Зеҳн (ёки хотира) – инсонга Аллоҳ таолодан берилган буюк неъмат саналади. Шахснинг бирор нарсани эсда олиб қолиши, уни сақлаши ва қайта эсга тушириш қобилиятига зеҳн ёки хотира дейилади. Шаръий илмларни ўзлаштиришда зеҳннинг ўрни катта. Чунки бу соҳадаги аксар илмлар китоб таълиф этишдан кўра нақл (оғзаки) йўл билан етиб келган. Айнан шу боис бўлса керак, мутафаккир уламолар зеҳннинг ўткир ва кучли бўлишига катта эътибор берганлар. Зеҳнни кучайтирувчи воситаларга яқин бўлиб, уни сусайтирувчи омиллардан йироқ бўлишга ҳаракат қилганлар, шу билан бирга толиби илмларга ҳам буларни тавсия қилганлар. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 23-оятида шундай марҳамат қилади: «Ким яхшилик қилса, ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз». Шундай экан, зеҳн кучли бўлиши учун солиҳ амалларни кўпайтиришнинг аҳамияти ҳам катта. Хусусан тақвони кучайтириш – илм эшиги очилишига сабаб бўлади. Бу ҳақида Бақара сурасида шундай дейилган: «Ва Аллоҳдан қўрқинг, (шунда) Аллоҳ сизга ўргатади». Имом Шофеъий кучли зеҳн эгаси эдилар. Ўқиган нарсаларини бир кўришда ёд олиш қобилияти бўлган. Бир куни зеҳнларида сустлик сезиб, устозлари Ваки’ роҳматуллоҳи алайҳи ҳузурларига шикоят қилиб келадилар. Шунда устозлари Шофеъийга гуноҳ ва маъсиятлардан йироқ бўлишни буюрадилар. Чунки ҳифз Аллоҳнинг фазли бўлиб, осий Аллоҳнинг фазли билан ҳидоятлана олмайди. Шофеъий уларнинг айтганларига амал қиладилар ва қувваи ҳофизалари янада кучли бўлади. Зеҳнни кучайтириш учун қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади: Аллоҳ таолога ихлос ила дуо қилиш; Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловатни кўпайтириш; Қуръон қироати, айтиладики: Қуръони Каримни қараб ўқишдек ҳифзни зиёда қилувчи нарса йўқ. Қараб ўқиш афзал, негаки Шаддод ибн Ҳаким дўстларидан бирини вафотидан сўнг тушида кўрди ва унга: «Қайси нарсани ўзинг учун манфаатли эканини билдинг (вафотингдан кейин)?», деди. У: «Қуръонга назар солиб қироат қилиш», деди. Жидду-жаҳд; Давомийлик; Таомни озайтириш; Тунги намоз; Мисвокдан фойдаланиш; Асал тановул қилиш. Имом Зуҳрий айтадилар: «Асални канда қилма. Албатта у ҳифзни яхшилайди». Уни қора седана ёғи билан қўшиб ейиш овозни чиройли қилади ва балғамни кетказади. Чой ўрнига ялпиз қайнатиб, сўнг қора седана ёғидан бир неча томчи томизиб, катта қошиқда асалга қўшиб ейиш зеҳнга мусаффолик, жисмга тетиклик бағишлаб, танадаги қанд миқдорини камайтради; Шакар билан босвеллияни тановул қилиш. Босвеллия – христианларнинг диний маросимларида тутатиладиган исириқсимон ўсимлик; Ҳар куни эрталаб оч қоринга 21 дона қизил майиз тановул қилиш – бу зеҳнни кучайтириш билан бирга кўплаб касалликларга даво бўлади; Сут ичиш. Бир киши Али (розияллоҳу анҳу)нинг олдига тез унутиб қўяётганидан шикоят қилиб келганида: «Сигир сутини ичиб тур! У юракни ғайратлантириб, паришонхотирликни кетказади», деганлар. Замзам ичиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Замзам нимага ичилган бўлса, ўшангадир», деганлар; Пиширилган балиқ; Ловия. Шофеъий шундай марҳамат қилган: «Ловия мияни қувватлайди, мия эса ақлнинг бир бўлагидир»; Цирка тановул қилиш. Чунки унинг балғамга қарши кучи ва шаҳватни кесиши собит бўлган. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Цирка қандоқ ҳам яхши нонхўракдир», деганлар; Зеҳн намозини ўқиш. Жума куни кечанинг охирги учдан бир қисмида тўрт ракат намоз ўқилиб, зам сурага биринчи ракатда Ясин, иккинчи ракатда Духон, учинчи ракатда Сажда, тўртинчи ракатда Мулк сураси тиловат қилинади. Ташаҳҳуддан кейин саловатни айтиб, намоздаги ҳолатида Қуръон ёдлаш дуосини айтади: «Ё Аллоҳ тирик эканман, менга маъсиятларни доимо тарк этишим ила, ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслик ила раҳм қилгин. Сени рози қиладиган нарсага мени муваффақ қилгин. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй улуғлик, икром...
