islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

ИМОМ НАСОИЙ раҳматуллоҳи алайҳ

Энг ишончли 6 ҳадис тўпламларидан бирининг муаллифи муҳаддис Абу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Али ибн Шуайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ал-Хуросоний милодий 831 йилда Насо (Нисо) шаҳрида таваллуд топган. Она юртида Қуръони Каримни ёд олгач, кўпроқ илму маърифат ҳосил қилиш ниятида 15 ёшидан бошлаб хорижий мамлакатларга сафарга чиқади. Айниқса, Ҳижоз, Ироқ, Шом ва Мисрга қилган илмий сафарлари самарали бўлиб, у Мисрнинг «Зуқоқул қанадил» маҳалласида узоқ вақт яшаб, сўнгра Дамашққа боради. У ерда турли сабабларга кўра тазйиққа учраб, оғир ҳолатга тушади. Баъзи манбаларга кўра, Маккада, бошқа ривоятларда Байтул Мақдис (Қуддус)да милодий 915 йили вафот этган, дейилади. Ҳадис бобида ёзган «Сунанул кубро» тўплами унинг шоҳ асари ҳисобланади. Ундан ташқари Имом Насаий «Сунанус суғро» ёки «Мужтабо», «Хасоис», «Фазоилус саҳоба», «Маносик» ва бошқа китоблар ёзиб қолдирган. Булардан, юқорида санаб ўтилган «Сунанус суғро»да 5758 та ҳадис мавжуд бўлиб, китоб фиқҳий боблар асосида тартибланган. Уламолар ушбу “Мужтабо”ни “Сунан” китоблари орасида заиф ҳадислари энг кам китобдир”, деганлар. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев   825

Тошкент ислом институти ўқитувчилари Топкапи Саройи кутубхонасида

Аввалроқ, қўлёзмалар фондига эга бўлган Туркия давлатидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу мамлакатга ташриф буюрганлари ҳақида хабар берган эдик. Жорий йилнинг 21 январь куни Диний идора мутахассислари Топкапи Саройига Истанбул муфтийлиги вакиллари ҳамроҳлигида ташриф буюрдилар. У ерда Топкапи Саройи кутубхонасининг ходими Гоксел Эрдоған ва Топкапи Саройи қўлёзмалар кутубхонаси ходими Рамазан Актемур билан учрашув ўтказилди. Сарой кутубхона ходими кутубхонадаги қўлёзмалар фонди, китобларнинг сақланиш ҳолати ва баъзи қадимий мусҳафларнинг факсимил нусҳалари билан таништирди. Учрашувда нодир қўлёзмаларни сақлаш, уларга ишлов бериш масалалари юзасидан муҳокама ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси томонидан Топкапи Саройи кутубхонасига Ҳазрати имом ва ЎМИ фотосуратлари тўплами ҳадя қилинди. 766

Имом Абу Муҳаммад Доримий ас-Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ

Самарқандлик муҳаддис, муфассир ва фақиҳ Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Баҳром ибн Абдуссамад ад-Доримий ал-Ҳофиз ас-Самарқандий милодий 794–869 йиллари яшаган бўлиб, Имом ал-Бухорий устози ҳисобланади. Ёшлигидан ақл-заковати ва ўткир қувваи ҳофизаси билан тенгдошлари орасида пешқадам бўлиб, ҳадис илми бўйича дастлабки билимни Самарқандда эгаллади. Сўнгра Миср, Шом, Ироқ ва Хуросоннинг турли шаҳарлари ҳамда Макка ва Мадинада таниқли олимлардан сабоқ олди. Нажмиддин Умар ан-Насафий (XII асрда яшаган) Доримий ҳақида: «У ҳадис илми, илми осор ва суннат илмини Самарқандда юзага чиқарган зотдир», деб айтган. Доримий Самарқанд султони томонидан қози калон лавозимига таклиф этилади, бироқ қозихонада биргина ишни кўриши биланоқ, истеъфога чиқади. Доримийнинг «Ал-Муснад», «Ат-Тафсир», «Ал-Жомеъ» ва бошқа асарлари бор. «Ал-Муснад» асари «Сунани ад-Доримий» номи билан машҳур. Ислом алломалари уни «Ас-Саҳиҳ» деб аташни таклиф қилганлар ва «Ас-Сиҳоҳ ас-Ситта» («Олти саҳиҳ») китоблари жумласига (Ибн Можанинг «Саҳиҳи» ўрнига) киритишни тавсия этишган. У ҳадисларни мавзуларга ажратиб баён этган. Доримий Самарқанддаги Чокардиза қабристонига (бошқа манбаларга кўра Марвда) дафн этилган.   “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси  ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев   1 192

