон сўз чиқмас ва ҳеч кимни сўкмас эди. Мусулмон эркак киши ҳам хотинидан бирор ёқимсиз ҳолатни кўрмаслигига ишонганидан қалби уйига ошиқарди. Чунки рўзадор муслима аёл Рамазонда эрига ҳаргиз озор бермас эди. Дарвозангизни ланг очиқ қолдирсангиз ҳам, ўғри кирмас эди. Чунки ўғрилар ҳам Рамазонда иш ташлаш қилиб, ўғирликдан тавба қилар эдилар… *** Аммо мана бу янги Рамазонни эса, на ана у янги кўчалар ва на мана бу янги маҳаллалар танийди. Таниш у ёқда турсин, ҳалигача қандай қилиб таниш йўлини ҳам билмайди. Эски Дамашқ ҳозирда буларга бир оғиз сўзини ҳам ўтказа олмайди: масжидлар уйқучи-ю отамлашувчилар ва илмсиз мударрислар билан тўла. Бозор ошхоналари очиқ ва кўза хўрандалар билан лиммо-лим. Рамазон ойида – яна билмадим – очликданми, сигарет хумориданми рўзадорларнинг хулқлари ҳам бузилиб кетмоқда. Рамазонда шайтонлар занжирбанд қилиняпти-ку, лекин фосиқлар Рамазондан олдин қилиб юрган ишларини уялмай, юзсизларча қилишяпти… *** Авваллари диндан энг узоқ одамлар ҳам Рамазон дарагини эшитишлари билан Аллоҳга тақво қилишга ўтар, эски кийимини ечиб ташлаб, янгисини кийиб олгандек, тубан ва разил қалбини суғуриб чиқариб ташлар ва олийҳиммат, покдил, ибодатли одамга айланарди. Доим уруш-жанжал ва тўполон ҳукмрон бўлган уйлар Рамазон келди дегунча, тинчлик ва хотиржамлик уйига айланарди. Бутун шаҳар гўё бир оила ёки ҳамма бир вақтда овқатланадиган ва бир вақтда ётиб, бир вақтда турадиган мактаб-интернатга айланиб қоларди. Шом вақти яқинлашган сари одамларнинг бирови бир товоқ мудаммас (қайнатилган ловия, биздаги қайнатилган нўхот каби), яна бири нон кўтарганича уйи томон шошилаётганига кўзинг тушади. Дастурхонлар тузалган. Ҳатто энг камбағал одамнинг уйида ҳам Рамазонда гўзал бир иштаҳатортар ифторлик дастурхони ёзилади. Чунки, Рамазонда ҳар бир рўзадор қўни-қўшниси ва атрофидагиларнинг ҳолидан хабар...