Бу дунёда инсоннинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Бу борада ҳар бир ўғлоннинг билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Жорий йилнинг 6 январ куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Ватанпарварлик” мавзусида Маънавият соати бўлиб ўтди. Суҳбатни талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова олиб борди. Унда куратор С.Валиева, АРМ кутубхоначиси И.Акмалова ва барча талаба қизлар иштирок этдилар. Суҳбат бошида З.Суярова ватанпарварлик руҳи ҳар бир фуқаронинг қалбидан жой олган бўлиши, Ватанни ҳимоя қилишда эркаклар билан бир қаторда аёлларнинг ҳам ўрни жуда муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Сўнгра суҳбатни куратор С.Валиева давом эттириб, ватанга садоқат ва уни асраб-авайлаш ҳақида ҳикматлардан намуналар келтириб изоҳлаб, ҳозирги кунда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда аёл-қизларнинг меҳнати нечоғлик муҳимлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, устоз ва талабалар ўртасида кутубхоначи И.Акмалова савол-жавоб ўтказиб, ватапарварлик мавзусида талаба қизларнинг фикрлари билан ўртоқлашди. “Ҳар бир буюк инсон ортида аёл туради” деган фикр қай даражада ҳақлигига аёллар инсониятнинг маънавий ва жисмоний шаклланишида қўшаётган ҳиссасини кўриб ишонч ҳосил қиламиз. Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг бешинчиси хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларига бағишланган бўлиб, бу борада юртимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ташаббус илгари сурилганидан сўнг, институтимиз аёл-қизлари ҳам жамиятда аёл-қизлар ўртасида диний муҳитни яхшилар борасида ҳам турли хил суҳбатлар, мақола, ҳикоя ва таржималар билан кенг кўламли тарғиботлар ва лойиҳалар эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани, юртдошларимиз, хусусан, хотин-қизлар ҳаётида муҳим ўрин тутаётгани билан эътирофга лойиқ. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи, З.Суярова 742
بسم الله الرحمن الرحيم Ўзингиз ва фарзандларингиз Қуръони каримни тажвид билан ўқишни ўрганишни хоҳласангиз қуйидаги видеодарсларни кўринг ва ўрганинг! Ушбу қироат ва тажвид фанига тегишли силсилавий онлайн видеодарслар 2017 йил Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ташаббуси билан амалга оширилган muslim.uz портали орқали намойиш этилган. Силсилавий видеодарслар ҳаволаси: Бу дарсларда Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон (Қуръон ёдлатиш)” кафедраси мудири устоз Жаҳонгир қори Неъматов бошланғич араб тили алифбосидан (ҳар бир ҳарфни чиқиш ўрни ва сифати билан), тажвид илмининг муҳим қоидаларини тўлиқ ва тушунарли баён қилган. Жаҳонгир қори Неъматов юртимиздаги устоз қорилардан саналади ва кўплаб китоблар муаллифидир. ЭСЛАТМА: Бундай видеодарсларни тартиб билан, телевизорга уланган ҳолда кўрган маъқул. Бугунги кунда бунинг имконияти кўпайиб кетган. Сабаби, қўл телефони ва планшет ускуналари кичик ҳажмли бўлгани учун тез чарчатади, безор қилади ва соғлиқни кетказади. Бундан ташқари, агар оилавий кўришни ният қилган бўлсангиз, оилада дарс муҳитини пайдо қилиш лозим. Бунда дарсни кам бўлса ҳам давомли ва тартибли бўлиши, оилангиздан дарсга қатнашувчи ҳар бир аъзога қайдлар ёзиб бориши учун уларга алоҳида дафтар, ручка, қалам ва ҳоказоларни тақдим этиш, ўзлаштириши яхши бўлганларини совғалар билан мукофотлаб туриш керак. Буларнинг барчасида ўзингиз қатнашсангиз ва ўргансангиз, фарзандларингизда ҳам масъулият билан ёндошув бўлади ва кутилган натижага эришасиз. ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТ УЧУН: 2018 йил Тошкент ислом институтидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсида ўқиш учун автомашина устаси бўлган бир йигит келди. Унинг қироатини эшитиб кўрдим ва “Қайси устозда ўқигансиз? Устозингизга раҳмат, жуда гўзал ва мукаммал ўқир экансиз” дедим. Сабаби, ундаги тажвиднинг амалий талаффузи жуда равон эди. У мазкур силсилавий онлайн видеодарсларнинг ҳар бир сонини оилавий кузатиб боргани ва ўзлаштиргани, жонли устози йўқ эканини билдирди. У йигитни 3 ойлик ўқув курсига қабул қилдик ва ушбу курсни муваффақиятли ўқиб битирди. “Интилганга толе ёр” деганларидек, ҳаракат биздан, баракат Ўзидан… “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Убайдуллоҳ 515
