Меърож ҳодисасида бир қанча ҳикматлар бор, улар: Меърож нега айнан кечаси бўлди, кундузи эмас? Имом Ибнул Мунир раҳимаҳуллоҳ шундай деб айтадилар: “Урфда кечаси хилват ва хосланиш вақти. Шунингдек, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос фарз қилинган намознинг вақти эди “Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ”[1]. Ва яна мўминлар учун иймон келтиришда, мушриклар учун эса фитна бўлишда муболаға бўлиши учун. Чунки тун маҳбуб билан бирга бўлиш вақти”. Ибн Диҳя раҳимаҳуллоҳ: “Файласуфларнинг сўзларини инкор қилиш учун ҳам меърож тунда содир бўлган. Улар: “Тун сабабидан хорлик ва ёмонликлар бўлади”, – дейишади. Аллоҳ таоло бир қанча қавмларни тунда берган кароматлари билан сийлаганидан кейин улар қандай қилиб шундай дейишади? Мисол учун: Иброҳим алайҳи салом қиссасида “Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди”; Лут алайҳи салом қиссасида: “Аҳлинг ила кечанинг бир бўлагида йўлга чиқ, сен уларнинг ортидан кузатиб бор. Сизлардан ҳеч бирларингиз ортга қарамасин. Амр қилинган томонингизга кетаверинглар», дедилар”[2]; Мусо алайҳи салом қиссасида: “Ва Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса, уни ўн (кеча) билан тугал қилдик. Бас, Роббининг белгилаган вақти тўлиқ қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: «Қавмимда менинг ўрнимни ол, яхши иш қил, бузғунчиларнинг йўлига эргашма»[3], деди”; Ва тунда Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳи саломни дуоларини ижобат қилиши: “У: «Сизлар учун Роббимга сўнгра истиғфор айтаман. Албатта, Унинг Ўзи мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир», деди”[4]. Муфассир уламолар: “Эрталаб саҳар тонг вақтларида дуо ижобат бўлишида, тунда ой ёрилиши ҳодисасини бир оят-белги қилишида, жинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб иймон келтиришлари тунда бўлишида ҳамда улар ўша тундаёқ бошқа жинлар олдига бориб нубувват хабарини етказишларида, тун яратилиш ва бошланиш жиҳатидан биринчи бўлиши ва тун наҳордан олдин келишини батафсил қилиб Қуръоннинг барча оятларида айтилишида, минг ойдан биттагина тун устун бўлиши-ю[5] кунларнинг бирортасида ундай фазилат йўқлигида, ҳаракатларнинг энг яхши самараси айнан тунда бўлишида, чунки тунда инсоннинг зеҳни бўш бўлади ва висолларнинг энг лаззатлиси айнан тунда бўлишида “Ва кечани либос қилиб қўйдик”[6] туннинг нақадар баракотлилигини белгиси бор”. Имом Ибн Диҳя раҳимаҳуллоҳ: “Меърож яшил зумраддан бўлган зинапоядир”, – деганлар. Шайхул Ислом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса: “Ибн Каъб меърож кумушдан ва олтиндан бўлган зинапоя”, – деб айтганлигини ва Имом Ибн Саъд раҳимаҳуллоҳ эса: “Маржонлар билан безалган”, – деб айтганларини ривоят қилганлар. Осмон эшикларига яқинлашганда Жибрил алайҳи салом тақиллатиб очишларида ҳам бир ҳикмат бор. Чунки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам осмон эшикларини очиқ ҳолда турганлигини кўрганларида, “ўзи доим шундай очиқ турар эканда” деб ўйлашлари мумкин эди. Жибрил алайҳи салом эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даражотларини кўрсатиш ва улуғлаш учун бориб, тақиллатиб очдилар. Ва яна шунингдек Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга осмонларда у зотни ҳамма билишини кўрсатиб қўйиш учун ҳам шундай қилди. Чунки очиқ турганида “Муҳаммад юборилдими?” деган саволга эҳтиёж қолмас эди. Имом Хозин раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Муҳаммад юборилдими?” деган савол Пайғамбар қилиб юборилиш ҳақида эмас эди, чунки осмонларда ҳамма буни билар эди. Балки у савол “Муҳаммад Меърожга юборилдими?” деган маънода эди”. Шайхул Ислом Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ эса: “Дарвозабон фаришталар “Ёнингиздаги ким?” деб сўрашларида Жаброил алайҳи салом олдидаги инсон дўст эканлигини белгисидир. Акс ҳолда фаришталар “Ёнингизда кимдир борми?” деб сўрар эдилар. Анбиёлар осмоннинг...