Хожа Аҳрор Валий (1404-1490). Маънбаларда ёзилишича, Хожа Убайдулло – Хожа Аҳрор 1404 йил март ойида (ҳижрий 906 йил рамазон) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига қарашли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Хожа Убайдулло Хожа Аҳрорнинг насабномасида (шажара) у ота томонидан чоҳорёрларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиққа (632-634), она тарафдан чоҳорёрларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Ҳаттобга (634-644) бориб туташади дейилган. Хожа Убайдулло Аҳрорнинг отаси Хожа Маҳмуддир, Хожа Маҳмуд Хожа Шаҳобиддиннинг ўғли бўлиб, хожа Шаҳобиддин уч ё тўрт авлод билан Хожа Номийга туташади. Ривоят қилинишича, Хожа Муҳаммад Номий асли Боғдодлик бўлиб тошкентлик аллома Ҳазрат Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффоли Шошийнинг муриди бўлган. Ҳазратнинг мулозамати туфайли Тошкентга (Шош) келиб, бу ерда турғун бўлиб қолган. Хожа Аҳрорнинг оналари Хожа Довуднинг қизи бўлиб, Хожа Довуд эса Ҳазрат Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғилларидир. Хожа Убайдуллоҳнинг болалик ва ёшлик даври Тошкентда ўтади. У мактабда ўқиб сабоқ олган ва турли китобларни мутолаа қилган. У тошкентлик марҳум алломалардан Абу Бакр Қаффол Шоший, Шайх Ҳаванди Тоҳур ва Шайх Зайниддиннинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, уларнинг марқадларини зиёрат қилиб турган. У туғилиб ўсиб вояга етган оила аъзолари ўз замонасининг ўқимишли, маърифатли, кишиларидан бўлган. Хожа Аҳрорнинг тоғаси Хожа Иброҳим кенг маълумотли киши бўлиб, у жияни Хожа Убайдуллонинг ҳам ўқишини давом эттиришини истарди. Ниҳоят, 1427 йили Хожа Иброҳим жияни Хожа Убайдуллони Тошкентдан Самарқандга олиб келиб, мавлоно Қутбиддин мадрасасига жойлаштиради. XV асрнинг иккинчи яримига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётда Хожа Аҳрор юксак мавқега эга бўлади ва ниҳоятда мўътабар сиймолардан бирига айланади. Абу Тоҳир Хожа ўзининг “Самария” асарида ёзишича, Хожа Аҳрор илм аҳлини эъзозлар, анжумани ҳамиша олимлар билан тўла бўлган. Бинобарин, у илм аҳли учун Самарқандда бир мадраса қурдирди. Бу мадраса “Мадрасаи сафед (оқ)” номи билан машҳурдир. Бундан ташқари Тошкент ва Қобулда ҳам мадрасалар қурдирган. Бул зотнинг асл исмлари Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёси тарихида ўтган 356 нафар авлиёлардан фақат учтасигина “қутб ул-ақтоб” сифатида эътироф этилган. Мазкур уч авлиёнинг бири – Хожа Аҳрор бўлган экан. Тарихдан маълумки, Хожа Аҳрорни бир неча фахрли номлар билан аташган. Зотан, Ҳазрат Алишер Навоий бу зотни “Қутби тариқат” деб, эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий “Каъбаи мақсуд” – деб билган. Заҳриддин Муҳаммад Бобур эса, “Ҳазрат Хожа Убайдулло” – деб, ҳурмат билан тилга олган. Бундан маълум бўладики, улар ўртасида яқинлик ва ўзаро ҳамфикрлик ҳам бўлган. Хожа Аҳрор узоқ ва мазмунли умр кўради. У киши 1490 йил 20 февраль, шанба куни тонгда Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтадилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ 917
