Бу даражага қандай юксалдингиз, деган саволга Бастoмий ҳазратлари шундай жавоб бердилар: – Болалигимда бир ҳолга кирдим. Шундай бир нарса кўрдимки, ўн саккиз минг олам у ҳузур қаршисида бир заррага айланди. Ақлим бошимдан кетди. Буюк бир ҳол қамради мени. “Ё Рабби, бу даргоҳ бу қадар кенг ва бу қадар бўм-бўш, у ердаги ишлар у қадар гўзал, у ер нақадар танҳо”, дедим. Сирли бир овоз деди: “Даргоҳ бўш эмас. Ҳеч ким бу ерга кела олмайди. Юзи ювуқсизларнинг бу ерга келишини истамайман”. Мен бутун инсонларни чақиришни истадим. Лекин дарҳол Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоат мақомига одоб кўрсатиш эсимга тушди. Ва яна бир сас деди: “Бу одобни кўрсатишинг билан исмингни буюк айладинг. Қиёматга қадар сени Султонул Орифин Боязид деб чақиражаклар”. *** Бир кун Боязид Бастoмий ҳазратларидан: “Муршидингиз ким?” – деб сўрашди. – Муршидим бир аёл, – деб жавоб берди У. – Бу қанақаси? – дея ҳайрон бўлдилар. – Бир куни Аллоҳ таолога муҳаббатдан ҳушим учган ҳолда йўлда кетаётган эдим. Бир хотин дуч келди. Қўлида бир халта ун бор эди. Уни кўтариш учун ёрдам сўради. Бир қоп унни кўтаролмайман, деб ўйладим. Ўша ерда, қафас ичидаги бир арслонга ишорат қилдим, қафас очилди, арслон келди. Унни арслонга юкладим. Лекин очиқдан-очиқ каромат кўрсатганим учун қаттиқ қўрқдим, уялдим. Ва хотиннинг мени таниб-танимаганини билиш учун ундан: – Бозорга борганингда йўлда кимни кўрдим дейсан? – деб сўрадим. – Золим Боязидни кўрдим, дейман, – деди хотин. – Нега? – деб сўрадим мен. – Аллоҳ таоло бу арслонни юк ташимоқ учун яратмади, сен нечун юк ортдинг? Буни одамларнинг сенга “каромат соҳиби”, дейишлари учун қилган бўлсанг, бу жуда ёмон, – деб жавоб берди хотин. – Шундан кейин мен йиғлаб, жуда кўп истиғфор айтдим. Сўнгра менга фавқулодда бир ҳол майдонга келса, мен “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ, Нуҳ Набийуллоҳ, Иброҳим Халилуллоҳ, Мусо калимуллоҳ, Иъсо руҳуллоҳ” ёзувини ёки бир нур кўрадиган бўлдим. Шу тарзда менда пайдо бўлган ҳолларнинг тўғри эканини Аллоҳ таоло тарафидан тасдиқ этилганини англайман. Боязид Бастoмий ҳазратлари Аллоҳ таоло ишқи билан шу қадар бир ҳолга келардики, Ундан бошқа ҳеч кимни кўрмас эди. Йигирма йил ёнида юриб, ҳеч айрилмаган талабасини ҳар сафар чақирганда: “Болам, исминг нимайди?” деб сўрарди. Бир марта бу талаба: – Устозим, 20 йил ҳеч айрилмасдан хизматингизда бўлдим, лекин ҳар сафар исмимни сўрашингиздаги ҳикматни тушуна олмадим, – деди. – Болам, қусур деб ўйлама. Аллоҳ таоло муҳаббати қалбимга келганда, мени шундай бир ҳол қоплайдики, Ундан бошқа ҳар нарсани унутаман. Сенинг исмингни эсимда тутишга ҳаракат қиламан, аммо ҳол келса, яна унутавераман. Сен хафа бўлма! – деди Боязид Бастoмий ҳазратлари талабасининг кўнглини олиб. (2-қисм тугади. Давоми бор) Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 747