2019 йил 25 апрель куни бошланган ва “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида давом этаётган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” (“Tashkent Law Spring”) Халқаро юридик форуми иштирокчилари Афғонистон Ислом Республикаси Адлия вазири Доктор Абдулбасир Анвар ва вазирликнинг Ташқи алоқалар Департаменти раҳбари Эзмарай Усмоний 27 апрель куни Тошкент ислом институтига ташриф буюрдилар. Уларга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев ҳамроҳлик қилди. Ташриф буюрган меҳмонларни ТИИ проректори Ж.Мелиқўзиев ва Ўқув-услубий бўлим бошлиғи Ё.Бухорбоев кутиб олдилар. Дастлаб уларга институт ташкил этилиши тарихи, мустақилликдан олдинги ва кейинги фаолияти, амалга оширилган ислоҳотлар, ТИИ жамоаси, хусусан, талабалар учун яратиб берилган шарт-шароитлар тўғрисида маълумотлар берилди. Ташриф давомида меҳмонлар ТИИ Ахборот-ресурс маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Сўнг улар ислом тарихи ва балоғат фанлари бўйича кўргазмали воситалар билан жиҳозланган аудиторияларда устоз ва талабалар билан дарс жараёнида суҳбат олиб бордилар. Ташриф ниҳоясида Афғонистон Адлия вазири Доктор Абдулбасир Анварга ТИИ жамоаси номидан институт устозларининг араб тилида нашр этилган китоблари совға қилинди. Ўз навбатида бундан мамнун бўлган мўътабар меҳмон ТИИ фаолияти билан танишиш натижасида жуда кўп таассуротларга эга бўлганини билдирди ва жамоага муваффақиятлар тилади. ТИИ Ахборот хизмати 877
Бир савдогар тун қоронғусида уйига қайтаётган эди. Шу чоғда у йўл устидаги девор остида тунашга тайёргарлик кўраётган қора танли кекса бир отахонни кўриб қолди. Маълум бўлдики, қариянинг кўриниши болаларини қўрқитиб юборишидан ҳадиксираган маҳалла аҳли унга бошпана бермабди. Савдогар отахонни уйига таклиф қилди, иссиқ таом едирди, ётиши учун оппоқ чойшаблар солиб алоҳида хонага жой қилиб берди. Дераза олдида ётган қария туннинг қоқ ярмида тушунарсиз шовқин овозидан уйғониб кетди. Қарасаки, ойнинг хира нури остида кўча томондаги дераза орқали икки ўғри уйга киришга уринмоқда. Улар савдогарни ўлдириб, пулларини ўғирлаб кетиш ниятида эди. Қора танли қария дарҳол оппоқ чойшабга ўралиб ўрнидан турди-да қўлларини кўтари6 «Ҳей, нима қиляпсизлар?!» – деб бақирди. Ўғрилар кутилмаганда гўёки оппоқ кафандаги арвоҳни кўришгач қўрқувдан: «Онажооооон, бу ерда арвоҳлар бор!»- дея бор овози билан бақириб ойнадан чиқиб қочиб қолишга уринишди. Шу вақтда улардан бирининг оёғи синди, бошқасининг эса боши ёрилди. Ўғрилар ҳали қочиб кетишга улгурмасларидан шовқинни эшитган одамлар у ерга тўпландилар. Ва улар қўлга олинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мусулмонларга қарата айтган сўзлари нақадар гўзал: ( إن الله في عون العبد ما دام العبد في عون أخيه) «Модомики киши биродарига ёрдам берар экан, Аллоҳ унга ёрдам беради». Рус тилидан Оҳунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 890
Исломдаги турли хил фиқҳий мактаблар-мазҳабларнинг мавжудлиги мусулмонларга муқаддас манбаларда кўрсатилган вазифаларни бажариш учун энг мақбул йўлни танлаш имкониятини очиб беради. Бу йўллардан бири, Имом Молик ибн Анас асос солган Моликийлик мазҳабидир. Имомнинг таржимаи ҳоли Сунний йўналишига мансуб фиқҳий мактаб асосчиси Молик ибн Анас 93-ҳижрий (милодий 717) йилда Мадинада туғилган. Унинг ота-боболари илмли кишилар бўлиб, хусусан, Имом Моликнинг бобоси Амир ансорлардан эди. Умуман олганда, мазҳаб асосчиси бутун умр Мадинада яшаб, «Имом» ёки «Имомуд дарул ҳижр» тахаллусига эга бўлди. Молик ибн Анас болаликданоқ асосий вақтини таълим олишга бағишлади, устозлари