Қуръон ўқиб унга амал қилувчининг ўзи ҳам, ота-онаси ҳам Аллоҳнинг раҳматига эришади ва Қуръон ўқилган уйда фаришталар ҳозир бўлиб, шайтон бу уйдан узоқлашади. Фаришталар қорининг ҳақига дуо қиладилар. Қуръон ўз қориси учун ерда нур, осмонда эса захира бўлади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: Бир куни мен: «Эй Расулуллоҳ, менга насиҳат қилинг?», дедим. У зот дедилар: «Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларнинг бошидир». «Эй Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг», дедим. Шунда у зот айтдилар: «Сен ўзингга Қуръон тиловатини лозим тутгин, зеро у сен учун ерда нур, осмонда захирадир» (Ибн Ҳиббон ривояти). Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: عن علي رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «من قرأ القرآن فحفظه واستظهره أدخله الله الجنة وشفعه في عشرة من أهل بيته كلهم قد وجبت لهم النار» . Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръон ўқиса, унга риоя қилса, уни ёдласа, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва у оиласидан дўзах вожиб бўлган ўн кишини шафоат қилади». Бугун бизда Қуръони каримни ёд олиб унга амал қилганга бериладиган мукофотларга эришиш имконияти бор экан, унга шошилишимиз керак. Қиёматга яқин шундай кун келадики, у кунда мусҳафлардан ва қалблардан Қуръон кўтарилиб кетади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хабарини берган у кун келишидан олдин Аллоҳ таолонинг Каломини ёдлашга шошилиш лозим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом кийимнинг безаги ўчиб кетгани каби йўқолиб кетади. Ҳаттоки, рўза, намоз, тақво, эҳсоннинг нима эканини билмайдилар. Бир кечада Аллоҳнинг Китоби кўтарилади ва ундан бирор оят ерда қолмайди. Инсонлардан катта ёшлилари, қарилари қолади ва: “Аждодларимизни «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси узра топдик ва биз (ҳам шундай) деймиз”дейдилар”. Қуръон ёд олувчилар хусусида Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ўгитларига амал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади, улар шундай деганлар: «Қуръонни ёд олувчи киши одамлар уйқуга кетганида бедорлиги билан, одамлар еб-ичишга шўнғиганда ғариб кундузи билан, одамлар фараҳга ботганида қайғуси билан, одамлар ўйин-кулгуга берилганида йиғиси билан, одамлар шовқин-сурон билан тошганида жимлиги билан бўлсин! Одамлар ҳийла–найрангга ўтганида, ўзининг қўрқинчи билан бўлсин! Қуръонни ёд олувчи йиғиси кўп, маҳзун, ҳикматли, виқорли киши бўлмоғ лозим. Қуръонни ёд олувчи киши қўпол, сершовқин, бақироқ, ғазабнок бўлмаслиги керак». «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ислом билим юрти мударрисаси Кенжабой Гулруҳ 943