Маълумки, Қуръони карим оятлари араб тилида нозил бўлган бўлиб, 10 дан ортиқ оятда бу борада алоҳида урғу берилган. Жумладан Қуръони каримнинг Иброҳим сурасида шундай дейилади: وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ رَسُولٍ إِلَّا بِلِسَانِ قَوْمِهِ لِيُبَيِّنَ لَهُمْ “Қайси миллатга уларга бизнинг ҳукмларимизни яхши баён қилиб берсин, деб пайғамбар юборсак ўша миллат тилида сўзлашганини юбордик”. Шу каби Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари араб тилидадир. Чунки соф араб қабилаларидан бўлганлар. Ушбу икки манба – Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан чиқадиган ҳукмларни тўғри тушуниш учун араб тили қоидаларига, араб луғатларининг маънога якка ёки жумла ҳолида далолат қилиш йўл-йўриқларига риоя этиш лозим. Бунда, айниқса, шаръий илмлар ҳамда фатво бериш соҳалари бўйича шуғулланувчилар учун муҳим экани аввалдан таъкидлаб келинган. Машҳур саҳоба Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Қуръонни ёд олишни таълим олганингиз каби уни тил қоидаларини ҳам ўрганинглар”, деган. Машҳур араб тилшунос олимларидан Ибн Фарис эса: “Араб тилини билишлик Қуръон, суннат ва фатво ишларига алоқаси бўлган ҳар бир кишига вожибдир. Зеро улардан бирортаси араб тилидан беҳожат эмас”, деган. Саҳобалар ва тобеинлар динда турли фирқаларга бўлиниш ва диндан чиқиб кетишнинг асосий сабабларидан бири араб тили қоидаларини пухта билмаслик оқибатида Қуръони карим ва суннати набавийяни нотўғри тушунилганини таъкидлаб ўтганлар. Машҳур тобеинлардан Ибн Шиҳоб Зуҳрий: “Одамлар араб тилини билмаганлари сабабли Қуръонни кўп оятларини нотўғри тафсир қилиб, адашмоқдалар”, – деган. Абу Айюб Сахтиёний эса: “Ироқдагиларнинг аксари араб тилини оз билганликлари сабабли зиндиқ бўлдилар”, – деган. Шунинг учун ҳам Ислом уламолари араб тили луғат қоидалари ҳамда ундаги сўзлар ва ибораларнинг тузилиш услубларини чуқур ўрганиб, бир қанча қоидаларни ишлаб чиқдилар. Айнан ушбу луғавий ва усулий қоидаларга риоя қилинган ҳолдагина шаръий манбалардан ташкил топган ҳукмлар тўғри фаҳмланади. Шунингдек, ушбу қоидалардан Қуръон ва ҳадислардаги махфий маъноларни аниқлашда, оятлар ва ҳадислар ўртасидаги сиртдан қараганда маълум бўладиган зиддиятни кўтаришда, мумкин бўлганларини таъвил қилишда ва улардан ҳукмлар чиқаришга боғлиқ бўлган бундан бошқа тартибларга риоя этишда фойдаланилади. Ушбу қоида ва қўлланмаларнинг асоси тил уламолари ишлаб чиққан қоидалардан ташкил топган бўлиб, улар ҳеч қандай диний тусга, маънога эга эмас. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов 724
Маълумки, минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган бой миллий маънавий меросимиз, асосан, араб тилига оид манбалар ҳисобланади. Араб тили ва ёзуви Мовароуннаҳрга VII асрнинг иккинчи ярмида кириб келган бўлса, VIII аср бошларидаёқ уни ўзлаштирилган ва истеъмолда қўллана бошланган. Ўрта Осиё ҳудудида араб ёзувида битилган дастлабки ҳужжат Панжикент ҳукмдори Диваштич томонидан Араб халифалигининг Хуросондаги ноиби Амир ал-Жарроҳ номига 719 йилда ёзилган мактуб бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу даврдан бошлаб XIII асрларга қадар битилган ҳужжатлар ва илмий манбалар асосан араб тилида ва қисман форс-тожик, эски туркий тилларида таълиф этилган. Араб тилини маълум илмий қоидалар асосида ўрганиш тарихи Ислом дини, аниқроғи, ушбу диннинг асосий манбаи – Қуръони карим билан боғлиқ. Чунки Қуръони карим айнан араб тилида нозил бўлган. Унинг фасоҳат ва балоғат (стилистик) жиҳатдан ўта мукаммаллиги ўша даврда етук араб шоирларини ҳам лол қолдиргани аниқ тарихий ҳақиқат. Исломнинг илк даврида Қуръони каримни тушуниш, ундаги оятларни мазмун-моҳиятини ва нозил бўлиш сабабларини идрок этиш арабларда қийинчилик туғдирмаган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Қуръони карим оятларини тушунишда юзага келган муаммоларни ҳал этганлар. У зотнинг вафотларидан сўнг эса саҳобалар Қуръони карим ва набавий суннат ҳамда ўз ижтиҳодлари-илмий малакаларига суянган ҳолда уни изоҳлашган ва ўзлари учун зарур йўл-йўриқларни олишган. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бевосита олган илмлари орқали шаръий меъёр ва асосларни жуда яхши тушунишган. Қуръони карим оятларининг моҳияти, нозил бўлиш сабаблари ва қўлланиш ўринларини пухта англаб етганлар. Шунинг учун ҳам улар белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар. Вақт ўтиши билан Ислом дини бир қанча диёрлар ва халқлар орасида кенг тарқалди. Бошқа кўплаб миллатлар мусулмонлар билан қўшилиб, ўзгача шароит юзага келди. Ушбу миллатларнинг ўз тиллари, урф-одатлари ва маданиятлари бор эди. Улар Қуръони каримни ўқиб, тушуниш ва сўзларини тиловат қилишда қийинчилик сезардилар. Бу ҳолат эса уни нотўғри ўқишга, натижада эса нотўғри тушунишга олиб келиши мумкинлигини тақозо қилар эди. Буни яхши англаб етган тўртинчи халифа ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўз шогирдларидан бири Абул Асвад ад-Дувалийга араб тили граматикасига оид умумий қоидаларини тартибга келтириб, алоҳида қўлланмада қайд этишни тавсия қиладилар. Шу тариқа ҳижрий I асрнинг иккинчи ярми, мелодий VII асрнинг охириларидаёқ наҳв фанининг тамал тоши қўйилди. Кейинги даврлардаги Халил ибн Аҳмад, Себавайҳи, Ахфаш ва Фарро каби наҳв олимларининг илмий изланишлари бу борадаги ишларнинг кўламини янада кенгайтирди. Уларнинг барча илмий изланишларининг самараси Қуръони карим ва ҳадиси шарифга улкан хизмат бўлиши билан бир қаторда араб тилига ҳам беқиёс хизмат эди. Шунинг учун ҳам Абу Умар Солиҳ ибн Исҳоқ нинг “Мен Сибавайҳининг “ал-Китоб” асаридан инсонларга ўттиз йил фатво бердим” , деган гапи бежиз эмас эди. Чунки у мазкур наҳвий олимнинг тартибга солган қоидалари асосида Қуръон оятларидан ҳукмларни чиқариб олган ва инсонларга фатво берган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов 816
Ислом шариатининг иккинчи манбаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ислом шариатининг муҳим манбаси сифатида Қуръон каримдан кейинги ўринда туради. Шу сабабли суннатнинг ўрни асрлар ўтиши билан ўзгармади ва ўзгармайди ҳам. Ҳуқуқий масалаларда мусулмонлар орасида кўплаб хилма-хиллик бўлса ҳам, бироқ Қуръон карим ва суннатнинг асллиги бирор ҳуқуқшунос томонидан рад этилмади. Аҳли сунна вал жамоани инкор қиладиган фирқаларни ҳисобга олмаганда, ҳеч ким суннатни ислом шариатининг муқаддас манбаси эканлиги инкор қилмади. Вазият ҳозир ҳам шунақа. Аммо баъзи шарқшунослар ва уларга эргашганлар охирги пайтларда ҳадис шарифларга тош отиш, суннатга нисбатан асоссиз шубҳаларни уйғотишга қаттиқ ҳаракат қилишмоқда. Натижада ислом таълимотини асл манбалардан ўргана олмайдиган баъзи мусулмонларда ҳар хил китобларни ўқиш оқибатида суннатга нисбатан шубҳаомуз фикрлар пайдо бўлмоқда. Қўлингиздаги рисола ислом таълимотининг асл манбаларига таянган ҳолда суннатнинг ҳақиқий ва холис таърифини тушунтиришга хизмат қилади. Бу рисола билан бефойда ва бемаъни баҳс-мунозара муҳитини яратиш эмас балки оддийгина ҳақиқатни ҳақиқатлигича қўрсатиш ният қилинди. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний Инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси (Давоми бор…) 856