“Суффа” сўзи луғатда “тепаси соябонли қилинган жой” маъносини англатади. У ерда эҳтиёж юзасидан маълум вақт давомида тунаган инсонларга нисбатан “эгалари” сўзи ишлатилган. Бундай инсонлар “Асҳабус-суффа” номи билан тарихдан муносиб ўрин эгаллаганлар. Истилоҳда эса асҳобус-суффа деганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қоладиган бирор бошпанаси ҳам, мол-мулки ҳам бўлмаган фақир саҳобалар тушунилган. “Асҳабус-суффа” баъзи ривоятларда “Аҳли суффа” деб ҳам аталган. “Асҳабус-суффа” ва уларнинг яшаш тарзи ҳақида жуда кўплаб ривоятлар келган. Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзини ривоят қилган: “Асҳабус-суффа”дан етмиш кишини кўрганман. Уларнинг эгниларида фақатгина ридо (баданнинг фақат тепа қисмини тўсадиган кийим), ёки изор (баданнинг пастки қисмини тўсадиган кийим), ё бўйинларига ўраб олишган бирор кийим бўларди. Баъзиларининг кийими болдирларининг яримига етса, баъзилариники тўпиқларигача етарди. Аврати кўриниб кетишидан хавфсираб, кийимини қўли билан чангаллаб турарди”. Бадриддин Айний “Умдатул Қорий шарҳу Саҳиҳи Бухорий” асарида шундай ёзади: “Баъзилар “Асҳабус-суффа” деб номланиш сабаби ҳақида шундай дейишган: Бошпаналари йўқ ғариб кишилар масжид эшиги ёнида саф бўлиб туришар эди. Шу сабабли улар “Асҳабус-суффа” (сафланиб турувчилар) деб номланган”. Имом Нававий “Шарҳу саҳиҳи Муслим” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидан бошпана топган фақир кишилар бўлиб, улар масжид ёнидаги тепаси соябонли қилинган жойда тунаб қолишар эди”. Имом Термизий “Сунани Термизий”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг: “Аҳли суффа Ислом аҳлининг меҳмонлари эдилар”, – деганларини ривоят қилган. Имом Байҳақий Усмон ибн Ямон розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: “Мадинада муҳожирлар кўпайиб кетди. Уларнинг туришлари учун бирор ҳовли жой ҳам, бошпана ҳам йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга жойлаштирдилар ва “Асҳабус-суффа” деб атадилар. У зот улар билан бирга ўтирар ва уларга дўстона муносабатда бўлар эдилар”. Муҳаммад Абдурраҳмон Муборакфурий “Туҳфатул Аҳвазий би шарҳи жомеъит-Термизий” асарида қуйидагиларни ёзган: “Асҳабус-суффа етмиш нафар атрофидаги уй-жойи ҳам, мол-мулки ҳам, бола-чақаси ҳам бўлмаган фақир саҳобалар бўлган. Уларнинг сони гоҳ камайиб, гоҳ ортиб турган. Улар, асосан, ўзларига садақа қилинган нарсалар билан кун кечирганлар”. Муновий “Файзул Қодийр шарҳу Жомеъис-сағир”да қуйидагиларни ёзган: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга намоз ўқиб берганларида очликдан намозда тик тура олмай қоладиган кишилар ҳам бўларди. Улар Асҳабус-суффа” эдилар. Ҳатто араблар: “Анавилар мажнунлардир”, – дейишарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг уларга юзланиб шундай деган эдилар: “Агар Аллоҳ ҳузурида сизларга қандай яхши нарсалар борлигини билганингизда, албатта, янада фақир ва эҳтиёжманд бўлишни яхши кўрган бўлар эдингиз”. Ҳа, саҳобаи киромларнинг ҳаётлари билан яқиндан танишган сайин уларнинг улуғ мақомлари ҳақида айтилган сўзларнинг ҳақиқати янада яққол намоён бўлиб бораверади. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба: Azon.uz 1 244
