Тил тараққиёт ва маданият асоси ҳисобланади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Ҳар қандай тил – миллат ва халқнинг маънавий бойлигидир. Тил нафақат муаммола воситаси – балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади. Тилни сақлаб қолишда адиб ва ёзувчиларнинг ўрни беқиёс. Мисол учун А. Қодирий, С. Айний, Ойбек, Ғ. Ғулом, А. Қаҳҳор каби адибларимизнинг асарларига ёндашсак, уларнинг ҳаммаси ҳам жонли халқ тилини адабий тилга санъаткорона пайванд қилиб ишлатилганларини кўрамиз. Аммо худди шу икки дарёни — жонли халқ тили билан адабий тилни бир-бирига қандай қилиб қўшиш, уларни қандай уйғунлаштириш масаласини ҳар бир ёзувчи ўз олдига қўйган ғоявий-бадиий вазифадан келиб чиқиб, ўзига хос дид, иқтидор, ҳаётий тажриба иштирокида мустақил ҳал қилади. Уларнинг бадиий тилларидаги ранг-баранглик шундан келиб чиқади. Халқимиз бежизга «Тилга эътибор — элга эътибор», «Тил — миллат кўзгуси» дейишмаган. Тилни сақлаб қолишда диний соҳа ходимларининг ўрни беқиёс. Улар халқимизга Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу Билиг” асари ва Бобур Мирзонинг “Мубаййин” асари кабиларни етказишни ўзи катта хизматдир. Бугунги кунда дунёда 6809 та тил мавжуд бўлиб, жахон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитьасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми “кўҳна қитьа”да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган. Ҳозирги кунда чет тилларни ўқитиш ривожланмоқда. Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Айрим ҳолатларда ёшлар ўртасида чет тилини ўзлаштириш борасида баъзан қийинчиликлар юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаби ўз она тилимизни яхши билмаслигимиздир. Интернет маълумотларини кузатар эканмиз ўзбек тилидаги интернет маълумотдаги кўплаб маълумотлар ҳали ҳам ўша 90 йилларда киритилгандан буён янгиланмаган. Ривожланган Япония давлатини олиб қарасак II жаҳон урушидан кейин иқтисодини тиклаш учун чет тилидаги кўплаб китобларни япон тилига таржима орқали ёшларига ўз тилида ўқитди. Бунинг натижасини эса фан техника соҳасида улкан ютуқларга эришаётганидан гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз халқимиз тафаккур пойдеворини ўз тилимизда ривожлантирмас эканмиз бошқа тил, урф-одат, маданият ва жамият ҳамда давлатларга тобе бўламиз. Яратганга шукрлар бўлсинки, муҳтарам Президентимиз томонидан ўзбек тилига катта эътибор қаратилмоқда. Туркий тилли давлатлар ҳамдўстлик кенгаши бўйича учрашувлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети ҳамда махсус ёзувчи-шоирлар номига атаб қўйилган мактабларни ташкил қилинганлини ўзи ҳам фикримизга ёрқин далил. Демак, ҳозирги кунда ўз она тилига бўлган эътиборни янада оширишимиз, адабиётга ошно бўлиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими услубчиси А.Мадаипов 987
Мақтовларимиз ва шукроналаримизни тилимиз билдиришга имкон бергани учун Раббимизга ҳамдлар, тиллимизни савобли сўзларга ўргатишни буюрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломларимиз бўлсин. Тил бебаҳо неъмат. Бу неъматнинг шукри тўғри адо этилган тақдирда, у соҳибини кўп яхшиликларга етказади, икки дунё бахт-саодатига эга қилади. Аксинча, тилнинг ҳаққи адо этилмай, уни гуноҳ бўладиган ишларга қаратилса, эгаси ҳамма яхшиликлардан ҳар икки оламда маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган инсонга нутқни – гапиришни ўргатди. Нутқ, сўзлашиш ва баён қилиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради, уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида нутқ ато этилган, мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир. Аллоҳ таоло одамни Ўзининг Ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берган. Бу ҳам бўлса, одамга турли нарсаларнинг номларини ўргатишидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда