islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

ШИФО ИСТАСАНГИЗ!

Дунё тарихида биринчи марта мусулмонлар дардларни тузаладиган ва тузалмайдиган турларга ажратишдан воз кечиб, барча дардларни тузаладиган дея таъкидлашди. Уламоларимиз бедаво деб қабул қилинган дардларга ҳам даво излаш кераклигига ояту ҳадислардан кўплаб далилларни келтириб ўтишган. Тибга хос хасталикларни тиб орқали, дам солишга оид хасталикларни дам солиб даволаш керак. Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади ва беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳи таъсир қилиб, орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни билан бемор тузалади. Зеро, руҳимиз ҳам, жасадимиз ҳам Аллоҳнинг бизга берган омонати бўлиб, уни эҳтиёт қилиш, асраш вожибдир. Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати шундаки, биз мўминларга Ўзи нозил қилган Қуръон руҳ ва жасад учун баробар шифо ва раҳматдир. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларида энг тўғри йўлни кўрсатувчи Ислом дини саломатлик борасида ҳам барча мусулмонларга ўзининг мукаммал ва бенуқсон таълимотини таълим беради. Дарҳақиқат, манбаларни ўрганар эканмиз инсон саломатлигини сақлашга тарғиб қилувчи оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп бўлиб, агар уларнинг барчасини жамлаб шарҳлайдиган бўлсак, бир неча жилдли китоб бўлиши мумкинлигига гувоҳи бўламиз. Жумладан, шифобаҳш ўсимликлар, турли хил ҳикмати зикр қилинган мевалар инсон саломатлигини сақлашдаги ўрни беқиёс эканлигига амин бўламиз. Албатта, саломатлик Аллоҳ таоло томонидан бандага бериладиган улкан неъмат экани ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан изланишлар натижасида бир қанча тавсияларни илгари суриш мақсадка мувофиқдир: Аллоҳни доимо эслаб юриш. Доимо Аллоҳни эслаб юрган банда учун неъматга эришиш пайтида, неъмат берувчи Зотни эслаш зарурати яна ҳам ортади. Ана шундай пайтда Аллоҳни – неъмат берувчи зотни эсидан чиқармаган киши бу неъматлардан тўғри фойдаланади ва доимий шукрини адо этади. Бу эса ўз навбатида неъматлар унда бардавом бўлишини тақозо қилади. Шу сабабли ҳам динимиз инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, уни турли зарарлардан муҳофаза этади. Ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси Аллоҳ таолога доимий равишда боғлиқ эканини чуқур ҳис қилган ва ўша ҳис асосида ҳаёт кечирган инсон, ўзига етган ҳар бир нарса, каттаю кичик ҳар бир неъмат Аллоҳдан эканини бир лаҳза ҳам унутмайди. Қуръонни лозим тутиш. Аллоҳни танитиб, ҳидоят йўлини ёритиб келаётган Қуръон умматларнинг ташна қалблари, руҳлари ва иймонини покиза сувлари билан суғорибгина қолмай, уларнинг жасадию аъзоларидаги ҳасталикларга ҳам шифо бўлади. Суннатда бардавом бўлиш. Ибн Қайюм ал-Жавзий ўзининг “Тиббун набавий” китобида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башарий тиб билан илоҳий табобатни, жасадлар тиббиёти билан руҳ табобатини, замин давоси билан самовий давони жамладилар”, деган. Кейинги йиллардаги кашфиётлар тиббиётни ўзгартирса ҳамки, бу тавсияларнинг ҳеч бирини ўзгартира олмади ва уларни тавсия этган Зот қаршисида беихтиёр бўйин эгмоқда. Инсон – Аллоҳнинг буюк мўжизаси. Мустақил давлатимиз соғлиқни сақлаш масаласига катта эътибор бермоқда. Юртимиз аҳолисини саломатлигини сақлаш учун яхлит бир тизимни яратиш ва шу билан бирга барча фуқароларнинг тиббий кўникмаларини шакллантиришга эътибор қаратилган. Шундай экан, фуқароларимиз ўз соғлиғини асраган тақдирда давлатимиз ривожи ва ҳаётимиз фаровонлигига ҳисса қўшган бўлади. Бундай эзгу орзу-мақсадлар учун ҳам давлат, ҳам жамият, ҳам шу юртда яшаётган одамларнинг куч-қудрати ва ҳиссасини бирлаштиришимиз зарур. Аллоҳ таоло берган соғлиқни асрайлик! Чунки соғлом одамгина чинаккам бахтли бўлади, фақатгина соғлом халқ, соғлом миллат буюк ишларга қодир бўлади! 4-курс талабаси Махсумов Мақсуд 477

ИСЛОМ БИНОСИГА ПУТУР ЕТКАЗМАЙЛИК

Бино ғиштдан қад кўтаради. Унинг мустаҳкамлиги ғиштларнинг маҳорат билан бир-бирига жипс қилиб терилишига боғлиқ. Мабодо бунга амал қилинмаса, албатта, бу хатолик куни келиб бинога зарар етказиши тайин. Бу мисолни бежиз келтирмадик. Шу ўринда, Ислом биноси – мўмин-мусулмонларнинг бирдамлиги ҳақидаги баъзи тушунчаларни баён қилмоқчимиз. Динимизда мўмин-мусулмонлар бир-бирига туғишган ака-укалардек яқинлиги, бир тану бир жон эканлиги ҳақида кўп ва хўб баён қилинган. Қуръони Карим оятлари ва кўплаб ҳадиси шарифларда бунга далиллар бор. Мўмин-мусулмон биродарларнинг бир-биридан юз ўгириши, ишончсизлик билдириши, қарама-қаршилик қилиши, ўзаро ҳурматсизлик билан муомалада бўлиши кескин қораланади. Бу нафақат ташқи жиҳатдан, балки ички дунёга нисбатан ҳам тааллуқлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида мусулмонларни бир қилишга, қалбларини бир-бирларига улфат қилишга қаттиқ уринганлар. Ҳатто Яратган Роббиларига муножат қиладиган жараён – намозда ҳам саф тортиб туришлари, сафлари текис ва жипс ҳолатда бўлиши, ораларда бўш жой қолмаслиги уқтирилади. Бунинг акси эса, қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Сафларингизни тўғриланглар, оралардаги бўш ўринларни тўлдиринглар, сафларингизнинг текис бўлиши – намозларингизнинг мукаммал адо этилишига сабаб бўлади. Сафларда баробар, жипс ҳолда турилиши, ораларда бўш жой қолмаслиги қалбларингизнинг бир-бирига мувофиқ бўлишига сабаб бўлади, акс ҳолда, қалбларингиз бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолади, Аллоҳ таоло юзларингизни қарама-қарши қилиб қўяди”, деган мазмундаги йигирма-ўттизга яқин ҳадислар ворид бўлган. Сизнинг эътиборингизни қаратмоқчи бўлган жиҳат шуки, АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ, Аллоҳ таолонинг изни ила юртимиз масжидларида осойишталик, эмин-эркинлик билан жамоат намозлари адо қилиб келинмоқда. Одатда имом-хатибларимиз беш маҳал фарз намозларда сафларнинг текис бўлишига қаттиқ эътибор қаратадилар. Ҳаммамизнинг қувонишимизга сабаб бўлаётган ҳолат, Рамазонда масжидларимизнинг таровеҳ намозларига лиқ тўла бўлаётганлигидир. Лекин масаланинг яна бир тарафи борки, бу инсонни маҳзун қилади. Етарли билимга эга бўлмаган намозхонларимиз фарз, таровеҳ, нафл намозларида сафларга бепарво муносабатда бўлмоқдалар. Жамоат кўплигидан намоз масжид хонақоҳи, ҳовлисида ва баъзан масжиддан ташқарига чиқилган ҳолда адо этилмоқда. Шу ўринда, шахсий кузатувимиздан келиб чиққан ҳолда бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Ҳуфтоннинг фарз намозига азон, такбир айтилганда масжид асосий биноси ярмигача тўлади, баъзан 10-15 саф қолиб кетиб, қолганлар масжид ҳовлисидан, ташқаридан жой эгалламоқдалар. Шу тариқа имомга иқтидо қилиб намоз ўқимоқдалар. Бу балки кўпчилигингизга таниш манзарадир-а? Бунинг сабабини суриштирсангиз, деярли арзирли важ кўрсатилмайди. Кимдир исиб кетганини, кимдир яна бошқа шу каби зарурат даражасида бўлмаган баҳонани айтади. давоми бор…. ТИИ ўқитувчиси Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ   529

