Маҳоратли жарроҳ ортида турган бўлажак навқирон ва илмга ташна шифокорлар тасвири XXI аср учун янгилик ҳисобланмайди. Чунки бундан 800 йил олдин Ислом олами ўзининг тиббиёт билимгоҳларига эга эди. Бу билимгоҳлар талабалар учун бирламчи назарий ва амалий дарсларни ташкил қиларди. «من تطبب و لم يعلم منه طب قبل ذلك فهو ضامن». (رواه البخاري و مسلم) “Кимки билимга эга бўлмай туриб, табиблик қилса, у киши (етказган зарарига) зоминдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти) Ислом тиббиёт масканларида таълим жараёни ҳозирги кундаги каби талабалар билан индивидуал ҳолда олиб бориларди. Маърузалар шифохонанинг катта залида ташкил қилиниб, унда маърузачи минбардан туриб талабаларга дарс ўтган. Маъруза сўнгида бош шифокор ёки жарроҳ талабаларга савол берган ва ўз навбатида уларнинг саволларига ҳам жавоб берган. Мусулмон толиби илмлар замонасининг машҳур табибларидан таълим олишарди. Ислом оламида қоғоз саноати кенг тарқалгач, талабалар маърузаларни варақларга ёзиб борадиган бўлишди ва бу “талабанинг шахсий тиббий йўриқномаси” деб аталиб, ҳозирги кунгача сақланиб қолган. “Тиббиётни китобларсиз ўрганаётган киши денгизда харитасиз сузаётган кишига ўхшайди. Тиббиётни беморларсиз ўрганаётган киши эса, асло суза олмайди”. Уильям Ослер, канадалик шифокор (1849-1919) Таълимга қўшимча равишда талабалар ўзларининг олган билимларини амалий ўрганиш мақсадида шифохонанинг навбатчи шифокори ёки жарроҳига бириктирилар эди. Таълимнинг бундай жараёнига алоҳида эътибор бериларди. Чунки бу услуб илғор талабалар учун муҳим бўлиб, улар шифокор билан бемор ўртасидаги муносабатлари, беморга шифокор қўйган ташхис ва қўллаган муолажаларни ўрганиб боришарди. Ҳозирги кунда буни “pedagogical practice”, яъни “педагогик амалиёт” деб аташади. Дамашқдаги “Ан-Нури” шифохонаси юқорида айтиб ўтилган тиббиёт масканларидан бири эди. Унга XII асрда ҳукмронлик қилган Нуриддин ибн Занкий асос солган бўлиб, машҳур табиб Абул Мажд Боҳилий раҳбарлиги остида эди. Шу сабабли шифохона унинг номи билан аталган ва озиқ-овқатлар, турли дори-дармонлар билан таъминланган. Шифохонада махсус зал бўлиб, унда тиббиётга доир қимматли асарлар сақланган. “Ан-Нури” шифохонаси оламга машҳур бўлиб, унда табобат ҳаёти гуллаб яшнади ва равнақ топди. XIII аср бошларида, шифохонага Муҳаззибуддин Ад-Даҳвар номли табиб келди. Аввалига кам маош эвазига ишлаган табиб кейинчалик машҳур бўлди, довруғи атрофга таралди ва кўп бойлик топди. Натижада Дамашқда ўзининг тиббиёт таълим масканига эга бўлди. “Ан-Нури” таълим даргоҳида кўплаб машҳур табиблар дарс олишди. Улар баъзида султон Нуриддин ҳузурида тўпланишар, тиббиётга оид мавзулар тўғрисида баҳс қилишар, баъзида эса шифохона мудири Абул Мажд маърузаларини тинглашар эди. Бу маскандан етишиб чиққан машҳур мусулмон табиблардан бири Ибн Абу Усайбиадир. У XIII асрда яшаб ўтган ва ўзининг табиблар табақаси тўғрисида “Уйувнул анбаи фи тобақотил атиббаи” (“Табиблар табақаси тўғрисида хабарлар чашмаси”) номли машҳур асарини таълиф қилган. Бу асар ислом табобати тарихи тўғрисида муҳим манба ҳисобланади. Улардан яна бири Ибн Нафис бўлиб, у табобат оламида кичиқ қон томири кашфиётчисидир. Олимнинг бу кашфиёти кейинчалик инсон физиологияси тушунчасига янги қадам вазифасини ўтади. Манчестер Университети профессори Доктор Салим Ҳассанининг “Muslim heritage in our world” китоби асосида тайёрланди. Инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси Манба 1 114
Араб тилида гуноҳни кечириш маъносида қўлланиладиган «аъфу» ва «мағфират» сўзлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ўринларда келган. Бу икки сўз ўзбек тилида бир сўз билан «кечириш» маъносини англатсада, араб тилининг ўзида икки ҳил фарқли мазмунни ифода қилади. Мағфират сўзи араб тилида «غَفَرَ» феъли маъносида бўлиб, «кечириш», «яшириш» ва «беркитиш» маъноларини билдиради. «Аъфу» эса, «عَفا» феъли маъносида бўлиб, бу ҳам «кечириш» ҳамда «жазони бекор қилиш» маъноларини англатади. Қўлланишида бир-бирига яқин бўлсада, «аъфу» «мағфират»дан кўра кучлироқ мазмунни ифода этади. Мағфират гуноҳни кечириш бўлса, афу уни кечириш билан бирга банданинг гуноҳ амаллари қаторидан ҳам ўчириб, йўқ қилиш ва бошқаларнинг эсидан ҳам чиқаришдир. Яни, Аллоҳ таоло банданинг гуноҳларини афу қилиши Қиёмат кунида бандага бу гуноҳ эслатилмаслиги ва амаллар рўйхатидан ҳам олиб ташланишини англатади. Мағфират эса ундай эмас. Яни, ҳисоб кунида ўша гуноҳ банданинг ёдида бўлади, унга эслатилади, маломат қилинади, аммо бошқалардан беркитилади ва унга ўша иши учун жазо берилмайди. Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдам қадрни топсам нима айтишим керак деганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Аллоҳим, сен афу ва карим (сифатига эга зот)сан, афуни яхши кўрасан, мени афу этгин». Ушбу ҳадоси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолар қабул бўладиган Қадр кечасида афуни сўрашни тавсия қиляптилар. Шундан ҳам афунинг қанчалик биз гуноҳкор бандалар учун зарурлигини билишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг бандаларини афу этиши бизга бўлган Ўзининг катта неъматларидандир. Рамазон ойида, хусусан Қадр кечаси топиладиган ушбу охирги ўн кунликда Аллоҳ таоло Ўзининг Афу сифати билан барчаларимизнинг гуноҳларимизни афу этишини сўраймиз. Ш.Чўлпонов ТИИ ўқитувчиси Манба: Muslim.uz 1 142
Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади. Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай баён қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, дедилар” (Термизий ривоят қилган). Чунки дуо қилувчи ўзининг ожизлигини ва Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодирлигини эътироф этаётган бўлади. Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади. Шунингдек, банда фойдали нарсаларга эришиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун имкониятидаги зоҳирий сабабларни яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир. Шу маънода сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин: Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш, беодобликдир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса, мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир. Масалан, модомики, мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир. Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади. Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради. Тошкент Ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим Манба: Muslim.uz 936
Муқаддас динимизда инсон ҳаётида керак бўладиган барча нарсалар ҳақида батафсил кўрсатмалар берилган. Жумладан, инсоннинг ўз тана аъзоларига қандай муносабатда бўлиши ҳам батафсил баён қилинган. Шу маънода инсон сочига тааллуқли бўлган кўплаб кўрсатмалар келган. Ҳадиси шарифда сочи бор инсонлар уни парвариш қилишлари лозимлиги буюрилган. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ كَانَ لَهُ شَعْرٌ فَلْيُكْرِمْهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُد Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг сочи бўлса, унга эҳтиром кўрсатсин”, – дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган. Шунинг учун сочи бор инсонлар уни ювиб-тараб парваришлаб юришлари лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини тарашни яхши кўрганлари ва баъзида Оиша розияллоҳу анҳо у зотнинг сочларини тараб қўйишлари ривоят қилинган. Соч қандай таралади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ишларни ўнг томондан бошлашни яхши кўрганлар ва инсонларни ҳам шунга тарғиб қилганлар. Жумладан, соч тарашда ҳам у зот ўнг томондан бошлаганлар. عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُحِبُّ التَّيَمُّنَ مَا اسْتَطَاعَ فِي شَأْنِهِ كُلِّهِ فِي طُهُورِهِ وَتَرَجُّلِهِ وَتَنَعُّلِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ишларида: покланишларида ҳам, соч тарашларида ҳам, оёқ кийим кийишларида ҳам, қодир бўлганича ўнг томондан бошлашни яхши кўрар эдилар”. Имом Бухорий ривоят қилган. Шунинг учун сочни тарашда ўнг томондан бошлаб тараш мустаҳаб бўлади. Сочни вақти-вақтида тараб туриш суннат бўлади. Аммо ҳаддан зиёд кўп тараш макруҳ бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда шундай хабар берилган: عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ الْمُغَفَّلِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم عَنْ التَّرَجُّلِ إلَّا غِبًّا رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إلَّا ابْنَ مَاجَه Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соч тарашдан қайтардилар, фақатгина вақти-вақти билан бўлса (рухсат бердилар)”. Ибн Можадан ташқари бешови ривоят қилишган. Ҳадисдаги “вақти-вақти билан” дея таржима қилинган “ғиббан” сўзини баъзи уламолар “кун ора тараш” деб тушунтирганлар. Шунинг учун мазкур меъёрни сақлаш соч тараш одобига риоя қилиш бўлади. Инсон сочи покми? Инсон сочи пок ҳисобланади. Яъни тирик инсоннинг сочи ҳам, вафот этган инсоннинг сочи ҳам, бошда турганда ҳам, кесиб олинганда