Фарзандим, Аллоҳ сенинг ҳаётингни гўзал, юзингни ёруғ қилсин. Билгинки, Аллоҳ одам боласига ақл неъматини бериб, бошқа мавжудотлардан ажралиб турадиган қилиб қўйди. Берганининг сабаби эса ўша ақлни ишлатиб амал қилишимиздир. Ўзинг алоҳида ўтириб фикр юрит ва мукаллаф мавжудот эканлигинг далилларини ўрган, устингда фарз амаллар борлигини, уларни бажариш шартлигини ҳам англаб ет. Олдингда доимо иккита фаришта туриши, ҳар бир гапингни, пичирлашингни, нималарга қарашингни, ҳатто юрган қадамингни ёзиб туришлигини унутма. Билгинки, бу дунёда қанча кўп яшасанг ҳам кам, аммо қабр қамоғи жуда узоқдир. Ҳавойи нафсга эргашиш жаҳаннам ёлидир, ўлгандан кейин қани нафснинг шахвати? Қани!? Бош эгилди ва қадамлар тўхтади… Ким бахтга эришади, фақат нафсига эргашмаганлар. Ким бадбахт бўлади, нафсига қулоқ солиб нафсини диёнатидан устун қўйганлар. Сендан олдин ўтган подшоҳлардан ва сендан олдин ўтдан зоҳидлардан ибрат олгин. Қани улар? Подшоҳларнинг тотган лаззати қани!? Ёки тарки дунё қилганларни чарчоғи қийинчилиги қани? Қийналиб инсонлар манфаъати учун чарчаган солиҳ бандаларни номи қолди ва нафсига берилиб лаззатни, бахтни тотганларни – гуноҳкорларни- орқасидан қора доғигина қолди. Ҳудди тўйган инсон тоймагандек, ҳудди оч юрган одам тўқдек. Барчаси ўтиб кетти ҳеч ким қолмади, лекин солиҳ бандаларни чарчоғи, меҳнати зикр қилинаяпти, кайфу-сафо қилганларни қора номи ёмон ҳолатда эсланаяпти. Сен шуни тушуниб етгин. Дангасалик энг ёмон дўст ҳисобланади, кўп роҳатланиш надоматга олиб келади. Ўзинга эҳтиёт бўл ва билгинки фарзларни адо этиш, ҳаромдан йироқ бўлиш бу қатъий лозим ва вожибдир. Агарда шуларни бажармайдиган бўлсанг олов ва надомат сенга муқаррардир. Яна билгинки, фазилатларни излаш ҳар бир изланувчининг мурод-мақсадидир. Фазилатларни бир-биридан фарқлашни ҳам бил, чунки баъзилар фазилатларнинг энг зўри тарки дунё деб ўйлайдилар, яна баъзилари фазилатларнинг энг юқориси ибодат билан шуғулланиш деб ўйлайдилар. Лекин фазилатларнинг энг юқориси униси ҳам эмас буниси ҳам эмас. Энг яхши фазилат – илм олиб уни амал билан бир хил баробар олиб кетишдир. Шундагина бу фазилат эгасини юқори чўққиларга чиқаради, яратган Зотни тушуниш, севиш, соғиниш ва Унга интилишга олиб келади. Бу амал сен ҳаракат қилишинг учун энг зарур амал ҳисобланади. Ҳар бир талаб қилган инсон ҳам истагини топмайди ва мақсадига эришавермайди, лекин у инсон ўзининг ҳаракати ва эътиқоди билан ажру-савобга эришади. Ҳар бир жонзот ўзи учун юклатилган масъулиятга муяссардир. Таржимон: «Тиллар» кафедраси ўқитувчиси Озода Махкамова 792
“Тасбеҳ” луғатда “улуғлаш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан холи деб эътироф этиш” маъносига тўғри келади. Тасбеҳ айтиш фақатгина инсонларга хос эмаслиги, балки инсонлар яратилмаган вақтда ҳам атроф-оламдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтиб турганлари Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди” (Ҳадид сураси, 1-оят). Уламолар: “Ушбу оятда “Аллоҳга тасбеҳ айтди”, дея ўтган замон шаклида хабар берилиши инсонлардан олдин яратилган осмонлар, Ер ва улардаги барча нарсалар тасбеҳ айтиб туришганига далолат қилади”, – деганлар. Бошқа бир оятда эса осмонлардаги ва Ердаги нарсаларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишлари ўтган замонга хос эмаслиги, балки доимо тўхтовсиз бардавом бўлиб туриши бундай баён қилинган: “Унга етти осмону ер ва ундаги кимсалар тасбеҳ айтадилар. Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” (Исро сураси, 44-оят). Ушбу оятда “тасбеҳ айтадилар”, дея ҳозирги ва келаси замон шаклида хабар берилиши осмонлару ердаги фаришталар, инсонлар, ҳайвонлар, набототлар барча-барчаси Аллоҳ таолога доимо тўхтовсиз тасбеҳ айтиб туришларига далолат қилади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 840
