Жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида жойлашган Ибн Халдун университетида “Саҳиҳ ал-Бухорий”: анъанавий ва замонавий ёндашувлар” номли халқаро симпозиум бўлиб ўтади. Мазкур илмий анжуман “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарида бобларнинг номланиши, муаллақлар, такрорий ҳадислар, ҳадис олишдаги шартлар, бир матнни бошқасидан ажратиш методологияси, қўлёзмалардаги фарқлар, матн билан боғлиқ изланишлар, шунингдек асарга қаратилган танқидларни тадқиқ этишни мақсад қилган. Симпозиумда “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг тарихи ва ундаги методология, асардаги ҳадислар, “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзилган шарҳлар, “Саҳиҳ ал-Бухорий” ва Ислом тамаддуни, “Саҳиҳ ал-Бухорий”га билдирилган танқидлар мавзулари кўриб чиқилади. Симпозиумда маъруза қилиш учун аввал ўрганиб чиқилмаган мавзуларга устунлик берилади. Симпозиумда қатнашиш учун шу йилнинг 10 мартига қадар маълумотнома (резюмиларни) топшириш керак. “Саҳиҳ ал-Бухорий” халқаро симпозиумини ўтказиш муддатлари: Тезисларни (маърузалар) қабул қилишнинг сўнгги муддати: 10 апрель 2019 йил Ҳужжатларни топшириш муддати: 30 июль 2019 йил Қабул қилинган маърузаларни эълон қилиш санаси: 5 сентябрь 2019 йил Халқаро Симпозиумни ўтказиш санаси: 1-3 ноябрь 2019 йил Симпозиум ҳақида тўлиқ маълумот қуйидаги сайтда инглиз, турк ва араб тилларида мавжуд: www.meeting.ihu.edu.tr Манба 870
Бугун Қуролли кучларимизнинг ўтган 26 йиллик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, миллий армиямизни тубдан ислоҳ қилиш натижасида Ватанни ҳимоя қилиш шарафли касбга айланганини кўришимиз мумкин. Ушбу давр ичида ҳарбий хизматнинг нуфузи бениҳоя ортди. Халқимиз кўча-кўйда ҳарбий либосдаги хизматчиларга янада ҳавас ва ҳурмат билан қарайдиган бўлди. Тақдирини юрт ҳимояси билан боғлаган асл ўғлонлар Ватан меҳрини, халқимизнинг уларга бўлган юксак эътибори, ҳукуматимизнинг ғамхўрлигини ҳамиша юракдан ҳис қилиб хизмат қилмоқдалар. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишлар самарадорлигини ошириш ва фаоллаштириш, бу борадаги таълим-тарбиявий ишларга мамлакатимиз фуқароларини, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этиш ва ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш мақсадида ҳамда 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан 15 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 2-курс талабалари учун Тошкент шаҳар Олмазор туман Мудофа ишлари илари бўйича бўлим бошлиғи полковник Сайфиддинов Абдумалик Абдуқоххорович билан учрашув ташкил қилинди. Полковник А.Сайфиддинов сўзга чиқиб бугун мустақил мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, жамиятимизнинг барча жабҳаларида муносиб ютуқлар қўлга киритилаётганлиги, хусусан, тиббиёт, таълим, спорт, иқтисодиёт каби ҳарбий соҳада ҳам улкан янгиланишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди. Шундай бир пайтда Ватан билан ғурурланиш, уни тинчлиги йўлида қайғуриш, уни муқаддас билиб, порлоқ келажаги учун хизмат қилиш эр кишининг юксак фазилат саналади деди – А.Сайфиддинов. Ҳақиқатан, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Бу борада динимиз таълимотида Ватанни севиш ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш кишининг асосий хусусиятларидан биридир. Дарҳақиқат, энг қадрли неъматлардан бири тинчлик ва хотиржамликдир. Мана шу осудаликни ҳеч иккиланмай бепоён ватанимиз сарҳадларини мардона қўриқлаб турган юрт посбонларининг хизматлари катта деб айта оламиз. Ватан ҳимояси учун ҳарбийлар сафида туриш ҳам динимизда улкан савобли амал саналади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: “Бир кеча-кундуз “рибот” (яъни душман қаршисида туриб, чегарани ҳимоя қилиш) бир ой рўза (нафл) тутган ва бир ой кечалари туриб (нафл) ибодат қилгандан яхшироқдир” – деган эканлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳанафий мазҳабининг муҳаддис олими Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида ушбу ҳадисни қуйидагича шарҳлайди. Ҳадиси шарифдаги “рибот” сўзининг маъноси бу душман тарафга қараб туриш, чегарани ҳимоя қилиш ва ёвларни юртига бостириб киришдан муҳофаза қилишдир. Бундай маънодаги ҳадисларни кўплаб келтириш мумкин. Барча муҳаддислар “рибот” сўзини “чегарани ҳимоя қилиш” деб шарҳлайдилар. Бу юртимиз чегараларида хизмат қилаётган ҳар бир ватан ҳимоячисига тегишлидир.Яна бир саҳоба ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Лайлатул қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси” – деб марҳамат қилган. Абу Атийя Холид ибн Маъдон ривоят қилади:Бир куни Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассаламга жаноза келтирилди. Бир пайт ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалам қараб: “Ё Расулаллоҳ, унга намоз ўқиманг, чунки у фосиқ киши эди”, дедилар. Сўнгра Пайғамбаримиз одамларга юзланиб сўрадилар: “Сизлардан бирортангиз бу мусулмоннинг исломий хайрли ишини кўрганмисизлар?” Жамоат орасидан бир киши туриб деди: “Ҳа, Эй Расулуллоҳ, бир кеча чегарада у мен билан бирга Аллоҳ йўлида мусулмонларни душманлардан қўриқлаб чиққан эдик”. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом ўша одам билан бирга майитни қабрга қўйдилар. Уни атрофига муборак қўллари билан тупроқ сепиб майитга қараб дедилар: “Албатта сени ўртоқларинг сени дўзахий деб ўйлаяптилар, аммо мен гувоҳлик бераманки, сен албатта жаннатийсан”. Расулуллоҳ ўринларидан туриб: “Эй Умар, сен одамлар вафот этганидан кейин ҳеч хам уларнинг ёмон амалларини эслама, балки хайрли ишларини гапир” – дедилар. Киндик қони тўкилган, ёшлиги кечган беғубор дамларни...