Авлиёларнинг энг улуғларидан “Силсилаи Нақшбандияи олия”нинг бешинчи ҳалқаси, “Султонул Орифин” тахаллуси билан машҳур бўлган Абу Язид (Боязид) Бaстoмий ҳазратларининг исми Тойфур, отасининг исми Исодир. Ҳижрий 188-йил (мелодий 776) да Эронда, Хазар (Каспий) денгизи соҳилида, Бастомда таваллуд топган. Боязид Бaстoмий ҳазратлари авлиёларнинг буюги, шариат йўлчиси, аҳли суннат вал жамоат эътиқодида ва Имом Аъзам мазҳабида бўлганлар. У зотни ёшлик чоғида кўрган ҳадис олимларидан бири, синаш учун: – “Ҳей, яхши бола, намоз ўқишни биласанми?” деб сўраганда, Бастoмий унга: – “Ҳа, агар Аллоҳ буюрса, қила оламан”, деб жавоб берди. – Қандай қилиб? – деди ҳадис олими. – Буюр, ё Рабби, деб, такбир оламан. Қуръони Каримни ўқийман, таъзим қилиб рукуъга бораман, тавозе билан сажда қиламан, сўнгра видолашиб, салом бераман! – деди бола. – Эй ақлли бола! Сенда бу фазилат ва теран тушунча бор экан, нега катталарга бошингни силашга рухсат берасан? – деб сўради олим. – Улар менинг бошимни силамайди, улар Аллоҳ таолонинг безатган гўзаллигини масҳ этадилар, хoлос. Менга оид бўлмаган бир нарсани силасалар, мен ҳам қандай уларга моне бўлайин? – дея жавоб берди бола. Боязид Бастoмий кичик ёшда мактабга борди. Дарсларни қунт билан ўрганар эди. Бир куни мактабда Қуръони каримнинг бир оятини ўқиб, унинг (“Луқмон” сураси, 14-оят) таъсирида, уйига эрта қайтиб келди. Онаси: – Нега эрта келдинг? – деб сўради. У шундай жавоб берди: – Бир ояти карима ўқидим, унда Аллоҳ таоло ўзига ва сизга хизмат ва итоат этишимни амр этган. Сиз Аллоҳ таолога дуо қилинг, сизга хизматимни осон қилсин ёки менга рухсат беринг, доим Аллоҳга ибодат билан машғул бўлайин. Онаси: – Сени Аллоҳга омонат этдим. Ўзингни унга бағишла, – деди. Шундан сўнгра Боязид Бастoмий ўзини батамом Аллоҳга бағишлади, аммо онасига хизмат қилишни ҳам унутмади. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай эди. *** Совуқ бир қиш кечасида онаси Бастoмий ҳазратларидан сув сўради. У сакраб туриб, чашмага борди, челакка сув тўлдирди, уйига қайтса, онаси яна ухлаб қолганини кўрди ва у онасининг уйғонишини қўлида сув билан кута бошлади. Онаси уйғонганида Бастoмийнинг бармоқлари совуқдан сув идишига ёпишиб қолган эди. Онаси: – Нега уни қўлингда тутиб ўтирибсан, ерга қўйсанг бўлмайдими? – деб сўради. Бастoмий ҳазратлари: – Онажоним, уйғонганингизда дарҳол бериш учун қўлимда тутиб ўтирган эдим, – деб жавоб берди. Шунда онаси: – Ё Рабби, мен ўғлимдан розиман, сен ҳам рози бўл! – дея жону кўнгилдан дуо этди. Балки, шу дуо сабаби ила Аллоҳ таоло Боязид Бастoмийга авлиёликнинг юксак мартабаларини эҳсон этган бўлса! У ёшлигида қилган баъзи ибодатларидан завқ ола олмагани учун онасига шундай мурожаат қилди: – Онажон, мени эмизганингизда, мен сабабли бирор шубҳали нарса истеъмол қилганмидингиз? – Ўғлим, сен жуда кичик пайтингда қўшниларникига чиққандим. Сен қучоғимда экан, йиғлай бошладинг. Тинчлантиришнинг ҳеч иложи бўлмади. Сени тинчлантириш учун шўрвага – қўшнидан рухсат олмасдан – бармоғимни ботирган эдим ва бармоқни сенга ялатган эдим, – деди онаси. Бастoмий ҳазратлари онасидан ўша қўшнидан ҳалоллик олишини илтимос қилди. Онаси бориб, ҳалоллик олгандан сўнг Бастoмий ҳазратлари ўз ибодатларидан файз ола бошлади. Ўттиз йил Шом атрофида яшаб, юз ўн учта олимдан илм ўрганган эди. Ишқи илоҳийда шу қадар илгари кетган эдики, намоз ўқир экан, Аллоҳ қўрқувсидан кўкрак суяклари ғичирлар эди. (1-қисм тугади. Давоми бор) Мир араб ўрта махус...