берган вазифаларга диққат билан эътибор қилди ва ҳадисларни ўрганишда қалбида улкан завқни туйди. Мадинада яшаб таълим олиш уни қаноатлантирар эди, чунки саҳобалар ва тобиъйнлардан ҳадис ривоятларини тинглаш учун доимий Мадинада бўлиш талаб этилар эди. Шу билан бирга, у ақида ва ислом ҳуқуқи каби бошқа соҳалардаги илмларни эгаллашни ҳам назардан қочирмади. Имом Молик Қуръон илмларидан ҳам яхши билимга эга бўлиб, шу орқали фиқҳий қоидаларни ишлаб чиқди. Унинг кенг қамровли ишларининг тожи сифатида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг қимматли сўзлари ва у зотнинг шахсияти билан боғлиқ ривоятлардан иборат бўлган ҳадис тўплами бўлган «Муватто» китобини кўрсатиш мумкин. Молик ибн Анас илмий изланишлари билан бир қаторда савдо билан шуғулланган. Буюк имом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳарларига бўлган юксак муҳаббати сабаб Мадинадан узоқ кетмай яшади, Мазҳаб асосчиси Молик ибн Анас касаллик туфайли 179-ҳижрий (милодий 803) йилда 86 ёшида вафот этди. Имом Молик мазҳаби Имом Молик ибн Анас мазҳабининг характерли хусусияти шундан иборатки, унда ансорларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган чексиз ҳурмат ва эҳтироми уфуриб туради. Ушбу фиқҳий мактабда имомнинг Мадинада яшаганлик тажрибаси катта аҳамиятга эга. Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қўшимча равишда, моликийлар илмий ва оддий ҳаётга оид амалий саволларга жавоб топиш учун кўплаб бошқа усул ва манбаларга таянадилар: Биринчи навбатда ҳукм чиқаришда Қуръонда муҳкам, яъни маъноси аниқ ва равшан бўлган оятларга эътибор берилади. Ҳукм олишда Молик ибн Анас фақатгина суннатнинг ўзигагина суянишни қоида қилиб олган. Мисол учун, агар оход (мутавотир даражасига етмаган) ҳадис Қуръон оятларига зид бўлмаса, у ҳам ҳукмнинг манбаи сифатида қабул қилинган. Мадиналикларнинг кундалик ишлари. Ансорлар, мадина аҳлининг Қуръон ва суннатга зид бўлмаган анъанавий ҳаракатлари Моликий мазҳабига кўра оход ҳадисга қараганда афзалроқдир. Саҳобалар ва тобиъйн қавллари. Агар юқоридаги 3 та бўлимларга зид бўлмаса, манба сифатида қаралиши мумкин. Бироқ улар суннатга тенглаша олмайди. Қиёс – мавжуд қоида ва ҳукмларга асосланиб қарор қабул қилиш. Лекин, қиёсни бошқа илож қолмагандагина ишлатиш лозим, деганлар. Истиҳсон – қиёсга кўра чиқарилган фиқҳий ечимни тузатиш ва янги шароитларга мослаштириш. Истислоҳ – жамият ҳаётида фойдадан ҳоли бўлмаган ижтимоий қарашлар. Агар ислом фиқҳининг асосий манбаларида ушбу долзарб муаммо бўйича зарур кўрсатмалар бўлмаса, мавжуд жамият аъзолари томонидан урфда бўлган масаларга мурожаат қилинади. Бу усул биринчи Имом Моликнинг ўзи томонидан таклиф қилинган. Мадина шаҳрида пайдо бўлган имом Молик ибн Анаснинг мазҳаби дунёнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқалди. Ҳозирги вақтда ушбу фиқҳий мактаб тарафдорлари асосан Шимолий (Миср, Тунис, Жазоир, Марокко) ва тропик Африка (Нигерия, Мали), шунингдек Форс кўрфази (Баҳрайн, Қатар, Қувайт) мамлакатларида яшайди. Мазҳаб, давом этаётган миграция оқимлари туфайли Европада ҳам аста-секин тарқалмоқда. Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев Манба: https://islam.global/obshchestvo/islamskoe-pravo/imam-malik-ibn-anas-vozhd-mediny/...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим! Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”. ( “Тавба” сураси, 65-66-оятлар) Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, Унинг Ўзидан ёрдам сўраймиз! Расулимизга салавотлар бўлсин! У зотнинг оилалари, саҳобалари ва қиёматга қадар яхшиликда уларга эш бўлганларга Аллоҳнинг раҳмати, нажоти ва нусрати ёғилсин! Ва баъду: 1. Истеҳзо ва унинг луғавий ҳамда истилоҳий таърифи. 