Жорий йилнинг 4 апрель куни, китоб мутолааси орқали ёшлар таълим-тарбиясини яхшилаш ва илм-маърифатини оширишга оид ташаббусга мос равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, ҳамда Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Самарқанд вилоятидаги олий диний таълим муассасаси ҳисобланган – Ҳадис илми мактабига ўзларининг шахсий кутубхоналаридан энг нодир ва ноёб асарларни совға қилдилар, хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Тақдим этилган китоблар орасидаги Абу Лайс Самарқандийнинг “Тафсиру Самарқандий”, Имом Моликнинг “Муватто”, Бадруддин Айнийнинг “Ал-Баная Шарҳул Ҳидоя”, Мулла Али Қорийнинг “Фатҳу бабил Иноя” ва Ибн Манзур Мисрийнинг “Лисанул Араб” номли асарлар талабалар учун муҳим қўлланма бўлади, иншо Аллоҳ. Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов илму маърифатли инсон бўлиш учун, аввало, пухта билим олиш зарурлиги, кўп китоб мутолаа қилиш муҳимлигини айтиб, китоб ва унинг мутолаасининг фойдалари ҳақида сўзлади. Забардаст уламолар ва мутафаккирлар китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида бўлса ҳам китоб мутолаа қилганлар. Буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий ҳазратлари 12 ёшларида Қуръони каримни ёд олганлар, умрлари давомида олти мингдан зиёд ҳадисни ҳифз қилганлар. Мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари эса 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд билган. Сўзимизни Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги тўртлиги билан якунлаймиз. Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда. У билан қол танҳо ҳеч бермас озор, Жонингга юз роҳат беради такрор. 733
Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимида иштирок этиш учун 6 апрель куни Сурхондарё вилоятида бўлди. Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Термиз яқинидаги Султон Саодат ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди, мажмуада маҳаллий ва хорижий зиёратчилар учун қулай шароит яратиш, уни янада обод қилиш бўйича кўрсатмалар берди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Султон Саодат ёдгорлик мажмуасининг мусулмон оламида тутган ўрни хақида ЎзА мухбирига эксклюзив интервью берди: – Бисмиллоҳир роҳмонир роҳийм. Оллоҳга беадад шукроналар бўлсинки. юртимизга жуда ҳам улуғ неъматлар, тинчлик-осойишталикни берди. Бугун Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда барча соҳаларда катта катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, диний соҳада ҳам. Улуғ алломалар, маърифатпарвар зотлар мангу қўним топган жойларни обод қилишга катта эътибор берилаяпти. Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифлари доирасида Султон Саодат ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Бу мажмуада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамизнинг бешинчи авлод набираси Ҳасан ал-Амир мангу қўним топган. Бу улуғ зот Термиз амирларининг султони бўлган. Манбаларда қайд этилишича, Ҳасан ал-Амир ўз яқинлари билан Самарқандга кўчиб келган. Бу ерда ўн йиллар яшаб маърифат тарқатиш, халқни бирдамликка чорлаш билан машғул бўлган. Шундан сўнг Балхга кўчади. У ерда бир муддат яшайди, тахминан 865 йилда Термизга қелиб, умрининг охиригага яшаб қолади.