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Хоразм вилояти сафари мобайнида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида имом-хатиблар, устоз-мураббийлар ва талаба-ёшлар билан учрашув ўтказдилар, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Мулоқотда муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳани такомиллаштириш, мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, диний саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш ва Ислом динининг эзгу таълимотларини кенг тарғиб этиш йўлидаги тарихий ишларни теран англаб, бунинг учун эртаю кеч, туну кун Ҳақ таолога шукрона келтириш, бундай кунларнинг қадрига етиш зарурлигини жонли мисоллар билан изоҳлаб бердилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп эканини билдириб, диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар жипс бўлиб яшашлари Яратган Парвардигор неъматларига муносиб шукроналик бўлишини айтиб ўтдилар. Учрашувда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Маҳмуджон Умрзоқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулло Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди. 1 069
Маълумки, ҳар бир давлатнинг қуролли кучлари ва ҳимоячилари бўлади. Ватан ҳимояси олий бурчдир. 1993 йилдан бошлаб 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Шу кундан бошлаб ҳар йили республикамизда “Ватан ҳимоячилари куни” эътибор билан кутилади. Ушбу кун муносабати билан, жорий йилнинг 16 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-курс талабалари куратор Э.Аҳматқулов, А.Мадаипов бошчилигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар давлат музейига ташриф буюришди. Ушбу музей 1965 йилда ташкил топган. Музей экспозицияси Қуролли Кучлар тарихи, Марказий Осиё халқлари ҳарбий санъати, шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ривожланишининг ҳозирги даврини акс эттиради. Шунингдек, музейда буюк саркарда Амир Темурга бағишланган алоҳида “Темурийлар даври ҳарбий санъати“ экспозицияси ҳам мавжуд. Бу ерда ҳарбий юришлар хариталари, аскарлар сафланишининг схемалари, қурол-аслаҳалар, нишонлар ва Темурийлар даврининг бошқа экспонатлари ўрин олган. Ўзбекистон халқининг иккинчи Жаҳон урушида иштирокига бағишланган экспозиция ҳам мавжуд. “Мустақил Ўзбекистонни қўриқлаш“ экспозициясида қўшин турлари, ҳарбийлар ҳаёти, уларнинг жанговар ва ҳарбий-сиёсий тайёргарлиги ҳақида маълумотлар олиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг давлатимиз ҳудудида ҳарбий саънат тарихининг, турли тарихий даврларида юз берган ҳарбий воқеаларнинг, шу жумладан давлатчиликнинг юзага келишида, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг шаклланиши ва ривожланишида ўзининг бебаҳо ҳиссасини қўшган буюк саркардалар ва қаҳрамонлар ҳақида тасаввурга эга бўлиши кўзда тутилган. Ташриф давомида талабалар музейдаги ҳарбий экспонатлар билан яқинда танишиб, Давлатимизнинг ҳарбий салоҳияти ва унинг жанговар қудрати ҳамда юртимиз поспонлари ҳақида қизиқарли маълумотларга эга бўлдилар.Талабаларнинг эътироф этишларича, бу ташриф кишида Ватан ҳимоячиларининг хизматлари нечоғлик хатарли бўлиши билан бир қаторда ўз вақтида масъулият ҳамда юксак шарафли эканини ҳис қилишга ёрдам беради. Шунингдек, уларда Давлатимизнинг қудратига нисбатан ишонч ҳиссини ҳамда юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги каби неъматларни чуқур англаб етишга ундайди. Экскурция сўнгида талабалар музей ёнида эсдалик учун суратга тушдилар. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида жонини ҳам аямайдиган мард ўғлонларимиз ҳамиша омон бўлишсин! Байрамингиз муборак бўлсин, мард ва жасур Ватан ҳимоячилари! Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 1 153