Жорий йилнинг 27 декабрь куни «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси жамоаси ва юртимиз мусулмонлари учун яна бир хурсандчилик куни бўлди. Гап шундаки, ушбу нашриётда Қуръони карим – Мусҳафи шарифнинг янги нашрини чоп этиш ишлари бошланди. Ушбу нашр Исмоил Муҳаммад Содиқ раҳбарлигидаги «Hilol-nashr» нашриёт-матбааси ва Мозин Абдулқодир Арнаут раҳбарлигидаги «Салсабил» нашриёти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, ушбу нашриётнинг расмий рухсати ва аслий нусхаси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланди. Янги нашр муқаддимасида жумладан шундай дейилади: Бу — Мадина мусҳафининг нусхаси асосида, расми Усмонийда, Ҳафснинг Осимдан қилган ривоятига кўра, хаттот шайх Усмон Тоҳонинг хатида тайёрланди. Қуръони Каримнинг ушбу нусхасини кўрикдан ўтказиш, завобитларини қўйиш ва тадқиқ этиш ишлари Сурия Араб Республикаси «Мусҳаф битиш илмий ҳайъати»нинг собиқ раҳбари, шайх, ҳофиз Яҳё Муҳаммад Носиҳ бошчилигидаги мутахассислар тарафидан амалга оширилди. Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзининг аҳли ва хос бандалари бўлмиш аҳли Қуръонлардан қилишини сўраймиз. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ичида Аллоҳнинг аҳли бор», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар?» дейишди. У зот: «Улар аҳли Қуръонлар – Аллоҳнинг аҳллари ва хос бандаларидир», дедилар». Аҳмад ва Ибн Можа ривояти. Манба: Islom.uz портали таҳририяти 745
«Тафсири Ҳилол» дастурининг Android қурилмалари учун янги нашрида аудио тинглаш имконияти қўшилди. Янги 2.0 нашр дастурига қуйидаги янгиликлар киритилгани маълум қилинди. Бу имкониятлар қуйидагилардир: – Аудио тинглаш имконияти қўшилди; – Машҳур қорилар Маҳмуд Ҳалил Хусорий, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Мишарий Рошид ал-Афасий, Абдурроҳман Судайс қорилар тиловати; – Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ўқиб берилган «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси» аудиоси. Дастурдан фойдаланишда қироатларни тинглаш учун рўйхатдан ўтиш кифоя экани маълум қилинган. Шунингдек, ҳатчўп қўшиш жойи ҳам ўзгарди ва ҳар бир оятни ўз қаторидан туриб ҳатчўпга қўшишингиз мумкин. Эслатиб ўтамиз, дастуримиздан iOS, Windows, Linux(Ubuntu) ҳамда MacOS жиҳозларда фойдаланиш мумкин. «Тафсири Ҳилол» дастурини барча жиҳозлар учун юклаб олиш: (http://e-hilolnashr.uz/tafsirihiloldownload) Манба: Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 525
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман! 2019 йил 27 декабрь куни Олмаота – Нур-Султон йўналишида парвоз қилаётган йўловчи самолёт ҳалокатга учраши оқибатида кўплаб қардошларимиз вафот этганини чуқур қайғу билан қабул қилдим. Ҳазрати олийларининг ҳамда дўст ва қардош қозоқ халқининг ушбу мусибатига Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ва шахсан ўзим чин қалбдан шерикмиз. Жаноби Ҳақ ҳеч бир ўлка ва халқнинг бошига бундай оғир фалокатни солмасин ва чуқур қайғу-аламли ҳодисаларни кўрсатмасин. Қодир Эгамдан юртларимизни самовий ва арозий бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида асрашини сўраб қоламан. Ушбу муносабат билан Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари номидан Сиз ҳазрати олийлари орқали дўст ва қардош қозоқ халқига чуқур қайғуларим билан биргаликда таъзияларимни билдириб қоламан. Мазкур бахтсиз воқеа оқибатида вафот этиб, раҳмати Раҳмонга эришганларга, Жаноби Ҳақдан раҳматлар, мусибатли хонадон аҳлларига ва барча яқинларига сабру жамийл тилаб қоламан, жароҳатланганларга шифои комил сўрайман. Энг самимий қалб саломлари ва камоли эҳтиром ила, Усмонхон АЛИМОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Манба: muslim.uz 464
