Боязид Бастoмий ҳазратлари ёмғирли бир кунда жума намозини адо қилиш учун уйидан чиқди. Йўл ботқоқ эди. Бастoмий ҳазратлари ёмғир тингунча, бир уйнинг девори панасида турди ва ўша ерда кавушидаги лойни уйнинг тош деворига суртиб тозалади. Ва масжидга кетар экан, ўз-ўзига “кавушимни тозалайман деб, бир мажусийнинг деворини кирлатдинг, бу ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандай турмоқчисан?” деди ва мажусийдан узр сўраш учун орқасига қайтди. Унинг эшигини қоқди. Мажусий чиқиб: – Нима гапингиз бор эди? – деди. – Сиздан узр сўрашга келдим, – деди Бастoмий ҳазратлари. – Нима учун? – Бироз аввал кавушимдаги лойларни деворингизга суртиб тозалаган эдим, бу тўғри ҳаракат бўлмади. Ёмғирнинг шиддати менга бу нозикликни унуттирди, – деб жавоб берди Бастoмий ҳазратлари. – Нима зарари бор? Зотан деворимиз лойдан бўлган. Сизнинг оёғингиздан у ерга сурилган лой деворга бир хунуклик келтирмас, – деди мажусий. – Тўғри, аммо бу бир ҳақдир ва соҳибининг ризосини олиш керак, – деди Бастoмий ҳазратлари. – Сизга бу нозиклик ва инсон ҳақларига бу қадар ҳурматни сизнинг динингиз ўргатдими? – деб сўради мажусий. – Ҳа, динимиз ва бу диннинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатди, – деди Бастoмий ҳазратлари. – У ҳолда биз нечун бу динга кирмаймиз? – деди мажусий ва калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди. (3-қисм тугади. Давоми бор) Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси Абдусамад Тожиддинов 860
“Ҳашар – элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади. Жорий йилнинг 26 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида экологик хайрия ҳашари ташкил этилди. Ҳашарда институт раҳбарияти, ўқитувчи ва ишчи ходимлар ҳамда талабалар фаол иштирок этди. Институтнинг ички ва ташқи ҳудудларида ободонлаштириш ишлари билан биргаликда ўқув даргоҳининг дарс хоналари, маъмурий хоналар, кафедралар, ошхона, ахборот-ресурс маркази тозаланиб тартибга келтирилди. Шунингдек, институтнинг атрофи ва ҳовлисидаги яшил майдон ҳудудларида қуриб қолган бегона ўтлар юлиб ташланди. Ҳашар кунлари институтнинг “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳудудида ҳам тозалик ишлари юқори кайфиятда олиб борилди. Унда ўқув хоналари, талабалар турар жойи, ошхона, жисмоний маданият ва спорт мажмуаси, кафедранинг ички ва ташқи ҳовлиси тозаланди. Хулоса ўрнида Тошкент ислом институтида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари орасида кўтаринки кайфият билан ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, ҳашар ҳамжиҳатлик, ободлик ва яратувчанлик рамзи сифатида шаклланган меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 886
Тарихда шундай олимлар яшаб ўтганки, бутун ҳаёти давомида бор-йўғи бир ёки икки асаргина ёзиб қолдирган. Шундай бўлса-да, шу биргина асарнинг ўзи, муаллифининг илм бобида савияси юқори эканидан дарак беради. Йирик ҳанафий фақиҳи, муҳаддис ва усулий олим Алоуддин Абу Бакр Косоний (в. 587/1191)нинг дунёга машҳур “Бадоиъ ас-саноиъ фи тартиб аш-шароиъ” (Шариат қонунларини тартиблашда гўзал қонунлар) асари ҳам ана шундай манбалардан бири. Ханафий мужтаҳидларининг сўнги вакили Мухаммад Амин ибн Умар ибн Обидин (в. 1252/1836 й.): “Бадоиъ” бизнинг (ҳанафий) китобларимиз ичида тенги йўқ асар. Унинг муаллифи Имом Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косонийдир”, дея таърифлайди[1]. Ушбу мақолада “Малик ал-уламо” (Уламолар султони) дея ном олган Абу Бакр Косонийнинг устозлари ва шогирдлари ҳақидаги тўхталиб ўтмоқчимиз. Алломанинг илмий фаолияти, асарлари, услублари ва фазилатлари ҳақидаги кейинги тадқиқотларимизда баён қиламиз. Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний Фарғона водийсига қарашли Косон шаҳрида туғилиб, тахминан балоғат ёшига етгач Бухорога илм олиш мақсадида борди. Илм маркази бўлган Бухорода кўплаб устозларга, хусусан, Алоуддин Самарқандий (в. 539/1143 й.)га шогирд бўлиб, фиқҳ, ҳадис, ақида ва тафсир илмларида етук олим бўлиб етишди. Олим яшаган даврда Самарқанд ва Бухоро илмий марказ бўлиб, ўзида юзлаб йирик фақиҳ, муҳаддис ва муфассирларни жамлаган эди. Аммо олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган манбаларда энг асосий устози ва қайнотаси Алоуддин Самарқандий (в. 539/1143 й.)[2] нинг номи келтирилган. Кам сонли манбаларда Абул Юср Паздавий (421/1030-493/1099)[3], Абул Муъин Насафий (в. 508/1115 й.)[4] ва Маждул Аъимма Сурхакатий (в. 518/1125 й.)[5] каби уламолардан ҳам дарс олганлари зикр қилинмоқда[6]. Алоуддин Косоний таваллуди ҳижрий беш юзинчи йилдан олдинроқ бўлгандагина Абул Юср Паздавий, Абул Муъин Насафийлардан дарс олганликларини эҳтимол қилиш мумкин. Яна шунингдек, Қози Абдулазиз ибн Усмон Фазлий Насафий (в. 533/1139 й.)