Кунларнинг бирида Али ва Оиша гилос мевасидан тўйиб ейиш учун дарахт устига чиқиб олишди. Али шохларнинг учида турган меваларга қараб интилар, юқоридаги гилослар унга гўёки яхшироқ пишгандек туюлар эди. Оиша бир неча бора уни огоҳлантириб шохлар борган сари ингичкалашиб кетаётганини, яқин атрофидаги гилослар ҳам яхши пишганини айтиб огоҳлантирди. Алининг кўзлари эса фақат юқоридаги меваларни кўраётгандек Оишанинг бирорта гапига парво қилмасдан кўтарилиб борар эди. У тўсатдан гилослари кўп бўлган шох билан бирга ерга қулади. Али дарахтнинг катта шохини шунингдек оёғини ҳам синдириб олди. Энди у бир неча ҳафта гипсланган оёқлари билан узоқдан гилос мевасини томоша қилиб ётишга мажбур эди. Алининг бу қилмишини очкўзлик деб аташ мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари инсонни ўйлашга чорлайди: لو كان لإبن آدم واديان من ذهب لأحب أن يكون له ثالث و لا يملأ فاه إلا التراب Одам боласида икки водий тўла олтин бўлса ҳам учинчисини хоҳлади. Унинг оғзини тупроқдан бошқа нарса тўлдира олмайди. (Термизий, Зуҳд 28) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 1 210
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и Халқимиз асрлар давомида эзгулик, саховат, сабр-қаноат, меҳр-шафқат ойи сифатида нишонлаб келган муборак Рамазон ойи бу йил бутун дунёда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай қийин шароитда ҳам муқаддас динимиз буюрган ибодат амалларини уйда, оила даврасида адо этиб келаётган юртимиз мўмин-мусулмонлари ушбу фазилатли ойни Яратганнинг чексиз раҳмати ва мағфиратининг белгиси сифатида, эртанги кунга катта ишонч ва хурсандчилик билан кутиб олмоқда. Муборак Рамазон ойининг жамиятимиздаги маънавий-руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳозирги мураккаб синов ва машаққатларни халқимиз, бутун жаҳон аҳли билан ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликда енгиб ўтишдаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда ҳамда муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, унинг тинчлик, бағрикенглик, шукроналик каби олижаноб ғояларини кенг тарғиб этиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида: 1. 2020 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 24 апрель кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин. 2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда Рамазон ойининг карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда, уй шароитида, оила даврасида ўтказилиши учун зарур шароитларни яратишга йўналтирилган барча чора-тадбирларни амалга оширсин. Айниқса, ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида аҳамият берилсин. 3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига мавжуд эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, диний-маърифий руҳдаги онлайн суҳбат ва маърузалар ташкил этиш, бу йилги Рамазон ойини уй шароитида ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин. 4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ Тошкент шаҳри, 2020 йил 20 апрель 868
Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни икки даражага ажратганлар: 1. Фарз даражадаги муҳаббат; 2. Фазилат даражадаги муҳаббат. Фарз даражадаги муҳаббат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий билан билдирилган барча ҳукмларни рози бўлиб, улуғлаб ва тўлиқ таслим бўлиб, қабул қилиш тушунилади. Яъни, у зотнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча шаръий ҳукмларини муҳаббат билан қабул қилиш, ҳар бир мўмин кишига фарз ҳисобланади. Фазилат даражадаги муҳаббатда эса, мусулмон кишининг барча ишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тақлид қилиб яшашни яхши кўриши тушунилади. Яъни, ейиш-ичиш, кийиниш, муомала ва ҳакозо ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида у зотнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшашга муҳаббатли бўлиш, ҳар бир мўмин киши учун улуғ фазилат бўлади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 1 061
Алихон яхши бола эди. Лекин дўстлари уни ҳамма билан тортишавергани сабабли яхши кўрмас эдилар. Куз кунларининг бирида кўл бўйида йиғилган болалар денгизлар ва кўллар ҳақида суҳбат бошлашди. Айтишардики, денгизлар чуқурроқ ва унинг суви ҳам кўлникига қараганда совуқроқ бўлади. Алихон эса доимгидек уларнинг гапини аксини таъкидлай бошлади. Болалар унинг табиатини билганлари сабабли баҳсга киришмадилар. Улар бир оз нарироққа кетишдида, сувга текис, силлиқ тошларни ирғита бошлашди. Тошлар худди какликлар сингари сувнинг мовий сатхида сакраб-сакраб кетар эди. Бу сафар Фаррух отган тошлар кўпроқ сакрар эди. У отган тошлар сув устида сирпаниб узоқ юргандан кейин кўздан ғоиб бўлар эди. Алихон ҳасад билан унга: “Қани сени тошларинг қандай экан кўрайликчи?” – деди. Фаррух кафтлари орасидаги тошларини кўрсатди. Аслида унинг тошларини бошқаларнинг тошидан ҳеч қандай фарқи йўқ эди. Муғомбир Алихон бирор баҳона топиш учун: “Мана! Сени тошларинг худди қоғоз сингари ингичка экан. Бундай тошларни ҳар қандай одам ҳам яхши ота олиши мумкин” – деди. Фарруҳ унинг ниятини фаҳмладида, шу ондаёқ: “Мени тошларимни ол, ўзингникини эса менга бер, ўшанда кўрасан!” – деди. Шундай қилдилар. Лекин натижа ўзгармади. Шу пайт автоҳалокат сабабли оқсоқланиб қолган Хайдар исмли бола Алихоннинг олдига келиб: “Бугун омадинг келмаябди”- деди. Омадсизлиги боис жаҳли чиқаётган Алихон қўполлик билан унга бақириб: “Сен нимани ҳам тушунар эдинг, чўлоқ!”- деди. Алихонни бу гапи болаларни ранжитди. Ҳамма уни ўзгаларга нисбатан одобсизлиги учун уялтира бошлади. Зеро, Алихоннинг қилган бу иши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларига мутлақо тўғри келмас эди. Шундай эмасми?! لا تمار أخاك و لا تمازحه Биродарингиз билан тортишманг ва уни мазаҳ қилманг! (Сунани Термизий, Бирр 58) Рус тилидан Оҳунжон Ахмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 841