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир»

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…” дедилар. Ушбу ҳадис ислом динининг асоси бўлиб, кўпгина ҳикматларни қамраб олган. Уламолар ҳадиснинг бир қанча ҳикматларини санаб ўтганлар. Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ: “ Бу ҳадис исломнинг ярмидир. Чунки диннинг ташқи кўриниши амал, ботини эса ниятдир”, деган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу ҳадисга илмнинг учдан бири киради. Бунинг сабаби шуки, банданинг амали қалби, тили ва аъзолари билан бўлади. Ният эса, шу уч қисмдан бири бўлган қалб билан бўлади”. Олимлар асарларини ушбу ҳадис билан бошлашни маъқул кўрадилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни “Саҳиҳ”ларида биринчиси ҳадис сифатида келтирган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Риёзус Солиҳийн”, “Ал-азкор” ва “Арбаъийн” асарларини “амаллар ниятга боғлиқдир”, деб бошлаганлар. Асарлар ниятнинг ҳикматини очиб берувчи ҳадис билан бошланишининг асосий сабаби, ҳар бир инсон нимаики иш бошламасин ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилиш лозимлигини шу ҳадис орқали билиб олади. Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ “ҳадисларнинг бундан-да жамловчироғи, маъноси кенгроғи ва фойдаси кўпроғи йўқдир”, деганлар. Уламолар ҳар бир ишда ва ибодатда ниятнинг шарт эканлигини таъкидлаганлар ва бажарилган амаллар ниятсиз шаръан эътиборли бўлмаслигига ҳамда савоб берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Намоз, рўза ва ҳаж каби фарз қилинган ибодатлар ниятсиз дуруст бўлмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида ғусл, таҳорат каби амаллар тўлиқ бўлиши ва савоб ҳосил бўлиши учун ният шартдир. Шофеий ва бошқалар эса ниятсиз бу амаллар тўғри бўлмайди, деганлар. Ниятнинг вақти ибодатнинг аввалидир. Ҳудди намоздаги такбири таҳрима, ҳаждаги эҳром каби. Аммо рўзада бомдод вақтининг киришини кузатиш машаққатли бўлгани учун ниятни эртароқ қилиш кифоя қилади. Ниятнинг ўрни қалбдир. Уни талаффуз қилиш шарт эмас. Лекин тилнинг ҳам иштироки яхшидир. Агар солиҳ амални ният қилган одамни вафот, касаллик ёки шунга ўхшаш нарса амални бажаришдан тўсса, банда шу нияти учун савоб олади. Байзавий айтадилар: “Амаллар ниятсиз тўлиқ бўлмайда.Чунки амалсиз ниятга савоб берилади, ниятсиз амал эса зоедир. Амалдаги ният ҳудди жасаддаги руҳ кабидир. Жасадга руҳсиз ҳаёт йўқ, руҳга эса жасадга боғланмасдан бу дунёда зоҳир бўлиш йўқ”. Ҳар бир фойдали ва хайрли амал ният, ихлос ҳамда Аллоҳнинг розилигини исташ билан ибодатга айланади. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси  ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев   1 345

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан Миср ва Туркия давлатларига жўнаб кетди

Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган қўлёзмалар фондига эга бўлган Миср ва Туркияда йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейлар мавжуд. Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва кутубхона мудири, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Камолиддин Маҳкамов хизмат сафари билан ушбу давлатларда бўлиб турибди. Илмий сафардан асосий мақсад Миср ва Туркиядаги йирик кутубхона ва илмий тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва тажриба алмашишдан иблоратдир. Маълумки, 2017 йили муҳтарам Президентимизнинг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори эълон қилинган эди. Қарорга мувофиқ, турли давлатларда сақланаётган қадимий ноёб қўлёзмалар, чет эл фондларидаги мавжуд асарлар нусхаларини айирбошлаш ёки олиш ҳисобидан Ўзбекистондаги қўлёзма ва ёзма манбалар фондларини бойитиб бориш белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақлаш ва таъмирлаш ҳолатини янада такомиллаштириш масалалари ҳам белгиланган. Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фондида 3 минг жилдга яқин қўлёзма, 17 минг жилддан ортиқ тошбосма китоблар сақланади. 815
1 585 586 587 588 589 736