Қобил Ҳобилни ўлдиргандан кейин, Одам ва Ҳавво онамиз қирқ кун аза тутдилар, ҳеч нарса емадилар ва ичмадилар. Шунда Аллоҳ таоло Одамга: – Эй Одам! Мотамни тўхтатинглар. Мен сизга Ҳобилга ўхшаш ўғилни бераман, у солиҳ инсон ва пайғамбарларнинг отаси бўлади. Кейин Ҳавво онамиз Ҳобилга ўхшаш ўғил туғди. Одам уни Шис деб атади. Шис Ҳобил эвазига берилган Аллоҳнинг инояти эди. Аллоҳ таоло Шисга эллик саҳифа туширди. Абу Зарр Ғифорий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Шисга эллик саҳифа туширилган” (Ибн Ҳиббон ривояти). Шис отаси Одам алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан топширилган вазифаларни давом эттирди. У одамларни ёлғиз Аллоҳга итоат этишга ва шариъатга риоя қилишга чақирди. Ўша пайтда барча одамлар ягона дин – Аллоҳнинг кўрсатмасига бўйсиниб фақат Аллоҳгагина ибодат қилар эдилар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасдилар. Шис Аллоҳдан янги шариъатни қабул қилди, у акаси синглисига уйланишни ман қилди, ҳатто эгизак бўлмаса ҳам. Эслатиб ўтамиз, Одам алайҳиссаломнинг шаръий кўрсатмаларига кўра, агар ака-сингил эгизак бўлмаса, ўз синглисига уйланишлари мумкин эди. Одам алайҳиссалом ўлимидан олдин кўрсатма сифатида васиятнома ёзди ва уни ҳасадгўй Қобил ва унинг ўғлидан яширишни Шисга қатъий тайинлади. Шундай қилиб, Шис отасидан кейин одамларга бош бўлди. Шис даврида мингта шаҳар қурилган. Шис алайҳиссалом ҳозирги Макка ўрнидаги шаҳарда умрининг охиригача яшаган. У 912 ёшида вафот этди. Ўлим соати яқинлашгач, Шис ўғли Анушга васиятнома юборди. Ривоятларга кўра, Шис алайҳиссалом Маккадаги Абу Қубай тоғидаги ғорларнинг бирида ота-оналари Одам ва Ҳавво билан бирга дафн этилган. Тарихчиларнинг таъкидлашича, Ануш отаси Шиснинг йўлини ўзгартирмасдан давом эттирди. Ва ундан кейин бу йўл Анушнинг ўғли Кайнанга, ундан ўғли Михлаилга ўтади. Михлаилдан кейин ўғли Ярд одамларга раҳбар бўлди. Ва у ҳам умрининг охирида ўғли Ахнудга васият қилиб, ўз йўлини давом эттиришни васият қилди, Ахнудни одамлар Идрис деб атай бошладилар. Идрис алайҳиссалом тўғрисида Каъбул Ахбор шундай дейди: “Идрис отаси Шисга ўхшар эди. У ёзишни муомилага киритган ер юзидаги илк инсон эди. Айтишларича, унинг асл исми Ахнуд эди, у кўплаб билимлар соҳиби бўлгани учун Идрис деган номни олади. Кейин, Аллоҳ таоло Идрисга ваҳий юбориб, унга ўттизта саҳифа юборди. У тикувчилик касби билан шуғулланиб биринчи бўлиб кийимларни тика бошлаган эди. Ундан олдин одамлар ҳайвонлар терисини устларига ташлаб юришган. Аллоҳ Идрисга шундай деб ваҳий қилди: Дунё ҳаёти денгизга ўхшайди. Агар сен денгизда сузиш учун кема ясамасанг омон қолмайсан”. Буни эшитган Идрис дунё зийнатларидан ва одамлардан юз ўгирди. Идрис жаннатни кўришни ва у ерга киришни хоҳлади. Ва бунинг учун у жуда кўп ибодат билан машғул бўлди. Хабар қилинишича, барча одамларнинг насабномаси Шисга бориб тақалади, чунки Шисдан ташқари Одамнинг бошқа ўғилларидан тарқалган инсонлар йўқ бўлиб кетган ва уларнинг авлодларидан ер юзида ҳеч ким қолмаган. Валлоҳу аълам. Интернет материаллари асосида ” Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади 2 590
Бугун, 26 декабрь куни Қашқадарё вилоятида Абул Муин Насафий ҳазратларининг маърифий фаолиятига бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Мазкур халқаро конференцияда Россия, Туркия, Миср, Бангладеш, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг етук уламолари ва соҳанинг кўзга кўринган мутахассислари ҳамда Юртимиздаги етакчи олимлар ва соҳа мутахассислари иштирок этишди. 629