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда “Ватан ҳимоячилари куни”ни муносиб кутиб олиш ва уни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, аҳолида миллий армиядан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни таъминлаш мақсадида турли ташкилотлар, таълим муассасалар, олий ўқув юртларида ватанпарварлик ойлиги доирасида бир қатор тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда. Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги Тошкент шаҳар Олмазор туман мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда жорий йилнинг 7 ноябрь куни Тошкент ислом институти биринчи босқич талабалари учун “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар Олмазор туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник А.Сайфиддинов ўзининг сермазмун маърузаси билан иштирок этди. А.Сайфиддинов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосан келажак баркамол авлодни тарбиялашга қаратилаётгани, қолаверса, ёшларнинг бугунги тинч ва осойишта ватанимизни асраб-авайлаш, унга садоқат билан ҳизмат қилиш хар бир эр йигитнинг олдида турган муқаддас бурчи эканлигини ҳамда миллий армия ва Қуролли кучлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб талаба ёшларга тушунчалар берди. Тадбир сўнгида маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев мазмунли ва қизиқарли суҳбат учун институт жамоаси номидан миннатдорчилик билдириб ўтди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Олимов 606
Тўлиқ исми: Қироат ва тажвид илмида замонамизнинг йирик уламоларидан Шайх Айман ибн Рушдий ибн Шайх Муҳаммад Амин Сувайд ҳиж. 1374 йил, 10 зул-қаъда ойи / мил. 1955 йил, 26 июнъ куни Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган. Ёшлиги ва илм йўли: Шайх Айман Рушдий ҳафизаҳуллоҳ 1967 йил бошланғич мактабнинг 3-синфида таҳсил олаётган вақти, 12 ёшида мактабдаги устози уни Дамашқ қориларининг шайхи, машҳур қироат устозларидан бири бўлган Шайх Ҳусайн Хаттоб роҳимаҳуллоҳнинг олдига қироат илмидан таълим олишга олиб боради. Ўша пайтдан бошлаб ёш Айман Қуръон қироати илмига қаттиқ меҳр қўяди ва Қуръони каримни ёдлашга киришади. 15 ёшида Қуръонни тўлиқ ёдлаб бўлгандан сўнг бошқа исломий илмларни ўрганишга бел боғлайди. 1974 йил ўрта мактабни тамомлагач, Дамашқ университетининг “Механика ва электротехника” факулътетига ўқишга киради. Сабаби, устози Шайх Абдулкарим Рифоъий роҳимаҳуллоҳ уни нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам ўрганишга тарғиб қилган эди. Доктор Айманнинг айтишига кўра, ўша даврда “Шайх”лик диний йўналишдаги алоҳида эътироф ва мақом, “Доктор”лик эса дунёвий илмлардаги илмий унвон бўлган. Шу сабабли, токи диний илмга эга бўлган уламолар ҳам жамият ва илмий доирада эътироф этилиши учун устози уни дунёвий илмларда ҳам мутахассис бўлиши, шу билан бирга диний илмларда ҳам илмий даражалар олишига тарғиб қилган. Доктор Айман ҳафизаҳуллоҳ мазкур Дамашқ университетининг “Механика ва электротехника” факулътетида уч йил таҳсил олгандан сўнг, ўн қироатни тўлиқ таълим олиш ва эгаллаш мақсадида мазкур ўқишни тарк этади ва Дамашқдан 160 км. узоқликда жойлашган Ҳамс шаҳридаги Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Уюн Суд роҳимаҳуллоҳда таълим олишни бошлайди. Шайх Айман Рушдий ҳафизаҳуллоҳнинг ўзи бу воқеалар ҳақида шундай дейди: “Мен Шайх Абдулазиз ибн Муҳаммад Уюн Суд роҳимаҳуллоҳнинг Қуръон қироатидаги маҳорати, илми, виқори, набавий ахлоқи ва бир қанча фазилатларига ошиқ бўлган эдим. Унда ўн қироатни “Тоййиба” йўналишида тўлиқ ўрганишни мақсад қилгандим. Шу истак сабабли “Механика ва электротехника” факулътетидаги ўқишимни давом эттира олмадим. Чунки қироатлар илмини ўрганиш ва устозим турган шаҳарга сафар қилиш алоҳида вақт талаб қилар эди. Устозим Шайх Абдулазиз Уюн Судга “Ҳазрат, “Механика ва электротехника” факулътетидаги ўқишим эрталаб 8 дан кечки 8 гача. Лекин сизда қироат илмларини ўрганишни хоҳлайман. Қироатларга тегишли илмлар ҳам кўп вақтни талаб қилади. Нима маслаҳат берасиз”, дедим. Шунда устозим бошларини пастга қаратиб, ўйлаб туриб: “Эй, болам! Агар сен Қуръон билан шуғуллансанг, Аллоҳ сени ҳеч қачон ташлаб қўймайди” дея жавоб қилдилар. Мен “Нима десангиз шу” дедим ва “Механика ва электротехника” факулътетидаги ўқишимни тўхтатдим. Шу ишлар бўлиб турган вақтда қироат илмидаги биринчи устозим Шайх Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳ мендан Мисрнинг Қоҳира шаҳридаги “Азҳар” университетида Қуръон қироати йўналишида докторлик ёқлашимни тавсия қилдилар. Мен: “Эй саййидим! Мен ўзимнинг шаҳримдаги университетни ташладим. Мени бегона диёрдаги университетга юборасизми?!”, дедим. У киши: “Ҳозир диплом ва шаҳодатномалар асри. Агар “Азҳар”га бориб докторлик ёқламасанг, вақти келиб фалончини тиббиёт соҳасида диплом олганини, яна фалончини эса фалон соҳада диплом олгани ва докторлик ёқлаганини кўрасан. Ўзинг эса дипломсиз қоласан. Устозинг Уюн Суддан қироатларни таълим олавер, лекин шу билан бирга докторлик ҳам қилгин”, дедилар ва университет, факулътет, йўналиш ҳамда мавзуни ўзлари танлаб бердилар. Устозим Муҳиддин Курдий роҳимаҳуллоҳга ҳам “Нима десангиз шу” дедим. Чунки биз устозларимизнинг гапини икки қилмасдан бажаришни ўрганганмиз. Чунки улар фақат хайрли ва манфаатли ишларгагина буюрадилар. Натижада, 23 йилдан сўнг устозим Муҳиддин Курдий...
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида талабаларнинг қишки таътили даврида профессор-ўқитувчи ҳамда илмий тадқиқотчилар учун диний-маърифий, сиёсий-ҳуқуқий билимларга доир “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари” мавзусида икки кунлик ўқувлар ташкил этилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати. Давра суҳбати шаклида ўтказилаётган ўқувларнинг илк кунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов “Диний-маърифий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар”, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров “Ўзбекистон жамиятида миллийлик ва динийлик уйғунлигининг аҳамияти”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Зоҳиджон Исломов “Маънавий меросни тадқиқ этиш масалалари”, “Халқаро муносабатлар” кафедраси мудири, профессор Зоҳидилла Мунавваров “Замонавий мусулмон жамияти ва ислом омили” ҳамда юридик фанлари доктори, профессор Жўрабой Тошқулов “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар шарҳи” мавзуларида маъруза қилишди. Давра суҳбатларида диний соҳада юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жамиятда дин ва миллийликнинг ўзаро уйғунлиги, диний ташкилотлар фаолиятига доир расмий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, маънавий меросни келажак авлодга етказиш ҳамда бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг аҳамиятига доир долзарб масалаларга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ҳар бир йўналишдаги маънавий-маърифий, диний-дунёвий илмларга оид кўп асрлик манбаларни тадқиқ этишдаги изланишлар давом этаётгани, аждодлар илмий-маънавий меросини ўрганиш, эгалланган билимлар орқали аҳоли, ёшлар, бутун инсоният онгу тафаккурини, қалбини илм, зиёга тўлдириш каби эзгу ишлар бардавом бўлишини таъминлаш керак экани таъкидлаб ўтилди. Якунда маърузалар юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. “Ўзбекистонда давлат ва дин муносабатлари” мавзуига бағишланган давра суҳбати давом этмоқда. 828