2. Сен: «Аллоҳни, Унинг оятларини ва Расулини истеҳзо қилаётган эдингизми?» деб айт. Узр айтманглар. Батаҳқиқ, иймонингиздан кейин куфр келтирдингиз”. Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби. 3. Истеҳзо ҳақида салаф ва халаф уламоларимизнинг демишлари. 4. Истеҳзонинг шариатдаги ҳукми. 5. Истеҳзо муаммосининг мусулмонлар орасида ёйилиши ва унинг олдини олиш учун таклифлар. 6. Хулоса. 1. Истеҳзо ва унинг луғавий ҳамда истилоҳий таърифи Мусулмон шахснинг зиммасида вожиб бўлган нарсалардан бири Ислом уламоларини ҳурмат қилиш, солиҳ инсонларга муҳаббатли бўлишдир. Ислом шариати айнан ушбу муҳаббат ва ҳурматни ҳаддидан ошмаслик ҳамда сусткашлик қилмаслик шарти ила касб этиш лозимлигини уқтиради. Шубҳасиз, айнан уламоларни ва солиҳ инсонларни масхара қилиш, уларни камситиш, иймон тақозо қилган ҳурмат ҳамда муҳаббатга зид ахлоқ ҳисобланади. Истеҳзо камситишнинг бир туридир. (“Лисонул араб”, 1/183 ва “Ал Мисбаҳул Мунир”, 787-саҳифадаги истеҳзо моддасига қаранг!) Олусий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Истеҳзо камситиш ва масхаралашдир”. Имом Ғазолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Дарҳақиқат, истеҳзо, пастга уриш, камситиш ва айб-нуқсонлар устидан кулиш орқали танбеҳ бериш гоҳ иш-ҳаракат, гоҳ сўз, гоҳида эса имо ишора билан ҳам бўлади. Истеҳзонинг асли енгилтакликдан келиб чиққан. Араблар туянинг тезлаб, енгил югуриб кетишига шу истеҳзо калимасини қўллашади. (“Руҳул маъоний”, 1/158) Уламолар истеҳзонинг истилоҳида аҳли илм ва солиҳ зотларни истеҳзо қилиш кофирларнинг сифатларидан ҳамда мунофиқларнинг хислатларидан эканини алоҳида таъкидлашаган. Бунга Аллоҳ таолонинг бир неча оятлари очиқ ишора қилади (“Бақара” 212, “Мўъминун” 103 дан 111 гача бўлган оятлар, “Мутоффифин” 29 дан 33 гача бўлган оятлар. Булар кофирлар ҳақида. Мунофиқлар ҳақида эса “Бақара”, 14, 15, “Тавба”, 79 ва ҳоказолар). Истеҳзонинг истеъмолидан асосан Исломга душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг Ислом уммати орасига кириб олган “дум”лари фойдаланишади. Улар мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини қадимдан амалга ошириб келишади. Бу услуб билан мусулмон умматнинг қалбида илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади. Бунга эса уламоларни камситиш орқали эришишни исташади. “Саҳюний донишмандларининг протоколлари” номли асар ҳақида кўпчилик эшитган. Бу асарнинг шаъни борасида турли гап сўзлар мавжуд бўлса-да, сионистларнинг ўз вакилларига берган кўрсатмалари маълум маънода ҳаётимизда инъикос топган. Зийрак мусулмонлар бу каби баёнотлардан ҳам ўз динлари манфаатига мос ҳикматлар топишлари эҳтимолдан холи эмас. Шу протоколларнинг ўн еттинчисида диндор илм аҳлларини обрўсизлантириш ҳақида сўз юритилиб, қуйидагилар айтилади: “Хой (яъни, яҳудий бўлмаганларнинг) руҳонийларини обрўсизлантириш йўли билан айни вақтда уларнинг бизга ҳалал бериши мумкин бўлган миссиялари ҳам барбод бўлади. Кун сайин дин уламоларининг халққа бўлган таъсирлари пасайиб боради. Ҳамма ерда виждон эркинлиги эълон қилинади, энди насроний динининг барбод бўлишидан бизни фақат вақт ажратиб турибди, холос: бошқа динларнинг инқирозига бундан ҳам осон эриша оламиз, бироқ бу ҳақда ҳозир бирор нарса айтиш жуда эрта”. Демак, протоколдаги кўрсатмага биноан, барча дин уламоларини, бу ўринда мусулмон уламоларни, камситиш, таҳқирлаш, ҳайбатини йўққа чиқариш, туҳмат ва бўҳтонлар орқали гапларини қадрсиз ҳолга келтиришга уриниш сионизм даҳоларининг...