Аллоҳ таоло мукаммал дин бўлмиш Исломни бандаларига баён этиш учун гўзал фазилатларга эга бўлган, барча замон ва маконларнинг буюги сифатида эътироф этиладиган шахсни Пайғамбар қилиб танлаган. Ушбу буюк шахс Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига барча жабҳаларда ўрнакдирлар. У зотнинг гўзал хулқ ва сифатларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этиш дунёда юксак фазилат, охиратда эса улуғ шарафга эга бўлишимизга сабаб бўлади. Мана шу маънода эътиборингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал сифатларидан баъзиларини ҳавола этамиз. Сўзлашлари: аниқ ва тиниқ, ҳарф ва сўзлари дона-дона, равон, ўта ёқимли ва таъсирли, такаллуфсиз, лўнда ва қисқа, сермазмун ва пурмаъно, ўта фасоҳатли ва балоғатли, бошқаларнинг сўзлашларидан яққол ажраб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини яхши очиб гапирардилар, оғиз чеккаси билан гапирмасдилар. У зот сергап ҳам, ўта камгап ҳам эмасдилар. Сўзлашларининг гўзаллигига ҳар қандай инсон маҳлиё бўлиб қоларди. Сўз ва иборалари худди ипга терилган маржондек. Таъблари етук, ҳикматга бой. У зотга сермазмун ва пурмаъно сўзлаш хусусияти берилган эди. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳли билан уларнинг лаҳжасида сўзлашардилар. У зотда бадавийларга хос сўзамонлик чиройли гап суришда ҳам, шаҳарликларга хос бўлган аниқ ва равон иборалар қўллашда ҳам ўз ифодасини топган эди. Бу борада, албатта, илоҳий мададга ҳам эга эдилар. Ҳар қандай ўринда керагича сўзлардилар, ортиқчаси бўлмас эди. Кўп сукут сақлардилар. Ҳеч кимга беписандлик билан гапирмаганлар. Ҳақоратлаш ва сўкиш у зотга тамоман ёт эди. Бирор кишининг дилини оғритмаганлар. Беҳуда ва миш-миш гаплар, деди-дедиларга яқин келмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошлаганларида барча жим туриб қулоқ солар, хутба қилганларида ҳатто пашша учса билинадиган даражада сукунат ҳукм сурар эди. Ўтиришлари: йиғиштириниб, виқор билан, сокин ўтирардилар. Кўпинча жим ўтирар, зарурат туғилгандагина сўзлардилар, ноўрин гапирган одамдан юз бурардилар. Кулишлари: кулгилари табассумдан иборат бўлиб, кулганларида тишлари маржондек бўлиб кўринар эди. Баъзан жуда хурсанд бўлиб кулганларида кўзларини юмиб олардилар. Шижоатлари: беқиёс ва сўнмас эди. У зот инсоният тарихидаги энг шижоатли инсон бўлганлар. Рақибини доимо ер тишлатганлар. Манаман деган полвонларни ҳам доғда қолдирганлар. Энг оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор туриб, олға интилардилар, ҳеч қачон ортга чекинмаганлар, саросимага тушмаганлар. Саховатлари: ниҳоятда қўллари очиқ, саховатда тенгсиз, энг сахий инсон эдилар, фақирликдан қўрқмас эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар, саҳобаларнинг таъбирлари билан айтганда, саховатда шамолдек бўлиб кетардилар. У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон “Йўқ” демаганлар. Топсалар, бериб, имконлари бўлмаса, ширин сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар. Муомалалари: мулойим, самимий, очиқ ва гўзал эди. У зот энг муомаласи осон киши бўлганлар. У зотни дастлаб кўрган киши ҳайбатларидан ўзини йўқотиб қўяр, яқиндан танигач, у зотни яхши кўриб қолар эди. Ҳеч қачон бировни камситмаганлар. Ҳар бир суҳбатдошга алоҳида аҳамият билан қарар эдилар, шунинг учун уларнинг ҳар бири ўзини у зотга бошқалардан кўра яқинроқ ҳис этар эди. Қўл бериб кўришганларида қўлларини биринчи бўлиб тортиб олмас, суҳбатдошлари гапини тугатиб, ўз ихтиёри билан туриб кетмагунча, суҳбатни бўлмасдан, сабр қилиб турар эдилар. Одамлар ичида энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилмас, ҳаёсиз сўзларни сўзламас, бозорларда шовқин қилмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки кечириб юборар эдилар. Ҳаммага бирдек бағрикенглик...