Қасамнинг моҳияти ва турлари

Ўзининг мубин китобида қасам оятларини нозил қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Қуръони каримнинг қасам ҳақидаги оятларини баён қилиб, ўз ҳадислари ила тушунтириб берган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга самимий саловотларимиз ва дурудларимиз бўлсин! Қасам луғатда: «Қасам» шаръий истилоҳда қуйидагича таъриф қилинади: «Аллоҳ таъолонинг исми ёки У зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкид қилиш яминдир». Қасам икки қисмга бўлинади: 1. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билан қасам ичиш. 2. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатларидан бошқа нарса билан қасам ичиш. Энди биринчи турдаги қасам Қуръони каримда келадики: فَوَرَبِّ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنْطِقُونَ « Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у сиз нутқ қилаётган нарсадек ва ҳақдир» деган. (Зарият сураси 23-оят) Аллоҳ таолони зикр қилиб, қасам ичиш уч қисмга бўлинади: 1. Ғомус (غَامُوسٌ) 2. Лағв (لَغْوٌ) 3. Мунъақид (مُنْعَقِدٌ) 1. «Ғомус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» маʼноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса, ботил нарса учун қасддан қасам ичишга «ғомус қасам» дейилади. Чунки ундоқ ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади. Энди уламоларнинг истилоҳида бўлса: «Ғомус» у шундай қасамки, ҳозирги ёки ўтган замонда, бир ишни қилганлиги ёки қилмаганлигига ёлғондан қасам ичишга «Ғомус» қасам дейилади. Бундай қасам ичган инсон қасамида гуноҳкор бўлади ва каффорот тўламасдан унга тавба ва истиғфор айтмоқлик лозим бўлади. Бу қасам тури суннатда ҳам келган: عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: الْكَبَائِرُ الإِشْرَاكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَ قَتْلُ الْنَفْسِ وَالْيَمِيْنُ الْغَامُوسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғомус қасамдир», дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган. 2. Энди иккинчиси «Лағв» қасам бўлиб, у ўтган замонда бир ишни қилганлигига қасам ичади ва албатта у иш айганимдек, деб гумон қилади, ваҳоланки у иш айтганининг хилофи бўлиб чиқади. Шундай қасамга «Лағв» қасам дейилади. Масалан бир киши узоқдан бир шахсни кўради ва айтадики “ Аллоҳга қасамки, албатта у Зайд, дейди ва шундай гумон қилади, ваҳоланки у Амр бўлиб чиқади ёки бир қўшни кўради ва айтадики “Аллоҳга қасамки, бу қарға дейди ва шундай гумон ҳам қилади, ваҳоланки у бургут бўлиб чиқади. Бундай қасам ичган одам дунё ва охиратда азоб-уқубатга олинмаслиги умид қилинади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ… «Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайдиʼʼ-деб марҳамат қилади…» 3. Учинчиси «Мунъақид» қасам бўлиб, келажакда бир ишни қилишлиги ёки қилмаслигига қасам ичмоқлиги. Энди унининг ҳукми қасамини бузган пайтда каффорот тўламоқлиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ “Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли тутмайди. Лекин қалбларингиз касб қилган нарсада тутади. Ва Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир”. Лекин бугунги кунда одамлар турли хил қасамга ярамайдиган сўзлар билан қасам ичишади. Масалан, «Нон урсин», «Тепамда Ҳудо турибди» ва шунга ўхшаш лафзлар билан қасам ичиш «лағв» дир. Чунки бу урфда инсонлар одатланиб қолган лафзлардир. Бундай қасамлардан тийилиш лозим. 4-курс талабаси Теляков Иброҳим 616