хабар бериб шундай дейди: «(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга (бирма-бир) кўрсатиб деди: «Агар (эътирозингизда) ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз»! Бақара сураси, 31 оят. Яъни, инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида улар номини идрок этади ва бу номларни ўз маъносида ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ имкониятлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда, бировга тоғнинг нималигини тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғ олдига олиб бориб, атрофидан айлантириб кўрсатишдан ўзга чора қолмаган бўлур эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, Ер юзидаги ҳаётни ҳатто тасаввур қилиш ҳам қийин бўларди. Аллоҳ таоло ўзининг каломида айтадики, “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағрифат қилур. Ким Аллоҳга ва пайғамбарга итоат этса, бас, улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб 70-71) . Ислом кишиларни барча офатлардан, жумладан тил офатларидан ҳимоя қилиш чораларини кўради. Тил офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Аллоҳ ўз фазли билан берган тилимизни улуғ неъмат эканини эътироф этиб, уни фойдамиз йўлида, инсонларга наф берадиган тарзда ишлатишга ҳаракат қилайлик. Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби З.ШАРИФОВ 2015 йил 4 сентябрь кунидаги жума тезиси асосида тайёрланди. 802
Заҳабий имом Абу Зуръа Розийнинг таржимаи ҳолини баён қилар экан, у зотнинг вафотлари ниҳоятда таъсирли бўлганини шундай ҳикоя қилади: «Абу Зуръа ўлим тўшагида ётган эди. У зотнинг икки шогирди Абу Ҳотим Розий билан Муҳаммад ибн Муслимлар устозни зиёрат қилмоқчи бўлишди. Аммо ўлим тўшагида ётган устозга калимаи шаҳодатни талқин қилишга хижолат бўлиб, бироз тараддудланиб қолишди. Абу Зуръа улуғ муҳаддис, бутун Ислом оламига машҳур имом эди, шунинг учун шогирдлар устозга очиқчасига шаҳодат калимасини айтинг дейиш ёки уни талқин қилиб туришдан уялишарди. Ниҳоят, бир тўхтамга келиб, «Устознинг ҳузурида «Кимнинг охирги каломи «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради» деган ҳадисни ривоят қиламиз. Шояд у зот ўша ҳадисни эслаб, шу баҳона калимаи шаҳаодатни айтсалар», дейишди. Гапни бир жойга қўйиб, устознинг ҳузурига киришди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, мақсадга ўтишди. Муҳаммад ибн Муслим: «Заҳҳок ибн Махлад менга Абдулҳамид ибн Жаъфардан ҳадис айтиб берди, у Солиҳдан…» деб гап бошлади, аммо ҳолатнинг оғирлиги, кўз ўнгида ўлим тўшагида ётган устозига ачингани боис, хижолат тортиб, дудуқланиб, гапира олмай қолди. Шундан сўнг Абу Ҳотим сўз бошлади. Бироқ, «Бизга Бундор ҳадис айтиб берди, у Абу Осимдан, у Абдулҳамид ибн Жаъфардан, у эса Солиҳдан», деди-ю, у ҳам дудуқланиб, гапира олмай қолди. Шунда Абу Зуръа секингина: «Мени ўрнимдан тургазинглар», деди. Шогирдлар унинг елкасидан, қўлтиғидан тутиб, ўтирғизишди. Абу Зуръа ҳорғин овоз билан пичирлай бошлади: «Бизга Бундор ҳадис айтиб берди, у Осимдан, у эса Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилади. У Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Мурра Ҳадрамийдан ривоят қилади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимнинг охирги сўзи Лаа илааҳа иллаллоҳ…». Абу Зуръа ҳадисни охиригача айта олмади. Унинг жони узилган эди». Умрини ҳадис тўплаб, ҳадис ривоят қилишга бағишлаган бу буюк зотнинг сўнгги лафзи «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлди». Аллоҳим! Ўзинг Раҳмонсан, Раҳимсан, бизга ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган эътиқод билан яшаб, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» лафзи билан кўз юмишни насиб этгин! Нодирбек Хидиров 682