Аввал хабар берганимиздек, 24-25 июль кунлари Тошкент Ислом институтида 2018-2019 ўқув йили учун кундузги таълим йўналиши бўйича Араб тили фанидан ижодий имтиҳон ҳамда Фиқҳ, Ақоид ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синовлари бўлиб ўтади. Шу муносабат билан, жорий йилнинг 21 июль куни Тошкент Ислом институтида имтиҳон олди консультациялар бўлиб ўтди. Тадбирни қабул ҳайъати котиби М.Насриев олиб борди. Дастлаб “Тиллар кафедраси” ўқитувчиси Ё.Бухарбоев Араб тили фанидан бўлиб ўтадиган ижодий имтиҳон жараёнлари тўғрисида тўлиқ маълумот берди. Фиқҳ ва Ақоид фанлари бўйича Фиқҳ фани ўқитувчиси Я.Раззақов, Ўзбекистон тарихи фани бўйича Тарих фани ўқитувчиси О.Тангиров тест синовлари тўғрисида абитуриентларга батафсил тушунча берди. Эслатиб ўтамиз, кундузги таълим йўналиши бўйича 2018-2019 ўқув йили учун 50 та, жумладан 8 та аёл-қизлар учун квота ажратилган бўлиб, қабул ҳайъатига 202 нафар абитуриент ҳужжат топширди. 1 092
Аллоҳнинг иродаси деган гапнинг маъносига эътиқод қилиш ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечириш мусулмончиликнинг заруриятларидан ҳисобланади. Шунга асосан, дунё ва охиратдаги биз учун фойдали ёки зарарли барча-барча нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган, деб эътиқод қиламиз. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода уламоларнинг ушбу эътиқодимизга тааллуқли саволларга берган жавобларининг хулосалари билан танишиб чиқамиз: Савол: Банданинг гуноҳ содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни ўша гуноҳни қилгани учун жазолаши зулм эмасми? Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини ирода қилиб, сўнг уни ўша қилган гуноҳи учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб, кейин ўша ишни қилмайди. Балки, шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади. Шунга кўра, бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади. Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг гуноҳ содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш аслида итоат қилиш бўлиб қолади-ку? Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни ман қилмаганида, банданинг гуноҳ ишни содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани гуноҳ ишлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг гуноҳ ишни қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади. Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади? Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли сунна вал-жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли сунна вал-жамоа имомларидан бири бўлган устоз Абу Исҳоқ Исфароний ўтирган экан. У устозни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди. Устоз буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деб жавоб берди. Мўътазилий етакчиси: “Нима, Роббимиз Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими?” – деди. Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Бўлмаса Роббимизга мажбурлаб исён қилинадими?!”, – деди. Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Роббимиз мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими?”, – деди. Аҳли сунна вал-жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, – деди. Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди. Савол: Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими? Жавоб: Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас,...
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан ҳамкорликда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаси ҳамда QS, ARWU, TIME каби йирик рейтинг агентликлари услубларини ўрганган ҳолда илк маротаба юртимиздаги олий таълим муассасалари рейтинги аниқланди. Бу ҳақда edu.uz хабар бермоқда. Олий таълим муассасалари рейтинги 23 та индикатор асосида баҳоланди. Мазкур индикаторлар асосида шу йилнинг март-июнь ойларида 57 та олий таълим муассасалари фаолияти таҳлил қилинди ва тажриба-синов тариқасида уларнинг 2018 йил 1 январь ҳолатига рейтинги ишлаб чиқилди. Унга кўра кучли 10 талик олий таълим муассасалари: 1. Ўзбекистон миллий университети 2. Тошкент давлат шарқшунослик институти 3. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти 4.Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти 5. Самарқанд давлат университети 6. Тошкент тиббиёт академияси 7. Тошкент давлат стоматология институти 8. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 9. Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институти 10. Тошкент ахборот технологиялари университети Рейтингда қуйи поғонани эгаллаган 10 та олий таълим муассасалари: 48. Наманган муҳандислик-технология институти 49. Навоий давлат педагогика институти 50. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 51. Қарши давлат университети 52. Жиззах политехника институти 53. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти 54. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 55. Миллий рассомчилик ва дизайн институти 56. Жиззах давлат педагогика институти 57. Қўқон давлат педагогика институти. 1 176