Шу ерда дафн этилади. Асрлар давомида у мўътабар зотнинг авлодлари учун ҳам маҳобатли мақбаралар қурилган. Султон Саодат, Саййидлар султони деган маънони англатади. Шунинг учун ҳам бу жойнинг мақоми улуғ, руҳонияти баланд. Кимки келиб зиёрат қилса, ўзига маърифат, улгу олади. Ўз даврида буюк алломаларимиз, олимларимиз саййидларнинг дуоларини олганлар, уларга эъҳтиром кўрсатганлар. “Темир тузуклари”да қайд этилишича, Соҳибқирон Амир Темур Ҳиндистонга юришлари чоғида ҳамиша Термиз саййидлари хонадонида тўхтаб, меҳмон бўлгани қайд этилган. Саййидлардан бир қанчаси Соҳибқироннинг юришларида қатнашгани айтилган. Саййидлар ўз халқига Ватанига садоқатини изҳор қилган. Амир Темур ўз тузукларида мен саййидларни, илм-аҳлини ҳурмат қилар эдим, деган битикларини қолдирган. Султон Саодат зиёратгоҳи ободонлаштирилган бўлишига қарамай, бошқа зиёратгоҳларга нисбатан кам маълумот берилган. Бизнинг тарихмиз жуда бой. Лекин ўрганилмаган жиҳатлари кўп. Президентимиз бу муқаддас қадамжога ташриф чоғида ёшларимига тарихимизни илмий асосда тушунтириш, бу улуғ зотлар қандай ишларни амалга оширганликларини, Ватанига содиқлигини, илм-маърифатини ўрганиш юзасидан кўрсатма бердилар. Шу жойда қисқа муддатли ўқишларни ташкил қилишни таклиф этдилар. Унда ёшлар ва мутахассисларга тарихимиздан билим берилади. Мана шундай улуғ зотларни йўлидан борсак, улар қолдирган маърифатни ўргансак юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Манба 735
Қиссалар насиҳат ва ибрат манбаидир. Қуръони каримнинг маълум бир қисми айнан қиссаларни батафсил баён қилишга бағишланган. Шу боисдан ҳам Қуръони карим билан бир қаторда ҳадиси шарифларда ҳам аввал яшаб ўтган умматлар ҳақидаги гўзал қисса ва хабарларни кўплаб учратишимиз мумкин. Зеро, ўтган пайғамбарлар ҳамда солиҳ зотларнинг ҳаётий қиссаларида кейинги келувчи авлодлар учун гўзал ўрнак ва намуна бордир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: لَقَدْ كَانَ فِي قَصَصِهِمْ عِبْرَةٌ لِأُولِي الْأَلْبَابِ مَا كَانَ حَدِيثًا يُفْتَرَى وَلَكِنْ تَصْدِيقَ الَّذِي بَيْنَ يَدَيْهِ وَتَفْصِيلَ كُلِّ شَيْءٍ وَهُدًى وَرَحْمَةً لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун (катта) ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган гап эмас, балки ўзидан олдинги нарсаларни (яъни, самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга имон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (манбаи бўлган бир Китоб)дир” (Юсуф сураси, 111 оят). Мана шундай ажоиб қиссалардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари орқали бизларга хабарини берган “Обид Журайж” қиссасидир. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Уч кишидан бошқа ҳеч ким бешик (яъни гўдаклик вақти)да гапирмаган. Улар: Ийсо ибн Марям алайҳиссалом, Журайжнинг шериги (учинчи кишини бошқа ривоятда Юсуф алайҳиссаломнинг покликларига гувоҳлик берган чақалоқни келтирганлар)”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Журайж ибодатгўй киши бўлиб, бир уйни танлаб, ўша ерда ибодат қилар эди. Бир куни Журайж намоз ўқиётган вақтда унинг онаси келиб қолди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж “Эй Худойим, онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси кута-кута кетди. Эртаси куни яна келди ва яна: “Эй, Журайж!”, деб чақирди. Журайж: “Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси яна қайтиб кетди. Эртаси куни онаси яна келди ва эй Журайж, деб чақирди. Журайж “Ё, Худойим! Онам (ни танлайми) ва (ёки) намозимними?”, деб иккиланди. Сўнг яна намозига берилиб кетди. Онаси: “Ё, Худойим! Бузуқ аёлларнинг юзларига қараб қолмагунича унинг жонини олмагин”, деб дуойибад қилди. Бани Исроил Журайжни (ўзларига ўрнак қилишар) ва унинг ибодати ҳақида бир-бирига сўзлашар эди. Шу ерда ўз ҳусну жамоли билан мағрурланиб юрадиган фоҳиша аёл бор эди. У агар хоҳласангизлар, уни йўлдан ураман, деди. Кейин Журайжнинг олдига бориб ўзини таклиф қилди. Журайж унга қайрилиб ҳам қарамади. Аёл чиқиб Журайжнинг ибодатхонасига яқин жойда яшайдиган чўпон олдига келиб унга ўзидан фойдаланишлик имконини берди. Аёл чўпон билан зино қилиб ундан бола орттирди ва одамлар орасида уни Журайжнинг фарзанди деган иғвони тарқатди. Одамлар Журайжнинг ибодатхонасини бузиб уни қўллари учи билан кўрсатадиган, ҳатто кўчаларда уни ёқасидан судраб юрадиган бўлишди. Бироқ, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини шундай ташлаб қўймади. Журайж ўз Раббисига ишонганлиги туфайли намозларида илтижо қилиб, бу фитнани бартараф этишини ёлборарди. Зотан, намоз банданинг энг олий мақоми, кушойиш мавқеидир. Одамлар эндигина туғилган чақалоқни кўтариб келишганида Журайж ундан отаси ким эканлигини сўради. Чақалоқ Аллоҳнинг қудрати билан тилга кириб “отам фалон чўпон” дея жавоб берди. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло ибодатгўй бандасини бундай фитнадан қутқариб, уни яна ибодат халоватига қайтарди. Одамлар эса Журайжни улуғлаб унга мақтовлар ёғдиришди”. Энди ушбу қиссадан қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин: Ота-онани ранжитиш, уларга оқ бўлиш жуда хатарли иш ва улкан гуноҳ экан; Ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади. Шу...
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жаннатда юзта даража бор. Икки даражанинг ораси осмон билан ерчаликдир. Фирдавс унинг энг олий даражасижир. Ундан жаннатнинг тўрт анҳори отилиб чиқади. Унинг устида Арш бўлади. Аллоҳдан сўрасангиз, Фирдавсни сўранглар». Пайғамбарлар, валийлар Аллоҳдан каттаю кичик нарсаларни сўрашган. Нима учун? Чунки улар Аллоҳнинг ал-Ваҳҳоб сифатини тўлиқ тушунишган. Сулаймон алайҳиссалом нима сўраганларини ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? У зот: «Роббим, мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин ҳеч кимга муяссар бўлмайдиган подшоҳликни ҳадя этгин. Албатта, сен Ваҳҳобсан», деганлар, аввалию охири йўқ подшоҳлик сўраганлар. Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарлик, подшоҳлик ва илму ҳикмат берди, шамолдан тортиб, инсу жинлар, набототу жамодот оламини бўйсундириб қўйди. Демак, дуода зуҳду тавозеъ қилиб ўтирилмайди. Аллоҳдан бу дунёда истаган барча нарсангизни сўранг. Аллоҳдан охиратда истаган барча нарсангизни сўранг. Ҳатто бундай неъматларга ўзингизни нолойиқ деб билсангиз ҳам, ҳеч иккиланмай сўрайверинг, чунки сиз Ваҳҳоб Зотдан сўраяпсиз, барча нарсага Қодир Зотдан сўраяпсиз, сиз сўраган барча нарсаларни берса ҳам, мулки мутлақо камайиб қолмайдиган Зотдан сўраяпсиз, сиз сўраган нарсаларга қўшиб яна бир неча баробари ҳам беришга қодир Ғаний Зотдан сўраяпсиз. Дуо – гўзал ибодатдир, аммо кўпчилик буни унутиб қўйган. Биз бу гўзал ибодатни қанча кўп қилсак, Аллоҳ таоло буни шунча хушлайди. Бу ибодатнинг негизида Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумон қилиш ётади. Аллоҳдан барча нарсани иккиланмай сўрайверинг, Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлаверинг. Билингки, Аллоҳ таоло У Зотга қўлини кўтариб, дуо қилган банданинг қўлини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади. Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ Манба: Islom.uz 774