Оламларнинг Роббиси бўлган зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳнинг элчиси, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин! Албатта, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифлари Ислом динининг ҳукм чиқариш учун Қуръони каримдан кейинги иккинчи манбасидир. Суннат Қуръони каримда келган ҳукмларни аниқлаштирувчи, мубҳамларни очиб берувчи, умумий лафзда келганларини хословчи, мутлақ келганларини қайдловчи асосдир. Шу билан бирга Суннат Қуръонда ҳукми келмаган масалаларни ҳам баён қилувчидир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари, хатти‑ҳаракатлари, феълу‑атворлари, ҳаракоту‑саканотлари, амалу‑тарклари, барча‑барчаси Аллоҳ таоло рози бўладиган суратда, ҳар бир инсон фарзандига икки дунё саодатини кафолатлайдиган шаклда бўлишини Аллоҳ таолонинг Ўзи таминлади. Оламлар Робби бўлган зот Ўзининг абадий мўъжиз Каломини башар авлодига етказишда Ўзи билан уларнинг ўртасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни восита қилар экан, бандаларни Парвардигорларининг розилигини топиш, икки олам бахт‑саодатига эга бўлиш учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳтож қилиб қўйди. Суннатнинг Қуръони карим каби шариъат манбаи эканига Ислом уламолари иттифоқ қилганлар ва қатор далил ва исботларни келтирганлар. Қуръони каримдан далил: Аллоҳ таоло Ўзига бўлган итоат билан Расулига бўлган итоатни бир-бирига боғлаб қўйди. Яъни, бири бўлмаса, иккинчиси қабул қилинмайдиган бўлди. Қуръони каримда Аллоҳга итоат қилиш билан унинг Росулига итоат этиш доимо ёнма-ён келтирилди: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга ва унинг Росулига итоат этинг. Эшитиб туриб, ундан юз ўгирманг”. (Анфол сураси, 20-оят). “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Аллоҳга ва Росулга итоат этинг», деб, айт. Агар юз ўгирсаларингиз, у(Росул)нинг зиммасида унга юкланган нарса, сизларнинг зиммангизда сизларга юкланган нарсадир. Агар унга итоат этсангиз, ҳидоят топасиз. Росулнинг зиммасида очиқ ойдин етказиш бор, холос”. (Нур сураси, 54-оят). Аллоҳ таоло Расулига бўлган итоатни айнан Ўзига бўлган итоат қилди. Нур сурасининг 54-оятида: “Аллоҳга итоат қилинг. Унинг Расулига итоат қилинг”, деб, итоат қилиш феъли икки марта келтирилди. Бу эса, ушбу оятларда келган итоат алоҳида мустақил тарзда келган итоатдир. Бошқа ояти карималарда Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Агар Аллоҳни севсаларингиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кўп мағфиратли ва раҳмли зотдир”, деб айт”. (Оли Имрон сураси 31-оят). Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръондан ташқари шаръий кўрсатмалари ҳам ваҳийдан бошқа нарса эмас. У зот ўз нафсу‑ҳавосидан гапирмайдилар: «Сизнинг Соҳибингиз адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. У ҳаводан гапирмас. У ваҳйдан ўзга нарса эмас». (Нажм сураси, 2‑4-оятлар). Аллоҳ таоло Расулининг амрига хилоф қилганларни қаттиқ огоҳлантириб шундай дейди: «Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан эҳтиёт бўлсинлар!» (Нур сураси, 63-оят). Ҳадиси шарифлардан далил: Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом доримийлар Миқдом Ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Ҳой, огоҳ бўлинглар! Бир кишига у ўз ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида мендан бир ҳадис етса, у: «Бизлар билан сизларнинг ўртангизда Аллоҳнинг Китоби бор, холос. Биз нимани унда ҳалол деб топсак, уни ҳалол билдик, нимани ҳаром деб топсак, ҳаром билдик» дейишига оз фурсат қолди. Албатта Аллоҳ Расулининг ҳаром қилгани ҳам Аллоҳнинг ҳаром қилганидир!”. Имом Абу Довуд ўзларининг “Сунан” китобларида Ирбоз ибн Сориядан ривоят қилган ҳадисда Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бир куни бизга намоз ўқиб бердилар. Намоздан сўнг бизга юзланиб, кучли мавъиза қилдилар. Унда шундай дедилар: “Сизлар мени ва рошид халифаларимнинг суннатларини ўзингизга лозим...