Чиройли овозда қироат қиладиган инсонлардан тиловат эшитиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва улуғ инсонлар, обидлар ва Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларининг одатидир. Бунинг мустаҳаб ишлардан эканлигига иттифоқ бўлган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келган саҳиҳ ривоятда у киши шундай дейди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, мен сизга қироат қилиб бераманми, ваҳоланки у сизга нозил бўлганку?”, дедим. Шунда У зот: “Мен Қуръонни ўзимдан бошқадан эшитишни яхши кўраман”, дедилар. Мен Нисо сурасини ўқиб, فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلَاءِ شَهِيدًا “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” (Нисо сураси, 41-оят) оятига келганимда у зот: “Ҳозир кифоя қилади”, дедилар. Ўгирилиб қарасам кўзлари ёшга тўлган эди”. (Бухорий ва Муслим ривояти) Доримий ва бошқалар ўз санади билан ривоят қилади: Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Бизга Роббимизни эслатгин”, дер эдилар. Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳузурларида қироат қилиб берарди. Баъзи солиҳ инсонлар бошқаларнинг қироатлари сабаб оламдан кўз юмганликлари ривоят қилинади. Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтиладиган ўринда аввалида ҳам, тамом бўлганида ҳам бир овози чиройли қорининг қироат қилишини мустаҳаб санаганлар. Қуръон тиловат қилувчи инсон мажлисга муносиб ва лойиқ жойдан қироат қилиши ва унинг қироати хавфу-ражо, панду-насиҳат, дунёда парҳезкор бўлиш, охиратга тарғиб қилувчи, унга таёргарлик кўриш, орзу ҳавасни камайтириш ва ҳусни хулққа далолат қилувчи оятларни тиловат қилиши мақсадга мувофиқ. «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси ўқитувчиси Жалолиддин Ҳамроқулов Манба 856
Жорий йилнинг 12 январь куни Жиззах шаҳри “Хўжа Нуриддин” жоме масжидида эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган кишилар билан диний-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Тадбирда имом-хатиблар, отинойилар ва имконияти чекланган кишиларнинг 120 нафари иштирок этди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилояти вакили Меҳмон Жабборов ва Диний идора масъул ходими Мунира Абубакирова эшитиш ва гапириш қобилияти чекланганлар борасида юртимизда олиб борилаётган кенг кщламли ислоҳотлар ва хайрия тадбирлари ҳақида сўзлаб бердилар. Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрида эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган шахслар орасида миссионерлар таъсирига тушиб қолиш, ўз динларидан воз кечиш ҳолатлари кузатилган. Шунингдек, ёшлар орасида миссионерлар томонидан турли адабиёт ва рисолалар тарқатиш ҳолатларига гувоҳ бўлинган. Дунё миқёсида ғоявий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик фаолият хатти-ҳаракатларини ўз ўрнида англаш, доимо огоҳ бўлиш ва мазкур ҳаракатни ўз вақтида бартараф этиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини англаш лозим. Шу сабабли, ушбу ҳудуддаги диний муҳитни соғломлаштириш мақсадида, имконияти чекланган шахслар учун диний-маърифий суҳбатлар ва сурдо таржималари олиб борилди. Сўзга чиққан нотиқлар асосий мақсад имконияти чекланган кишиларнинг динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, бу борадаги иштиёқларини қўллаб-қувватлаш, Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш ва шу орқали ёт ғояларга барҳам бериш эканини таъкидладилар. Шундай тадбирлар орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тушкунликдан асраш ва жамиятда фуқаролар тенглигини таъминлаш ҳам кўзда тутилгани алоҳида қайд этилди. Якунда эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган шахслар ўқилган маърузалардан Ислом дини ҳақида зарур маълумотлар олганлари ва миссионерларнинг кирдикорларини яққол тушуниб етганларини маълум қилишди. Бундай тадбирлар давомий бўлишини исташди. Тадбир сўнгида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан меҳр-мурувват ҳадялари тарқатилди. Жиззах шаҳридаги кўр, соқов, гунг, жисмонан ногиронлиги бўлган кишиларнинг хонадонларига бориб совғалар улашилди. Ушбу тадбирларнинг муҳим жиҳати шундаки, юзлаб кўнгли яримта, қалби ўксик кишиларимизга шодлик улашилди, хонадонларига хурсандчилик кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар. Эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан эканига шубҳа йўқ.Мунира АБУБАКИРОВА, ЎМИ мутахассиси Манба 840