ҳам соч пок ҳисобланади. Инсон сочи пок деганда уни ишлатиш мумкин, деган маънода эмас, балки кийимга ё бирор аъзога тегса, уни нопок қилмайди деган маънода тушунилади. Масалан, биров кесилган сочни кўммоқчи бўлиб, ё бошқа бирор сабаб билан чўнтагига солган бўлса-ю, кейин шу ҳолатда намоз ўқиган бўлса, пок кийимда намоз ўқиган бўлади. Сочнинг поклигига уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олинган муборак сочларини Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга узатганлари ва у зотнинг уларни одамларга бўлиб берганларини далил қилиб келтирганлар. Сочни сотиш мумкинми? Уламолар инсон сочини сотиш ёки ундан бошқа бирор мақсадда фойдаланиш ҳаромдир, деганлар. Чунки Қуръони каримда одам болалари азизу мукаррам қилиб қўйилгани хабар берилган: وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик”[1]. Ушбу оятдаги азизу мукаррамликдан уларнинг табиий хилқатлари мукаррам қилингани тушунилади. Шунга кўра, сочми, тирноқми инсон аъзоларининг бирортасини сотиш Аллоҳ азиз қилган нарсани хорлаш бўлиб қолади. Шунинг учун сочни сотиш асло мумкин эмас. Балки, кесилган ва таралганда тушган сочларни кўмиш лозим бўлади. Соч улаш мумкинми? Ҳадиси шарифда соч улашнинг жоиз эмаслиги ҳақида шундай...
Боғий сўзи араб тилида بغى يبغي феълидан олинган бўлиб, ҳаддан ошувчи, зулм қилувчи ва тажовуз қилувчи деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса, мусулмонлар тарафидан сайланган ҳақ раҳбарга маълум қудратга эга бўлган қарши чиқувчилар боғийлар деб аталади. Фуқаҳолар боғийнинг таърифида мана шу жумла билан чекланганлар. Таърифдаги қарши чиқиш деган сўзнинг маъноси – раҳбар талаб қилган бўйинларидаги вазифани бажаришдан юз ўгиришдир. Масалан, закот беришни рад қилиш каби. Аллоҳ таоло айтади: «(Эймўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар». Ушбу оятнинг нозил бўлиши борасида уламолар тўрт хил ривоятни келтирадилар: 1. Ушбу оят Авс ва Ҳазраж қабилалари ўртасида юзага келган жанжал туфайли нозил бўлган. Ўшанда улар ҳурмо шохлари ва оёқ кийимлари билан бир-бирларига зиён етказган эдилар. Бу воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлиб ўтган. 2. Ансорлардан икки киши шерикчиликда иш қилишар эди. Бир куни улардан бири айтди: «Сен ўртадаги молдан кўп олиб юбординг». Бу гапни эшитган шериги масалани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида ечишни таклиф қилди. Даъво қилган киши эса, бунга рози бўлмади. Бир-бирлари билан тортишиб, ҳатто қўллари ва шиппаклари билан ура кетишди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. 3. Ансорлардан бир кишининг Умму Зайд номли аёли бор эди. У ота-онасиникига зиёратга боришни истади. Аммо, ансорий Умму Зайдга рухсат бермай уни хонага қамаб қўйди ва олдига бирор кимсани йўлатмади. Умму Зайд иложини қилиб, қавмига хабар юборди. Қавм уни хонадан чиқариб олди. Ансорий ҳам қавми-қариндошини ёрдамга чорлади. Амакисининг ўғиллари келиб, аёлни қавмининг қўлидан олишга уриндилар. Натижада, жанжал чиқиб, бир-бирларига шиппаклари билан тушура бошладилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди. 4. Бу оят Ҳазражликлар сардори мунофиқ Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва Авс бошлиғи Абдуллоҳ ибн Равоҳа қавми борасида нозил бўлган. Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг эшакларида Убай ибн Салул қавми билан мажлис қилиб ўтирган жойга келиб тўхтади. Тўсатдан у зотнинг эшаклари чангитиб юборди. Шунда Убай ибн Салул Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёқаларидан ушлаб: «Эшагингнинг бадбўй ҳиди бизга озор бермоқда» – деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа ғазабланиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшакларининг ҳиди сенинг ҳидингдан ҳам отангнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир», – деди. Бу гапни эшитган Убай ибн Салулнинг қавми дарғазаб бўлиб, Авсликларга шиппак ва қўллари билан ташланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ишларингиз бир кишининг қўлида жамланиб турган ҳолида биров сизларга келиб бирлигингизга путур етказишни ёки жамоатингизни бўлиб ташлашни истаса, уни ўлдиринглар!» . Яна айтганлар: «Кимда-ким ушбу умматнинг жам бўлиб турганини бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар, уни қилич билан уринглар!». Саҳобалар боғийга қарши жанг қилишга ижмоъ қилганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!». Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Сизларни Аллоҳдан...