Намозда «Фотиҳа» сурасини овоз чиқариб ўқилганидан сўнг «омин», дейиш ҳақида барча мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Лекин, «омин»ни овоз чиқариб айтиладими ёки маҳфий (ичида) айтиладими? Бу борада уламолар тарафидан икки хил ижтиҳод қилинган. Бу масалада икки томондан ҳам жавоблар берилган бўлиб, ҳанафий мазҳабида ва моликий мазҳабида махфий айтиш афзаллиги айтилган бўлса, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш афзаллиги таъкидланган. Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаб уламолари ўзларининг сўзларига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «омин» десалар, У зотнинг ортидаги кишилар ҳам «омин» дейишар эди. Ҳатто масжид ларзага келар эди». «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни тиловат қилсалар, «омин», дер эдилар, у кишининг ортида, биринчи сафда турган одам эшитар эди» , дейилган ва бундан бошқа бир неча ҳадисларни далил қилиб келтиришади. Бизнинг ҳанафий мазҳаб уламолари, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаб имомлари далил қилиб келтирган ҳадисларнинг заиф жойларини батафсил баён қилиб ўтганлар. Сўнгра «омин»ни махфий айтиш авлолигига қуйидаги далилларни келтириб ўтишади: Имом Термизий Алқама ибн Воилдан, у ўз отасидан ривоят қилган ҳадисда: أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَرَأَ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقَالَ « آمِينَ » وَخَفَضَ بِهَا صَوْتَهُ «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни ўқидилар-да, паст овозда «омин», дедилар», дейилган. Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Фотиҳа» сурасини баланд овоз билан ўқиб келиб, «омин»ни айтишга келганда овозларини паст қилганларини тушунамиз. Мана шунда қарши тараф далил қилиб келтирган ҳадислардан бири: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) ни тиловат қилсалар, «омин», дер эдилар, у кишининг ортида, биринчи сафда турган одам эшитар эди», дейилган ҳадисни ҳам бизнинг фойдамизга далил сифатида тушунса бўлади. Яъни, «омин»ни биринчи сафда у зотга яқин турган одам эшитадиган қилиб айтдилар, деганидир. Имом Табароний Абу Воилдан қилган ривоятда: «Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»ни ҳам, «омин»ни ҳам ошкора айтмас эдилар», дейилган. Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири «Ҳидоя» асарида бу борада қуйидагилар айтилган: Имом «وَلاَ الضَّالِّينَ»ни айтиб «омин» дейди ва муқтадий ҳам уни айтади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом «омин» деса, сизлар ҳам «омин» денглар», деганлар. Қудурий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Ва у (омин)ни махфий айтадилар. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда имом намозда тўрт нарсани махфий қилиши айтилиб, уларнинг ичида «омин» ҳам зикр қилинган. Қолаверса, барча мазҳаб уламолари «омин»ни айтишга иттифоқ қилишгани каби уни дуо эканлигида ҳам ихтилофга боришмаган. Чунки, «омин»нинг маъноси «дуоларимизни ижобат қил», деганидир. Яна, уламолар дуони жаҳрий қилишдан кўра, махфий тарзда амалга ошириш афзал эканига якдил фикрда бўлганлар. Зеро, Аллоҳ таъоло ўзининг Каломида марҳамат қилиб: «Роббингизга махфий ва тазарруъ ила дуо қилинглар», деган. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Ғофуров Илҳомжон 2 019