Аллоҳ таоло Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз нозил қилган!

Аллоҳ таоло Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз нозил қилган! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз таълим берганлар! Саҳобалар, тобеинлар, табъа тобеинлар, мутақаддим ва мутааххир қироат уламолари Қуръонни, тафаккур ва тааммулдан чалғитувчи шайтоний мусиқа ва лағвларсиз етказганлар! Қуръонни тажвид қоидаларига қатъий амал қилиб ўқиш фарзи айн эканига барча уламолар ижмо қилганлар! Қуръонни, тажвид аҳкомлари зое бўлишига олиб борадиган турли шайтоний мусиқалар билан бузиб тиловат қилиш ҳаром эканига ҳеч бир уламо хилоф қилмаган! Аммо, замонамизда одамларнинг Қуръонга муҳаббати йўқолганини, Унинг тиловатидан зерикадиган бўлиб қолганини кўрмоқдамиз. Соатлаб мусиқа эшитиб зерикмайдиган мўминлик давосидаги бу одамлар ҳатто 5-10 дақиқа ҳам Қуръон эшитишга сабри етмайдиган бўлиб қолишди. Қуръонни турли назму насрий сатрлардан ажратмайдиган, фарқига бормайдиган, Уни куйга солишни яхши кўрадиган баъзи ҳофизлар эса ушбу ҳолатни сабаб қилиб ушлаб олиб: «Одамлар Қуръонни оддий ўқисангиз эшитмайди. Оддий ўқилган тиловатдан малолланишади. Шунинг учун Қуръонни мақомот билан ўқиш керак, одамларга шу ёқади, шуни эшитади», дейдилар. Ваҳоланки, Қуръон Аллоҳнинг каломи, оддий махлуқнинг сўзидан олийдир. Уни мусиқа билан аралаштириш қатъий ҳаром. Энди юқоридаги гапга кўра, «одамлар жоҳил, Қуръоннинг ўзини оддий тиловат қилсангиз эшитишмайди. Шунинг учун Уни мусиқага солиш керак. Уларга Қуръонни эшиттирсак бўлдику!» дейдиган бўлсак, бу гап худди «одамлар алкаш, замзам сувининг ўзини берсангиз ичишмайди. Шунинг учун унга ароқ қўшиб бериш керак. Уларга замзамни ичирсак бўлдику!» деган гапга ўхшаб қолади. Замзам мусаффо, ароқ эса ҳаром ва нажосатдир! Шунингдек, Қуръон ҳам мусаффо, мусиқа эса ҳаром ва нажосатдир! Одамларни софликка ўргатиш учун соф нарсани ифлослаш, нажосат билан булғаш телбалик, нодонлик бўлади!… (c) Сурия қироат мактаби катта олимларидан, асли Тунислик Доктор Абдуллоҳ Нодир ҳафизаҳуллоҳ  4-курс талабаси Йўлдошбек Нуриддинов таржимаси 719

Нега айнан минг ойдан яхши?