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ҳозирги кунда Шаъбоннинг ўн бешинчиси борасида баъзи одамлар илми оз бўлганлиги боис бу кечани одатдаги кечалардан бири деб туриб олсалар, баъзилари эоса илмсизлиги ортидан ғулувга кетадилар. Афсуски, оз сонли бўлса ҳам учинчи турдаги мўътадил қараш эгалари ҳам бор. Биринчи тоифадаги инсонларда ҳадис илмидан етарлича маълумот йўқ. Улар «Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»да келган ҳадисларни тутиб, бошқасига қайрилиб қарагилари келмайди. Иккинчи қараш эгалари илми йўқлигидан ҳадис ажратмайдилар. Ҳадис заифми ёки бошқами олаверадилар. Шу боис улар чуқур кетиб, заиф ҳадис ила суннати муаккада ёки вожиб даражаларини кашф қиладилар. Учинчи турдагиларга аллома Тоҳир Жазоирий раҳматуллоҳи алайҳ “Тавжиҳун назар”ида айтишича, мўътадил уламолар киради. Улар ифрот ҳам, тафрит ҳам қилмайдилар, балки уммат қабул қилган ва соҳа эгалари таҳқиқидан ўтган маълумотларни ихтиёр этадилар. Асли масалага қайтсак, Шаъбоннинг ўн бешинчиси тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн еттита саҳобадан ҳадислар ривоят қилинган. Лекин бу ҳадисларни саҳиҳ ҳам, ҳасан ҳам дея олмаймиз. Ҳаммасининг санади борасида илмий баҳслар бор. Масалан Ибн Можанинг ривоятида: قوموا ليلها صوموا نهارها “Унинг кечасида қоим бўлинглар, кундузида рўзасини тутинглар”, бошқа бир ривоятларда «Истиғфор айтувчи борми, гуноҳини кечираман» ёки «Афв сўровчи борми, уни авф қиламан…” каби лафзлар келган. Лекин буларнинг барчасини санадларида иллат бор, бирортаси бундан холи эмас. Шундай бўлса-да, бунча ададли ҳадислар амал қилинмайдиган даражада заиф дея олмаймиз. Ҳофиз аллома Саховий раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул муғис”ида Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб, заиф ҳадисларни уч қисм бўлган: бироз заиф, ўртача заиф ва ўта заиф. Биринчи қисмдаги ҳадис шоҳид ва мутобеълар, яъни мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар воситасида ҳасан лиғойриҳи даражасига кўтарилиб, у билан ҳужжатланиш мумкин. Иккинчи турдагисининг санади ҳақида ўзига хос эътирозлар бўлса-да, шариат усул-қоидалари қамровидан чиқиб кетмаган, балки уларга асосланган бўлади. Учинчиси, яъни ўта заиф ҳадиснинг санадида ривояти тарк этиладиган ёки каззоб ё бўлмаса ёлғончиликда айбланган шахс иштирок этади. Биринчи ва иккинчи қисм заиф ҳадисларини эътиборга олиниши ва уларга амал қилиниши борасида уламолар бир тўхтамга келганлар. Имом Нававийнинг асарларида, имом Суютийнинг “Тадрибур ровий”сида, ҳофиз аллома Саховийнинг “Фатҳул муғис”ида ва бошқа замондош уламоларнинг китобларида ҳам мазкур гаплар айтилган. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни тўғрисидаги ҳадисларнинг барчаси фазилат бобида олинишга ярайди. Уламолар бундан кўра заиф бўлган ҳадисларни ҳам олганлар. Бу маънодаги ҳадислар даражаси ва тақозосидан келиб чиқиб амал қилиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганчалик ибодат қилиш, ундан оширмаслик ҳам ва камайтирмаслик ҳам керак. Масалан, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси Қуръон тиловат қилишни айтган бўлсалар, Қуръон ўқилади. Кундузи рўза тутишга қизиқтирганмилар, демак рўза тутиш керак. Аммо кечасини ибодат билан ўтказиш ўрнига тўпланиб, беҳуда суҳбатлар уюштириш ёки кундузи рўза тутмасдан зиёфатлар ташкил қилиш яхши эмас. Балки кечасини зикр, тиловат, тасбеҳ ёки илмий мажлислар билан ўтказиш, кундузида эса рўза тутиш мустаҳаб. Бироқ бундай амалларни қилмаганларни маломат қилиш тўғри эмас. Уламолар шунга тарғиб қилганлар ваамал қилганлар. Шунингдек, бу ҳолат авлоддан авлодга шу тарзда ўтиб келган. Уламолар бир-бирларидан қабул қилиб олган бундай мерос нафақат бир мазҳаб, балки ҳаммага бирдек ўрнакдир. Уламолар Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси ва кундузини ғанимат билиш кераклигини таъкидлаганлар. Жумладан: – Машҳур буюк муҳаддис Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Маорифул латоиф” асарида: “Шомнинг машҳур тобеъиси Холид ибн Луқмон раҳматуллоҳи алайҳ бу кечага жиддий аҳамият берар...
Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”. Жавоб: “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”. Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?” Жавоб: “Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”. Хулоса шуки, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада доимо хурсандчилик пайтида ҳам, мусибат етганда ҳам барча ҳолатларда Аллоҳ таолога қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Аллоҳ таолонинг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у Аллоҳ таолонинг ўзига нимани ирода қилганидан хабардор бўлиб, кейин мазкур “қилғиликларини” амалга оширишга “мажбур” бўлиб қолмаганини жуда яхши билиб туради. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлади ва: “Аллоҳим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатлардан сақлаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Аллоҳ таолонинг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан ҳамд айтиб туради: – Аллоҳим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан. Агар бу амалларим учун мукофот берсанг, фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир… Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 919
Карантин таътили даврида диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари дарсларни талабаларга ўқув дастур ва тақвимий режа асосида видео ва аудио дарслар, маъруза матни ва слайдлар кўринишида масофавий тарзда олиб бормоқда. Ушбу дарслар талабаларнинг “telegram” гуруҳлари ва “moоdle” дастури орқали офлайн шаклда, “Zoom” дастури орқали онлайн шаклда йўлга қўйилган. Ҳозирда талабаларнинг 20 фоизи онлайн, 80 фоизи эса офлайн тартибида дарсларни тинглашмоқда. Шу йил 18-31 март кунлари диний таълим муассасалари томонидан жами 107 та онлайн, 140 та видео ва 743 та аудио дарслар ташкил этилди, 426 та маъруза матни ва 160 та слайд талабаларга тақдим этилди. Ҳар бир фан ўқитувчилари талабаларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланиш мақсадида масофавий дарслар бўйича берилган саволларга жавоб бермоқда, мутолаа учун қўшимча адабиётларни тавсия қилмоқда. Карантин таътили давомида ўқитувчи ва талабалар бугунги кунга қадар жами 661 та “Хатми Қуръон”, 2 та “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўплами хатми, минглаб мўътабар дуо ва истиғфорлар қилинди. Диний таълим муассасалари сайти ва телеграм каналлари орқали қуйидаги тавсиялар бериб борилмоқда: – Республика махсус комиссияси томонидан коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича жорий этилган карантин ҚОИДАЛАРИГА ТЎЛИҚ АМАЛ ҚИЛИНГ; – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус (COVID-19) инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича ФАТВОСИ ТАЛАБЛАРИГА ҚАТЪИЙ ИТОАТ ҚИЛИНГ; – Ўз уйларида қолиб, ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан бу балони инсоният бошидан кўтаришини, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб, ИХЛОС БИЛАН ИЛТИЖО ҚИЛИНГ; – Тинимсиз меҳнат қилаётган тиббиёт ва бошқа мутасадди идоралар ходимларининг хизматларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақларига ДУОЛАР ҚИЛИНГ; – Масофавий таълим дарсларидан унумли фойланган ҳолда ўқув режада белгиланган билимларни ЎЗ ВАҚТИДА ЎЗЛАШТИРИНГ; – Мустақил дарс тайёрлаётган вақтларда мавзуларни ўзлаштириш бўйича саволларга жавоб олиш учун ФАН ЎҚИТУВЧИЛАРИГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ; ✅УЙДА ҚОЛИНГ, ҚУРЪОН ХАТМ ҚИЛИНГ, КИТОБ ЎҚИНГ, ИСТИҒФОР АЙТИНГ, ДУО ҚИЛИНГ, БИРГАЛИКДА КАСАЛЛИКНИ ЕНГАМИЗ, ИНШОАЛЛОҲ. Салоҳиддин ШЕРХОНОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири 1 067