[7], Шайхул ислом Али ибн Муҳаммад Исбижобий Самарқандий (453/1061-535/1141)[8], Ҳисомиддин Шаҳид Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий (483/1090-536/1142)[9], Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али Насафий (462/1069-537/1143)[10], Абул Фатҳ Заҳириддин Абдуррашид ибн Аби Ҳанифа ибн Абдураззоқ Валволижий (467/1075-540/1145)[11], Алоуддин Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абу Абдуллоҳ Буҳорий (в. 467/1151 й.)[12] каби фақиҳларнинг ҳам Абу Бакр Косоний (р.ҳ.) билан бир даврда, ва бир шаҳарда фолият олиб борганликлари, ёшлари эса имом Косоний нисбатан каттароқ бўлганлигини эътиборга олиб, катта эҳтимол билан имом Косоний улардан ҳам дарс олган бўлиши мумкин. Алломанинг шогирдлари: Абу Бакр Косоний узоқ муддат Ҳалавия мадрасасининг бош мударриси, Ҳалаб ҳанафийлари раиси сифатида сон саноқсиз талабаларга таълим берган, омма халқни ҳам мавъиза ва суҳбатлари билан баҳраманд қилганлар,улар катта қизиқиш билан дарсларда, суҳбатларда иштирок қилишгани манбаларда зикр қилинган. Косонийнинг талабалари вақти келиб Ҳалаб ўлкасининг фахрига айланган, илмий савияси эътироф қилинадиган уламоларга айланишди. Ораларидан Ҳалавия ва бошқа мадрасаларнинг бош мударрислари, катта шаҳарлар қозилари, муфтийлари етишиб чиқди. Тарихчилар ушбу шогирдларнинг таржимайи ҳолини зикр қилганда “Имом Косоний қўлида таълим олган” дея алоҳида таъкидалайдилар ва бу билан уларнинг илмий савиялари юқори бўлганига ишора қиладилар. Аллома ва унинг шогирдлари таржимайи ҳоли ҳақида маълумотлар ўрганиб чиқганимиздан кейин Косонийдан таълим олиш бахтига муяссар бўлган кўпгина олимлар номларини аниқладик. Қуйида уларни келтирамиз: Жамолиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Саид Ғазнавий (в. 593/1197) ва ўғли Махмуд ибн Жамолиддин Ахмад Ғазнавий манбаларда зикр қилинган Косонийнинг асосий шогирдлари[13]. Жамолиддин Абу Сурайё Халифа...
2019 йилнинг 25 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 1-курс талабалари Ўзбекистон Давлат санъат музейига ташриф буюрдилар. Шу куни музейда «Ипаклари тиллодан-безаклари сержило» номли кўргазма ташкил этилган эди. Кўргазмада Бухоро зардўзлигига оид чопонлар, оёқ кийимлар, дўппилар ва бошқа зарли экспонатлар намойиш этилди. Талабалар тарихий санъат асарларини томоша қилиб бой таассурот билан қайтдилар. 870
Тараққиётимизнинг янги даврида кўп асрлик ноёб ва нодир асарларни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаёт давом этар экан, бу соҳада янги-янги замонавий талаблар кун тартибига қўйилиши табиий. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу ҳаётий зарурат нуқтаи назаридан қабул қилинган тарихий ҳужжатдир. Халқимизнинг жуда бой маданий мероси бўлган нодир қўлёзмалар, қадимги босма китоблар сони бугунги кунда 100 минг нусхадан зиёддир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, аҳоли қўлида эъзозлаб сақланаётган ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, лекин давлат томонидан рўйхатга олинмаган нодир қўлёзмалар ва босма китоблар ҳам оз эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идораси китоб фонди энг нодир маънавий хазиналардан бири бўлиб, 3 минг жилд қўлёзма, 17 минг жилд тошбосма китоблар мавжуд. Энг ноёб қўлёзмаларимиздан бири – “Усмон Мусҳафи” Қуръони каримнинг қадимий ва табаррук нусхаси. Яна фондимизда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Жалолиддин Румий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб улуғ аллома ва мутафаккирларнинг қўлёзмалари сақланмоқда. Бу борада жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланган Миср ва Туркия давлатларидаги йирик кутубхоналар, илмий тадқиқот марказлари ва музейларнинг тажрибаларини ўрганиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари, Тошкент ислом институти ўқитувчилари Муҳаммад Аюбхон Ҳомидов ва Камолиддин Маҳкамов Миср давлатига хизмат сафарларини бошладилар. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ходимлари Муҳаммад Аюб домла ва Камолиддин устозни Қоҳира аэропортида кутиб олишди ва сафарга алоқадор барча ишларда амалий ёрдам беришмоқда. Маълумки, Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилган. Бу эса унинг баракоти, хайри кўплигига далилдир. Бу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини бағрида яширган. Буюк алломалар бу ерда таълим олган, минглаб китоблар таълиф этишган. Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалади. Аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Ихшидийлар сулоласидан тортиб, Қоҳирадаги ўзбакийя маҳалласигача юртларимиз ўртасидаги минг йиллик алоқалардан сўзлайди. Сафар жараёнларини сайтимиз орқали ёритиб борамиз. 824