   Бизларга Ўз розилиги ва тоати йўлларини очиқ кўрсатиб берган Аллоҳ таборака ва таъолога ҳамду санолар бўлсин. Шу йўлдаги вазифани мукаммал адо қилган, бу ишларда юксак намуна бўлган ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, Ул Зотга ҳақиқий уммат бўлган барча саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва жумла мусулмонларга салоту саломларимиз бўлсин. Аммо баъд: Қадр кечаси – бу Аллоҳ Ўз элчиси ва суюкли Пайғамбарига Каломи Шарифини нозил қилишни бошлаган, Рамазон ойи кечаларидан бир кеча. Бу кеча Қуръони Карим нозил бўлгани учун белгиланган осмону ердаги мавжудодлар байрам кечаси. Бу кеча омонлик, бардавом неъмат, том яхшиликлар, олий мукофотлар ва юксак мақтовларга эга кечадир. “Лайлатул қадр” дегани:  а) улуғ ва шарафли; б) қазо қадарлар тақсимланувчи кеча, деган маъноларда тушунилади. Бу кечада дуолар ижобат бўлиши, офатлар кўтарилиши, ғам қайғулар кетказилиб хурсандчилик ёйилиши учун осмон эшиклари очилади ва бу қадр кечасининг нақадар буюк ва фазилатли эканига далолат қилади. Агар сиз ҳақиқатда қадрини билмоқчи бўлсангиз бу кеча махлуқотлар таниган барча улуғ кечалардан шараф ва қадр жиҳатидан минг чандон  устун келадиган кечадир. Бу фақат адад жиҳатидан бир қарашгина холос. Қуръони Каримдаги бу таъбирдан(минг ойдан яхши) узоқ муддат қасд қилинган маълум муддат эмас, деган фикрлар ҳам бор. Бу кеча жами инсоният учун хайрият боши бўлган кечадир. Чунки, Қуръони Карим нозил бўлгани сабаб инсонларнинг кўзи очилди, оқу қорани ажрата ва қулоқлари эса ҳақни эшита бошлади ва Ўз Роббисининг каломини фаҳмлай кетди. Абу Бакр Варроқ айтадилар: “Бу кечани “лайлатул қадр”, деб номланишининг сабаби шуки бу кечада юксак қадрли Китоб олий қадрли фаришта тилида умматларнинг энг яхшиси учун баланд қадрли пайғамбарга нозил қилина бошланганидир. ” Азиз биродарим! Юқоридагилар сабаб бу кеча минг кечадан афзал ва яхши бўлди. Минг ой дегани бу саксон уч йилу тўрт ойга тенг. Ва бу миқдор  инсоннинг ғолибан дунё ҳаётидаги умр миқдори бўлади. Шундай экан бу бир инсонниг бутун умридан, ўтганию қолганидан яхши ҳисобланди. Мана шунинг учун Қатода роҳимаҳуллоҳ жуда ажойиб сўзни айтдилар: “Аллоҳ таъоло маҳлуқотлари ичида пок бандаларини танлаб олган. Фаришталари ва бандалари орасидан элчиларини танлаб олган. Каломлар ичида Ўз зикрини танлади. Ердан эса масжидларни танлади. Ойлар ичидан Рамазон ойини ва уруш ҳаром қилинган ойларни танлаб олди. Кунлар ичидан жумъа кунини танлади. Кечалар орасидан қадр кечасини танлади. Шундай экан эй мусулмон жамоаси Аллоҳ улуғлаган нарсаларни қадрини жойига қўйиб азизланг!” Аллоҳ барчамизни шу ишларни ҳақиқий ихлос билан бажарувчи ва ниҳояда Ўз розилигига эришувчи бандаларидан қилсин! Омин!   Имом Валиюддин ибн Ҳофиз Зайниддин Ироқийнинг «Шарҳис содр бизикри лайлатил қодр: фазоил ва аломату лайлатил қодр (Лайлатул қадр зикри ила қалбни хурсанд қилиш: унинг фазилатлари ва аломатлари)» китобидан Абдуллоҳ Охунд таржимаси. 668
1 152 153 154 155 156 233